Карвонсарой
Таҳлил

Теҳрон Сулаймонийнинг ўлимидан бир йил ўтиб ҳам минтақа учун хавф туғдирмоқда

Фарис Ал-Омран

Эрон Ислом инқилоби қўриқчилари корпуси (ИИҚК) аъзолари АҚШ ҳарбий денгиз кучлари ва тижорий кемалари нишонга олишни кўзда тутувчи ҳарбий машқлар пайтида юқори тезликда ҳаракатланувчи зарбдор катерлар билан Форс кўрфазидаги АҚШ авиаташувчисини моделини қуршаб олмоқда. [ИИҚК]

Эрон Ислом инқилоби қўриқчилари корпуси (ИИҚК) аъзолари АҚШ ҳарбий денгиз кучлари ва тижорий кемалари нишонга олишни кўзда тутувчи ҳарбий машқлар пайтида юқори тезликда ҳаракатланувчи зарбдор катерлар билан Форс кўрфазидаги АҚШ авиаташувчисини моделини қуршаб олмоқда. [ИИҚК]

Эрон режими ўзининг энг нуфузли ҳарбий қўмондонларидан бирини йўқотганидан бир йил ўтиб ҳам, АҚШ ва унинг минтақадаги иттифоқчиларига қарши таҳдидларини тўхтатгани йўқ.

Ўтган йилнинг 3 январ куни Бағдодда Ислом инқилоби қўриқчилари корпусининг (ИИПК) «Ал-Қудс» кучлари қўмондони генерал-майор Қосим Сулаймонийни ўлдирган АҚШ зарбасидан сўнг, Эрон раҳбарлари дарҳол қонли қасос олишга ваъда берган эдилар.

Эрон олий раҳбари Оятуллоҳ Али Ҳоманаий ва президент Ҳасан Руҳоний «шиддатли қасос» олиниши ҳақидаги огоҳлантириш билан чиққан.

Теҳроннинг энг юқори даражали хавфсизлик органи бўлмиш Олий миллий хавфсизлик кенгаши Қўшма Штатлар «керакли жой ва вақтда шиддатли интиқомга» дуч келишини айтган.

Эрон Ислом инқилоби қўриқчилари корпуси (ИИҚК) аъзолари АҚШ ҳарбий денгиз кучлари ва тижорий танкерларини нишонга олишни кўзда тутувчи сўнгги жанговар машғулотлар доирасида Форс кўрфазига ракеталар учирмоқда. [ИИҚК]

Эрон Ислом инқилоби қўриқчилари корпуси (ИИҚК) аъзолари АҚШ ҳарбий денгиз кучлари ва тижорий танкерларини нишонга олишни кўзда тутувчи сўнгги жанговар машғулотлар доирасида Форс кўрфазига ракеталар учирмоқда. [ИИҚК]

Эрон ислом инқилоби қўриқчилари корпусига (ИИҚК) қарашли ерости иншоотида узоқ масофага учадиган ракеталар устида иш олиб бораётган мутахассислар. [ИИҚК]

Эрон ислом инқилоби қўриқчилари корпусига (ИИҚК) қарашли ерости иншоотида узоқ масофага учадиган ракеталар устида иш олиб бораётган мутахассислар. [ИИҚК]

Эрон Ислом инқилоби посбонлари корпусининг собиқ қўмондони, ҳозирда мамлакатнинг сиёсий мақбулликни баҳолаш кенгаши котиби бўлган Муҳсин Ризоий ўзининг Твиттердаги саҳифасида «Америкадан даҳшатли қасос олинади», деб ёзди.

«Сўзсиз, олинажак қасос шиддатли бўлади», деб баёнот берган Эроннинг БМТдаги элчиси Мажид Тахт Раванчи.

Эрон армияси раҳбари, генерал-майор Абдулраҳим Мусавий эса АҚШга низони бошлаш учун «жасорат» етишмаяпти, дейишгача борди.

Бу каби барча драматик баёнотлардан сўнг, 8 январ куни АҚШ ва Ироқдаги бошқа хорижий қўшинлар жойлаштирилган иккита базага 22 та ракета ҳужуми уюштирилди ва Руҳонийнинг таъбири билан айтганда, режим шу йўсин «қатъий жавоб» қайтарди.

Ракеталар етказган зарар унча катта бўлмаган.

Шу куннинг ўзида, Эрон режими Ироққа ракета зарбаси берганидан бир неча соат ўтиб, Эрон ҳарбийлари Украина халқаро авиалинияларининг 752-рейси билан учаётган самолётни уриб туширган, кейинчалик Руҳоний буни «ҳалокатли хато» деб тан олганди.

Минтақада тартибсизликни юзага келтириш

«Эрон ва унинг сафарбарлик кучлари Сулаймонийнинг ўлдирилганини АҚШ ва Ғарб манфаатларига қарши ҳужумларни оқлаш учун баҳона ўлароқ қўлладилар», деди Ироқ стратегик тадқиқотлар маркази раҳбари, Францияда истиқомат қилувчи Ғозий Файсал Хусайн.

Унинг сўзларига кўра, Эрон ҳарбийлари, жумладан, ИИПК бевосита АҚШга қарши тура олмаса-да, минтақада «тартибсизлик келтириб чиқарувчи фаолиятини» давом эттирмоқда.

Бу фаолият «Ироқдаги воситачи кучларни халқаро дипломатик ва ҳарбий миссияларга ракета ҳужумлари уюштиришга йўналтириш ҳамда Ливан, Сурия, Яман ва минтақанинг бошқа мамлакатларида муаммо қўзғаш учун «Ҳизбуллоҳ», хусийлар (Ансаруллоҳ) каби қуролли гуруҳларни қўллаб-қувватлашни ўз ичига олади», деди у.

Ҳусайннинг сўзларига кўра, Теҳрон минтақани жанг майдонига айлантириш орқали ўзининг экспансиявий сиёсатини давом эттириб, хавфсизликка таҳдид солмоқда ҳамда барқарорлик, тинчлик ва тараққиёт истиқболларига путур етказмоқда.

Шундай бўлса-да, «Сулаймоний ўлдирилмаганида Эрон туғдираётган таҳдид ва муаммолар бундан ҳам жиддийроқ ва хавфлироқ бўлиши мумкин эди», деди у.

Доимий таҳдидлар

Сулаймонийнинг вафотидан кўп ўтмай, ИИПК Ал-Қудс кучлари қўмондони лавозимини бригада генерали Исмоил Қаъний эгаллаган.

У кутилганидек, ўтмишдоши томонидан белгиланган режаларнинг изчиллигини кўп жиҳатдан таъминлаган бўлса-да, Сулаймонийнинг ўрнини боса олмади.

Сулаймоний Эронда Ҳоманаийдан кейинги энг қудратли одам деб ҳисобланар эди.

У Ҳоманаийдан бошқа ҳеч кимга ҳисобот бермаслиги билан ғайриоддий шахс эди, дейди ҳарбий ва стратегик таҳлилчи Хатем ал-Фалахий.

У олий раҳбар билан яқин ва ишончли муносабатлари туфайли жуда қудратли саналар эди ва бу мавқеини минтақада унинг буйруғини бажарувчи теҳронпараст агентларнинг улкан тармоғини барпо этиш учун қўллай олди, деди у.

Гарчи Қаъний мамлакат ичи ёки ташқарисида Сулаймонийнинг мақомига эриша олмаса-да, Эрон ўзининг экспансиявий дастури билан минтақага таҳдид солишда давом этмоқда.

Эрон ўз хатти-ҳаракатларини ўзгартириш ёки террорчилик фаолиятини тўхтатиш «ниятида эмас», деди сиёсий таҳлилчи Аҳмад Шавқий.

«ИИПК провокацион ҳужумларни амалга ошираётган жангариларини қўллаб-қувватлашни давом эттирмоқда ва Сулаймонийнинг йўқлиги унинг стратегиясига таъсир қилмаганини кўрсатиш учун ўз бўлинмаларини мамлакатдан ташқарида тартибсизликлар келтириб чиқаришга сафарбар этмоқда», деди у.

Қимматга тушадиган ҳужумлар

Шавқийнинг сўзларига кўра, Сулаймоний вафотининг биринчи йилида Теҳрон «ўз террорчилик лойиҳасининг асосий раҳбарларидан бирини йўқотиш билан боғлиқ изтиробни юмшатишга уриниб, гуруҳларни сафарбарликка ва ўз операцияларини жадаллаштиришга ундаган.

Яқинда АҚШ Форс кўрфази сувлари узра жанговар парвозларни амалга ошириб, қўшимча моддий воситаларни жойлаштирди – бу ишлар Эрон ёки унинг қуролли гуруҳлари томонидан ҳар қандай потенциал ҳужумга тайёргарлик доирасида бажарилган. 27 ноябр куни Теҳрон яқинида эронлик ядрошунос олим Муҳсин Фахризоданинг ўлдирилиши ортидан таҳдидлар қайта авж олган.

Собиқ ИИПК аъзоси бўлмиш Фахризода мамлакат мудофаа вазирининг ўринбосари, вазирликнинг мудофаа инновациялари ва тадқиқотлари ташкилоти раҳбари ва Эрон ядровий дастурининг асосчиларидан бири эди.

Қотиллик учун ҳеч бир гуруҳ ёки ҳукумат жавобгарликни ўз зиммасига олмаган, аммо Теҳрон одатдаги душманларини: Исроил, АҚШ, Саудия Арабистони ҳамда амалдаги ҳукуматни ағдариш ва ўз ҳокимиятини ўрнатиш тарафдори бўлган сиёсий-жанговар ташкилот – Эрон халқ мужоҳидларини айблаган.

Қосим Сулаймоний ўлдирилганига бир йил тўлиши арафасида Эрон қўлловидаги қуролли гуруҳлар АҚШнинг Ироқ ва минтақадаги манфаатларига қарши ҳужумларни давом эттирмоқда. Жумладан, 20 декабр куни Бағдоддаги АҚШ элчихонаси ракета ҳужумларига учраган.

АҚШ президенти Доналд Трамп Ироқдаги АҚШ фуқароларига қарши ҳар қандай ҳалокатли ҳужум учун «Эронни жавобгар» деб топиши ҳақида огоҳлантирганидан сўнг, Эроннинг келажакдаги биргина хатоси ёки провокацияси вайронкор оқибатларга олиб келиши мумкин, дейди Америка ҳарбий манбалари.

Агар эронликлар «қандайдир ҳужум уюштирсалар, жавоб шиддатли ва қатъий бўлади. Минтақадаги вазиятни оғирлаштирадиган ҳамда уни зўравонлик ва можароларга гирифтор қиладиган хатти-ҳаракат уларга қимматга тушади», деди Шавқий.

ИИПК ва унинг минтақадаги жангарилари Сулаймонийсиз ҳам минтақа учун жиддий хавф туғдиради, дейди ҳарбий ва стратегик масалалар бўйича ироқлик мутахассис Алаъ ал-Нашоу.

«Бу одам Вилояти фақиҳ режимига катта хизматлар қилгани, Ироқ ва минтақа давлатлари бошдан кечираётган кўплаб инқирозлар учун масъул бўлгани ва Эроннинг тажовузкор сиёсатини ишлаб чиқишда ҳал қилувчи рол ўйнагани рост. Сулаймонийнинг имкониятлари ва роли қўрқитиш мақсадида бўрттирилган», деди у.

Сулаймоний вафотидан бир йил ўтиб ҳам, вазият «у қадар ўзгаргани йўқ, чунки эронликлар ва уларнинг иттифоқчилари нафақат минтақада, балки дунёнинг турли бурчакларида муаммолар ва кескинликлар келтириб чиқаришда давом этмоқда», деди у.

Сизга мақола ёқдими?

Фикрлар 0

Сиёсат * Мажбурий 1500 / 1500