Карвонсарой
Иқтисодиёт

«С5+1» иштирокчи давлатларга иқтисодий инқироздан чиқишга кўмаклашади

Айдар Ашимов

Қозоғистон бош вазири Асқар Мамин (ўнгда) ва АҚШ Халқаро тараққиёт молия корпорациясининг бош директори Адам Болер 7 январ куни Нур-Султонда Марказий Осиёда инвестициявий ҳамкорликка оид битимни имзоладилар. [Қозоғистон бош вазирининг матбуот хизмати]

Қозоғистон бош вазири Асқар Мамин (ўнгда) ва АҚШ Халқаро тараққиёт молия корпорациясининг бош директори Адам Болер 7 январ куни Нур-Султонда Марказий Осиёда инвестициявий ҳамкорликка оид битимни имзоладилар. [Қозоғистон бош вазирининг матбуот хизмати]

НУР-СУЛТОН – Таҳлилчиларга кўра, йирик ҳажмдаги инвестициялар Марказий Осиё давлатларига COVID-19 пандемиясидан ўнгланишга ёрдам беради ва «C5+1»ни янада мустаҳкамлайди.

«C5+1» Марказий Осиёнинг беш давлати – Қозоғистон, Қирғизистон, Тожикистон, Туркманистон ва Ўзбекистон билан бирга АҚШни ўз ичига олади ҳамда бу мамлакатларнинг умумий муаммоларини ҳал қилишда биргаликдаги чоралар ва мулоқот платформаси ҳисобланади.

7 январ куни Қозоғистон, Ўзбекистон ва АҚШ ҳукуматлари Марказий Осиё инвестициявий шериклиги ташкил этилгани тўғрисида қўшма баёнот бердилар. Бу ташаббус «C5+1» платформаси орқали амалга оширилади.

«Мазкур ташаббус доирасида АҚШ Халқаро тараққиёт молия корпорацияси (DFC), Ўзбекистон Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги ва Қозоғистоннинг «Астана» Халқаро молия маркази томонидан Марказий Осиё ва минтақадаги хусусий сектор ўсишига ҳамда иқтисодий алоқаларни кенгайтиришга хизмат қиладиган лойиҳаларни қўллаб-қувватлаш учун беш йил ичида камида 1 млрд доллар маблағ жалб этилиши кутилмоқда», дейилади қўшма баёнот матнида.

Суратда: Олмаотадаги COVID-19 тест маркази, ўтган йилнинг 1 июни. Йирик ҳажмдаги инвестициялар Марказий Осиё давлатларига COVID-19 пандемиясидан ўнгланишга ёрдам беради ва «C5+1»ни мустаҳкамлайди, дейди таҳлилчилар. [Канат Алтинбаев / Карвонсарой]

Суратда: Олмаотадаги COVID-19 тест маркази, ўтган йилнинг 1 июни. Йирик ҳажмдаги инвестициялар Марказий Осиё давлатларига COVID-19 пандемиясидан ўнгланишга ёрдам беради ва «C5+1»ни мустаҳкамлайди, дейди таҳлилчилар. [Канат Алтинбаев / Карвонсарой]

Бу шериклик минтақага инвестициялар жалб қилиш ва Марказий Осиё давлатларининг манфаатлари йўлида савдо-сотиқ, тараққиёт ва ҳамкорликни кенгайтиришга қаратилган.

Минтақа COVID-19 пандемиясининг иқтисодий оқибатларига қарши курашаётган бир пайтда бундай миссиянинг аҳамияти беқиёс. У АҚШнинг Марказий Осиёда иқтисодий ўсиш ва фаровонликни қўллаб-қувватлаш борасидаги саъй-ҳаракатларини ҳаётга татбиқ этишдаги муҳим қадамдир, дейилади баёнотда.

Иштирокчилар ушбу ташаббусга бошқа мамлакатларнинг қўшилишини олқишлайдилар.

Қозоғистон бош вазири Асқар Мамин DFC бош директори Адам Болер билан музокаралар ўтказди. Бу ҳақда бош вазирнинг матбуот хизмати 8 январ куни хабар берди.

«Томонлар қишлоқ хўжалиги, туризм, логистика, инфратузилмалар, шунингдек молия ва технологиялар соҳаларида инвестиция ҳамкорлигини ривожлантириш истиқболларини муҳокама қилдилар», дейилади хабарда.

Учрашувда Қозоғистон хусусий секторини ривожлантиришга қаратилган лойиҳа ва ташаббусларни устуворлик билан амалга ошириш зарурлиги таъкидланди.

Музокаралар якунлари бўйича Остона халқаро молия маркази ва DFC расмийлари қиймати 1 миллиард долларгача бўлган қўшма инвестиция лойиҳаларини амалга оширишни кўзда тутувчи битимни имзоладилар.

«С5+1» афзалликлари

«C5+1» платформаси 2015 йилдаги илк учрашувидан бери барча иштирокчиларга чинакам фойда келтирадиган самарали механизм эканлигини исботлади.

Ўтган йилнинг 3 феврал куни Тошкентда Марказий Осиё ва АҚШ ташқи ишлар вазирлари йиғилишида сўзлаган АҚШ Давлат котиби Майк Помпео Марказий Осиё билан яқин алоқалар муҳимлигини таъкидлар экан, минтақада Россия ва Хитойнинг иқтисодий ва ҳарбий устунлигининг таҳдиди хусусида фикр билдирди.

30 июнь куни Помпео ва Марказий Осиёнинг беш давлати ташқи ишлар вазирлари «Марказий Осиё ва минтақада иқтисодий барқарорликни мустаҳкамлаш ҳамда хавфсизлик ва барқарорликни янада кучайтириш бўйича ҳамкорликдаги чораларни» муҳокама қилдилар, дейилади учрашув иштирокчиларининг қўшма баёнотида.

«Қозоғистон аввал бўлгани каби кўп қиррали шерикликка интилмоқда, аммо ҳозирда пандемия оқибатларини бартараф этиш, минтақавий ҳамкорликни ривожлантириш, минтақадаги хавфсизликни кучайтириш, шунингдек, АҚШ инвестициялари ва технологияларини жалб қилиш каби соҳаларда «C5+1»га катта умид боғланмоқда», дейди Нур-Султонлик сиёсий таҳлилчи Болатбек Исаев.

«Биз ҳозирда «C5+1» афзалликларига яна бир бор гувоҳ бўляпмиз», деб таъкидлади у.

«Иқтисодиётга киритилажак йирик инвестициялар – бу янги корхоналар, янги иш ўринлари ва аҳоли фаровонлигининг яхшиланиши демакдир», деди Исаев. «Охир-оқибат, бундан ҳар бир қозоғистонлик у ёки бу даражада фойда кўради.»

ЕОИИ умидларни оқламади

Экспертларнинг фикрича, «С5+1»га айниқса Қозоғистон кўпроқ қизиқиш билдирмоқда, сабаби Россия ва бошқа тўрт постсовет давлатни ўз ичига олган Евросиё иқтисодий иттифоқидан (ЕОИИ) кўпчилик Марказий Осиёликларнинг ҳафсаласи пир бўлган.

Қозоғистон ва Қирғизистон ЕОИИнинг Марказий Осиёлик аъзолари ҳисобланади.

Марказий Осиёлик мансабдорлар ва тадбиркорлар Кремлнинг ЕОИИ орқали юритаётган нохолис иқтисодий сиёсатидан норози.

Ўтган йилнинг 19 май куни Евросиё олий иқтисодий кенгаши (ЕОИК) йиғилишида Қозоғистон Москванинг иқтисодий блокдан ташқарида ҳамкорликни кенгайтириш таклифини рад этди. ЕОИК – бу ЕОИИнинг энг юқори даражали органидир.

Яқинда россиялик сиёсат арбобларининг Қозоғистон ҳудудларига оид баёнотлари ортидан кўплаб қозоғистонликлар ЕОИИга очиқчасига қарши бўлиб қолишган.

Олмаоталик сиёсий таҳлилчи Досим Сатпаев декабр ойида Facebook ижтимоий тармоғида жавоб чоралари, жумладан Қозоғистоннинг ЕОИИдан чиқиб кетиши кераклиги ҳақида ёзган.

«Энди Қозоғистон ЕОИИ (Евроосиё иқтисодий иттифоқи) таркибидан чиқиши, сўнгра Ўзбекистон каби КХШТга (Коллектив хавфсизлик шартномаси ташкилоти) аъзоликдан воз кечиши керак», деб ёзган Сатпаев Кремл бошчилигидаги иқтисодий ва ҳарбий блокларни назарда тутиб.

Ўзбекистон 2012 йилда КХШТни тарк этган.

Сатпаевнинг пости ортидан бу фикрни маъқулловчи қатор изоҳлар қолдирилган.

«Биз [ЕОИИдаги] раислигимиздан фойдаланиб, ЕОИИни тарк этишимиз керак», деб жавоб ёзган Facebook фойдаланувчиларидан бири Руслан Айтқул.

ЕОИИ аъзолари иттифоққа навбатма-навбат раислик қилади.

ЕОИИнинг Москвага қарамлиги Қозоғистон иқтисодиётига халақит бермоқда, деб ёзади Келдибек Захай.

«Тайга иттифоқини (Евроосиё Божхона иттифоқининг ҳақоратомуз номи) узил-кесил ва бутунлай тарк этинг», деб маслаҳат берган Facebook фойдаланувчиси Эрмек Дусембеков.

«Москва ЕОИИ фаолиятини бизнинг манфаатларимизга мос келмайдиган сиёсий мақсадларига йўналтиришга қайта-қайта уринмоқда», деди Нур-Султонлик сиёсий таҳлилчи Ернар Бейсалиев Карвонсарой билан суҳбатда.

«Бу йил ЕОИИга Қозоғистон раислик қилмоқда, аммо шубҳа йўқки, Россия ўз кун тартибини илгари суришда давом этади».

Кремл мунтазам равишда Қозоғистонга фойда келтирмайдиган ташаббусларни илгари суриб келмоқда. Биз эса «мудҳиш COVID-19 пандемияси вақтида ҳам ЕОИИдан ҳеч қандай ёрдам олмадик», деди у.

Сизга мақола ёқдими?

Фикрлар 1

Сиёсат * Мажбурий 1500 / 1500

Бизга ЕОИИ керак эмас. У фақат Россияга фойда келтиради.

Жавоб бериш