Россия Яқин Шарқдаги ҳарбий ва иқтисодий манфаатларини кенгайтириш учун Суриядаги хусусий қўриқлаш компанияларининг хизматидан фойдаланиш билан бир қаторда, қамалда қолган мижози – президент Башар ал-Ассадни қўллаб-қувватлашда давом этмоқда.
Сурияда Кремл номидан камида уч турдаги қўшинлар фаолият олиб бормоқда: Россиянинг мунтазам қуролли кучлари, аксари постсовет мамлакатлар ёшларини ўз сафига ёлловчи Россия пудратчилари ва маҳаллий эркакларни ёлловчи Суриянинг қўриқлаш компаниялари.
«Вега» ва «Вагнер гуруҳи» каби пудратчи компаниялар Россияга Суриядаги урушда Кремлнинг китобларида «қон тўкмай» қатнашиш имконини беради.
Россиянинг хусусий ҳарбийлари бир неча йиллардан буён Сурияда, шунингдек, Украина, Венесуэла, Судан, Марказий Африка Республикаси, Ливия ва Мадагаскарда жанг қилиб келмоқда.
Хусусий компаниялар Россияга фойда келтирмоқда
Москва хусусий қўриқлаш компанияларидан фойдаланиб, шарқий Дайр Аз-зор вилояти каби тикланишга муҳтож ёки нефт ва тоғ-кон саноати салоҳиятига эга бўлган минтақаларда ҳарбий назоратни қўлга киритишга интилиб келган.
Бу пудратчилар ҳозир ва келгусидаги ҳар қандай тиклаш ишларида ўз мавқеларини мустаҳкамлаш учун Сурия режими ва Эрон Ислом инқилоб посбонлари корпуси (ИИПК) билан боғлиқ бўлган рақиб қуролли гуруҳларни ушбу минтақалардан сиқиб чиқарди.
Улардан бири «Al-Maham» қўриқлаш компанияси бўлиб, у расман «Al-Maham» ҳимоя ва хусусий қўриқлаш фирмаси сифатида рўйхатдан ўтган. 2016 йилда ташкил этилган бу компания «Qaterji» компаниясининг шўъбаси ҳисобланади, дейди Дайр Аз-зорлик фаол Жамил ал-Обид.
«Qaterji» компанияси «Qaterji International Group» номи билан ҳам танилган бўлиб, туризм, нефт, транспорт ва импорт-экспорт каби қатор соҳаларда иш юритувчи бир нечта ширкатларга эгалик қилади.
2018 йил сентябр ойида Қўшма Штатлар бу ширкат ва унинг соҳиби Муҳаммад Қатержига Сурияга ноқонуний тарзда нефт ва қурол-яроғ олиб ўтишда ёрдам бергани, шунингдек режим ва «Ислом давлати» (ИД) ўртасидаги ёқилғи олди-сотдисига кўмаклашгани учун санкциялар жорий қилган эди.
Ўтган йилнинг ноябр ойида Муҳаммаднинг укаси, «Qaterji» ширкатининг ҳамсоҳиби бўлган суриялик депутат Ҳуссам Қатержи ҳам АҚШ санкциялари остига тушган.
Ака-уканинг «Al-Maham» компаниясини уларнинг икки қариндоши бошқаради. Қўриқлаш компанияси Дамашқ ва унинг атрофида, шунингдек Хомс, Тартус, Дайр Аз-зор ва Ҳалабда фаолият олиб боради, дейди ал-Обид.
Ал-Обиднинг айтишича, бир йилдан ошибдики, «Qaterji» ширкатлари Россия билан яқин алоқаларни ўрнатгани маълум ва бу уларга Дайр Аз-зор, Раққа ва Ҳалаб вилоятларида бизнес юритишга имкон берган.
Унинг сўзларига кўра, компания ва унга алоқадор «Qaterji» ёлланмалари «ўз қароргоҳлари олдига, айниқса, Дайр Аз-зорда очиқдан-очиқ Россия байроғини илиб қўйишган».
«Qaterji» ёлланма жангарилари «Al-Maham» ташкил этилишидан аввал мавжуд бўлган ва Ҳалаб шаҳри учун кечган жанглар чоғида Сурия режими кучлари сафида урушиб, «тинч аҳолига қарши кўплаб ҳарбий жиноятлар содир этилишида қатнашган», деди Ал-Обид.
Жангариларнинг аксари кейинчалик «юридик ниқоб» ортида ўз фаолиятини давом эттира олиши учун «Al-Maham» сафига ёлланган, деб қўшимча қилди у.
«Вагнер» ёллаган, Россия қуроллантирган
«Al-Maham» - хавфли ўйинчи, унинг «кўплаб ҳудудлар бўйлаб тарқалган 1000 дан ортиқ ходимлари бор», дейди суриялик ҳуқуқшунос Башир ал-Бассам.
«Улар қурол-яроғ ва ўқ-дориларни Россия кучларидан оладилар. Айнан Россия ҳарбийлари уларни бевосита ёки Вагнер гуруҳи воситасида жанговар тайёргарликдан ўтказади», деди у.
«Вагнер» гуруҳи Россиянинг кўмаги билан «Al-Maham» сафига Дайр Аз-зор аҳолисини жалб қилди. Бу «Эрон ва Россия ўртасида жангарилар ва қўриқлаш компаниялари орқали минтақа назоратини қўлга олиш учун кураш» каби кўринувчи ҳаракатлар доирасида амалга оширилди, деди у.
«У 200 минг Сурия лирасига (390 АҚШ доллари) тенг (ойлик) маош, Сурия кучлари ва амалдорларининг таъқибидан ҳимоя, ҳаёт суғуртаси ва Сурияда ҳарбий ёки захира хизматини ўтаганликни ҳужжатлар билан тасдиқлаш заруриятидан озод бўлишни таклиф қилади.»
«Al-Maham» Сурия армиясига чақирувдан қочиб юрган Дайр Аз-Зор ёшлари учун бошпанага айланди, деди Ал-Бассам.
«Al-Maham ва бошқа қўриқлаш компанияларининг кўмаги билан Россия нафақат ҳарбий ва хавфсизлик назоратини қўлга олиш, балки нефт, тоғ-кон саноати ва қимматбаҳо металлар билан боғлиқ ишларда ҳам имкон қадар кўпроқ нарсага эга бўлишни кўзлайди», деди у.
Шунингдек, у қисман «Qaterji» билан алоқаларидан фойдаланиб, «келажакдаги реконструкция лойиҳаларида кенг иштирок этишга» интилмоқда, деди у.
«Вагнер»: босқон билан ўлдириш буйруғи
«Вагнер гуруҳи» разведка ротасининг собиқ қўмондони Марат Габидуллин декабр ойида Россиянинг «Медуза» мустақил нашрига Сурияда ўзи гувоҳ бўлган ваҳшийликлар ҳақида сўзлаб берган.
Унинг сўзларига кўра, Суриядаги «Вагнер» кучлари қўмондони 2017 йилда Сурия армиясидан қочган аскарни калтаклаш ва калласини олишга буйруқ берган.
Видеолавҳада тўрт эркак жабрланувчининг оёқларини катта болға билан уриб синдираётганини кўриш мумкин. Улар унинг жасадини ёқиб юбориш олдидан, бошини олиб, қўлларини кесиб, оёқларидан боғлаб осиб қўйишган.
«Вагнернинг ўзи (қўмондон Дмитрий Уткин) уларга шундай буйруқ берган», деди Габидуллин.
Вагнернинг ёлланма аскарлари Палмирадаги ЮНЕСКО объектини ҳам талон-тарож қилдилар, дея қўшимча қилди у Суриядаги «Вагнер» гуруҳининг базаларида кўрган «қадимий тошлар» ва «барельефларни» эслаб.
Габидуллин 2015 йилда илк марта Сурияда жанг қилиш учун ёлланганида, у ҳарбий хизматнинг эҳтимолий оқибатлари тўғрисида очиқ огоҳлантирилган.
«Улар очиқчасига шундай дейишди: «Йигитлар, сиз давлатимизнинг манфаатлари бор ҳудудда жанг қилиш учун келгансизлар. Аянчли оқибатларга тайёр туринглар. Ўлимга», деб эслайди у «Медуза» билан суҳбатда.
Вагнер Кремлнинг стратегик ва геосиёсий манфаатлари бўлган мамлакатларда фаолият олиб боради. Сурияда плацдарм ҳозирлаш орқали Россия бутун шарқий Ўртаер денгизи – Яқин Шарққа кириш йўлини очишга интилмоқда.
Яхши мақола
Жавоб беришФикрлар 2
Кремлнинг бу жангарилари террорчилардан фарқ қилмайди.
Жавоб беришФикрлар 2