Карвонсарой
Таҳлил

Тарихчилар Совет даврида ўзгартирилган ўтмиш ҳақиқатларни очиқлашга чақирмоқдалар

Айдар Ашимов

Суратда: Қозоғистоннинг Чимкент шаҳридаги Сиёсий қатағонлар қурбонлари музейи, ўтган йилнинг 17 феврали. [Айдар Ашимов/Карвонсарой]

Суратда: Қозоғистоннинг Чимкент шаҳридаги Сиёсий қатағонлар қурбонлари музейи, ўтган йилнинг 17 феврали. [Айдар Ашимов/Карвонсарой]

НУР-СУЛТОН – Яқинда кремлпараст сиёсатчилар ва журналистларнинг бир қатор ҳудудий даъволаридан сўнг, Марказий Осиёлик тарихчилар келажак авлодларга ҳақиқатни етказиш учун тарихий фактлар қайта кўриб чиқилиши кераклигини таъкидламоқда.

Марказий Осиё давлатларининг 1917-1991 йиллардаги тарихи нохолис ёки босимга учраган олимлар тарафидан Совет режимига мослаб аёвсиз ўзгартирилган, дейди Нур-Султонлик тарихчи Азат Шалбаев.

Бугунги кунга қадар Россия аниқ фактларни, масалан, 30-йилларда ҳозирги Қозоғистон ҳудудида қасддан уюштирилган ҳалокатли очарчиликни тан олмайди, деди у.

«Ўтмишини унутган ҳалқнинг келажаги йўқ», деган гап бор. Биз ҳозир ва келажакда кўплаб хатолар содир этмаслик учун ўтмишнинг муаммолари ҳақида очиқ гапиришимиз керак», дейди у.

«Қозоқ давлатининг шаклланиши ва мустаҳкамланиши тарихи» мавзусидаги онлайн илмий-амалий анжуман иштирокчилари, 22 январ. [Айдар Ашимов / Карвонсарой]

«Қозоқ давлатининг шаклланиши ва мустаҳкамланиши тарихи» мавзусидаги онлайн илмий-амалий анжуман иштирокчилари, 22 январ. [Айдар Ашимов / Карвонсарой]

«Тарихий хотира трансформацияси»

Қозоғистон таълим ва фан вазирлигининг Давлат тарихи институти ва Нур-Султонда жойлашган «Профессионал тарихчилар ва жамиятшунослар лигаси» жамоатчилик бирлашмаси «Қозоғистон давлатининг шаклланиши ва мустаҳкамланиши тарихи» мавзусида онлайн халқаро илмий-амалий анжуман ўтказди.

Тадбирда Қозоғистон, Қирғизистон, Ўзбекистон ва бошқа мамлакатлардан келган олимлар иштирок этди.

«Анжуманда Қозоғистон ҳудудидаги давлатчилик билан боғлиқ мураккаб масалалар кўриб чиқилди», деб ёзади Давлат тарихи институти 25 январ куни ўз сайтида. «Қозоқ халқининг этногенези ва шаклланиши, Қозоғистоннинг совет давридаги ва замонавий тарихига алоҳида эътибор қаратилди.»

Анжуман маърузачилари кўплаб мавзуларни тилга олдилар, жумладан Қозоғистондаги миллий озодлик ҳаракатлари, Россия империясининг Осиёдаги сиёсати ва Совет Иттифоқи тоталитаризми, мустамлакалаштириш усуллари, коллективлаштириш ва халқларнинг қувғин қилиниши билан боғлиқ масалалар хусусида сўз юритилди.

Сўнгги бир неча йил ичида илгари сиёсий сабабларга кўра тилга олинмаган воқеалар билан боғлиқ «тарихий хотира транформацияси» юз берди, дейди Давлат тарихи институти директори Абил Еркин.

У бир нечта мисолларни келтириб ўтди: Қозоғистонда 30-йиллардаги очарчилик, 80-йиллар охиридаги аксилсовет норозиликлари ва 1949-1989 йилларда Семипалатинскда (ҳозирги Семей) ўтказилган ядровий синовларнинг оқибатлари.

«Қозоғистоннинг советларга оид тарихни ўрганар эканман, илгари нотўғри талқин қилинган кўплаб тарихий воқеаларни қайта кўриб чиқишимиз кераклигини англаяпман», дейди қирғизистонлик тарихчи Зайнидин Қурманов.

Бошқа бир тарихчи – олмаоталик Буркитбай Аяган Россия ҳукумати томонидан подшо Николай I даврида Марказий Осиё ҳудудида топографик ишлар олиб борилгани, шундан сўнг «Россия империяси ўзининг фаол экспансиясини бошлаганини сўзлаб берди.

«(1917 йилги) Октябр инқилоби биз учун хорижлик меҳмон эди», деди Миллий педагогика университети профессори, олмаоталик Мамбет Койгелдиев машаққатли Совет даврларини ёдга олиб.

Анжуманда чиқиш қилган олимларнинг маърузалари илмий тўплам шаклида нашр этилади. Навбатдаги конференцияни март ойи охирида ўтказиш режалаштирилмоқда.

«Мустақиллик барча нарсадан устун»

Конференция иштирокчилари Қозоғистон президенти Қосим-Жўмарт Тўқаевнинг 6 январ кунги «Мустақиллик ҳамма нарсадан устун» номли мақолада таъкидлаган фикрлари ва ғояларини қўллаб-қувватладилар.

Бу мақолада 1991 йилда Совет Иттифоқининг қулаши билан ҳақиқатга айланган қозоқ халқининг мустақиллик орзуси ҳақида сўз юритилган.

«Ота-боболаримиз даҳшатли очарчилик ва қатағонни бошдан кечирдилар. Тоталитаризм даврида урф-одатларимиз, тилимиз ва динимиздан айрилаёздик», дейилади мақолада. «Мустақиллик қадриятларимизни тиклаш ва мустаҳкамлашга имкон берди. Биз миллат ва давлат сифатида мавжуд бўлишни истар эканмиз, бугунги ва эртанги авлод янги чақириқларга тайёр туриши лозим.»

Қозоқ халқи «қаҳрамонларча курашган ота-боболаримиз туфайли озодликка эришди», деди у.

«1921-1922 йиллардаги очарчилик натижасида миллионлаб одамларнинг ўлгани ёки жон аччиғида қочишга мажбур бўлгани билан боғлиқ воқеаларга 100 йилдан ошди», деб ёзган Токаев 1930-йилларда Сталин сиёсати келтириб чиқарган очарчилик олдидан юз берган фожиани назарда тутиб. «Бу даҳшатли фожиа юз бермаганида, ҳозирда Қозоғистон аҳолиси ҳозиргидан бир неча баравар кўп бўлар эди.»

Шунингдек, Тўқаев ўз мақоласида 1986 йилги воқеаларни – «Совет ҳукуматининг ғазабидан қўрқмай, миллат шаънини ҳимоя қилиш учун кўчага чиққан қозоқ халқининг ўғлонлари ва қизларини» ёдга олган.

Намойишчилар (улардан қанчаси ўлдирилгани номаълум) Қозоғистон коммунистик партияси раҳбарининг ўша пайтдаги РСФСРдан юборилган бегона вакилга алмаштирилишига қарши бўлишган.

«Ота-боболаримиздан мерос қолган муқаддас заминимиз бизнинг асосий бойлигимиздир. Уни ҳеч ким бизга «совға» қилмаган», деб ёзган Тўқаев яқинда Россия сиёсатчиларининг Қозоғистон ҳудудига оид даъволарига ишора қилиб.

«Қозоғистон икки томонлама шартномалар билан белгиланган, халқаро миқёсда тан олинган чегараларга эга» ва «буни ҳеч ким инкор этолмайди», деб таъкидлади у.

Тўқаев чет эл аудиторияси учун Қозоғистоннинг қисқача тарихини ёзиш ва уни дунёдаги асосий тилларга таржима қилишни таклиф этган.

«Бу қозоқ халқининг кўп асрлик ҳаққоний тарихини дунёга сўзлаб беришнинг ягона йўлидир», деб ёзади у.

«Ёш авлод қозоқ халқи ва давлатчилиги тарихини билиши керак, президент Тўқаев бу масалани кўтариб тўғри қилмоқда», дейди тарихчи Шалбаев. «Улар нафақат яхши воқеаларни ёдда тутиши, балки ёмонларини ҳам билиши керак. Бунинг учун тарихимизнинг фожиали саҳифалари нафақат дарсликларда, балки филмлар, романлар ва ҳужжатли филмларда ҳам акс этмоғи лозим.»

Сизга мақола ёқдими?

Фикрлар 10

Сиёсат * Мажбурий 1500 / 1500

Сафсата ва ҳеч қандай узоқ муддатли ҳисоб-китобларсиз миллатчилик руҳиятини қўзғаш ҳаракатлари. Маълумот учун: Жанубий Уралнинг ҳамма шаҳарлари ва ишлаб чиқариш имкониятлари пролитарианларнинг зарур даражасига етиши учун Қозоғистон Совет социалистик республикаси таркибида бўлган. Аммо улар Қозоғистон таркибида ва заиф нуқталарни келтириб чиқармаслик учун уларни қозоқлар билан бир хилда рағбатлантириш фойдалироқ. Аждодлардан воз кечиш билан ўз мавжудлигини оқлаш калтафаҳмлик.

Жавоб бериш

СССР ахлат.

Жавоб бериш

Хўш, хўш мустақиллик. Ҳамма давлатлар, улар қаторида биз ҳам бу қўйвирусни деб карантин жорий қилди. Энг кўп фойда олиб келадиган ташкилотлар хорижликларга қисман ёки умуман сотиб юборилди! Конституциянинг 4 моддасини ўқиб кўринг. Қозоғистон қонунларидан халқаро қонунлар устуворлиги! ЖССТ битта гап айтса миқ этмай рози бўламиз.

Жавоб бериш

Агар ҳужжатда шундай кучли мамлакат экансиз, нима учун Россияда коронавирус эпидемияси бу даражада даҳшатли бўляпти?

Жавоб бериш

Россияга жойини кўрсатиб қўядиган вақт аллақчон келган. Ўз тарихлари ҳақида ҳеч нима билмасликларидан ташқари, Қозоғистоннинг тарихини ҳам билишмайди.

Жавоб бериш

Президентимизга қойил, ҳақиқатни гапиришдан қўрқмайди. Тўқаев – менинг президентим!

Жавоб бериш

Муносиб!

Жавоб бериш

Нима, СССРда яшаб кўрмаганмисиз? Ҳа, буларнинг ҳаммаси бўлган... Лекин кечирасиз, сиз ўшанда Ойда яшармидингиз? Бу умумий мусибат, умумий дардимиз. Россиянинг бунга нима алоқаси бор?

Жавоб бериш

Коллаборационист, ҳамтовоқ! Ғоявий раҳнамоларинг сиздан мамнун бўлган бўларди. Мен

Жавоб бериш

СССР Россия яширишни истаётган жуда кўп жиноятларни содир этган.

Жавоб бериш