Карвонсарой
Саломатлик

Хитой COVID-19 вирусининг келиб чиқишини ўрганувчи халқаро гуруҳнинг мамлакатга киришини тақиқлади

Карвонсарой ва AFP

image

Пекин аэропортининг бўм-бўш халқаро ташрифлар залида юриб кетаётган ходим, 2020 йил, 6 ноябр. [ГРЕГ БЕЙКЕР / AFP]

ПЕКИН – Бир неча ой давом этган музокараларга қарамай, чоршанба (6 январ) куни Пекин Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти (ЖССТ) гуруҳининг мамлакатга киришини тақиқлади. Оқибатда коронавирус пандемиясининг келиб чиқишини ўрганувчи халқаро миссия бошланмай туриб тўхтаган.

Ахборотни яшириш, фитна назариялари ва оқлашга уриниш айбловлари ортидан шу ҳафта ўн нафар мутахассис Хитойга ташриф буюриши керак эди.

ЖССТ раиси Тедрос Адханом Гебрейесусга кўра, экспертларнинг айримлари аллақачон Хитойга жўнаб кетган.

«Бу хабарни эшитиб ҳафсалам пир бўлди, икки киши аллақачон йўлда эди, қолганлар эса охирги дақиқаларда сафарга чиқа олишмади», деб айтган у Женевада Пекинга нисбатан таъна ўлароқ.

image

31 декабр куни Пекинда Хитой давлат кенгашининг ахборот идораси томонидан COVID-19 коронавирусига қарши эмлаш масаласига бағишланган анжуман ўтказилган. [Лео Рамирез/AFP]

image

Ёпиқ концертда рақсга тушаётган хитойликлар, 1 январ. Хитой режими 2020 йилги пандемия устидан ғалаба қозонганига эътибор қаратишга уринмоқда. [Ноэл Селис/AFP]

ЖССТнинг бошқа бир вакили Пекиннинг шубҳаларини оқлашга уриниб, муаммо визалар билан боғлиқ эканини айтган. Аммо Пекининг 6 январ кунги хабарига кўра, «кечикиш фақат визалар туфайли эмас».

Томонларнинг «аниқ саналар ва экспертлар гуруҳининг ташрифига оид махсус кўрсатмалар» борасидаги музокаралари давом этмоқда, деб айтган Хитой ташқи ишлар вазири вакили Хуа Чунин мухбирларга.

«Касалликнинг келиб чиқишини аниқлаш масаласи жуда мураккаб», деди у. «Хитойда халқаро мутахассислар гуруҳининг узлуксиз фаолиятини таъминлаш учун биз зарурий муолажаларни бажаришимиз ва тегишли чоралар кўришимиз керак.»

Мамлакат «халқаро мутахассислар гуруҳининг Хитойга келиши учун қулай шарт-шароитларни яратишга имкон қадар ҳаракат қилмоқда», деди у.

Манбага оид воқеликни назорат қилиш

Хитой режими дунё бўйлаб 1,8 миллион кишининг ўлими ва глобал иқтисодий таназзулга сабаб бўлган вируснинг келиб чиқиши ҳақидаги нарративни назорат қилишни мақсад қилиб олган.

Илк касалланиш ҳолатлари 2019 йил охирларида Хитойнинг Ухан шаҳрида қайд этилган. Натижада вируснинг ташқарига чиқиб кетишига йўл қўйган Хитой ҳукуматининг тартибсиз ва яширин ҳаракатлари жиддий танқид остига олинди.

2020 йил бошида Хитой ҳалокатли вирус тарқаётганини била туриб, бир ҳафта давомида сукут сақлаган ҳамда вируснинг Ухан ичида ва бутун дунё бўйлаб тарқалишига йўл қўйиб, эпидемия ҳақидаги далилларни қасддан яширган ёки йўқ қилган.

COVID-19 вирусининг келиб чиқиши шиддатли баҳсларга сабаб бўлиш билан бирга, халқаро ҳамжамиятнинг айбловлари ва гумонлари, шунингдек Хитой ҳукуматининг вирус келиб чиқиши ҳақидаги нарративни назорат қилиш ҳаракатларининг шубҳали пардаси остида қолмоқда.

Олимлар дастлаб пандемия Ухандаги экзотик ҳайвонлар гўшти сотиладиган бозордан бошланганини айтган эдилар.

Эндиликда улар бозор касаллик манбаи эмас, балки унинг авж олишига хизмат қилган жой бўлиши мумкинлигини айтганлар.

Хабарчиларнинг «овозини ўчириш»

Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти (ЖССТ) вируснинг келиб чиқиши бўйича тергов бошлашидан бир неча ҳафта аввал Хитойда COVID-19 пандемияси бошлангани ҳақида хабар берган хитойлик журналистга нисбатан тўрт йиллик қамоқ жазоси тайинланган.

Эпидемиянинг илк босқичи ҳақида хабар тарқатган собиқ ҳуқуқшунос Чжан Чжанга нисбатан «жамоат тартибини бузиш ва муаммо келтириб чиқариш» айблови билан Шанхай судидаги қисқа жараён ортидан ҳукм ўқилган.

Унинг феврал ойида ижтимоий тармоқларда тарқалган жонли репортаж ва мақолалари ҳукуматнинг эпидемияга қарши чораларини танқид қилган саккиз мухбирни жазолашга улгурган куч тузилмаларининг эътиборига тушган.

Уханда бошланган пандемияга бир йил тўлар экан, дунё давлатларининг аксарияти карантин ва касалланишлар кўламидан азият чекаётган бир пайтда, иқтисодиёти қайта тикланаётган Пекин мамлакат ичида вирусни жиловлаганига оид «мислсиз» муваффақият билан ўз-ўзини табриклаган.

Соғлиқни сақлаш соҳасидаги мисли кўрилмаган глобал инқироз даврида ахборот оқимини назорат қилиш – Хитойнинг коммунистик ҳукуматига ҳолат ҳақидаги тасаввурни ўз фойдасига буриш ва Президент Си Цзинпиннинг етакчилиги учун мамлакат ҳукмрон партияси томонидан тақдирланишида муҳим рол ўйнади.

Хитой коммунистик ҳукумати авваллари ҳам Ғарбнинг диққатини чалғитиш мақсадида диссидентларни Рождество ва янги йил байрами оралиғида суд қилган.

Ҳақиқатни шубҳа остига олиш

Пекин эпидемия тарқаганидан бери вирус келиб чиққан жойни шубҳа остига олишга уриниб келди.

Масалан, «People's Daily» ҳукумат нашри ноябр ойи бошларида Facebook тармоғида «барча мавжуд далиллар коронавирус Хитой марказидаги Ухан шаҳридан чиқмаганини кўрсатмоқда», деб ёзган.

Шунингдек, ноябр ойида ҳам Пекин COVID-19 коронавируси Италияда 2019 йил сентябрдаёқ мавжуд бўлгани ҳақида Италия журналида чиққан тадқиқотни чоп этишга шошилган ва тадқиқот хулосасидаги муҳим далилларни олиб ташлаб, эпидемия пайдо бўлган жойни гумон остига қўювчи юзаки илмий манбаларни қўллаган эди.

Аслида эса барча далиллар Хитойнинг Ухан шаҳри халқаро инқироз манбаи эканлигини кўрсатмоқда.

Инқироз бошланганидан бери Пекин фитна назарияларини тарғиб қилиш орқали коронавирус пандемияси билан боғлиқ айбни ўзидан соқит қилишга ва ижтимоий тармоқлар ҳамда ахборот маконини вирус ҳақидаги дезинформация билан тўлдиришга ҳаракат қилди.

Хитой режими касалликнинг тарқалиши ва инқироздаги айбини яшираётганига қарамай, COVID-19 пандемиясига қарши курашда ўзининг «мардонавор хатти-ҳаракатлари» ҳақида бонг уриб келмоқда.

Август ойида Хитой миллий музейида «Куч бирдамлиги» деб номланган янги кўргазма очилган бўлиб, унда режимнинг «инқирозга қарши курашда эришган муваффақиятларини» мадҳ этувчи расмлар, ҳайкаллар ва хаттотлик ишлари намойиш этилди.

Хитой ОАВ мамлакатда коронавирус хавфи ортда қолганини кўрсатишга уринмоқда, COVID-19 карантини билан боғлиқ чекловлардан азият чекаётган дунё мамлакатлари эса бу каби ахборот кампанияларини тушунмовчилик билан кузатмоқдалар.

Хитой шунингдек, пандемия даврида юмшоқ куч сиёсатини кучайтиришга уринди – «вакцина дипломатиясини» қўллаб, ривожланаётган давлатлар билан ўз вакцинасини бўлишишга ваъда берди.

Сизга мақола ёқдими?

Фикрлар 0

Сиёсат * Мажбурий 1500 / 1500