Карвонсарой
Инсон ҳуқуқлари

Хитой Шинжондаги аҳоли сонининг камайишини террорга қарши кураш чоралари билан изоҳлади

Карвонсарой ва AFP

Хитойнинг Шинжон вилояти Қашғар шаҳридаги кўчаларнинг бирида болалари билан бирга турган уйғур аёли, 2019 йилнинг 4 июни. Пекин Шинжондаги хавфсизлик чораларини кучайтирган – бу ерда миллиондан ортиқ этник уйғурлар ва бошқа аксари мусулмонлардан иборат озчиликлар вакиллари лагерларда сақланади, Пекин уларни диний экстремизмдан узоқлаштиришга қаратилган «касб-ҳунар таълими марказлари» деб атайди. [Грег Бейкер/AFP]

Хитойнинг Шинжон вилояти Қашғар шаҳридаги кўчаларнинг бирида болалари билан бирга турган уйғур аёли, 2019 йилнинг 4 июни. Пекин Шинжондаги хавфсизлик чораларини кучайтирган – бу ерда миллиондан ортиқ этник уйғурлар ва бошқа аксари мусулмонлардан иборат озчиликлар вакиллари лагерларда сақланади, Пекин уларни диний экстремизмдан узоқлаштиришга қаратилган «касб-ҳунар таълими марказлари» деб атайди. [Грег Бейкер/AFP]

ВАШИНГТОН – Пекиннинг сўнгги пайтларда Шинжонда тобора авж олиб бораётган уйғурлар ҳуқуқлари муаммосини бости-бости қилишга уриниши мусулмонларга нисбатан Хитой зулмининг халқаро даражада қораланишига сабаб бўлди.

Хитойнинг АҚШдаги элчихонаси ўтган ҳафта аксарияти мусулмон бўлган уйғур жамоаларининг аёллари минтақада экстремизмнинг йўқ қилиниши туфайли энди «бола туғадиган машиналар» эмаслиги билан мақтаниб, ижтимоий тармоқларда чиқиш қилган.

7 январ куни элчихона ўз твиттерида «China Daily» давлат нашрида чоп этилган мақолага ҳавола берган. Унда Шинжондаги тадқиқот марказининг 2018 йилдан бери вилоятдаги аҳоли сонининг ўзгариши ҳақида шу вақтга қадар эълон қилинмаган ҳисоботи тилга олинади.

«Шинжон аҳолиси диний экстремизм сабабли фарзандлар сонини чеклашга қарши бўлган. Бу каби экстремистик мафкурага қарши кураш уйғур аёлларига туғиш ёки туғмаслик ҳақида мустақил қарор қабул қилишга ёрдам берди», дейилади мақолада.

2018 йил 14 октябрда олинган бу фотосуратда Хитойнинг Шинжон вилояти Хами округидаги далада пахта тераётган фермер акс этган. [STR/AFP]

2018 йил 14 октябрда олинган бу фотосуратда Хитойнинг Шинжон вилояти Хами округидаги далада пахта тераётган фермер акс этган. [STR/AFP]

«Шинжондаги уйғур аёллари ҳурфикрликка эришдилар, гендер тенглиги ва репродуктив саломатлик тарғиботи билан улар «бола ишлаб чиқарадиган машина» мақомидан халос бўлдилар», дейилади элчихона баёнотида.

Унга кўра, «бу ўзгаришлар айрим ғарблик олимлар ва сиёсатчилар (немис тадқиқотчиси Адриан Зенц назарда тутилган) томонидан бир неча бор таъкидланганидек, уйғур аҳолисини «мажбурий стерилизация» қилиш туфайли юз бергани йўқ.»

Ўтган йили Зенц тарафидан ёзилган мақолада айтилишича, Хитой режими кўплаб уйғур аёлларини мажбуран стерилизация қилиб, туғиш квотасидан ўтган аёлларнинг ҳомиладорлигини тўхтатган.

«Шинжонда фертил ёшдаги жуфтликлар учун хавфсиз, самарали ва мос контрацепция чоралари мавжуд бўлиб, уларнинг бу воситалардан, жумладан бачадон найчаларини боғлаш ва бачадонга қўйиладиган мосламалардан фойдаланишга оид шахсий қарорлари тўлиқ инобатга олинмоқда, деб ёзади «China Daily» тадқиқот марказининг ҳисоботига асосланиб.

«Натижада Шинжонда туғилиш коэффициенти 2017 йилдаги 1,6% дан 2018 йилда 1% гача пасайиб, аҳолининг табиий ўсиши 1,1% дан 0,6% гача камайди», деб ёзади газета.

2010 йилдан 2017 йилга қадар уйғур аҳолиси сони 25 фоиздан кўпроққа ошди, бу вақт ичида минтақадаги ханлар (этник хитойлар) аҳолиси атиги 2 фоизга ўсган, дейилади мақолада.

«Аҳоли сонининг мажбурий назорати»

Хитойнинг Шинжондаги мусулмонларга нисбатан сиёсатини «геноцид» деб атаган АҚШ сенаторлари минтақадаги аҳоли сони назорат қилинаётганини таъкидлаганлар.

Twitter элчихонанинг дастлабки хабарини «Twitter қоидаларини бузгани» сабабли тафсилотларни очиқламай ўчириб ташлаган.

Америка-Ислом алоқалари кенгаши Twitter маъмуриятини «инсониятга қарши жиноятларни нишонлаш учун» ижтимоий тармоққа чиқарилган твитни ўчириб ташлашга чақирган.

Кейинчалик элчихона худди шу мақоланинг «Синхуа» давлат ахборот агентлиги чоп этган версиясига ҳавола берган, унда «Шинжондаги аҳоли сонининг ўзгарганини изоҳловчи тадқиқот» деган юмшоқроқ сарлавҳа ишлатилган.

«Сўнгги йилларда Шинжондаги ёшлар жуфт танлаш ва насл қолдиришда қолоқ ва эскирган қарашлардан воз кечдилар. Этник озчиликка мансуб кўпчилик ёшлар ўз вақтлари ва кучларини шахсий ривожланишга сарфлашни маъқул кўрмоқда», деб хабар берган Xinhua тадқиқотдан иқтибос келтириб.

АҚШ расмийларидан бири элчихонанинг «ёлғонлари» ва ҳисоботдаги мудҳиш даъволарга нисбатан ўз нафратини изҳор этган.

«Аҳоли сонини мажбурий назорат қилиш репродуктив саломатликка кирмайди», деб ёзади АҚШнинг халқаро диний эркинлик масалалари бўйича элчиси Сэм Браунбэк. «Уйғур аёллари ўз диний эркинликлари ва дахлсизлик ҳуқуқларидан муносиб тарзда фойдаланишга лойиқ.»

Зўравонликни оқлашга уриниш

Хитой элчихонасининг Twitter тармоғидаги хабарлари Пекиннинг Шинжондаги уйғур ва бошқа мусулмон озчиликларга нисбатан муносабати ҳақидаги нарративни ўзгартиришга қаратилган.

Сўнгги бир неча йил ичида Пекин миллиондан ортиқ мусулмонларни, жумладан этник қозоқлар ва қирғизларни «даҳшатли ва мунтазам қонунбузарликлар» содир этиладиган лагерларга мажбуран жойлаштирган.

Август ойида BuzzFeed News нашри чоп этган ҳисоботда ушбу махфий лагерлар ичида мусулмонлар дуч келган зулм, шафқатсизлик ва хўрликлар тасвирланган.

Декабр ойида BuzzFeed News нашри томонидан эълон қилинган бошқа мақолага кўра, коммунистик давлат Шинжонда 100 дан ортиқ янги ҳибсхоналар қургани маълум бўлди.

Пекин бу лагерларни терроризмга қарши кураш ва иш билан таъминлаш имкониятларини яхшилашга қаратилган «касб-ҳунарга ўргатиш марказлари» ўлароқ ҳимоя қилиб қилади, аммо ҳуқуқ фаолларига кўра, у ердаги маҳбуслар қийноқлар ва мажбурий меҳнатга дучор қилинади.

Меҳнат ҳуқуқлари ҳимоячилари ва кузатувчиларнинг «BuzzFeed News» нашрига маълум қилишича, Шинжонда мажбурий меҳнат шу даражада кенг тарқалганки, «у ерда фаолият олиб борувчи ҳеч қайси компания ундан холи эканлигини айта олмайди».

«Хитой ҳукумати Шинжонда одамлар ва суҳбатларни шу даражада қаттиқ кузатадики, фабрикаларда мажбурий меҳнат олиб борилаётганини мустақил равишда аниқлаш имконсиз», дейилади хабарда.

«Қуллик меҳнати»

Коронавирус пандемияси натижасида, Хитой ҳукумати Шинжон вилоятидаги мусулмон озчиликни шахсий ҳимоя воситаларини ишлаб чиқариш заводларида меҳнат қилишга мажбурлаган, деб хабар берган эди New York Times газетаси июлда юзлаб видео, фото ва ҳукумат ҳужжатларини далил ўлароқ келтириб.

Шинжондаги уйғурлар ва бошқа мусулмонлар пахтани қайта ишлаш фабрикаларида меҳнат қилишга ва пахта теришга мажбурланмоқда, дейди ҳуқуқбон ташкилотлар.

АҚШ Божхона ва чегара хизмати 2 декабр куни Шинжонда «қуллик меҳнати» билан терилган пахта импортини тақиқлашини эълон қилган.

Сешанба (12 январ) куни Британия Хитой режимини инсон ҳуқуқларини бузишда айблаб, унинг уйғурларга нисбатан муносабатини «ваҳшийликка» тенглаштирган ва мажбурий меҳнат орқали ишлаб чиқарилган маҳсулотлар импортини тақиқлашга оид янги қоидаларни эълон қилган.

Қонунбузарликликлар кўлами «саноат даражасида» бўлган, деди ташқи ишлар вазири Доминик Рааб.

«Биз бу ерда суҳбатлашиб турган вақтда, ўтган асрларда тугатилган даҳшатли ваҳшийликлар халқаро ҳамжамиятнинг етакчи аъзоларидан бири томонидан амалга оширилмоқда», деб айтган у парламентга мурожаатида.

«Бунга жавоб бериш бизнинг маънавий бурчимиздир.»

Рааб Шинжонда уйғурларга нисбатан инсон ҳуқуқларининг бузилишига билмасдан ёки қасддан ҳисса қўшган ёхуд ундан фойда кўрган Британия компанияларини тақиқлаш режаларини очиқлаган.

Бу чоралар шаффофлик қоидаларига бўйсунмаган корхоналарга нисбатан жарималар жорий қилишни кўзловчи Бирлашган Қиролликнинг замонавий қулликка оид қонунини янада қатъийлаштиришни, буни давлат секторига жорий қилишни ва Шинжондаги экспорт назоратини «шошилинч текширувдан ўтказишни» назарда тутади.

Хитойнинг уйғурларга муносабатига жавобан 6 январ куни Британиянинг «Marks and Spencer» супермаркетлар тармоғи ўз кийимларида Шинжон вилоятидан импорт қилинган пахтани ишлатмасликка ваъда берди.

Икки йил аввал АҚШнинг «Badger Sportswear» компанияси Шинжондаги лагерларда мажбурий меҳнатдан фойдаланиш билан боғлиқ хавотирлар сабабли Хитойнинг спорт кийимларини ишлаб чиқарувчи «Hetian Taida» фирмасидан импортни тўхтатган.

Бу орада, ўтган ой француз футболчиси Антуан Гризманн Хитой ҳукуматининг уйғур озчиликларни кузатишига алоқадор деб кўрилган Huawei компанияси билан «ҳамкорликни дарҳол тўхтатиши» ҳақида эълон қилган.

Сўнгги ҳафталар давомида тарқалган қатор хабарлардан куч тузилмаларининг Шинжон вилоятидаги аксар мусулмонлар озчиликларни кузатиш, мониторинг қилиш ва ҳибсга олишда технологиялардан, жумладан юзни таниш дастуридан қандай фойдаланаётгани маълум бўлган.

Alibaba, Huawei ва бошқа Xитой компаниялари Пекиннинг уйғурлар ва бошқа мусулмон озчиликларга нисбатан зулмидан ўзларини соқит қилишга уринса-да, далиллар уларнинг бу ишга шерик эканлигини кўрсатмоқда.

Сизга мақола ёқдими?

Фикрлар 0

Сиёсат * Мажбурий 1500 / 1500