ТОШКЕНТ – Киностудиялар Ўзбекистон ва Марказий Осиёнинг бошқа мамлакатларида террорчилик гуруҳларга қўшилганларнинг аянчли қисматини тасвирлаш орқали экстремистик мафкурага қарши курашга кўмаклашмоқда.
11-17 январ кунлари Ўзбекистонда ўтказилган Миллий кино санъати доирасида 13 ва 14 январда «Мен террорчи эмасман: ўлимим тарихи» филмининг намойиши бўлиб ўтди.
Реал воқеаларга асосланган бу филм «Ўзбеккино» миллий агентлиги томонидан «Mir Ali cinema» ва «Iskandariy visual» компаниялари, шунингдек, Ўзбекистон Давлат хавфсизлик хизмати (ДХХ) билан ҳамкорликда суратга олинган, деб хабар беради Uzdaily.uz нашри.
Филм бош қаҳрамони экстремистик мафкурадан ҳафсаласи пир бўлиб, нормал ҳаётга қайтишни орзу қилади, аммо энди кеч бўлган эди.
«Лойиҳамизнинг асосий мақсади томошабинларга, айниқса, ёшларга терроризмнинг даҳшатли моҳиятини, унинг инсониятга қарши жиноий ҳаракатларини етказиб бериш», дейди филм намойишида сўзлаган Муҳаммадали Искандаров.
Филм «терроризмнинг очкўз ва хоин қиёфасини, шунингдек терроризм ғояларининг асоссизлиги ва бундай хатти-ҳаракатлар учун жазо муқаррар эканлигини кўрсатишга» уринади, деди у.
14 январ кунги намойишда Ўзбекистон ДХХ, Қуролли кучлар ва ички ишлар идоралари ходимлари иштирок этиб, филм ижодкорлари билан суратга тушдилар, деб хабар беради «Ўзбеккино» агентлиги ўз Телеграм каналида.
13 январ кунги премьера «филм ҳақидаги филм» билан бошланди, ижодий гуруҳ филмни суратга олиш жараёни ҳақида сўзлаб берди.
«Филм бошқа мамлакатларда суратга олиниши керак эди, аммо пандемия сабабли биз ўз юртимизда павильон қурдик ва у орқали жангарилар ҳаётини акс эттиришга ҳаракат қилдик», деди Искандаров.
Миллий кино санъати ҳафталиги давомида тошкентлик Мурод Гарипов филмни рафиқаси Лола Гарипова билан бирга томоша қилган.
У филмни «терроризмнинг барча даҳшатларини тасвирловчи кучли филм» деб атади.
«Ёшлар экстремизм ва уруш нималигини билиши ва тинч ҳаётимизни қадрлаши керак», деди у.
«Уйда фарзандларимизга филм ҳақида сўзлаб бердик», дейди Гарипова. «Улар ҳали кўп нарсани тушунмаса-да, юртни севиш, қонунларни бузмаслик ва зўравонликка чақирувчиларга ишонмаслик кераклигини яхши билишади.»
Қаттиқ ва юмшоқ куч
2017-2021 йилларда Ўзбекистонни ривожлантириш стратегиясидаги муҳим чоралардан бири бу экстремизм ва терроризмга қарши курашни кучайтиришдир.
21 январ куни ДХХ ва Ички ишлар вазирлиги (ИИВ) Сирдарёда «жиҳодчилар» экстремистик гуруҳига алоқадорликда гумон қилинганларни ҳибсга олди. Гуруҳ етакчиларидан икки нафари ўтмишда Россияда ишлаган пайтида радикаллашган, деб хабар беради Ўзбекистон ИИВ.
Ўтган йили Ўзбекистон куч тузилмалари террорчи гуруҳларга одам ёллашда айбланган ўнлаб кишиларни ҳибсга олган эди.
2019 ва 2020 йилларда Ўзбекистон ҳукумати «Ислом давлатига» (ИД) алоқадор ватандошларни Суриядан олиб келиш учун «Меҳр» деб номланган учта инсонпарварлик операциясини амалга оширди.
Бу операциялар давомида 317 нафар аёл ва ёш болалар ўз ватанига қайтарилган. Террорчи гуруҳлар аъзоси бўлган эркаклар олиб келинмаган, деб хабар берган Gazeta.uz нашри.
Бошқа Марказий Осиё мамлакатлари ҳам бадиий ва ҳужжатли фильмлар орқали экстремизм хиёнатлари ва терроризм даҳшатларини фош қилиб келмоқда.
2019 йилда Қозоғистон Миллий хавфсизлик қўмитаси (КНБ) террорчиликка ёллаш ва минтақадаги хавфсизлик муаммоларига доир қатор ҳужжатли фильмларни чиқариб, жамоатчиликни огоҳликка чақирган эди.
Ўтган йил декабр ойида «Хабар» телеканалида Қозоғистонда суратга олинган 15 серияли «Қарама-қаршилик» филми эфирга узатилган эди. Унда хавфсизлик хизматлари фаолияти ва муҳаббат қиссаси чамбарчас боғланиб кетган.
Тожикистоннинг «Народная газета» нашрига кўра, октябрда Тожикистонда террорчилик ташкилотларидан бирининг фаолияти ҳақида ҳикоя қилувчи «Хиёнат» ҳужжатли филми намойиш этилган.
Экстремизмнинг «бемаънилигини» фош қилиш
«Ҳозирда экстремизм даъватчиларининг ҳийлаларини фош қилувчи, уларнинг ёлғонлари ва мафкураларининг пуч эканини кўрсатувчи қизиқарли филмлар ишланмоқда», дейди Нур-султонлик Аскар Мукашев. «Бундай филмлар ёшларимизни огоҳликка чақириб, бу офатдан тўсишга хизмат қилади.»
У қозоқ филмларини Марказий Осиёнинг бошқа мамлакатларида ҳам намойиш этишни ва бошқа Марказий Осиё давлатларининг киноларини Қозоғистонга олиб келишни таклиф қилди.
«Умумий тарихимиз ва ҳозирда террорчилик хавфи каби умумий муаммоларимиз бор», деди Мукашев. «Бу филмлар қўшни давлатда ҳам кўрсатилиши керак деб ўйлайман.»
«Профилактик ишларнинг ортиқчаси бўлмайди», дейди Қозоғистоннинг Туркистон вилоятилик диний мутахассис Нурбек Мухаметов.
«Бугунги ёш йигит-қизлар зерикарли маърузалар эшитишга қизиқмайди, шунинг учун ҳам керакли маълумотни етказиш, эътиқод, экстремизм, дунёвий давлат масаласида кўзларини очиш учун барча услублар ва шакллардан тўлиқ фойдаланиш керак», дейди у. «Ёшларга тўғри йўл кўрсатишимиз, яхшини ёмондан ажратишга ёрдам беришимиз керак.»
Мухаметов маърузалари давомида у билан гап талашган, аммо террорчи эрлари билан ИДга ўралашиб қолган Суриядаги аёллар ҳақидаги филмни кўрганида йиғлаган йигитни ёдга олди.
«Филмни томоша қилиш асносида бу воқеа туфайли унинг қалби очилди», дейди Мухаметов. «Ҳеч қандай гап-сўзга ўрин қолмади. Унинг ўзи тинч диёрда уруш қўзғаган одамлардан ҳафсаласи пир бўлганини айтди.»