Карвонсарой
Сайловлар

Жапаров коррупцияга қарши курашиш ва ҳокимиятда шаффофликни таъминлашга ваъда бермоқда

Карвонсарой ва AFP

Қирғизистон президенти сайлови ва бошқарув тизими референдумида овоз бергани келган Қирғизистон президентлигига номзод Садир Жапаров қўл силкимоқда, Бишкек, 10 январ. [Вячеслав Оселедко/AFP]

Қирғизистон президенти сайлови ва бошқарув тизими референдумида овоз бергани келган Қирғизистон президентлигига номзод Садир Жапаров қўл силкимоқда, Бишкек, 10 январ. [Вячеслав Оселедко/AFP]

БИШКЕК – Қарийб 80 фоиз овоз тўплаган Қирғизистоннинг янги сайланган президенти Садир Жапаров коррупцияга қарши курашиш ва ҳукумат фаолиятида шаффофликни таъминлашга ваъда берди.

Жапаровнинг ғалабаси маҳбусликдан кейинги мислсиз парвоз бўлди. У 2017 йилда одамни гаровга олиш айби билан озодликдан маҳрум этилган, аммо парламент сайловидаги сохталаштиришлардан ғазабланган намойишчилар уни ўтган йил октябрда қамоқдан озод қилишган эди.

«Ўтган 30 йил мобайнида коррупция ҳаётимизнинг ҳар бир жабҳасида чуқур илдиз отди», деб айтган у якшанба (10 январ) кунги сайловлардан кейин Бишкекда. «Аммо энди биз бунинг давом этишига йўл қўймаймиз. Аввалги ҳукуматларнинг хатоларини такрорламаймиз.»

У келажакда ҳукумат фаолиятида «очиқлик» ва «шаффофликни» таъминлашга сўз берди.

Беловодское қишлоғи аҳолиси 7284-сайлов участкасида Қирғизистон президенти сайлови ва ҳукумат тизими референдумида овоз бермоқдалар, Чуй вилояти, 10 январ. [Максат Осмоналиев]

Беловодское қишлоғи аҳолиси 7284-сайлов участкасида Қирғизистон президенти сайлови ва ҳукумат тизими референдумида овоз бермоқдалар, Чуй вилояти, 10 январ. [Максат Осмоналиев]

Шунингдек, у сайловдаги бошқа номзодларни ҳам ўз «шахсий манфаатларини» четга суриб, «мамлакат келажаги учун» бир ёқадан бош чиқаришга ундаган.

«Айрим ваҳимачилар айтаётганидек, ҳеч қандай диктатура бўлмайди. Ҳуқуқ ва адолат яккаҳокимлиги ўрнатилади», деб айтган Жепаров душанба куни унинг асосий мақсади ҳокимиятни қўлга олиш, деб даъво қилган танқидчиларини назарда тутиб.

Президент сайловларида ўн етти номзод иштирок этган, аммо Жапаровнинг ғалабаси аввал-бошдан тайин эди.

Жапаровнинг энг асосий рақиби ва сафдоши, миллатчи номзод Адахон Мадумаров 6,7 фоиз овоз тўплаган, деб хабар берди Озод Европа/Озодлик радиоси.

Халқаро кузатувчиларнинг душанба (11 январ) кунги хабарига кўра, сайловда барча номзодлар учун «тенг шароитлар» яратилмаган, Жапаровдаги катта маблағ унга рақиблари устидан етакчилик қилиш имконини берган.

«Агар Қирғизистон ўз халқининг амалдаги демократияга интилишларини қондирмоқчи бўлса, адолатли рақобат учун сайловда тенг шароитлар яратилиши лозим. Бу ерда бундай бўлмади», деб баёнот берган Европада хавфсизлик ва ҳамкорлик ташкилоти (ЕХҲТ).

ЕХҲТга кўра, сайлов ва ҳукумат ислоҳотига оид референдум «умуман олганда яхши ташкиллаштирилган».

Сайловчилар президент бошқарувини танлади

Референдум натижаларига кўра, сайловчилар Жапаровга кенг ваколатлар берувчи президент бошқарувини афзал кўришган.

Расмий натижаларга қараганда, сайловчиларнинг 80 фоизи президент бошқарувига қайтишни қўллаб-қувватлаган, 10,8 фоиз эса жорий парламент тизимини ёқлаб овоз берган. 5 фоиз одам учинчи – «ҳаммасига» қарши вариантини танлаган.

Ўтган ҳафта Жапаров Бишкекда референдумга қарши кичик намойишларни танқид қилган эди.

«Бундан буёғига халқ билан ҳисоблашишни ўрганишимиз керак», деб ёзган Жапаров ўзининг Facebook саҳифасида. «Кимдир буни хоҳламаса, ўргатиб қўямиз.»

Сайловда иштирок этиш даражаси паст – 40 фоиз бўлган, расмийлар буни совуқ об-ҳаво ва сайловчиларнинг амалдаги яшаш манзиллари эмас, туғилган жойида рўйхатдан ўтганлик бўйича овоз бериши кераклиги билан изоҳлаганлар.

Президент сайловлари учун қонуний белгиланган чегара мавжуд эмас, аммо референдум бўлиб ўтган деб ҳисобланиши учун сайловчилар иштироки 30 фоизни ташкил этиши керак.

Октябрдаги нотинчликлар

Бу сафарги овоз бериш жараёни октябрдаги парламент сайловлари намойишларга айланиб кетганидан сўнг ўтказилган.

Норозиликлар 4 октябр кунги сайловдан кейин бошланган. Мухолифатчи партиялар тарафдорлари ўша вақтдаги президент Сооронбай Жеенбековга яқин партияларнинг сайловчилар овозини оммавий сотиб олганини даъво қилиб, кўчаларга чиққан эди.

Тунга яқин намойишчилар полиция билан тўқнашган, намойишчилардан бири ҳалок бўлган. Бир қатор таниқли сиёсатчилар, жумладан Жапаров қамоқдан озод қилинган.

Ҳукумат сайлов натижаларини зудлик билан бекор қилган бўлса-да, кейинги кунларда сиёсатчилар юзага келган бўшлиқни тўлдиришга уриндилар. Жапаровни қўллаб-қувватловчилар Жеенбековнинг истеъфосини талаб қилган энг йирик гуруҳ бўлди. Жеенбеков 15 октябр куни истеъфога чиқди.

Инқирознинг кутилмаган табиати энг асосий иттифоқчи Россияни ҳам шошириб қўяр экан, юз берган ҳодисаларда уюшган жиноий гуруҳларнинг ўрни ҳақидаги саволлар пайдо бўлган.

Жапаровни COVID-19 пандемиясидан зарар кўрган иқтисодиётни қайта тиклаш ва берилган ваъдаларини бажариш йўлидаги оғир жанг кутиб турибди.

Россия режимининг ишончини қозониш ҳам осон бўлмайди.

Қирғизистон ҳукумати Кремл кўрсатмаларига амал қилишдан бош тортгани сайин, Москва ва Бишкек ўртасидаги муносабатлар совуқлашиб бормоқда, дейди кузатувчилар.

Россия президенти Владимир Путин Жапаровни биринчилардан бўлиб ғалаба билан табриклаган. 11 январ кунги телераммада икки мамлакатнинг келажакдаги ҳамкорлиги «дўст халқларнинг туб манфаатларига мос экани» таъкидланади.

Сизга мақола ёқдими?

Фикрлар 0

Сиёсат * Мажбурий 1500 / 1500