Карвонсарой
Технология

Бир ҳафталик «ҳақиқий интернет» эркинлигидан кейин Пекин «Clubhouse» иловасини блоклади

Карвонсарой ва AFP

Пекин метросида мобил телефонлардан фойдаланаётган йўловчилар, 2020 йил, 19 декабр. [Ноэль Селис / AFP]

Пекин метросида мобил телефонлардан фойдаланаётган йўловчилар, 2020 йил, 19 декабр. [Ноэль Селис / AFP]

ПЕКИН – Континентал Хитойдаги ва бошқа хитойзабон фойдаланувчилар бир ҳафта давомида ноёб «ҳақиқий» интернетдан чекловсиз фойдаланиш имкониятига эга бўлдилар, аммо кейин цензурачилар бу имкониятни ҳам йўққа чиқарди.

Хитойнинг Шинжондаги мусулмонларга нисбатан зулми, Тянаньмэн майдонидаги намойишнинг бостирилиши ва тақиқдаги бошқа мавзуларга эксклюзив тарзда, фақат таклиф билан кириш мумкин бўлган «Clubhouse» аудиоиловасининг фильтрланмаган чатхоналарида умуман чеклов йўқ эди.

Бу илова одатда Хитойда Компартия томонидан бўғилган овозлар учун тақиқдаги сиёсий ва ижтимоий мавзуларни таҳлил қилишга камёб имконият тақдим этди.

Душанба (8 феврал) куни хавфсиз уланиш имкониятини берувчи VPNсиз интернетга кирган хитойлик фойдаланувчиларда хатолик ҳақидаги огоҳлантиришлар пайдо бўлган – давлат цензорлари бу муҳокамалардан хабар топишган.

Икки уйғур аёли Урумчидаги Катта бозор олдида қўриқчилик қилаётган Хитой ҳарбий полициячиси ёнидан ўтиб кетмоқда. Хитой тилида сўзлашувчи аҳоли «Clubhouse» иловаси орқали Хитойнинг «қайта тарбиялаш лагерларидаги» электрошокерлар, очлик билан қийнаш, калтаклаш, гуруҳ бўлиб зўрлаш ва мажбурий стерилизация каби даҳшатли қийноқлар ҳақида бир ҳафтача хабардор бўлиб турганлар. [Питер Паркс / AFP]

Икки уйғур аёли Урумчидаги Катта бозор олдида қўриқчилик қилаётган Хитой ҳарбий полициячиси ёнидан ўтиб кетмоқда. Хитой тилида сўзлашувчи аҳоли «Clubhouse» иловаси орқали Хитойнинг «қайта тарбиялаш лагерларидаги» электрошокерлар, очлик билан қийнаш, калтаклаш, гуруҳ бўлиб зўрлаш ва мажбурий стерилизация каби даҳшатли қийноқлар ҳақида бир ҳафтача хабардор бўлиб турганлар. [Питер Паркс / AFP]

«Clubhouse» иловаси фойдаланувчилари Тайван ҳақидаги муҳокамалардан ҳам хабардор бўлишган. Суратда: октябр ойида Тайпейда ҳонконглик фаолларни қўллаб-қувватлаб ўтказилган юриш сўнгида намойишчилар Хитой байроғини ёқишмоқда. [Крис Стоуэрс/AFP]

«Clubhouse» иловаси фойдаланувчилари Тайван ҳақидаги муҳокамалардан ҳам хабардор бўлишган. Суратда: октябр ойида Тайпейда ҳонконглик фаолларни қўллаб-қувватлаб ўтказилган юриш сўнгида намойишчилар Хитой байроғини ёқишмоқда. [Крис Стоуэрс/AFP]

«(Хитой президенти Си Цзиньпин бошқаруви остида) блоклаш эртами-кечми юз берган бўларди», дейди Гонконгдаги Хитой университети коммуникация профессори Локман Цуй.

2013 йилда Си президент бўлганидан бери интернетда эркин онлайн муҳокамалар кўлами «кескин қисқарган», деб қўшимча қилди Париждаги Кретей университетида Хитойдаги сиёсий иштирок ва вакиллик бўйича тадқиқот олиб борувчи доцент Эмили Френкиел.

Аммо унинг сўзларига кўра, тайванликлар сингари бошқа хитойзабонлар билан нозик мавзуларда очиқ суҳбат ўтказиш имконияти «жуда хавфли бўлса ҳам камдан-кам ҳолларда учраб туради ва кўпчилик бу имкониятни қўлдан бой беришни истамайди».

Мусулмонларнинг таҳқирланиши ҳақидаги очиқ муҳокамалар

Пекиндаги технологик стартаплардан бирининг муҳаррири, 30 яшар Алекс Су «Clubhouse» иловасида ўтказган қисқа вақт давомида уйғур мусулмонларининг Шинжондаги таҳқирланишига оид воқеалардан жуда таъсирланган.

«Одатда Хитойнинг материк қисмида бу каби маълумотларга кириш имкони йўқ», деб айтган у New York Times билан телефон орқали суҳбатида.

Ўтган ҳафтанинг шанба куни «Clubhouse» иловасида Хитойнинг Шинжон ҳудудида уйғурлар ва бошқа туркийзабон мусулмонларнинг оммавий ҳибсга олинишига бағишланган чатхонада мингдан ортиқ фойдаланувчилар тўпланган.

Ҳуқуқбон ташкилотларга кўра, Шинжондаги лагерларда камида бир миллион киши сақланади, аммо Пекин уларни экстремизм таъсирини камайтиришга қаратилган таълим марказлари деб иддао қилмоқда.

Хитойнинг «қайта тарбиялаш лагерларидаги» электрошокерлар, очлик билан қийнаш, калтаклаш, гуруҳ бўлиб зўрлаш ва мажбурий стерилизация каби даҳшатли қийноқларнинг фош этилиши халқаро ҳамжамиятнинг Хитойдаги инсон ҳуқуқлари бузилишига оид хавотирларини кучайтирган.

«Clubhouse» иловаси чатхоналарининг бирида хитойлик эркак Шинжонда мусулмонлар учун «концентрация лагерлари» ташкил этилгани ҳақидаги хабарларга ишонқирамаётганини айтган.

Бунга жавобан Винира Абдуғани исмли уйғур аёл уларнинг мавжудлигига шубҳа қилмаслигини ва маҳбуслар орасида унинг қариндошлари ҳам борлигини айтган.

Кейинроқ у ўз ватани Шинжонда содир бўлаётган ҳуқуқбузарликлар тўғрисида ҳали ҳам шубҳада бўлган хитойлик ватандошлари билан юзма-юз келганидан мамнун бўлганини айтган.

«Ўз умидсизлигимни ифодалаш учун турли йўлларни изладим», деб айтган ҳозирда Токиода яшаётган аёл New York Times билан телефон суҳбатида. «Гапириб олишга имконим бор экан, ундан фойдаланиб қолишим керак, чунки жим юрадиган одам бўлишни ҳохламайман.»

«Clubhouse» чатларида камида уч киши уйғур миллатидан эканлигини айтиб, ўз ҳикоясини сўзлаб берган, яна бир неча бошқа одам Шинжонда яшаган хитойлик ханлардан эканини очиқлаган.

Яна бир аёл чет элда яшаб, Шинжон ҳақида кўпроқ маълумот олганидан кейин унинг фикри ўзгарганини айтиб ўтган.

«Мен улкан ёлғон ичида яшаган эканман», деб айтди у.

«Ҳақиқий интернетдан» фойдаланиш имконияти

Хитойда блокланган бир қатор хорижий ижтимоий тармоқлар, жумладан Tвиттерда ҳам хитой тилидаги муҳокамалар дам олиш кунлари омма эътиборини жалб қилган.

«Ҳозиргина «Clubhouse» иловасида континентал хитойлик қиз: илк марта ҳақиқий интернетга киришим, деб айтди» деб ёзган муҳокамани тинглаган журналист Изабел Ниу якшанба куни ўзининг Twitter саҳифасида.

Душанба куни икки мингдан ортиқ фойдаланувчи 1989 йили Тянаньмэн майдонидаги намойишларнинг қонли босқини ҳақидаги яна бир чатхонада тўпланишган. Бу мавзу ҳам Хитой учун табу ҳисобланади.

Фойдаланувчиларидан бири муҳит фуқаролар ва ҳукуматни назарда тутиб, «икки томон учун ҳам хавфли» бўлганини айтган бўлса, яна бири ҳаракатда иштирок этган талабаларнинг «онглари осон заҳарланганини» даъво қилишга кеч эканини таъкидлаган.

Хитойга алоқадор мавзулар муҳокамасида Ҳонконг ва тайванликлар ҳам иштирок этишган ёки модераторлик қилишган.

«Мен «Clubhouse» иловасининг тайванликлар олиб бораётган чатхонасидаман, у ерда тўрт минг нафар мандарин тилида сўзлашувчилар, жумладан ХИТОЙДАГИ ва ундан ташқаридаги уйғурлар, хитойлик ханлар ҳамма нарса ҳақида гапиришаяпти», деб ёзган Берлиндан Мелисса Чан ўзининг Twitter саҳифасида.

«Кузатувдан тортиб, қайта таълим лагерларидан қочган қариндошларидан то оддий масалаларгача.»

«Бу «Clubhouse» чатхоналарида бўлиш қандай эканлигини тасвирлаб бера олмайман, деб ёзган у 5 феврал куни. «Улар қисман иқрорхоналардек туюлади, одамларда эса ҳамдардлик, ўз фикрини ифода этишга интилиш ҳисси, Партия ёки демократия ҳақида иккиланиш бор.»

Бу мамлакат «Буюк Файрволининг» одатий чекловларисиз амалга ошган бир лаҳзали трансчегаравий суҳбат эди.

Цензура ва қатъий чоралар муқаррар

Душанба кечга бориб, хитой тилидаги чатхоналар илованинг блокланишини муҳокама қилишга ўтган.

«Кўп чатхоналарда бўғоз муаммолари ва нозик масалалар муҳокама қилинганига гувоҳ бўлар эканман, бу узоққа чўзилмаса керак деб ўйладим», дейди хитойлик фойдаланувчилардан бири илова блокланганидан кейин Тайван билан боғлиқ оғриқли муаммони назарда тутиб.

Яна бир киши «блокланишдан кейин платформадан фойдаланганларнинг рўйхатини тузиш бошланади», дея хавотирга тушган.

«Эртами-кечми блокланиши турган гап эди», деб айтган технологик стартап муҳаррири Су.

Тақиқ юзасидан сўроққа тутилган Хитой ташқи ишлар вазири тафсилотлардан бохабар эмаслигини айтиб, «Хитой интернети очиқ экани ва Хитой ҳукумати уни қонун-қоидалар асосида бошқаришини» қўшимча қилган.

Хитой савдо-сотиқ сайтларида 10 юандан 100 юангача (1,5-15 АҚШ доллари) сотилган «Clubhouse инвайтлари» қидируви айни дамда натижа бермаяпти. Илованинг блокланишидан аввал битта код учун нарх 300 юангача (46 АҚШ доллари) кўтарилган, деб хабар беради New York Times нашри.

Блокланганидан бери иловага қайтган хитойлик суҳбатдошлар «Буюк Файрволни» четлаб ўтишни муҳокама қилишган, Компартияни истеҳзо билан мақтаётган чатхона суҳбатлар эса намойишкорона тарзда давом эттирилмоқда.

Аммо муҳокама учун очилган майдон учқун олса-да, алангаланмагани кенг норозиликка сабаб бўлди.

«Бу ерга сўз эркинлиги борлиги учун келган эдим», деб айтган фойдаланувчилардан бири.

Сизга мақола ёқдими?

Фикрлар 0

Сиёсат * Мажбурий 1500 / 1500