Карвонсарой
Хавфсизлик

Тожикистонда Марказий Осиё ва афғонистонлик қутқарувчилар учун ўқув маркази ташкил этилади

Неъматулло Мирсаидов

Афғонистон шимоли-шарқида жойлашган тоғли Бадахшон вилоятидаги қор остида қолган қишлоққа саф тортиб келаётган қутқарувчилар. 2012 йилда бу ерда кучли қор ёғиши ва кўчкилар туфайли ўнлаб одам ҳалок бўлган эди. [AFP]

ДУШАНБЕ – Тожикистонда барпо этилаётган янги ўқув маркази бутун минтақадаги қутқарувчилар малакасини ошириш ва такомиллаштириш ҳамда табиий офатларга қарши курашда Марказий Осиё давлатлари, жумладан Афғонистонга ўз саъй-ҳаракатларини мувофиқлаштиришга хизмат қилиши кутилмоқда.

Тожикистон Фавқулодда вазиятлар ва фуқаролик мудофааси қўмитаси (ФВФМҚ) маълумотларига кўра, мазкур иншоот Шаҳринав тумани (Ҳисор водийси), Қоратоғ аҳоли пункти яқинидаги собиқ ҳарбий қисм ўрнида жойлашади.

Қўмита мавжуд объектларни қайта таъмирлаш ва зарурат бўлса қўшимча бинолар барпо этишни режалаштирмоқда.

«Биз лойиҳа бўйича ҳамкорларимиз кўмагида 2022 йилгача бинони модернизация қилишни якунлаймиз», деди ФВФМҚ раҳбари Рустам Назарзода 19 январ куни лойиҳанинг очилиш маросимида. «Ушбу ўқув маркази Марказий Осиёда табиий офат таҳдиди оқибатларини бартараф этиш бўйича тренинглар ўтказувчи ягона муассасадир.»

19 январ куни Тожикистоннинг Шаҳринав туманидаги Қоратоғ аҳоли пунктида жойлашадиган қутқарувчиларни тайёрлаш марказида қурилиш ва таъмирлаш ишларининг бошланишига бағишланган тантанали маросимда турли мамлакатлар элчилари иштирок этди. [Тожикистон Фавқулодда вазиятлар ва фуқаролик мудофааси қўмитаси]

Душанбедаги ЕХҲТ дастурлари идораси раҳбари Валериу Кивер 19 январ куни бўлиб ўтган очилиш маросимида Тожикистоннинг Шаҳринав туманида жойлашган Қоратоғ аҳоли пунктидаги ўқув марказида ҳамкорлар томонидан бажарилажак ишлар ҳақида сўзлаб берди. [Тожикистон Фавқулодда вазиятлар ва фуқаролик мудофааси қўмитаси]

Тожикистон, Афғонистон ва Марказий Осиёнинг бошқа мамлакатларидан келган қутқарувчиларни тайёрлаш марказини қуриш ва реконструкция қилиш режаси акс этган стенд, 19 январ, Тожикистон, Шаҳринав тумани, Қоратоғ аҳоли пункти. [Тожикистон Фавқулодда вазиятлар ва фуқаролик мудофааси қўмитаси]

Европа Иттифоқи (ЕИ) томонидан молиялаштирилаётган лойиҳа Европада хавфсизлик ва ҳамкорлик ташкилоти (ЕХҲТ) ҳамда ФВФМҚ билан ҳамкорликда амалга оширмоқда.

Бу лойиҳа «Тожикистон ҳукуматининг ЕИ ва ЕХҲТ билан мамлакат фуқаролик мудофааси салоҳиятини ва Афғонистон билан чегарадаги ҳамкорликни кучайтиришга оид янги ва ўзига хос ҳамкорлигини ифодалайди», деди Европа Иттифоқининг Тожикистондаги элчиси Мерилин Жозефсон очилиш маросимида.

«Европа Иттифоқининг умид қилишича, лойиҳанинг биринчи босқичи бу соҳадаги ҳамкорликни янада кучайтириб, Тожикистон ҳукуматининг ЕИ ва унга аъзо давлатлар билан биргаликда табиий офатлар хавфини камайтириш бўйича бошқарувидаги иштирокини кенгайтиради», деб қўшимча қилди у.

Мукаммал жойлашув

Собиқ ҳарбий қисмга қарашли ҳудуддан ташқари, қутқарувчиларни тайёрлаш бўйича махсус машғулотлар ўтказиш учун ишлатиладиган ҳарбий полигон ва тоғ этакларидаги ер участкалари ҳам ФВФМҚ ихтиёрига берилади. Бу ҳақда Карвонсаройга Шаҳринав тумани ҳокимлиги маълум қилган.

28 гектар майдонни эгаллаган миллий ўқув маркази ошхона ва ётоқхоналар, малака оширувчиларга минтақа мамлакатларига хос шароитларда зарур кўникмаларни ўргатиладиган биноларни ҳам ўз ичига олади.

Ҳисор тоғ тизмалари этаклари – тожикистонлик ва афғонистонлик қутқарувчиларга тоғ шароитида зарурий кўникмаларни машқ қилиш учун энг яхши жойдир, дейди Шаҳринав тумани ҳокими Жаббор Носирзода.

Ўқув марказининг ўзида машғулотлар учун яратилажак махсус шароитлардан ташқари, «қутқарувчилар ўз малакаларини ошириш учун соф табиий шароитлардан фойдаланишлари мумкин», деди у.

«Тоғли ҳудудларда қутқарувчилар кўпинча селлар, ер ва қор кўчкилари, тошларнинг кўчиши, қояларга чиқиш, кечувдан ўтиш каби тўсиқларга дуч келишади», деб қўшимча қилди у.

Лойиҳа босқичлари

Биринчи босқичда ётоқхона ва ошхона таъмирланганидан сўнг, марказ талабаларни қабул қила бошлайди ва қутқарувчиларни тайёрлаш дастурини давом эттиради, деб хабар беради ЕХҲТ.

Иккинчи босқичда қутқарувчилар малакасини ошириш учун зарур бўлган спорт иншоотлари, тўсиқлар чизиғи, қояга кўтарилиш деворлари ва бошқаларни барпо этиш кўзда тутилган.

Шундан сўнг Марказий Осиё ҳамкорлиги доирасида мутахассисларни тайёрлаш дастури бошланади.

«Бир неча йил аввал ўтказилган баҳолаш ишлари минтақавий бўлинмалар қутқарувчиларини мунтазам равишда ўқитишга эҳтиёж борлигини кўрсатди, зеро улар бугунги кунда жуда кам тажриба орттирмоқда», дейди Душанбедаги ЕХҲТ дастурлари идораси раҳбари Валериу Чивер.

«Мақсадимиз – қутқарувчилар малакасини оширишга кўмаклашиш, натижада улар табиий офатлар қурбонларига янада самаралироқ ёрдам бериш қодир бўладилар», деди у.

Ўқув маркази Марказий Осиёнинг бошқа мамлакатлари ва Афғонистондан келган қутқарувчилар учун ихтисослашган тренинглар ташкил қилиши мумкин, деди у.

«Бу каби халқаро даражадаги иштирокчилар учун ўтказиладиган тренинглар Тожикистонга қўшни давлатларнинг табиий офатларга қарши кураш салоҳиятини оширибгина қолмай, хавфсизлик бўйича минтақавий ҳамкорликни ривожлантиришга ҳам ёрдам беради, бу эса ЕХҲТнинг асосий мақсадларидан бири», дейди у.

Ҳамжиҳатликдаги чоралар зарур

Қутқарувчилар учун ўқув марказининг ишга туширилиши Тожикистон ва Афғонистон учун бирдек аҳамиятли, деди Афғонистоннинг Тожикистондаги элчиси Муҳаммад Зоҳир Агбар Карвонсарой билан суҳбатда.

Бу икки мамлакат 1360 км узунликдаги чегарага ва бир-бирига ўхшаш ландшафтга эга, деди у.

«Табиий офатлар чегара билмайди. Чегара туманларидаги зилзилалар, кўчкилар, тошқинлар ва ҳашаротлар босқини ҳар икки томонга ҳам катта талафот етказиши мумкин», деди Агбар.

«Шу боис бундай зарарларни минималлаштириш жуда муҳим. Ҳозир ўз вақтида кўриладиган чоралар, мувофиқлаштирилган ҳаракатлар ва тайёргарликдан ўтган қутқарувчиларга муҳтожмиз».

«Тожикистон Миллий ўқув марказида машғулот ўтказиш учун шароитлар яратиш Марказий Осиё мамлакатлари ва Афғонистон ўртасида доимий тажриба алмашиш, ўзаро саъй-ҳаракатларни мувофиқлаштириш ва табиий офат оқибатларини бартараф этишда кучларини бирлаштириш учун йўл очади», деди у.

Сизга мақола ёқдими?

Фикрлар 0

Сиёсат * Мажбурий 1500 / 1500