Карвонсарой
Намойишлар

Иккинчи ҳафта давом этаётган шиддатли намойишлар Путин учун хавотирни кучайтирмоқда

Карвонсарой ва AFP

2021 йилнинг 23 январ куни Россия бўйлаб 120 дан ортиқ шаҳарларда Россия президенти Владимир Путиннинг ҳокимиятига бевосита таҳдид кўрилган 3700 дан ортиқ намойишчи ҳибсга олинган. [НИКОЛАЙ КОРЖОВ / AFPTV / AFP]

Россиянинг 100 дан ортиқ шаҳарларида оммавий норозилик намойишлари давом этмоқда – якшанба (31 январ) куни ҳам ўн минглаб одамлар президент Владимир Путиннинг асосий мухолифини озод этишни талаб қилиб, кўчаларга чиқишган.

Куч идоралари Москва марказини ёпиб қўйишди – норозилик намойишлари қамоқдаги Кремль танқидчиси Алексей Навалнийни бир неча йилга озодликдан маҳрум этиши мумкин бўлган можароли суд мажлиси олдидан ўтказилган.

Владивостокдан Псковгача бўлган норозилик намойишлари чоғида полиция 5100 дан ортиқ одамни ҳибсга олган. Улар орасида 82 нафар журналист ҳам бор.

«ОВД Инфо» мониторинг гуруҳи маълумотларига кўра, яқин тарихдаги намойишлар билан боғлиқ ҳибслар сони янги рекордни қайд этган – 23 январ кунги намойишларда 4000 дан ортиқ одам ҳибсга олинган эди.

image

31 январ куни Санкт-Петербургда ҳибсдаги мухолифат лидери Алексей Навалнийни қўллаб-қувватлаш учун ўтказилган намойиш чоғида полиция томонидан ҳибсга олинган эркак. [Ольга Мальцева/AFP]

image

31 январ куни Санкт-Петербургда ҳибсдаги Россия мухолифати етакчиси Алексей Навалнийни қўллаб-қувватлаш учун ўтказилган митинг чоғида куч ишлатар органлар ходимлари намойишчилар йўлини тўсмоқда. [Ольга Мальцева/AFP]

Ўтган йил август ойида Сибирда асабни фалажловчи «Новичок» моддаси билан заҳарланиб ҳалок бўлаёзган ва Германияда даволанган Навалний Россияга қайтган куни – 17 январда Москва аэропортида ҳибсга олинган эди. У заҳарлаш амалиётида Кремлни айбламоқда.

Коррупцияга қарши кураш фаоли ҳозирда Москвадаги тергов изоляторида ҳибсда сақланмоқда.

Қамоқхона маъмуриятининг Навалнийга белгиланган шартли қамоқ муддатини қамоқ жазосига алмаштиришга оид сўрови қондирилган. Бу ҳақда Бош прокуратура душанба куни баёнот берган.

Кремл танқидчиларига кўра, Навалний жамоасининг овозини ўчириш, унинг Коррупцияга қарши кураш жамғармасини тугатиш ва оиласига босим ўтказиш учун келишилган ҳаракатлар олиб борилмоқда.

Намойиш олдидан Навалнийнинг укаси Олег ва асосий иттифоқчилари, жумладан фаоллардан бири Любовь Соболь карантин қоидаларини бузгани ва одамларни намойишларга қўшилишга чақиргани учун 23 мартга қадар уй қамоғига олинган.

Навалнийнинг рафиқаси Юлия Навалная якшанба куни Инстаграмда ўз оиласининг расмини жойлаштириб, тарафдорларини жим турмасликка чақирди.

«Бугун сукут сақласак, эртага исталган биримизни олиб кетиш учун келишади», деди у.

Навалная ижтимоий тармоқларда якшанба кунги митингга келганини эълон қилганидан кўп ўтмай полиция томонидан ҳибсга олинган, деб хабар беради Навалнийнинг жамоаси.

«Путин – ўғри!»

Якшанба куни Москва марказидаги кўчаларда юзлаб полициячилар саф тортган, марказий метро станциялари ёпилиб, пиёдалар ҳаракати чекланди.

Федерал хавфсизлик хизмати бош қароргоҳи олдида тўпланишни режалаган намойишчилар шаҳарнинг турли қисмларига тарқаб кетишган, чунки ташкилотчилар сўнгги дақиқаларда учрашув жойини ўзгартирганлар.

Намойишчилар қаттиқ совуқ ва қорга қарамай, «Озодлик!» ва «Путин – ўғри!» деган ҳайқириқлар билан Россия пойтахтининг кўчаларидан юриб ўтган.

Айримларнинг қўлида тилларанг ҳожатхона чўткаси бор эди – Навалнийнинг жамоаси чиқарган видеода Путинга совға қилинган Қора денгиздаги 1,35 млрд долларлик қаср ҳожатхоналарида 840 долларлик чўткалар борлиги айтилган.

Навалний казино, театр, ерости хоккей майдони, аквадискотека ва чилимхонаси бор қаср «энг катта пора эвазига» бунёд этилганини таъкидлаган эди.

Путиннинг иттифоқчиси ва дзюдо машғулотлари бўйича собиқ шериги Аркадий Ротенберг шанба куни Россия ОАВга интервью берар экан, ушбу мулкнинг эгаси эканлигини айтиб, шундай деди: «Кредиторлар кўп эди. Мен бу объектнинг бенефициарига айландим».

Норозиликларни Навалнийнинг ҳибсга олиниши авж олдирган бўлса-да, жамоатчиликнинг «порахўрлик» қасридан ғазабга келгани – россияликларнинг иш ҳақи ва пенсияларнинг пасайишидан, санкциялар ва бошқа молиявий муаммолардан норозилиги кучайиб бораётганини кўрсатади.

Намойишлар Навалний тарафдорларидан ташқари, коммунистлардан тортиб ўнг қанот миллатчиларигача бўлган мухолифат гуруҳларини ҳам жалб қилган.

Қрим Россия томонидан аннексия қилинишидан аввал сўнгги барқарор ўсиш қайд этилган 2013 йилдан бери россияликларнинг маоши инфляция ҳисобига 10 фоизга камайган, деб ёзган эди Moscow Times нашри ўтган жума куни.

Иқтисодий норозилик Путиннинг рейтингига путур етказмоқда – сиёсий таҳлилчиларнинг таъкидлашича, норозиликларнинг чекка вилоятларга ҳам тарқалгани тасодиф эмас, чунки бу ҳудудларда иқтисодий қийинчиликлар кескинроқ ҳис қилинади.

Тўқмоқлар ва электрошокерлар

Намойишчилар ва кузатувчилар полициянинг қаттиққўллигига эътибор қаратган – улар тинч намойишчиларга қарши тўқмоқ ва электрошокерлар қўллаган, айримлар қаттиқ дўппосланган.

Кремлнинг инсон ҳуқуқлари бўйича кенгаши раиси Валерий Фадеев митингларни қоралаб, уларни «провокация» деб атади.

Куч тузилмалари эса намойишчиларга қарши салкам «жанговар операция» ўтказди ва шаҳарни фалаж ҳолатга келтирди, дейди Санкт-петербурглик омбудсман.

Полиция асосий йўл бўлган Невский шоҳкўчасини ёпиб қўйгани ва метро бекатларини беркитганига қарамай, Санкт-Петербургда бир неча минг намойишчи кўчаларга чиққан. Митинг давомида 962 киши ҳибсга олинди, деб хабар беради «ОВД Инфо».

«Таёқлар ва электрошокерлар мавжуд муаммоларни ҳал қилмайди. Зўравонлик фақат муросасизлик келтириб чиқаради ва шафқатсизликни авж олдиради», деди омбудсман Александр Шишлов. «Бу катта фалокатга олиб борувчи йўл. Тўхташ вақти келди.»

«Тўғри, биз ўзимизга бу намойишлардан фойда борми, деган саволни беряпмиз», дейди норозилик намойишида қатнашган 21 ёшли талаба Надя. «Навалнийни озод қилиш учун бундан кўпроқ нарса талаб этилади, Россиянинг озод бўлиши учун эса ундан ҳам кўпроқ.»

Сизга мақола ёқдими?

Фикрлар 4

Сиёсат * Мажбурий 1500 / 1500

Россияда ҳар йил майданлар тез-тез содир бўлмоқда.

Жавоб бериш

Мен бу намойишларда қатнашдим. ОМОНчилар опричниклар каби қутуришди.

Жавоб бериш

Ҳа-я, 150 миллиондан одамдан 3700 та тентак кўчага чиқибди. Шу ҳам намойиш бўлдими? Одамни кулдирманглар... Ва бу «норозилик»да болалар ҳам иштирок этибди. Бунақа ишлар учун ... Гитлер ҳақида нимани ҳам билардинг? Бувангдан сўра. Россия аҳолисининг 78 фоизи овоз берган одам ҳақида бунақанги гапларни гапиришга қандай тил айланаркин?

Жавоб бериш

Даҳшат. Ҳатто Гитлер ҳам ўз халқига бундай муносабатда бўлмаган. Россияда ҳукумат аллақачон легитим эмас.

Жавоб бериш