Карвонсарой
Хавфсизлик

Хитой Тайван ҳаво ҳудудини тобора кўпроқ бузиб кирмоқда

Карвонсарой ва AFP

Бир сафда парвоз қилаётган Хитой қирувчи самолётлари, 2020 йилги сурат. [Хитой мудофаа вазирлиги]

Бир сафда парвоз қилаётган Хитой қирувчи самолётлари, 2020 йилги сурат. [Хитой мудофаа вазирлиги]

ТАЙБЕЙ – Ўтган йили Хитой самолётлари Тайван ҳаво ҳудудини рекорд даражада кўп – 380 марта бузиб кирган. Бу ҳақда сешанба (5 январ) куни Тайван мудофаа вазирлиги вакили маълум қилди. Хитойнинг ўз ҳарбий қудратини кўз-кўз қилиб, қўшнисининг суверен ҳудудини бузиб киришга тайёрлиги хавотирларни кучайтирмоқда.

Демократик ва ўзини ўзи бошқарувчи мамлакат – Тайван оролни ўз ҳудуди деб биладиган ва уни қачондир (керак бўлса, зўрлик билан) тортиб олишга тайёр бўлган авторитар Хитойнинг доимий тажовузи остида яшамоқда. Тайван 1949 йилдан бери ўз ҳукуматига эга.

2016 йилда Тайван президенти Цай Инвен сайловда ғалаба қозонганидан кейин Пекиннинг бу мамлакатга адовати кучайди, сабаби у оролнинг «ягона Хитой» ҳудуди эканлигини тан олмайди. 2020 йилда Цай Инвеннинг қайта сайлангани Пекинни яна ғазабга солган.

Ўтган йили Пекин Тайваннинг ҳаво мудофаасини таъминлаш ҳудудига реактив, бомбардимончи ва кузатув самолётларини юборар экан, унинг ҳарбий қудрати намойиши янги чўққини забт этди.

Тайван ҳаво ҳудудини бузиб кирган Хитой самолётларининг ҳужжатлаштирилган траекториялари. [Тайван мудофаа вазирлиги]

Тайван ҳаво ҳудудини бузиб кирган Хитой самолётларининг ҳужжатлаштирилган траекториялари. [Тайван мудофаа вазирлиги]

«Жануби-ғарбий ҳаво кенгликларимиз 2020 йилда 380 та марта бузиб кирилди, бу ўтган йиллардагига нисбатан анча кўп», дейди мудофаа вазирлиги вакили Ши Шун-Вэн.

«Бу минтақавий ва миллий хавфсизлигимиз учун таҳдиддир.»

Хитой самолётлари «ҳарбий тайёрлигимизни синаш, ҳаво мудофаасига босим ўтказиш ва бизни жанговар ҳаракатлардан тўсиш учун ҳаво ҳудудини сиқувга олди», деди у.

Бу рақамлар ҳарбийлар билан алоқадор Миллий мудофаа ва хавфсизлик тадқиқоти институти ўзининг Халқ озодлик армиясига оид йиллик ҳисоботида «Хитой армиясининг таҳдиди 1996 йилда Тайван бўғозидаги ракета инқирозидан сўнг чўққига чиққани» ҳақида огоҳлантириши ортидан эълон қилинган.

Ўша йили Пекин оролдаги илк демократик президент сайлови иштирокчиларини тийиб қўйиш мақсадида бўғозга қарата ракеталар учирган, оқибатда Вашингтон бу ҳудудга ҳарбий кемалар киритган эди.

Ўтган йили Хитой реактив самолётлари 110 кун давомида Тайван яқинида парвоз қилиб, унинг мудофаа ҳудудини тез-тез бузиб кирган, дейди ҳисобот муаллифларидан бири Жереми Хунг.

Таққослаш учун, 2016 йилда Тайванда олти марта узоқ масофали ҳарбий машқлар ўтказилган бўлса, 2017 йилда уларнинг сони 20 тага етган.

Осиёдаги зўравонликлар

Яқинда Хитойнинг тажовузи қўшни Ҳиндистонга ҳам етиб борган. Июн ойида Ладах вилоятида Хитой ва Ҳиндистон ҳарбийлари ўртасида шиддатли тўқнашувлар содир бўлди, сентябрда эса чегара ҳудудида отишма юз берди.

Бошқа давлатларнинг ҳудудий даъволари ҳисобига жанубий Хитой денгизида сунъий ороллар барпо этаётган Пекин сурбетларча ресурслар ортидан қувиб, ҳарбий ҳозирлигини кучайтирмоқда.

Пекин Ҳинд океани бўйлаб бир нечта портлар барпо этиб, Жанубий Хитой денгизидан Сувайш каналига қадар ёқилғи қуйиш ва таъминот станциялари занжирини яратган. Гўёки тижорий характерга эга бу портлар жуда тез ривожланаётган ҳарбий денгиз флоти қамровини кенгайтиришга имкон беради.

Хитой режими ўз молиявий ҳукмронлигидан фойдаланиб, Гвадар (Покистон) ва Жаскдаги (Эрон) стратегик ҳудудлар ва портларни аниқ ҳарбий мақсадлар учун қўлламоқда.

Сизга мақола ёқдими?

Фикрлар 1

Сиёсат * Мажбурий 1500 / 1500

Осмон ости мамлакати, қадимга ҳудудларини нима қилишни ўзи билади. Россия ҳам шу, бизга ҳам ҳеч кимнинг гапи ўтмайди.

Жавоб бериш