Карвонсарой
Саломатлик

Хитойнинг COVID-19 устидан ғалабасига янги касалланишлар ва карантин чекловлари путур етказди

Карвонсарой ва AFP

image

Хитойнинг вирусга қарши курашдаги ютуқларини кўз-кўз қилишга бағишланган кўргазмада COVID-19 коронавирус пандемияси вақтида Уханда барпо этилган шифохона суратини томоша қилаётган эркак, 15 январ. [Николя Асфури/AFP]

УХАНЬ, Хитой – COVID-19 коронавируси ортидан 76 кунлик карантин жорий этилганига бир йил тўлар экан, Пекин мамлакат вирусни назорат остига олгани ҳақидаги талқинни шакллантиришга уринмоқда.

Уханнинг машҳур денгиз маҳсулотлари бозори ҳамон тўсиқлар билан ёпилган. Бу – шаҳарнинг қачонлардир икки миллион одам ҳаётига зомин бўлган ва жаҳон иқтисодиётини вайрон қилган коронавирус пандемиясининг эпицентри бўлгани ҳақидаги саноқли эслатмалардан бири.

2019 йилда COVID-19 вируси илк бор аниқланган шаҳарда касаллик тарқалишини тўхтатиш учун карантин жорий қилинганига шанба (23 январ) куни бир йил тўлди.

Хитойда вирусдан ўлганлар сони 5000 дан камлиги инобатга олинса, қандай қилиб COVID-19 вирусини жиловлагани, вакциналар ишлаб чиққани ва иқтисодиётини тиклагани ҳақидаги талқинни олға суриш билан овора бўлган Пекин ғалаба нашидасини сураётгандек кўринади.

image

Хубей провинциясининг Ухань бозори яқинидаги кўчадан ўтаётган харидорлар, 19 январ. [Гектор Ретамаль/AFP]

image

Ухандаги беморлар учун вақтинча шифохонага айлантирилган анжуманлар марказида Хитойнинг COVID-19 коронавирусга қарши курашига бағишланган кўргазма ташрифчилари. [Николя Асфури/AFP]

image

Ухань бозори ёнидаги кўчадан ўтиб кетаётган пиёдалар, 19 январ. [Гектор Ретамаль/AFP]

Бу ҳафта Хитой бир неча ўн йил ичида энг паст суръатда бўлса-да, ўз ялпи ички маҳсулоти 2020 йилда 2,3 фоизга ўсганини ва бу билан у пандемия вақтида ижобий кўрсткични қайд этган ягона йирик иқтисодиёт бўлганини эълон қилди.

Расмий маълумотлар эълон қилинар экан, давлат оммавий ахборот воситалари Хитой иқтисодиётининг «чидамлилиги ва яшовчанлиги» хақида жар солса-да, тафсилотларни ошкор қилмаган.

Пандемиядан фойда кўришни мақсад қилган Хитой касаллик авж олиши ортидан юзага келган тақчиллик ўрнини тўлдириш учун ниқоб каби шахсий ҳимоя воситаларини ишлаб чиқаришга зўр берди. Йилнинг биринчи ярмида нархлар ва талабнинг ортиши туфайли 73 мингдан ортиқ, жумладан, апрел ойининг ўзида 36 мингта компания ниқоб ишлаб чиқарувчи сифатида рўйхатдан ўтган.

Бу каби чоралар доирасида Хитой расмийлари Шинжон ҳудудидаги мусулмон озчиликни ҳимоя воситалари ишлаб чиқарувчи заводларда ишлашга мажбурлаганлар, деб хабар берган New York Times нашри ўтган йил июлда. Пандемиядан аввал Шинжонда шахсий ҳимоя воситалари ишлаб чиқарувчи 4 та корхона бўлган, 30 июн ҳолатига уларнинг сони 51 тага етган.

Янги чекловлар

Аммо Хитойнинг вирусга устидан «ғалабаси» янги касалланишларнинг авж олиши ва карантин чораларининг қўлланилишига тўғри келмоқда.

COVID-19 билан боғлиқ янги ҳолатлар, жумладан улардан иккитаси Бирлашган Қиролликда аниқланган вируснинг янги кўриниши билан касаллангани қайд этилиши ортидан, чоршанба (20 январ) кунидан 1,6 миллионга яқин одамга Пекинни тарк этиш тақиқланган.

Пайшанба (21 январ) куни Хитой расмийлари янги коронавирус билан боғлиқ учта ҳолатни аниқлагач, Шанхайдаги турар-жой пунктидан одамлар эвакуация қилинган.

Расмийлар ҳудуддан неча киши кўчирилганини очиқламаган, воқеа жойидаги AFP мухбири автобуслар шай тургани ва одамлар меҳмонхонага боришдан аввал дезинфекция қилинаётгани ҳақида хабар берган.

Шу билан бир вақтда, Шицзячжуан шаҳрида янги карантин иншооти қурилиши куну тун давом этмоқда, бу ерда ўтган ҳафталар давомида 11 миллион киши бир неча юзлаб янги касалланиш ҳолатларидан кейин қатъий карантинга жойланган.

Ўтган ҳафта давлат оммавий ахборот воситалари берган хабарга кўра, Хубей провинцияси атрофидаги қишлоқларда яшовчи 20 мингдан ортиқ фуқаро марказлашган иншоотларга карантинга қўйилган.

Бу орада расмийлар саёҳатдан қайтган сотувчи сабабли 100 кишининг касаллангани муносабати билан Цзилинь провинциясининг уч миллионга яқин фуқаросини душанба (18 январ) куни карантинга жойлаган.

Касаллик тарқалиши ҳолатлари ой тақвими бўйича янги йил байрами олдидан Хитойда янги эҳтимолий тўлқин хавфини юзага келтирмоқда.

Расмийларнинг айтишича, миллий байрам вақтида 40 миллионга яқин хитойлик саёҳат қилиши кутилмоқда.

«Уханнинг айбсиз эканлигини исботлашга» ҳаракат

Уханда жорий ҳафтадаги дам олиш ва саёҳат тасвирлари бошқа мамлакатлардаги карантин чоралари, ортиб бораётган ўлим кўрсаткичлари ва соғлиқни сақлаш тизимидаги зўриқишлардан кескин фарқ қилади. Бу мамлакатлар 2020 йил январда Хитой ҳукумати энг муҳим олти кун давомида сукут сақлагани сабаб пандемияга тайёрлана олмаганди.

Ухандаги денгиз маҳсулотлари бозори харидорларга тўла, қариялар истироҳат боғида рақсга тушмоқда, барларда эса «Wuhan Stay Strong» пивоси сотиляпти.

Ухандаги кўргазмада «Халқ устунлиги, ҳаёт устунлиги» шиорини ўқиш мумкин, бу ерда Хитойнинг вирус устидан ғалабаси ажиб мазмунга эга.

Кўргазмага ташриф буюрганлар Хитойнинг пандемия устидан қозонган ғалабасини ва коммунистик раҳбариятнинг инқироз вақтидаги уддабуронлигини кўкларга кўтармоқда.

Хоналар коммунистик байроқлар билан безатилган, видеотасвир кўринишидаги партия хабарлари шифокорларни ва қисқа вақт ичида барпо этилган шифохоналарни олқишламоқда.

Вирусга қарши курашнинг шубҳасиз йўлбошчиси президент Си Цзиньпин эса табиий ўлчамдаги сурат кўринишида хона тўрида қад ростлаган.

Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти (ЖССТ) мутахассислари вируснинг келиб чиқишини ўрганиш учун жойларда иш бошлашга тайёр турган бир пайтда Уханда кўпчилик расмий талқинга ишониб қолмоқда.

Халқаро ҳамжамиятнинг касаллик келиб чиқишини яшириш ва дастлабки ҳафталардаги танқидларидан ранжиган Хитой бир неча ойлар давомида ЖССТ жамоасининг ташрифига тўсқинлик қилди.

Пекин жамоанинг узоқ вақтга кечиктирилган сафаридан ўз ҳикоясини безаш учун фойдаланган.

«Уханнинг айбсизлигини исботлаш вақти келди», дейди 20 ёшли шаҳарлик Ван Чэн вирус учун бошқа мамлакатларни айбловчи расмий гап-сўзларни такрорлаб.

Шаффофликка оид саволлар

Хитойдан ташқарида эса Пекиннинг вирусга қарши кураш чораларига у қадар юқори баҳо берилгани йўқ.

Ўтган йилнинг октябр ойида Пью тадқиқот маркази томонидан олиб борилган тадқиқотлар шуни кўрсатдики, COVID-19 пандемияси вақтида Ғарбнинг Хитой борасидаги қарашлари ёмонлашган ва Хитойда шаффофликнинг йўқлиги ҳақидаги саволлар жавобсиз қолмоқда.

Хитой режими COVID-19 эпидемиясига нисбатан масъулиятсиз муносабати, бунинг ортидан айбни ўзидан соқит қилиш ва ёлғон маълумотлар тарқатишга қаратилган дезинформация кампаниялари туфайли танқид остига олинган.

У ўтган йили пайдо бўлган респираторли касаллик ҳақидаги хабарларни бостиришга уринди ва унинг дастлабки маслаҳатлари юқиш хавфини камайтирди.

Сешанба (19 январ) куни мустақил таҳлилчилар гуруҳи Хитой режими ҳам, ЖССТ ҳам юзага келган фалокатнинг олдини олиш учун етарли чора кўрмаганини айтди.

«Дастлабки белгиларга қарши тезлик билан чора кўриш учун етарли имконият бор эди», деди пандемияга тайёргарлик ва унга қарши чора кўришни таъминлаш бўйича мустақил гуруҳ.

Ғарб дунёсида ўз танқидчиларини ишонтира олмаган Хитой Жануби-шарқий Осиёдан тортиб, Африкадаги ночор иттифоқчиларига мурожаат қилиб, ўз вакциналарини мақбул нархларда тақдим этишга ваъда берган.

Аммо Хитойнинг «вакцина дипломатияси» Пекинга қарздор бўлган давлатлар учун сиёсий ва иқтисодий баҳога эга.

Бундан ташқари, коронавирусга қарши Sinopharm вакцинасининг клиник синовлари унинг 79 фоизгагина самарали эканлигини аниқлади. Бу ҳақда Хитой фармацевтик гиганти 30 декабр куни хабар берган. Бу кўрсаткич Pfizer-BioNTech ва Moderna томонидан ишлаб чиқилган, 95 фоиз самарадорликка эга рақобатчи вакциналарникидан анча паст.

«Оқлашлар» тарихи

Коммунистик раҳбарият Ухандаги COVID-19 кўргазмаси ташрифчилари учун таниш бўлган мавзуларга таяниб, бўлиб ўтган воқеаларнинг Хитой бўйлаб ички истеъмол учун мўлжалланган талқинига пардоз бериш билан банд бўлди.

Сентябр ойида Си пандемия шароитида ишлаган тиббиёт ходимларини медаллар билан тақдирлаб, дунёнинг аксар қисмида касалланишлар юқори даражада қолаётган бир пайтда, Хитойнинг «фавқулодда ва тарихий синовдан» ўтганини олқишлади.

Уханда касаллик авж олган вақтда расмийларнинг таъқибига дуч келган огоҳлантирувчилар ватанпарварлар сифатида тан олинар экан, коммунистик раҳбарият вирусга қарши жон жаҳди билан курашган.

Жума куни давлат томонидан молиялаштирилган «Ухандаги кун ва тунлар» ҳужжатли филми бутун мамлакат кинотеатрларида бепул намойиш этилиши режалаштирилмоқда.

Филмга Цай Цзинлинг режиссёрлик қилган. Аёлнинг интернетдаги таржимаи ҳолида айтилишича, у қарийб ўн йил Пекин жамоат хавфсизлиги бюросида ишлаган.

Филмнинг Хитойдаги Weibo ижтимоий тармоғида жойлашган расмий саҳифасида чоп этилган тақризи томошабинларни инқирознинг илк бетартиб ҳафталаридаги ўлим ва ваҳимани четлаб ўтганига ишонтиришга уринади.

«Аксинча, у қийинчиликларнинг меҳр-муҳаббат кучи билан енгиб ўтилгани ҳақида таассурот қолдиради», дейилади тақризда.

Сизга мақола ёқдими?

Фикрлар 0

Сиёсат * Мажбурий 1500 / 1500