Карвонсарой
Инсон ҳуқуқлари

Хитой Шинжонда мусулмонлар учун 100 дан ортиқ янги ҳибсхоналар барпо этмоқда

Карвонсарой

Суратда яқинда Пекин томонидан мусулмонларни ҳибсда сақлаш учун қурилган 100 дан ортиқ янги иншоотлардан баъзилари акс этган. [Buzzfeed]

Суратда яқинда Пекин томонидан мусулмонларни ҳибсда сақлаш учун қурилган 100 дан ортиқ янги иншоотлардан баъзилари акс этган. [Buzzfeed]

Хитойнинг мусулмон озчиликларга қарши зўравонлик кампанияси яна бир карра ўз тасдиғини топди – BuzzFeed News нашрининг текширувига кўра, коммунистик давлат Шинжонда 100 дан ортиқ янги ҳибсхоналар қургани маълум бўлди.

Декабр ойи охирида эълон қилинган ҳисобот Eyebeam келажак журналистикаси маркази, Пулитцер маркази ва Очиқ технологиялар жамғармаси қўлловида олиб борилган туркум тадқиқотларнинг тўртинчисидир.

BuzzFeed News хулосалари ҳукуматнинг расмий ҳисоботлари, интервьюлар ва сунъий йўлдошдан олинган юзлаб фотосуратларга асосланган бўлиб, уларда заводлар биноларининг ёрқин рангга бўялган металл томлари кўзга ташланади.

Август ойидаги текширув мобайнида Шинжон минтақасида қамоқхона ёки ҳибсхонага хос белгиларга эга юзлаб бинолар аниқланган бўлиб, уларнинг аксарияти сўнгги уч йил ичида барпо этилган.

Хитойдаги фабрикаларнинг бирида ниқоб ишлаб чиқариш билан машғул бўлган ишчилар, 2020 йил 29 октябр кунги сурат. Пекин Шинжондаги шахсий ҳимоя воситалари ишлаб чиқарувчи корхоналарда мусулмонларнинг мажбурий меҳнатидан фойдаланиш орқали COVID-19 пандемиясидан катта фойда кўрди. [STR/AFP]

Хитойдаги фабрикаларнинг бирида ниқоб ишлаб чиқариш билан машғул бўлган ишчилар, 2020 йил 29 октябр кунги сурат. Пекин Шинжондаги шахсий ҳимоя воситалари ишлаб чиқарувчи корхоналарда мусулмонларнинг мажбурий меҳнатидан фойдаланиш орқали COVID-19 пандемиясидан катта фойда кўрди. [STR/AFP]

Ҳуқуқни ҳимоя қилиш ташкилотларига кўра, Шинжондаги вақтинча сақлаш жамлоқларида бир миллионга яқин уйғур, қозоқ ва туркий миллатга мансуб бошқа озчиликлар вакиллари қамоқ шароитларида сақланмоқда.

Хитой режими уларни «касб-ҳунар таълими марказлари» деб таъкидлаган, аммо фаолларнинг айтишича, маҳбуслар қийноқлар ва мажбурий меҳнат билан юзма-юз келмоқда, деб хабар беради AFP.

Янги ҳисоботда айтилишича, камида 135 та мажмуа завод биноларини ҳам ўз ичига олган, деб хабар беради BuzzFeed News. Тадқиқотчилар ва собиқ маҳбусларнинг айтишича, «кенг кўламдаги мажбурий меҳнат, катта эҳтимол билан, шу каби бинолар ичида юз бермоқда.»

Текширувларга кўра, ҳибсхоналар ёки улар яқинидаги ишлаб чиқариш қувватларининг ўсиб бориши «оммавий ҳибслар кўламининг нақадар тез кенгайиб бораётганини» тасдиқлайди.

Инсон ҳуқуқларининг поймол қилиниши

АҚШ, Европа Иттифоқи ва Бирлашган Миллатлар Ташкилоти (БМТ) дохил турли мамлакат ва ташкилотлар Хитойнинг Шинжондаги сиёсатини танқид қилиб, сўнгги пайтларда уйғур мусулмонларининг мажбурий меҳнатга жалб қилинаётганини таъкидлаганлар.

Улар Шинжонда мажбурий ёки арзон ишчи кучи билан терилган пахтадан халқаро бозор учун арзон кийимлар ишлаб чиқаришда фойдаланиш билан боғлиқ текстил таъминоти занжиридаги эҳтимолий ҳуқуқбузарликларга эътибор қаратганлар.

21 декабр куни АҚШ Давлат департаменти озчиликлар ёки бошқа шахсларга қарши қаратилган чоралар ёхуд репрессив сиёсатга алоқадор ва масъул деб кўрилган хитойлик амалдорларга виза беришга оид қўшимча чекловлар жорий қилди.

Мазкур чора «АҚШ ҳукуматининг Хитой компартиясини (ХКП) Хитой халқига қарши репрессиялари учун жавобгарликка тортиш йўлидаги қатъиятини акс эттиради», дейилади АҚШ Давлат котиби Майк Помпеонинг баёнотида.

Унинг сўзларига кўра, 2020 йилда Қўшма Штатлар «Шинжондаги мудҳиш қонунбузарликлар, Тибетга кириш чекловлари ва Гонконгга ваъда қилинган мухториятнинг йўқ қилинишига алоқадор ХКП расмийларига нисбатан виза чекловлари ва молиявий санкциялар жорий этган».

9 сентябр куни 60 дан ортиқ мамлакатнинг 321 фуқаролик жамияти гуруҳидан иборат коалиция БМТни «Хитой ҳукуматининг инсон ҳуқуқларини бузиши билан боғлиқ ҳолатларни кўриб чиқувчи мустақил халқаро механизмни яратишга» чақирганлар.

«Human Rights Watch» ташкилотига кўра, ҳужжатга имзо чекканлар бутун Хитой, жумладан Шинжонда инсон ҳуқуқларининг тийиқсиз бузилишига қарши курашиш зарурлиги, шунингдек бу соҳадаги Хитой ҳуқуқбузарликларининг бутун дунёга таъсирини таъкидлаганлар.

Аммо Хитойнинг озчиликларга нисбатан зўравонлиги тўхтагани йўқ. 31 декабрда Пекин мусулмон уйғур шифокори террорчилик айби билан қамоққа олинганини тасдиқлаган.

Гулшан Аббос икки йил аввал ҳибсга олиниб, дом-дараксиз йўқолган эди, аммо яқинларининг АҚШ конгресси қўмитасига хабар беришича, 58 яшар аёл уйғурлар ҳимояси йўлидаги фаолияти сабабли 20 йилга озодликдан маҳрум қилинган.

Мажбурий меҳнатни яшириш

Меҳнат ҳуқуқлари ҳимоячилари ва кузатувчиларнинг «BuzzFeed News» нашрига маълум қилишича, Шинжонда мажбурий меҳнат шу даражада кенг тарқалганки, «у ерда фаолият олиб борувчи ҳеч қайси компания ундан холи эканлигини айта олмайди».

«Хитой ҳукумати Шинжонда одамлар ва интервьюларни шу даражада қаттиқ кузатадики, фабрикаларда мажбурий меҳнат олиб борилаётганини мустақил равишда аниқлаш имконсиз», дейилади хабарда.

Хитойнинг аҳолини қашшоқликдан халос этишга қаратилган дастурига кўра, чекка ҳудудлардаги фермерларнинг фабрикада ишлашга ўтказилиши «ҳукуматга нима сабабдан ишчи ўз уйидан узоқда ишлаётганини яшириш имконини беради».

Аммо фабрикалар мажбурий сақлаш мажмуаларининг ичида жойлашган бўлса, «ишчилар у ерда ўз ихтиёри билан эканига ишониш қийин».

Текширувларга кўра, Хитойнинг аксар фабрикалари лагерлар ичида ёки ёнида жойлашган. АҚШдаги «C4ADS» нодавлат тадқиқот институти бундай компаниялардан 1500 тасини аниқлаган.

Хитой ҳукуматининг қашшоқликка қарши кураш компанияси доирасида ночорликда яшаётган озчиликлар вакиллари иш жойи мавжуд бўлган ҳудудларга кўчирилади, аммо тадқиқотчиларга кўра, бу дастурлар мажбурий меҳнатни яшириш воситасидир.

Буюк Британиядаги иқтисодиёт ва бизнес тадқиқотлари маркази (CEBR) маълумотларига кўра, дунёнинг аксар иқтисодиётлари коронавирус пандемияси туфайли катта талафотлар кўрган бир пайтда, Хитой 2028 йилга бориб (аввал тахмин қилинганидан беш йил аввалроқ) дунёнинг энг йирик иқтисодиётига айланиши кутилмоқда.

Хитойнинг жаҳон бозоридаги улуши технологик саноат ва шахсий ҳимоя воситалари савдоси ортидан тобора ўсиб бормоқда.

Пандемиядан фойда кўришни мақсад қилган Хитой касаллик авж олиши ортидан юзага келган тақчиллик ўрнини тўлдириш учун ниқоб каби шахсий ҳимоя воситаларини ишлаб чиқаришга зўр берди. Йилнинг биринчи ярмида нархлар ва талабнинг ортиши туфайли 73 мингдан ортиқ, жумладан, апрел ойининг ўзида 36 мингта компания ниқоб ишлаб чиқарувчи сифатида рўйхатдан ўтган.

Бу каби чоралар доирасида Хитой расмийлари Шинжон ҳудудидаги мусулмон озчиликлар вакилларини ҳимоя воситалари ишлаб чиқарувчи заводларда ишлашга мажбурлаганлар. Бу ҳақда New York Times нашри видеолавҳа тайёрлаган бўлиб, унда юзлаб видеотасвирлар, фотосуратлар ва расмий ҳужжатлар далил ўлароқ келтирилган.

Ҳибсда сақлаш ва мафкуравий тарбия

Ҳукуматнинг меҳнат дастурларида ишлашдан бош тортиш «ўта мушкул», деб айтган Шинжондаги инсон ҳуқуқлари бузилишини ўрганган Австралия стратегик сиёсати институти BuzzFeed News нашрига.

Бунга сабаб, уларнинг «ҳибсда сақлаш ва сиёсий тарбия воситалари билан ўраб олингани», дейилади хабарда.

Собиқ маҳбуслар ва хитой тилидаги ОАВга кўра, дастур иштирокчилари қатъий назорат ва доимий кузатувда, бўйсунмаслик ҳолатларида лагерларга юборилиши ёки бошқа йўллар билан жазоланишдан қўрқиб яшашга мажбур.

Ишдан кейин улар «ватанпарварлик дарсларида» иштирок этиши лозим, улар хитой тилини мажбуран ўрганиш ва ХКПга оммавий мақтовлар айтишни ўз ичига олади.

Ишчиларга текстил, озиқ-овқат саноати корхоналари, кушхона, шунингдек, пахта терими каби қишлоқ хўжалигига оид ишлар таклиф этилмоқда.

Бу дастурларда неча киши ишлаётгани, қанчасига кам маоши берилаётгани ва қанчаси ёмон шароитларда мажбуран меҳнат қилаётгани ҳақида аниқ рақамлар йўқ, лекин «BuzzFeed News» олиб борган терговга кўра, бу рақамлар катта ва тобора ўсиб бормоқда.

АҚШ меҳнат вазирлигига кўра, 100 мингга яқин уйғур ва бошқа этник озчиликлар вакиллари мажбурий меҳнатга жалб қилинган, АҚШда жойлашган Стратегик ва халқаро тадқиқотлар маркази эса мажбурий меҳнатнинг «жуда кенг миқёсда» эканини айтмоқда.

Сентябр ойида Хитой ҳукумати «ортиқча ишчи кучини кўчириш» дастурига бир йил ичида 2,76 миллиондан ортиқ киши жалб қилингани ҳақида хабар берган эди.

Сизга мақола ёқдими?

Фикрлар 3

Сиёсат * Мажбурий 1500 / 1500

Иккинчи жаҳон уруши йилларида фашистлар шундай лагерларни қуриб, яҳудий, славян ва бошқа миллатларни қирган. Хитойда ҳам худди шу нарса содир бўлмоқда, ХХР мусулмонлари қатлиом қилиняпти...

Жавоб бериш

tojikistonga ohshap bizayam pul orniga yerlarimizani beripqoymili

Жавоб бериш

Хитой Марказий Осиё ва Қозоғистонни иқтисодий қарз сиртмоғига киритяпти. Кейин эса бизни Покистон ва Африка қисмати кутяпти. Қўшма Штатларда нимаики бўлаётган бўлса унинг кетида Пекин қўли бор. Ҳамма мусулмон мамлакатлар, жумладан Қозоғистон ҳам ҳаммаси «яхши» деб кўрсатяпти. Шунга қарамай, ҳукумат Хитой ҳукумати қўли остида Шижондаги лагерларда мусулмонлар бошидан кечираётган қийноқлар, мажбурий меҳнат ва зўрлашлар ҳақида билишади. Хитой фашизмини тўхтатиш керак.

Жавоб бериш