Карвонсарой
Таҳлил

Россия Ливиядаги ҳарбий ҳозирлигини кучайтириш учун Сурия ҳудудидан фойдаланмоқда

Карвонсарой

Суратда: Ливиянинг Сирт ал-Жуфра йўли бўйлаб «Вагнер гуруҳи» ёлланма аскарлари томонидан қазилган тахминан 70 км узунликдаги хандақ тизими, 1 январ кунги сурат. [il_kanguru/Twitter]

Суратда: Ливиянинг Сирт ал-Жуфра йўли бўйлаб «Вагнер гуруҳи» ёлланма аскарлари томонидан қазилган тахминан 70 км узунликдаги хандақ тизими, 1 январ кунги сурат. [il_kanguru/Twitter]

Бирлашган Миллатлар Ташкилоти (БМТ) томонидан Ливиядан хорижий қўшинларни олиб чиқиш учун белгиланган муддат тугаб, ўтиб ҳам кетди, лекин Россиянинг унга риоя қилиш нияти йўққа ўхшайди.

Аксинча, Кремл қўлловидаги «Вагнер гуруҳи» ёлланма аскарлари томонидан Ливия бўйлаб кўплаб хандақларнинг қазилиши Россиянинг урушдан азият чекаётган давлатдаги узоқ муддатли мақсадлари борасида хавотир уйғотмоқда.

Хандақлар Россия президенти Владимир Путиннинг режалари учун хизмат қилувчи ҳарбийлашган ташкилот – «Вагнер» гуруҳининг бу ерда «узоқ муддатга қолмоқчи» эканидан далолат беради, деди АҚШ разведкаси вакили CNNга.

Кремл «Вагнер» гуруҳидан ўз манфаатларини илгари суриш ва ҳақиқатнамо инкор ниқоби остида гибрид урушлар олиб боришда фойдаланиб келмоқда.

Сунъий йўлдошдан олинган бу суратда Россия қўлловидаги «Вагнер гуруҳи» ёлланма аскарлари томонидан Ливияда қазилган ва январ ойида бир қатор пухта конструкциялар билан мустаҳкамланган хандақ тасвирланган. [CNN орқали Maxar Technologies]

Сунъий йўлдошдан олинган бу суратда Россия қўлловидаги «Вагнер гуруҳи» ёлланма аскарлари томонидан Ливияда қазилган ва январ ойида бир қатор пухта конструкциялар билан мустаҳкамланган хандақ тасвирланган. [CNN орқали Maxar Technologies]

19 май куни Ливиядаги ал-Жуфра авиабазасида кўриниб қолган Россиянинг «МиГ-29» самолёти. [US AFRICOM]

19 май куни Ливиядаги ал-Жуфра авиабазасида кўриниб қолган Россиянинг «МиГ-29» самолёти. [US AFRICOM]

«Вагнер» Кремлнинг стратегик, геосиёсий манфаатлари доирасига кирувчи мамлакатларда ҳарбий операцияларни ўтказиб келмоқда. Бу каби ҳодисалар Москва ўз таъсирини ўтказишни истаган дунёнинг кўплаб оловли нуқталарида, жумладан Марказий Африка Республикаси (МАР), Украина, Судан, Сурия, Венесуэла ва бошқа мамлакатда юз бермоқда.

Разведка расмийсининг айтишича, «Вагнер» дунё бўйича Ливияда энг катта ҳарбий ҳозирликка эга.

Ливияни тарк этиш нияти йўқ

Сунъий йўлдошдан олинган фотосуратларда кўриш мумкин бўлган хандақлар соҳилбўйи Сирт шаҳридан 70 км жануб томонга, «Вагнер» назоратидаги ал-Жуфра таянч пунктига қадар чўзилган ва пухта иншоотлар билан мустаҳкамланган, деб хабар беради CNN 22 январ куни.

Октябр ойида БМТ воситачилигида халқаро миқёсда тан олинган Миллий келишув ҳукумати (МКҲ) ҳамда генерал Халифа Ҳафтар раҳбарлиги ва Россия қўлловидаги Ливия миллий армияси (ЛМА) ўртасида тинчлик битими имзоланган бўлиб, барча хорижий кучлар 23 январга қадар мамлакатни тарк этиши керак эди.

«Биз барча томонларни Ливия суверенитетини ҳурмат қилишга ва Ливиядаги барча ҳарбий аралашувларни зудлик билан тўхтатишга чақирамиз», деди АҚШ элчиси вазифасини бажарувчи Ричард Миллс 28 январ куни БМТ Хавфсизлик Кенгашининг Ливия бўйича йиғилиши чоғида.

У шунингдек, «улар тарафидан Ливияда ёлланган, молиялаштирилган, ҳозирланган ва қўллаб-қувватланган хорижий ёлланма аскарлар ва ҳарбий воситачиларни чиқариб юборишга» ундади.

БМТ ҳисоб-китобларига кўра, Ливияда 20 мингга яқин хорижий қўшинлар ва ёлланма аскарлар бор.

«Менимча, бугун хандақ қазиб, қўшимча истеҳкомларни ўрнатаётганлар мамлакатни яқин орада тарк этмайди», деди МКҲ мудофаа вазири Салоҳиддин ал-Намруш CNNга.

Бу хандақ «хавотирга сабаб бўлмоқда», деб баёнот берган Халқаро инқироз гуруҳи вакили Клаудия Газзини.

«Бу Москва Ливиядаги ҳозирлигини мустаҳкамлашга интилмоқда, деган фикрни келтириб чиқаради», деди у CNN билан суҳбатда.

Россия Ўртаер денгизи жанубидаги ҳарбий иштирокини кучайтириш, Европа ва НАТО манфаатларига қарши туриш ҳамда Африкага йўл очиш мақсадида Ливияга эътиборини қаратган, дейди таҳлилчилар.

Ливия нефт саноатидан олинадиган фойда эса қўшимча бонусдир.

Сурияда реактив учоқларнинг шубҳали парвозлари

Сурияда «МиГ-29» қирувчи самолётларининг пайдо бўлгани ҳам Кремл ўз эътибори ва ресурсларини Ливияга кўчирганини исботлайди.

Россия кучлари Сурия президенти Башар Асадни беш йилдан ортиқроқ вақт давомида қўллаб-қувватлаб келмоқда.

Сурияда илк бор 2015 йилда жойлаштирилган Россиянинг «Су-24» самолётлари ўшандан бери мамлакатда ҳалокатли ҳаво ҳужумларини амалга оширадиган асосий қирувчи самолётлар бўлиб қолмоқда.

Россия жанговар самолётларининг фуқаролик объектлари, жумладан касалхоналарни қасддан бомбалаши натижасида Сурияда 7000 га яқин тинч фуқаро ҳалок бўлди, бир миллионга яқини қочқинга айланган.

Аммо сўнгги маълумотларга кўра, Сурияда «МиГ-29» самолётлари сони кўпайган, бу воқеа кузатувчиларда нима учун Россия шунча йиллар давомида «Су-24» самолётларидан фойдаланиб келганидан сўнг энди уларни алмаштирмоқда, деган саволни пайдо қилган.

Москва Суриядан Ливияга юбориладиган ҳарбий техника ва жангарилар учун транзит пункти ва майдончаси сифатида фойдаланмоқда – cамолётларнинг ўзгаргани шундан далолат беради, дейди кузатувчилар.

Ўтган йилги фактлар бу даъволарни тасдиқлайди.

Шу ой бошида рус ОАВ сунъий йўлдош суратлари орқали Россиянинг Суриядаги Хмеймим авиабазасида кимга тегишли экани номаълум бўлган олтита «МиГ-29» қирувчиси борлигини аниқлаган эди.

Ўтган йил май ойида Кремл Ҳафтар ва «Вагнер» гуруҳини қўллаб-қувватлаш учун Сурия орқали Ливияга 14 та «МиГ-29» ва «Су-24» самолётларини юборгани ойдинлашган.

«Россия авиабазасидан ҳавога кўтарилган қирувчи самолётлар Сурияга олиб келинган, Россияга қарашли эканини яшириш мақсадида уларни бўяб, Ливияга олиб ўтишган», деб баёнот берган эди ўшанда АҚШ Қуролли кучларининг Африка қўмондонлиги (AFRICOM).

«Ливия Миллий Армияси (ЛМА) ҳам, хусусий ҳарбий компаниялар ҳам бу жангариларни давлат кўмагисиз – Россиядан оладиган ёрдамcиз қуроллантириш, эсплуатация қилиш ва таъминлашга қодир эмас», деб айтган AFRICOM қўмондони, генерал Стивен Таунсенд.

Июл ойида AFRICOM эълон қилган сунъий йўлдош фотосуратларидан Москва Ливияда Вагнер гуруҳига жанговар самолёт, зирҳли машиналар, ҳаво мудофааси тизимлари, қурол-аслаҳалар етказишда давом этаётгани маълум бўлган эди.

Шунингдек, «Вагнер гуруҳи» суриялик ёшларни Ливиядаги жангарилик фаолиятига жалб қилиш бўйича кенг қамровли чораларни мувофиқлаштирган ва бунда Асад режимини қўлловчи сиёсий партия ёрдамига таянган.

Чўзилиб кетган муддат

Асадда Путин ҳақиқатан ҳам Сурияга ёрдам бермоқчими ёки бу мамлакат ҳудудидан Кремлнинг прокси урушларини бошқа жойга кўчириш учун қулай майдон сифатида фойдаланяптими, деб шубҳаланишга асос бор.

2015 йилда Сурияни қўллаб-қувватлай бошлаганидан бери, Москва бир нечта қимматбаҳо мажбуриятларни ўз зиммасига олди.

«Вагнер гуруҳи» Ливияга 2018 йилда кирган ва учинчи йилдирки Ҳафтарни қўллаб-қувватлаб келмоқда.

Москва 2018 йилдан буён ўз компанияларига қазилма бойликлар, хусусан, олтин ва олмос конларини тадқиқ қилиш учун берилган имтиёзлар эвазига Марказий Африка Республикасига (МАР) дипломатик ва молиявий юришни амалга оширмоқда.

2019 йил охирида исёнчиларнинг парламент ва президент сайловларини барбод қилиш таҳдиди туфайли Москва МАРга 300 нафар «ҳарбий инструкторларини» юборган эди. Сайловлар ўтган йилнинг 27 декабр куни ўтказилган.

Кремл, шунингдек, мамлакатга қурол-яроғ жўнатиб, амалдаги президент Фостин Арканж Туадеруни очиқдан-очиқ қўллаб-қувватламоқда. Сайлов арафасида, октябр ойи ўрталарида пойтахт Банги кўчаларида Россия ва МАР байроғи илинган зирҳли машиналар патрул назоратини олиб борган.

2020 йилиолти ҳафта давом этган урушда Озарбайжон Арманистон ва бўлгинчи Тоғли Қорабоғ минтақасини тор-мор этганидан сўнг, Кремл у ерга 2000 кишилик «тинчликпарвар» кучларини юборди. Урушга чек қўйган шартномага кўра, рус аскарлари камида беш йил давомида Озарбайжонда бўлади.

Бу орада Суриядаги ҳарбий аралашувдан олдинги таваккалчиликларда Россия қўшинлари ва унинг қўлловидаги айирмачилар Украина шарқида украин аскарларига қарши жанг қилмоқда, рус қўшинлари Грузиянинг бешдан бир қисмини эгаллаб олган ва Молдовадаги Днестрбўйи ўлкасини қўллаб-қувватлаб келмоқда.

Россиянинг инкорлари

Россия Ливияда ҳарбий хизматчилари борлигини рад этиб келади, салмоқли далиллар эса бунинг аксини исботлаб турибди.

«Ливия тупроғида бизнинг ҳеч қандай ҳарбий ходимларимиз ёки хизматчиларимиз йўқ. Шундай экан, Ливия Россиянинг ҳарбий аралашувидан холи», деб айтган январ ойида AFPга мамлакат миссияси вакили.

«Агар у ерда ёлланиб ишлаётган Россия фуқаролари бўлса (биз буни истисно қилолмаймиз), уларни чақириб олиш масаласи бўйича ёлловчиларга мурожаат қилиш керак.»

Сизга мақола ёқдими?

Фикрлар 2

Сиёсат * Мажбурий 1500 / 1500

Бу урушга тайёргарликнинг бошланиши.

Жавоб бериш

Чўчқабашара Россия у ерда нима топиши қизиқ.

Жавоб бериш