Карвонсарой
Хавфсизлик

Қозоғистон гибрид урушга тайёргарлик доирасида ҳарбий ўқув машқларини ўтказди

Айдар Ашимов

Суратда: Қозоғистоннинг Жамбул вилоятидаги Матибулоқ полигонида бўлиб турган қуруқликдаги кучлар разведкачилари, 30 январ. (Қозоғистон мудофаа вазирлиги)

Суратда: Қозоғистоннинг Жамбул вилоятидаги Матибулоқ полигонида бўлиб турган қуруқликдаги кучлар разведкачилари, 30 январ. (Қозоғистон мудофаа вазирлиги)

НУР-СУЛТОН – Кремлнинг постсовет макондаги тажовузкор хатти-ҳаракатларидан хавотирга тушган Қозоғистон ўз миллий хавфсизлигини ҳимоялаш ва қуролли кучларини модернизация қилиш чораларини кўрмоқда.

Бундай хавотирга охирги икки ой ичида Россия сиёсатчилари ва журналистларининг Қозоғистон ҳудудига оид бир қатор ирредентистик баёнотлари сабаб бўлди.

Кремл Қозоғистоннинг бир қисмини «қайтариб олиши» кераклиги ҳақидаги гап-сўзлар қизғин баҳсларни келтириб чиқарди ва Қримнинг Россия тарафидан ноқонуний аннексия қилиниши билан боғлиқ масалани яна ўртага олиб чиқди.

2017 йилда Қозоғистон расмийлари Кремлнинг 2014 йилда Украинага қарши «гибрид уруш» олиб борганини инобатга олиб, олти йил ичида илк бор мамлакат ҳарбий доктринасини янгиладилар.

Жамбил вилоятидаги Матибулоқ полигонида бўлиб турган аскарлар разведка дронини ҳавога учирмоқда, 30 январ. (Қозоғистон мудофаа вазирлиги)

Жамбил вилоятидаги Матибулоқ полигонида бўлиб турган аскарлар разведка дронини ҳавога учирмоқда, 30 январ. (Қозоғистон мудофаа вазирлиги)

27 январ куни Нур-Султонда штаб ўқув машқларини ўтказаётган қўшинлар. (Қозоғистон мудофаа вазирлиги)

27 январ куни Нур-Султонда штаб ўқув машқларини ўтказаётган қўшинлар. (Қозоғистон мудофаа вазирлиги)

Аввалги ҳарбий доктринада жанговар экстремизм ва терроризмга қарши курашга кўпроқ эътибор қаратилган бўлса, янги таҳрирдаги ҳужжатда чегара бўйлаб қуролли можаролар ва уларни юмшатиш чораларига кенг ўрин ажратилган.

Ҳарбийлар янгича кўринишдаги жанговар ҳаракатлар билан боғлиқ воқеликни инобатга олган ҳолда ҳарбий тайёргарликни кучайтиришлари керак, дейди чимкентлик фахрий Алексей Журавов.

«Гибрид урушлар бугунги кунда улкан таҳдид ҳисобланади», деди у. «Агрессор ҳозир уруш эълон қилмайди ва бирор мамлакатни босиб олиш учун очиқдан-очиқ қўшин киритмайди. Қўпорувчиликлар, айирмачиларни қўллаб-қувватлаш, киберҳужумлар ва ахборот уруши – мана шулар гибрид уруш воситаларидир.»

Россиянинг ташқи сиёсати «тажовузкор бўлиб қолган», дейди Нур-султонлик сиёсатшунос Ернар Бейсалиев.

«Қудратли армия ва огоҳлик мамлакат мустақиллигининг кафолатидир», деди у. «Тинчликни истасангиз, урушга тайёр бўлишингиз керак. Синовдан ўтган аксиома ҳозирги кунда ҳам долзарблигини йўқотгани йўқ.»

Жанговар шайлик текшируви

Ўтган ойда Қозоғистон армиясининг жанговар тайёргарлиги синовдан ўтказилди, унда чегарадаги таҳдидларга қарши туришга алоҳида эътибор қаратилди.

Қуролли кучлар нафақат ташқи таҳдидларга қарши курашишга, балки янгича турдаги урушлар олиб боришга ҳам тайёр бўлиши керак, дейилади Мудофаа вазирлигининг 30 январ кунги баёнотида.

«Қуролли Кучлар Бош штаби қўшинларнинг жанговар тайёргарлигини синовдан ўтказди», дейилади хабарда. «Қозоғистон президенти Қосим-Жўмарт Тўқаев Мудофаа вазирлигига жанговар тажрибани доимий тарзда ошириб бориш зарурлиги ҳақида кўрсатма берган.»

Биринчи бўлиб қуруқликдаги қўшинларнинг разведка ва алоқа бўлинмалари тревога билан огоҳлантирилди, кейинроқ машқларга авиация, танк ва артиллерия бўлинмалари ҳам қўшилди.

Шунингдек, машқлар ҳудудида дронлар ёрдамида ҳаво разведкаси амалиётлари олиб борилди.

Машқлар қўшинлар маскировкасини ҳам ўз ичига олди, жумладан макетлардан фойдаланган ҳолда сохта таянч пунктлари ва бошқа ҳарбий нуқталар ташкил қилинди.

«Мудофаа вазирининг ҳарбий хизматчиларни нотаниш полигонларда жанговар тайёргарликдан ўтказиш талабини бажариш учун, ҳарбий бўлинмалар жанговар топшириқларни бажариши керак бўлган ҳудудларга турли усуллар, шу жумладан транспорт самолётлари ёрдамида жойлаштирилди». Бу ҳақда Қуролли кучлар Бош штаби бошлиғи, генерал-лейтенант Мурат Бектанов маълум қилди, дейилади вазирлик баёнотида.

Унинг айтишича, битта разведкачи полк илк марта Қозоғистоннинг турли географик ва иқлимий ҳудудларида жойлашган бешта полигонда текширувдан ўтган.

Ўқув машқлари Олмаота, Қарағанда ва Жамбул вилоятларидаги Матибулоқ, Қизилоғоч, Спасск, Сариўзак ва Жетисув полигонларида бўлиб ўтди.

Замонавий таҳдидлар ва уларга қарши кураш

Машқлар давомида разведка қўшинлари ҳарбий топография, ядровий, биологик ва кимёвий ҳимоя, қўпорувчилик техникаси ва жисмоний тайёргарлик синовларидан ўтдилар.

Улар тунда пистирмада ўтириб, шартли душман объектларига ҳаво рейдларини амалга оширдилар.

Учувчилар жанговар топшириқларни разведка полкидаги илғор авиадиспетчерлар кўмагида бажардилар.

Ҳарбий мутахассислар дронлар ёрдамида шартли душманга тегишли 80 фоиздан ортиқ яширин объектлар координаталарини аниқладилар, ҳақиқий позицияларни сохталаридан ажратиб, артиллерия кузатувини амалга оширдилар.

Полигонларда барча турдаги қуроллардан ўт очиш машқ қилинди.

Мудофаа вазирлигининг хабар беришича, бўлиб ўтган машқлар режадан ташқари текширувларнинг биринчиси бўлди. Дастлабки машғулотлар якунига кўра, вазирлик мутасаддилари зиммасига яқинда бўлиб ўтадиган кенг кўламли машғулотлар олдидан жанговар шайликни ва қўшинлар тайёргарлигини кучайтириш вазифаси юклатилди.

Қозоғистон ўз Қуролли кучларини модернизация қилиш йўлида ҳам қатъий чоралар кўрмоқда.

Ҳарбийлар замонавий зенит-ракета тизимларини ҳозирладилар, авация парки ва муҳандислик қўшинларининг техникасини мустаҳкамладилар, Қозоғистон ҳарбий дронини ишлаб чиқдилар ва 900 дан ортиқ ҳарбий иншоотларни таъмирладилар.

Ўтган йили ҳарбий модернизация дастури доирасида Қозоғистонда компьютерлаштирилган хизматлар ва автоматлаштирилган бошқарув тизимлари ишга туширилди.

Ҳарбий хизмат «жозибадорлиги»

Қозоғистон қонунчилигига кўра, 18 ёшдан 27 ёшгача бўлган барча эркаклар олий маълумот олиш, саломатлиги билан боғлиқ ёки бошқа сабаблар билан чақирувдан озод қилинмаган бўлса, қуролли кучлар сафида бир йиллик хизматни ўташга мажбур.

«Чақирувдан қочишни хаёлимга ҳам келтирмаганман», дейди Нур-султонлик 17 яшар Дониёр Кашқинбаев. «Ушбу нотинч даврда мамлакатимиз хавфсизлигини таъминлаш – ҳар бир қозоқ ўғлони учун муқаддас бурчдир.»

Унинг сўзларига кўра, сўнгги вақтларда ҳарбий хизматнинг жозибадорлиги ошган.

«Мен чегара қўшинларида хизмат қилмоқчиман ва бу йил армияга чақиришади деб умид қиламан».

Сизга мақола ёқдими?

Фикрлар 3

Сиёсат * Мажбурий 1500 / 1500

Яхши иш бўлибди, Россия агрессиясига тайёр туриш керак.

Жавоб бериш

Ҳа, мен лолман.

Жавоб бериш

Туркия мудофаа вазири Қозоғистонга келгани тасодиф эмас.

Жавоб бериш