Карвонсарой
Сайловлар

Нотинч Қирғизистон навбатдаги сайловга ҳозирланмоқда

Карвонсарой ва AFP

Президентликка номзод Садир Жапаров сурати туширилган баннер олдидан ўтиб кетаётган эркак, Бишкек, 7 январ. [Вячеслав Оселедко/AFP]

Президентликка номзод Садир Жапаров сурати туширилган баннер олдидан ўтиб кетаётган эркак, Бишкек, 7 январ. [Вячеслав Оселедко/AFP]

БИШКЕК – Якшанба (10 январ) куни Қирғизистонда президент сайловлари бўлиб ўтади. Баҳсли парламент сайловлари туфайли келиб чиққан инқироз ортидан маҳбусликдан чиққан Садир Жапаров президентга айланиши кутилмоқда.

29 йиллик мустақиллик даврида юз берган намойишлар ортидан Қирғизистонда уч бор – 2005, 2010 ва 2020 йилларда президент алмашган.

Октябрдаги нотинчликлар

Норозиликлар 4 октябр кунги сайловдан кейин бошланган. Мухолифатчи партиялар тарафдорлари ўша вақтдаги президент Сооронбай Жеенбековга яқин партияларнинг сайловчилар овозини оммавий сотиб олганини даъво қилиб, кўчаларга чиққан эди.

Тунга яқин намойишчилар полиция билан тўқнашган, намойишчилардан бири ҳалок бўлган. Бир қатор таниқли сиёсатчилар, жумладан Жапаров қамоқдан озод қилинган.

Президентликка номзод Садир Жапаров тарафдорлари Бишкекдаги митинг чоғида Қирғизистон байроғини ҳилпиратмоқда, 14 октябр. [Вячеслав Оселедко/AFP]

Президентликка номзод Садир Жапаров тарафдорлари Бишкекдаги митинг чоғида Қирғизистон байроғини ҳилпиратмоқда, 14 октябр. [Вячеслав Оселедко/AFP]

Қирғизистон ташқи ишлар вазири Руслан Казакбаев (чапда) Россия ташқи ишлар вазири Сергей Лавров билан мухбирларнинг саволларига жавоб бермоқда, Москва, 23 октябр. [Қирғизистон ташқи ишлар вазирлиги]

Қирғизистон ташқи ишлар вазири Руслан Казакбаев (чапда) Россия ташқи ишлар вазири Сергей Лавров билан мухбирларнинг саволларига жавоб бермоқда, Москва, 23 октябр. [Қирғизистон ташқи ишлар вазирлиги]

Ҳукумат сайлов натижаларини зудлик билан бекор қилган бўлса-да, кейинги кунларда сиёсатчилар юзага келган бўшлиқни тўлдиришга уриндилар. Жапаровни қўллаб-қувватловчилар Жеенбековнинг истеъфосини талаб қилган энг йирик гуруҳ бўлди.

Инқирознинг кутилмаган табиати энг асосий иттифоқчи Россияни ҳам шошириб қўяр экан, юз берган ҳодисаларда уюшган жиноий гуруҳларнинг ўрни ҳақидаги саволлар пайдо бўлган.

Президент Владимир Путин маъмурияти раҳбарининг ўринбосари Дмитрий Козак Жеенбеков ва Жапаров билан музокара ўтказиш учун Бишкекка учиб келган.

Ташриф Жеенбековнинг позициясини қўллаб-қувватлаш учун амалга оширилгандек кўринса ҳам, бу воқеадан бир неча кун ўтиб, у расмий қароргоҳи атрофида Жапаров тарафдорлари тўплангани сабабли қон тўкилишини истамаслигини айтиб истеъфога чиққан.

Бир ойга яқин вақт мобайнида Жапаров ҳам бош вазир, ҳам президент вазифасини бажарувчи бўлди. 14 октябр куни президент сайловларида иштирок этиш учун лавозимидан озод этилди.

Айни дамда Жапаров ҳеч қандай лавозимни эгалламаган, аммо унга содиқ бўлганлар асосий лавозимларга тайинланган ва сайловчилар 10 январ куни унга илк босқичда муваффақият олиб келиши аниқ.

Худди шу куни сайловчилар Жапаров бошқарадиган президентлик ҳокимияти ва парламент бошқарув шаклига овоз беришади.

Янги конституция устидаги ишлар сайловдан кейин ҳам давом этар экан, янги бош қонун 2010 йилда авторитарликни чеклаш учун киритилган амалдаги президент учун қўйилган шартни бекор қиладиган кўринади.

Жапаров халқ одамими?

52 яшар Жапаров Қирғизистон сиёсати саҳнасига 2005 йилда Иссиқкўл вилоятида кичик нефть бизнесини яратганидан кейин кириб келган.

Президент Курманбек Бакиев ҳомийлигида мавқеи кўтарилган Жапаров 2008 йилда коррупцияга қарши кураш агентлиги раҳбари этиб тайинланган эди.

Аммо, идора ўша вақтда тизимдаги порахўрликдан энг кўп манфаат кўрган деб саналган Бакиевнинг оиласини тергов қилмаган.

Бакиев 2010 йилда бу воқеадан беш йил аввал биринчи постсовет президенти Асқар Акаевни лавозимидан озод қилган норозиликдан анча шиддатлироқ ўтган инқилоб билан ағдарилган.

Бундан икки ой ўтиб, этник қирғизлар ва озчилик ўзбек гуруҳи ўртасида қонли тўқнашув юз берган ва юзлаб одамларни ҳаётдан олиб кетган.

Ўша йилнинг охирларида етакчилари орасида Жапаров ҳам бўлган миллатчи мухолифат партияси парламент сайловларида ғолиб бўлган, аммо ҳокимият коалициясидан чиқарилган.

Жапаровнинг сиёсий номи мамлакат ЯИМнинг 10 фоизини ташкил этувчи, аммо коррупция айбловлари ва экологик муаммоларга учраган, Қирғизистондаги энг катта олтин конининг канадалик бошқарувчиларига қарши тартибсиз чиқишлари билан боғлиқ бўлиб қолган.

2013 йилда у туғилиб ўсган вилоятдаги намойишлар чоғида норози оломон маҳаллий ҳокимни қўлга олиб, унинг устидан бензин қуйиб юборган.

Ҳукумат Жапаровга қарши жиноий иш қўзғаган, у эса хорижга қочиб кетган.

Қочқинликда Жапаров миллион кишидан иборат Россия ва Қозоғистонда фаол бўлган қирғиз диаспораси билан алоқани кучайтирган.

2017 йилда ватанига қайтгач, Жапаров одамни гаровга олиш айбловлари билан ҳибсга олинган ва 11,5 йилга озодликдан маҳрум қилинган.

Олдинда турган муаммолар

10 январ куни Жапаров ғалаба қозонса, унинг олдида турган икки тизимли муаммо – пандемиядан азият чеккан иқтисодни тиклаш ҳамда коррупция ва уюшган жиноятчиликка қарши кураш ваъдаларини бажариши керак бўлади.

Россия ишончини қозониш эса яна бир муаммо.

Қирғизистон ҳукумати Кремль кўрсатмаларини бажаришдан бош тортаётгани сабабли Москва ва Бишкек ўртасидаги муносабат тобора совуқлашиб бормоқда, дейди кузатувчилар.

Айрим хабарларга кўра, Путин режими сўнгги йилларда Қўшма Штатлар билан алоқаларни яхшилаётган Жеенбековнинг кетишини истаган.

Кейинги воқеалар ҳам Россиянинг режасига мувофиқ кечгани йўқ, дейди бишкеклик профессор ва халқаро ҳуқуқшунос Кайрат Осмоналиев.

Кремль Қирғизистон қонунчилигига асосан Жеенбеков Жапаровга ҳукуматни топширишини талаб қилиши учун Козакни Бишкекка юборган, деб айтган эди Осмоналиев ўтган йил октябрда.

«Москва президентлик муддати тугаганидан кейин Жеенбековнинг вазифасидан кетишини истаганди, бу ташқаридан табиий сиёсий жараёндек кўринар эди, аммо кутилмаганда Жеенбеков истеъфога чиқди», деди у.

Жеенбековнинг Россия режасини бузгани «Россиядан иқтисодий кўмакнинг тўхташига» сабаб бўлиши мумкин, дейди Осмоналиев.

Октябрдаги воқелар Россияни ғазаблантирган

Октябрда Жеенбековнинг истеъфога чиқиши сабабли Москва очиқдан-очиқ Бишкекдан норозилигини кўрсатган. Кузатувчиларга кўра, бу воқеанинг кутилмаганда юз бериши Кремлнинг Марказий Осиёдаги таъсири камайиб бораётганига далил бўла олади.

Қирғизистонлик ҳамкасби Руслан Казакбаев билан Россия-Қирғизистон ўртасидаги муносабатларни тиклашга қаратилган музокаралардан кейин мухбирлар билан сўзлашар экан, Россия ташқи ишлар вазири Сергей Лавров асабий кўринган эди.

23 октябр кунги матбуот анжуманида Лавров қирғиз журналистларининг қатор саволларига қўпол жавоб қайтарган.

«Қирғизистонда сиёсий вазият барқарорлашмас экан»,Россиянинг Қирғизистонга молиявий кўмаги тикланмайди, деб айтган Лавров Казакбаевга.

Шундан кейин Москва қирғиз расмийлари билан ишлашдан бош тортган эди.

Москвадаги қизғин матбуот анжуманидан бир кун аввал шахсан Путин ўз хавотирларини билдирган эди.

«У ердаги вазият қирғиз халқи учун фалокатли» деб айтган у 22 октябр куни Москвада бўлиб ўтган «Валдай» музокара клубидаги учрашувда. «У ерда юз бераётган воқеаларга ачиниш ва хавотир билан қараймиз.»

Сизга мақола ёқдими?

Фикрлар 1

Сиёсат * Мажбурий 1500 / 1500

Туркий давлатлар Қирғизистонга Россиядан мустақил бўлишга ёрдам бериши керак.

Жавоб бериш