НУР-СУЛТОН – Қозоғистон ҳукумати илгари «Ислом давлати» (ИД) назоратида бўлган ҳудудлардан қозоқ фуқароларини қайтариш бўйича навбатдаги «Жусан-5» (Аччиқ шувоқ-5) инсонпарварлик операцияси муваффақиятли якунланганини эълон қилди.
Қозоғистон Миллий хавфсизлик қўмитаси (КНБ) томонидан мамлакат Ташқи ишлар вазирлиги ҳамда АҚШ ва бошқа халқаро шериклар кўмагида ўтказилган операцияда Суриядан бир гуруҳ қозоғистонлик фуқаролар ўз ватанига олиб келинди, деб хабар беради ТИВ 4 феврал куни.
«Жусан» операцияси 2019 йил бошидан буён тўрт маротаба амалга оширилган.
5 феврал куни мамалакат ташқи ишлар вазири Мухтор Тлеуберди АҚШнинг Қозоғистондаги элчиси Уилям Мозер билан онлайн учрашув ўтказди.
Вазир «Жусан» инсонпарварлик операцияси доирасида Қозоғистон фуқароларининг Суриядан қайтарилиши ва келгусидаги реабилитациясига кўмаклашгани учун АҚШ томонига миннатдорчилик билдирди, дейилади ТИВ баёнотида.
«Томонлар Қозоғистон ва АҚШ ўртасидаги кенгайтирилган стратегик шерикликка доир кўплаб масалаларни муҳокама қилдилар, шунингдек, икки давлат ўртасида дипломатик муносабатлар ўрнатилганининг 30 йиллигини нишонлаш юзасидан биргаликда ўтказиладиган тадбирларни келишиб олдилар», дейилади хабарда.
«Биз уларни ўзга юртда қолдирмадик»
Жами 12 киши – тўрт эркак, бир аёл ва етти нафар ёш бола (улардан иккитаси етим қолган) ўз ватанига қайтарилган.
Етим болалар энг яқин қариндошларининг қарамоғига топширилади ва ҳукумат уларга барча зарурий ёрдамни тақдим этади, дейилади ТИВ хабарида.
Аёллар ва болалар реабилитация ва жамиятга қайта мослаш дастурларига жалб этилади.
Қозоғистон миллий қонунчиликка ва халқаро мажбуриятларга риоя қилган ҳолда террорчилик фаолиятида иштирок этган ҳар қандай шахсни жавобгарликка тортади, деб хабар беради вазирлик.
КНБ ўзининг YouTube каналига муваффақиятли якунланган операция ҳақида қисқа видеолавҳа жойлаган бўлиб, унда қозоғистонликларнинг ватанига қайтиши, шифокорлар кўригидан ўтаётгани ва болалар билан ишлаётган психологлар акс этган.
Видеолавҳадан таъсирланган қозоғистонлик томошабинлар «бечора болалар», «уларни бегона юртларда қолдирмадик», «давлатимизга чексиз миннатдорчилик билдирамиз», «Уларнинг ватанга қайтариб яхши қилибсизлар» каби фикр-мулоҳазалар қолдиришган.
Одамларнинг одатий ҳаётга қайтишига кўмаклашиш
Қозоғистон 2019 йилда бир нечта «Жусан» операциясини амалга оширди, уларда 600 га яқин қозоғистонлик, жумладан 400 нафар ёш бола Сурия ва Ироқдан ватанига олиб келинган.
Қозоғистонлик ёш болаларнинг ватанига қайтарилиши ва уларнинг жамиятга қайта интеграция қилиниши юзасидан олиб борилган чора-тадбирлар халқаро ҳамжамият ва Қизил хоч жамияти томонидан юқори баҳоланди.
Ватанига қайтган айрим аёллар ва болалар Сурияда бошидан кечирган даҳшатли воқеаларни сўзлаб берганлар.
Ҳукумат 2020 йил феврал ойида «Жусан» операцияси якунланганини эълон қилган бўлса-да, қозоқ жангарилари ва уларнинг оилаларини ватанга қайтариш ишлари жорий йилда ҳам давом эттирилмоқда.
«Суриядаги фуқароларимизнинг қайтарилишига қаршилик қилганлар ҳам, уни ёқлаганлар ҳам бўлди, аммо одамларнинг аксари бу ишларни қўллаб-қувватлайди», дейди Нур-Султонлик Нагима Жумадилова.
«Бу болаларнинг айби йўқ, аёллар эса мутаассиб эрларининг таъсирида бўлишган», деди у.
Нур-Султонлик сиёсий таҳлилчи Болатбек Исаевнинг айтишича, ҳар сафар бошқа мамлакатдаги ҳамкасблар билан суҳбат чоғида улар доим Қозоғистоннинг Сурия ва Ироқдан ўз фуқароларини қайтарганини маъқуллайдилар.
«Қозоғистон ҳукумати ва Қўшма Штатларнинг ёрдами туфайли ватандошларимиз ўз уйларига қайтдилар», деди у.
«Террорчилар албатта суд қилинади, аёллар ва ёш болалар эса тинч турмуш тарзига қайтарилади», деди у. «Бу давлатимиз томонидан амалга оширилган инсонпарварлик ҳаракати ва фуқароларимиз нисбатан кўрсатилган ғамхўрлик белгисидир.»
«Бу аёллар ва ёш болаларни тинч ҳаётга қайтариш учун пухта амалга оширилган операция ва яхши ташкиллаштирилган чора», дея қўшимча қилди Исаев.
Қозоғистонлик мутахассисларнинг чоралари энг майда деталларгача жуда пухта ўйланган, деди у.
«Психологлар аёллар ва ёш болалар билан ишламоқда, шифокорлар эса қайтганларнинг барчасини кўрикдан ўтказмоқда», деди у. «Ҳуқуқни муҳофаза қилиш идоралари ўз вазифаларини бажармоқда. Реабилитация маркази, келажакда болаларни боғча ва мактабга жойлаштириш, бошқа ҳар тарафлама кўмак – буларнинг бари бу одамларнинг нормал ҳаётга қайтишига ёрдам беради.»