Карвонсарой
Таҳлил

Путин Россиядаги тартибсизликларни кузатаётган Марказий Осиёликлар кўз ўнгида «сиёсий мурдага» айланиб бормоқда

Канат Алтинбаев

2 феврал куни Москвада мухолифат лидери Алексей Навалнийни деярли уч йилга озодликдан маҳрум этишга оид суд ҳукмига норозилик билдираётган намойишчилар. [Кирилл Кудрявцев / AFP]

2 феврал куни Москвада мухолифат лидери Алексей Навалнийни деярли уч йилга озодликдан маҳрум этишга оид суд ҳукмига норозилик билдираётган намойишчилар. [Кирилл Кудрявцев / AFP]

ОЛМАОТА – Мухолифат етакчиси Алексей Навалнийнинг амалдорлар орасидаги коррупция бўйича тергови ортидан бошланиб кетган Россиядаги намойишлар Марказий Осиёликлар кўз ўнгида Россия президенти Владимир Путиннинг таъсири ва обрўсига сезиларли даражада путур етказди, дейди сиёсий таҳлилчилар.

Ўтган ҳафтадан эътиборан қарийб уч йиллик қамоқ жазосини ўтай бошлаган Навалний бир неча йилдан бери Путинга қарши тенгсиз кураш олиб бормоқда.

Ўтган йил август ойида Сибирда асабни фалажловчи «Новичок» моддаси билан заҳарланиб ҳалок бўлаёзган Навалний Германияда даволаниб, Россияга қайтиши билан яна «ухлаб ётган айиқни уйғотган».

19 январ куни тергов натижаларини ошкор қилган Навалний жамоаси Путин учун «тарихдаги энг йирик пора» эвазига бунёд этилган Қора Денгиз бўйидаги 1,3 миллиард долларлик қаср ҳақидаги икки соатлик ҳужжатли филмни YouTube тармоғига жойлаган.

Россиянинг қамоқдаги мухолифат лидери Алексей Навалнийни қўллаб-қувватлаб ўтказилган намойиш чоғида полиция томонидан ҳибсга олинган эркак, 31 январ, Москва. [Александр Неменов /AFP]

Россиянинг қамоқдаги мухолифат лидери Алексей Навалнийни қўллаб-қувватлаб ўтказилган намойиш чоғида полиция томонидан ҳибсга олинган эркак, 31 январ, Москва. [Александр Неменов /AFP]

Қамоқдаги мухолифат лидери Алексей Навалнийни қўллаб-қувватлаб ўтказилган митинг чоғида намойишчилар полиция билан тўқнашдилар, 23 январ, Москва. [Кирилл Кудрявцев / AFP]

Қамоқдаги мухолифат лидери Алексей Навалнийни қўллаб-қувватлаб ўтказилган митинг чоғида намойишчилар полиция билан тўқнашдилар, 23 январ, Москва. [Кирилл Кудрявцев / AFP]

Путиннинг иттифоқчиси ва дзюдо машғулотлари бўйича собиқ шериги Аркадий Ротенберг 30 январ куни Россия ОАВга интервью берар экан, ушбу мулкнинг эгаси эканлигини айтиб, шундай деди: «Кредиторлар кўп эди. Мен бу объектнинг бенефициарига айландим».

Аммо иқтисодий тушкунликдан силласи қуриган ва Кремлнинг Навалнийга нисбатан муносабатидан ғазабга келган кўплаб россияликлар бу гапга ишонгани йўқ.

Бу воқеа Марказий Осиёликларнинг ҳам эътиборига тушган.

Россиядаги сиёсий воқеликнинг ўзгариши

«Узоқ йиллар олдин Путин кўзимизга кучли лидер бўлиб кўринар эди», дейди Orbita.kg сайтининг сиёсий шарҳловчиси, бишкеклик Марс Абаев. «У ўз халқи орасида ҳурмат-обрўга эга эди. Бундай кенг миқёсли норозилик ҳаракати аввал Россияда кузатилмаган.»

Бироқ, Россиядаги юз берган сўнгги воқеалар бунинг аксини кўрсатмоқда, деди у.

«Қирғизистон ва унга қўшни давлатлар раҳбарлари яқин келажакда Путинга умид қилса бўлармикин деб жиддий ўйланиб қоладилар, зеро у сиёсий мурдага ўхшаб боряпти», деди Абаев.

Бутун мамлакат бўйлаб икки ҳафта давом этган ва ўн минглаб одам қатнашган намойишларнинг Кремл тарафидан шафқатсиз бостирилишини диққат билан кузатиб борган дунё мамлакатлари раҳбарлари ҳам Навалнийнинг қамоққа олинишини қораладилар.

2 феврал куни унинг устидан чиқарилган суд ҳукмини кўплаб кузатувчилар «қонуннинг устидан кулиш» деб баҳолаган.

Навалнийнинг ўзи бу ҳолатни «бир кишининг нафрати ва қўрқуви» дея таърифлади.

«Мен тирик қолиб, [Путинни] жуда қаттиқ ранжитдим», деди у давлат телевидениесида эфирга узатилмаган, аммо YouTube орқали миллионлаб одам томоша қилган суд жараёнидаги нутқида. «Кейинроқ мен янада каттароқ жиноят содир этдим – яширинмадим.»

Демократия – Россия учун «экзистенциал таҳдид»

«Россия ҳукумати Навалнийга қарши сталинизм қатағонларини эслатиб юборадиган суд маҳкамасини ўтказди», дейди Франциянинг Ле Ман шаҳрида яшовчи «Марказий Осиёда инсон ҳуқуқлари» уюшмаси раҳбари Надежда Атаева.

Путин Россияга раҳбарлик қилар экан, Марказий Осиёда чинакам демократик ислоҳотларни кутмаса ҳам бўлади, деди у.

Европа Иттифоқи (ЕИ) Навалнийнинг таъқиб қилиниши учун масъул бўлган шахслар ва ташкилотларга қарши янги санкциялар жорий қилиши лозим, деб қўшимча қилди Атаева.

Санкциялар Европа Иттифоқи ташқи ишлар вазири Хосеп Боррелл Россия ташқи ишлар вазири Сергей Лавров билан учрашиб, ўзаро алоқаларни муҳокама қилганидан бир неча соат ўтгач, Москва Польша, Германия ва Швеция элчиларини мамлакатдан чиқариб юборганидан сўнг жорий қилиниши мумкин.

«Москвадаги айрим дипломатик ваколатхоналарнинг ноқонуний тартибсизлик фонидаги хатти-ҳаракатлари туфайли» уч нафар хорижий дипломат «исталмаган шахс» деб эълон қилинди, деб айтган Кремлнинг сўзчиси Дмитрий Песков душанба (8 феврал) куни журналистларга.

Боррелл бу қарорни «қатъий қоралар экан», аввалига Европанинг Россияга қарши янги санкциялар жорий қилиш нияти йўқлигини айтган.

Бироқ, Брюсселга қайтиб келганидан сўнг, у Россия Европа Иттифоқи билан конструктив мулоқотни рад этаётгани ва Европа бундан хулосалар чиқариши, жумладан, янги санкциялар жорий қилиши кераклиги ҳақида гапирган.

«Афтидан, Россия Европадан тобора узоқлашиб, демократик қадриятларга экзистенциал таҳдид сифатида қараяпти», деди у.

Навалнийнинг жиноий жавобгарликка тортилиши ва Россия Федерациясига қарши эҳтимолий янги санкциялар Марказий Осиё давлатлари учун салбий оқибатларга олиб келиши мумкин, дейди Хавфларни баҳолаш гуруҳи раҳбари, олмаоталик сиёсатшунос Досим Сатпаев.

Жумладан, Қозоғистон ҳам хавф остида, чунки уни Марказий Осиё республикаси учун фойдадан кўра кўпроқ зарар келтирадиган савдо блоки – Евросиё иқтисодий иттифоқи Россия билан боғлаб туради, деди Сатпаев.

Путин режимидан ҳафсаласи пир бўлганлар

Россияда давом этаётган намойишлар шуни кўрсатмоқдаки, норозилик ҳаракатининг ўзагини ташкил этувчи россияликларнинг янги авлоди ота-оналари кўз юмган коррупция ва авторитар режимга тоқат қилмайди.

Бу ўзгаришлар Марказий Осиёлик ёшлар сиёсий онгининг юксалишига хизмат қилади, деди Сатпаев.

Россияда ҳам, бошқа давлатларда бўлгани каби, илгари ҳеч қачон сиёсатга қизиқмаган ёшларни жалб қилган ҳолда TikTok ҳаракати тобора кучайиб бормоқда, деди у.

«Путиннинг қасри ва унинг коррупциявий кирдикорлари ҳақидаги видеолавҳа ёшлар ва ижтимоий тармоқларнинг ёш фойдаланувчилари орасида жуда оммалашиб кетди, улар ўз ватанларидаги сиёсий тизим ва унинг нуқсонлари ҳақида кўп нарсаларни билиб олдилар», деди Сатпаев.

Унинг сўзларига кўра, Навалнийнинг тергови сабаб кўплаб россияликларнинг кўзи очилиб, Путиннинг режимидан ҳафсаласи пир бўлган.

«Эҳтимол, келажакда россиялик ёшлар орасида мухолифатнинг янги лидерлари ва Путин ҳукуматининг танқидчилари пайдо бўлар», деди у.

Сўнгги йилларда қозоғистонлик ёшлар ҳам сиёсатга тобора кўпроқ қизиқиш билдириб, у билан фаол шуғулланмоқдалар, ҳукумат чораларига танқидий ёндошиб, долзарб ислоҳотлар юзасидан ўз ғояларини илгари сурмоқдалар, деди Сатпаев.

Мухолифатнинг янги авлоди

Навалний мухолифатнинг халққа яқинроқ ва оддий фуқаролар фикрини очиқ айтадиган янги, замонавий авлодини ифода этади, дейди инсон ҳуқуқлари ва қонун устуворлиги бўйича Қозоғистон халқаро бюроси таҳлилчиси, олмаоталик журналист Сергей Дуванов.

«Навалний жамоатчиликка тушунарсиз бўлган мураккаб сиёсий атамаларни ишлатмайди», деди у. «Оддий ва тушунарли тилда, одамлар ўзаро гаплашадиган нарсаларни сўзлайди. Шу боис ҳам мамлакат аҳолиси уни қўллаб-қувватламоқда.»

Марказий Осиёда нисбатан энг кучли сўз эркинлигига эга Қирғизистон ёшлари Россиядаги норозилик ҳаракатининг жадаллашувига некбинлик билан қарамоқда.

Ёшлар сиёсат уларнинг ҳаётига таъсир қилишини ва улар ҳам ўз навбатида сиёсатга таъсир қила олишини англаб етгани сайин Россияда норозилик намойишлари кучайиши мумкин, дейди Бишкекдаги Жусуп Баласагин номидаги Қирғизистон миллий университети талабаси, Чуй вилоятининг Қораболта шаҳрида яшовчи Нурмат Жанибаев.

«Биз сукут сақлайдиган бўлсак, авторитар ҳукумат ҳуқуқларимизни поймол қилишда, халқ мулкини ўғирлашда ва бу ҳақда очиқ гапирадиганларни таъқиб қилишда давом этади», деди у.

«Ёш авлоднинг ислоҳотларга интилиши кекса авлод вакиллариникидан кучлироқ», деди у. «Келажакда мамлакатда юз берадиган ўзгаришларга айнан биз таъсир қиламиз.»

Сизга мақола ёқдими?

Фикрлар 13

Сиёсат * Мажбурий 1500 / 1500

Мана, Россияда сиёсий инқироз ҳам бошланяпти. Попкорн ғамлаб олиш керак!

Жавоб бериш

Россия ўзгармайди; Путин кетса, ўрнига Тупин келади, шоҳни халқ тахтга кўтаради; қулларча фикрлашдан халос бўлиш мушкул.

Жавоб бериш

Россиянинг ортиқча мақталган барқарорлиги тўфон остида қоляпти.

Жавоб бериш

Россия аллақачон мурда бўлиб бўлмаганмиди??

Жавоб бериш

Путин ўз халқи томонидан улоқтирилмоқда.

Жавоб бериш

Фақат Путин эмас, Россиянинг ўзи ўлик, ўлимтик каби сасияпти.

Жавоб бериш

Қирғизистон фикр юритмоқда... Марказий Осиё мамлакатлари... Путин оғир вазиятда қолдими? Сенлар нима чакасанлар? Қандай намойишлар? Ўғрини ҳимоя қилишга етти мингта хароми кўчага чиқибди. Агар эсларингда бўлса, Россияда 150 миллион аҳоли яшайди, яна юзмингдан ортиқ руслар Буюк Россидан ташқарида яшайди. Агар керак бўлса куч идораларига ёрдам берамиз ва кетларига Молотов коктейлини тиқамиз... Бизнинг Владимир Владимировичимизга тил теккиза кўрма. «Ўйнашмагин арбоб билан, арбоб урар ҳар боп билан.» Ўз давлатларинг ичида муаммони ҳал қилиб олинг; сенларга ақл ўргатмаймиз, ватанимизда сенларнинг ҳам фиркларингга тупуриб қўйганмиз.

Жавоб бериш

Қанақа 7000? Москванинг ўзидаёқ камида 20-30 минг намойишчи бўлган. Чиқишларга ҳукумат рухсат ҳам бермаган эди. Агар қўйиб беришганларида кун исиганда миллионлаб одам кўчаларга чиққан бўларди. Путин сиёсий мурда.

Жавоб бериш

Россияда намойишлар сони кескин ошди ва улар борган сари аёвсиз тус олиб бормоқда. ОМОН ва полицияга қаршилик кўрсатиш ҳолатлари ҳам қайд этилган. Кейинги босқич – уларга молотов коктейлларининг ирғитилиши бўлади. Шундан сўнг куч ишлатар тузилмалар ўт очишга мажбур бўлади. Бу Путин ва унинг тўдасига қарши ижтимоий портлаш учун туртки бўлади.

Жавоб бериш

Бу муттаҳам, ўғри ва узурпаторнинг нимасини ҳурмат қиламиз?

Жавоб бериш

Россия Путин билан! Беҳуда уринишлар ва бемаъни гап-сўзлар. Яхшиси ўз муаммоларингизни билан шуғулланинг.

Жавоб бериш

Россиянинг қайси қисми? Бир оёғи гўрга кирган қисмими?

Жавоб бериш

2008 йил. «2020 йилга келиб, Россияликлар 2700 АҚШ доллари ойлик олишни бошлайдилар ва уч кишилик оилалар камида 100 квадрат метрли хонадонга эга бўлишади, аҳолининг ярмидан ортиғи ўрта синфга мансуб бўлади...» Путин Вазирлар маҳкамасига озиқ-овқат талонлари ҳақида ўйлаб кўришни таклиф қилди.

Жавоб бериш