МОСКВА – Россия президенти Владимир Путин мухолифат етакчиси Алексей Навалнийни Россияга қайтиши билан ҳибсга олишнинг мамлакат ичи ва хориждаги сиёсий таъсирларини нотўғри баҳолаган бўлиши мумкин.
Август ойида Сибирнинг Томск шаҳрида асабни фалажловчи «Новичок» моддаси билан заҳарланганидан бери илк марта Германиядан Россияга қайтиб келганидан бир соат ўтмай, 44 ёшли Навалний Москвадаги Шереметьево аэропортидаги чегара назорати постида қўлга олинган.
Россия Жазони ижро этиш федерал хизматининг якшанба (17 январ) кунги хабарига кўра, Навалний сиёсий мотивга эга деб кўрилган фирибгарликда айбланиб, 2014 йилда олган шартли жазо муддатини бузгани учун ҳибсга олинган.
«Адолат устидан кулиш»
Дунё бўйлаб Навалнийни озод қилиш чақириқлари кучайиб борар экан, у ҳибсга олиниши билан Москва чеккасидаги Химки шаҳрида жойлашган полиция идорасида ташкил этилган суд залига олиб келинган.
Душанба (18 январ) куни унинг жамоаси томонидан эълон қилинган видеолавҳада ҳар нарсадан шубҳаланувчи Навалний суд мажлисининг полиция идорасида ўтаётгани ва нима учун охирги дақиқаларгача бу ҳақда ҳеч ким хабардор қилинмагани тушунарсиз эканлигини айтган.
«Мен адолатнинг мазах қилинганини жуда кўп кўрганман, аммо бункер ичидаги чол [Путин] шу даражада қўрққанидан, улар Россия жиноят кодексини очиқчасига йиртиб отиб юборишди», деди Навалний.
«Бу ўтакетган қонунсизлик.»
Муваққат суд маҳкамаси прокурорларнинг Навалнийни 15 февралгача ҳибсда ушлаб туриш сўровини қондирган, ҳибс муддатини узайтиришга оид суд мажлиси эса 2 феврал куни бўлиб ўтади.
«Қаршилик кўрсатинг»
Суд ҳукми эълон қилинганидан кўп ўтмай, Навалний жамоаси томонидан эълон қилинган видеода ўз тарафдорларини норозилик билдиришга чақирган.
«Жим турманг. Қаршилик кўрсатинг. Кўчаларга чиқинг – мен учун эмас, ўзингиз ва келажагингиз учун», дейди Навалний.
Келаётган шанба (23 январ) куни бутун мамлакат бўйлаб норозилик намойишлари уюштиришга тайёргарлик кўрилмоқда, деди Навалнийнинг минтақавий тармоғи раҳбари Леонид Волков.
Кремл Навалнийнинг «ноқонуний» норозилик намойишларини ўтказишга чақириқларидан «хавотирда», деди Путиннинг матбуот котиби Дмитрий Песков сешанба (19 январ) куни журналистларга.
Навалний тарафдорлари унинг чақириғига тўлиқ ижобат қиладиган кўринади.
Кремлнинг асосий танқидчиси бир неча бор, сўнгги марта 2019 йилнинг ёзида Путинга қарши кўча юришларини ташкиллаштирган ва ўтган йил сентябр ойида қуйи палата – Давлат думасига сайловлар пайтида ҳокимият учун навбатдаги курашга ҳозирлик кўрганди.
Ҳозирданоқ, ҳаво ҳарорати 20 даража совуқ атрофида бўлишига қарамай, Навалнийни ҳибсга олган полиция идораси олдида «Озодлик!», «Уни қўйиб юборинглар» деган ҳайқириқлар билан унинг ўнлаб тарафдорлари тўпланган.
Россиядаги сиёсий таъқибларни кузатиб борувчи «ОВД-Инфо» нашрига кўра, Санкт-Петербургда ҳам намойишчилар тўпланган бўлиб, у ерда камида 46 киши ҳибсга олинган.
«Бу шармандалик. Ўйлаганингизни айта олмайсиз», деди воқеа жойидаги намойишчилардан бири, 50 яшар Наталья Семёнова AFPга.
«Путиндан машҳурроқ»
17 январ куни Навалнийнинг ҳибсга олиниши кенг омма танқидига сабаб бўлди ва Путиннинг хавотирларини фош этди.
«Алексей Навалний президент Владимир Путиндан ҳам машҳурроқ сиёсий фигурага айланди», дейди инсон ҳуқуқлари ва қонун устуворлиги бўйича Қозоғистон халқаро бюроси таҳлилчиси, олмаоталик журналист Сергей Дуванов.
«Навалний довюрак сиёсатчи ва лидер, у охир-оқибат Россия ҳукумати билан сиёсий қарама-қаршиликда ғалаба қозониш имкониятига эга», деди у.
«Ҳозир Россияда Путиннинг кетишини истайдиган одамлар сони кескин кўпайиб бормоқда ва улар Навалний атрофида бирлашадилар», деб башорат қилди у.
Навалнийнинг қамоққа олиниши «унинг сиёсий вазнини оширади, холос», деди у.
«Бутун дунё Россия ҳукуматининг мухолифат етакчиси Навалнийни жазолаш тизимидан шок ҳолатига тушди», дейди Халқаро инсон ҳуқуқлари федерацияси вице-президенти, бишкеклик Толекан Исмоилова.
«Биз Внуково аэропортида Москванинг Навалний тарафдорлари, оддий йўловчилар ва тинч аҳолига қарши репрессив ҳаракатларига гувоҳ бўлдик», деди у.
Навалнийнинг самолёти дастлаб 17 январ куни уни кутиб олиш учун минглаб тарафдорлари йиғилган Внуковога қўниши керак эди.
Россия ҳукумати қўшимча махсус кучларни жалб қилиб, аэропорт ичига темир тўсиқлар ўрнатди ва қатор фаолларни ҳибсга олди.
Расмийлар Навалнийнинг самолётини Шереметьевога йўналтириб, тарафдорларини уни қарши олиш имкониятидан маҳрум қилишди.
«Бу фақат Россия фуқаролари учун фожиа бўлибгина қолмай, балки Шанхай Ҳамкорлик Ташкилоти (ШҲТ) ва Коллектив Хавфсизлик Шартномаси Ташкилоти (КХШТ) доирасидаги барча мамлакатлар учун сигналдир», деди у.
«Коронавирус пандемияси вақтида Россия ҳукумати ўзининг тажовузкор қиёфасини, ўзгача фикрловчиларга нисбатан тоқатсизлиги ҳамда фикр ва уни эркин ифода этиш ҳуқуқига эга ҳар кимни қўрқитишга уринишини кўрсатди», деди Исмоилова.
«Биз мухолифат етакчисининг озод этилишини талаб қиламиз», деди у ва халқаро кузатувчиларни «унинг заҳарланишига оид терговга кўмаклашишга ҳамда Навалнийнинг ҳаёти ва хавфсизлигига тажовуз қилган амалдорларнинг жазосиз қолаётганига қарши курашишга» чақирди.
«У кимга ҳам керак?»
Иқтисодий инқироз ва оммавий норозиликнинг кучайиши фонида Путиннинг машҳурлиги пасайиб борар экан, Россия президенти ўзи ва иттифоқчиларини ҳимоя қилиш учун тобора умидсиз чораларга қўл урмоқда.
Путин «умрбод президент» бўлиш ҳуқуқини қўлга киритди, янги қонун эса Путин ва унинг оила аъзоларига ҳаётлари давомида содир этилган ҳар қандай жиноят учун жавобгарликдан озод қилувчи дахлсизлик тақдим этиб, уларни тинтувлар, ҳибс ва сўроқдан озод қилди.
«Бундай қонунни қабул қилиш ўзини жиноятчи деб тан олишга тенг», деган эди «ASIA-Plus» ва «Deutsche Welle» нашрларида ишлаган, ҳозирда Европада яшаётган тожикистонлик журналист Хайрулло Мирсаидов декабр ойида.
Бу қонун Навалнийнинг заҳарланиши билан боғлиқ ҳодиса нуқтаи назаридан кўриб чиқилиши керак.
Навалний Путинни бу ҳужумга буюртма берганликда, дунё лидерлари эса Россия расмийларини унинг заҳарланишига «алоқадор ва жавобгар эканликда» айблади.
Сентябр ойида Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг инсон ҳуқуқлари бўйича олий комиссари Мишель Бачелет Москвани ушбу ҳужум бўйича «пухта, ошкора, мустақил ва холис тергов» ўтказишга ёки бу борада ҳамкорлик қилишга чақирган эди.
«Унинг заҳарланганлигини шунчаки инкор этиш кифоя қилмайди», деди у. Зеро, Россия полицияси жиноий иш очишдан бош тортган.
Путин Навалнийнинг исмини камдан-кам тилга олар, бир сафар уни «аҳамиятсиз блогер» деб атаган эди.
«У кимга ҳам керак?» деган эди Путин 17 декабр куни йил якунлари бўйича ўтказилган матбуот анжуманида. «Агар кимдир уни заҳарламоқчи бўлганида, ишни охирига етказган бўларди.»
ОАВ билан ҳамкорликда ўтказилган суриштирув натижасида 14 декабр куни Россия Федерал хавфсизлик хизматининг (ФСБ) кимёвий қуроллар бўйича мутахассислари гуруҳи Алексей Навалнийни бир неча йиллар давомида, жумладан у заҳарланган куни ҳам таъқиб қилгани маълум бўлди.
Навалний 2018 йилда Англиянинг Солсбери шаҳрида россиялик собиқ икки тарафлама жосус Сергей Скрипал ва унинг қизини ўлдиришга уриниш чоғида ишлатилган кимёвий модда билан заҳарлангани айтилади.
[Бу мақолани тайёрлашга Олмаотадан Канат Алтинбаев кўмаклашган.]
Алексей Навальний ҳурматга лойиқ. Путинни каламушдек бурчакка сиқиб қўйди.
Жавоб беришФикрлар 6
Навалний Россиянинг кейинги президенти бўлади.
Жавоб беришФикрлар 6
Америкослар сизларни ичак-чавоқларингиз билан сотиб олишган, шунга сиз минтақамизни беқарорлаштиришга ҳаракат қиляпсиз. Одамзод минг йиллар давомида ҳеч нарсани ўрганмаслиги ва очкўзлик ҳар доим ғолиб келиши ҳайратланарли.
Жавоб беришФикрлар 6
Навальний Россиянинг кейинги президенти бўлади.
Жавоб беришФикрлар 6
Кремль фохишалари Навальнийни ўлдиришни ҳам, бечора блогерни суд қилишни ҳам эплай олмади. Яна ўзларини мачо қилиб кўрсатади. УЯТ
Жавоб беришФикрлар 6
Қаерда? Россия халқи кўчаларга чиққанмиш, қандай сафсата бу, жин урсин? Бу ахлатни ким ёзади, каллаларинг ишлайдими? Россиянинг (жиноий жавобгарликка тортиладиган) қонунини бузган мараз учиб келди. ПУТИН ким бўлибди-ю, Оралний ким? [Навальний Оралний сўз ўйини қилинган]
Жавоб беришФикрлар 6