Карвонсарой
Инсон ҳуқуқлари

Муслима аёллар Хитойнинг Шинжондаги тизимли зўрлаш амалиётлари ҳақида сўзладилар

Карвонсарой

image

Икки уйғур аёли Шинжоннинг Урумчи шаҳридаги Катта бозор олдида қўриқчилик қилаётган Хитой ҳарбий полициячиси ёнидан ўтиб кетмоқда. [Питер Паркс / AFP]

Собиқ маҳбуслар ва қўриқчилардан бирининг BBCга маълум қилишича, Хитойнинг Шинжондаги «қайта тарбиялаш» лагерларида муслима аёллар мунтазам равишда зўрланиб, қийноқлар ва жинсий зулмлар остида қолишган.

Гувоҳларнинг кўрсатмаларига асосланган узоқ муддатли терговнинг мудҳиш тафсилотлари халқаро ҳамжамиятни ларзага солди, шусиз ҳам Хитой режимининг Шинжондаги инсон ҳуқуқларини поймол қилиши устувор муаммога айланиб бўлган эди.

Гувоҳлар ва собиқ маҳбуслар электр токи, жумладан электрошокерлар билан зўрлаш, очлик билан қийнаш, калтаклаш, гуруҳ бўлиб зўрлаш ва мажбурий стерилизация каби қийноқларни тасвирлаб беришган.

«Ҳаммани руҳан синдиришга қаратилган» қийноқлар

42 яшар Турсуной Зиёвуддин илк марта 2016 йили бир ойга, кейинроқ 2018 йили – жами тўққиз ой Хитой лагерларида бўлган.

image

Хитойнинг Шинжон вилояти Хотан округи чекккасидага уйғурлар қабристонига келган аёл, 2020 йил, 31 май. [Грег Бейкер/AFP]

image

Кузатув камералари остидан ўтиб кетаётган мактаб ўқувчилари, Хитойнинг Шинжон вилояти Ақтов округи, 2019 йил, 4 июн. [Грег Бейкер/AFP]

image

Хитойнинг Шинжон вилоятида асосан мусулмон этник озчиликлар ҳибсда сақланадиган қайта тарбиялаш лагери деб гумон қилинган объект, 2019 йилнинг 4 июн куни олинган сурат. [Грег Бейкер/AFP]

Турсуной лагердаги илк муддати анча енгил кечганини айтади. Бир ой ўтиб, ошқозони яллиғлангани сабабли уни қўйиб юборишган.

Унинг қозоқ миллатига мансуб эри ҳам ҳибсда бўлган ва озод қилинганидан кейин Қозоғистонга ишлашга кетган, аммо Турсунойнинг паспортини олиб қолишган ва у Шинжонда қолиб кетган.

Икки йилдан сўнг Турсуной Зиёвуддинни маҳаллий полиция идорасига чақиртириб, яна «қайта тарбияланиши» кераклиги айтишган.

Унинг сўзларига кўра, миршаблар маҳбусларнинг сочларини калта қилиб кесиб ташлаб, камераларида ташвиқот дастурларини томоша қилишга мажбурлаганлар.

Якунда улар тушунарсиз тиббий кўриклардан ўтишган, уларга таблеткалар берилиб, ҳар 15 кунда мажбуран укол қилишган, бу эмлашлардан кейин кўнгиллари озиб, таналари увишган. Бачадонларига мажбуран спирал қўйишган ва стерилизация қилишган.

Турсуной кечалари юз берган даҳшатли воқеаларни ёдга олади.

«Ҳар кеча» ниқоб таққан олган хитойлик эркаклар камераларга келиб, ўзларига керак аёлларни танлаб олишган ва кузатув камералари бўлмаган «қора хонага» олиб кетишган, дейди у.

Турсунойнинг сўзларига кўра, олиб кетилган айрим аёллар қайтиб келишмаган. Қайтганлар эса қаттиқ қўрқитилгани учун нима бўлганини ҳеч кимга айтишмаган.

«Нима бўлганини ҳеч кимга айта олмайсан: индамай ётасан холос», деди у. «Улар ҳаммани руҳан синдириш мақсадида шундай қилишган.»

Турсунойни ҳам тунда бир неча маротаба олиб кетишган.

«Улар зўрлашнинг ўзи билан чекланмайди, таналаринингни тишлаб ташлашади. Одамми ёки ҳайвонми билмайсан», деди у воқеаларни изтироб билан ёдга олиб. «Танангда соғ жой қолмайди.»

«Уч марта шундай бўлди», дейди Турсуной. «Қийнаётган битта одам эмас, битта ваҳший эмас. Ҳар сафар икки ёки уч киши бўлган.»

18 ой ҳибсда сақланган шинжонлик қозоқ аёли Гулзира Аулхан уйғур аёлларини ечинтиришга ва қўлларини кишанлашга мажбур бўлган, шундай сўнг бу аёллар хитойлик эркаклар билан қолишган. Ҳамма иш тугаганидан кейин у хоналарни тозалаган.

«Менинг вазифам аёлларни белигача ечинтириш ва қўлларини қимирлай олмайдиган қилиб кишанлаш эди», деб айтган у BBCга боши орқасига қўлларини қўйганча ишора қилиб.

«Кейин аёлларни хонада қолдирар эдим, ташқаридан бирор хитойлик эркак ёки миршаб кирар эди», дейди Аулхан. «Эшик ортида индамай ўтирар, эркак хонадан чиққанидан кейин, аёлни ювинтиришга олиб кетар эдим.»

Унинг сўзларига кўра, хитойлик эркаклар «ёш ва чиройли маҳбус аёлларни танлаш учун пул тўлашган».

У бунга қаршилик қилишга ёки тўхтатишга ожиз эди.

«Дод-фарёдлар бутун бинога эшитилиб турар эди»

Турсуной Зиёвуддиннинг айтишича, маҳбуслар соатлаб хитойча қўшиқлар куйлашган ва Хитой президенти Си Цзинпин ҳақида ватанпарварлик руҳидаги теледастурларни томоша қилишган.

«У ерда лагердан ташқаридаги ҳаёт ҳақида ўйлашни унутасиз», деди у. «Улар онгимизни заҳарлашдими ёки қилган уколлари, берган дориларининг таъсирими, аммо қорнимиз тўйишидан бошқасини ўйламай қўярдик. Очлик одамни қийнаб қўяр эди.»

Собиқ қўриқчининг айтишича, лагер ходимлари Си ҳақидаги китоблардан парчалар ёдлаб беролмаганларни очлик билан қийнар эдилар.

«Маҳбусларни турли йўллар билан қийноққа солишган», деб айтган у BBC билан Хитой ташқарисидан туриб қилган видеомулоқотида.

Унинг тасдиқлашича, лагер қўриқчилари турли айбларга иқрор қилдириш учун маҳбусларга қарши «электрошокерларни» ишга солишган.

«Бу иқрорлар хотирамга муҳрланган», дейди у.

Қалбинур Содиқ исмли шинжонлик ўзбек аёли – маҳбусларга дарс ўтишга мажбурланган хитой тили ўқитувчиларидан бири.

«Электрошокерлар тўрт хил эди: стул, қўлқоплар, шлем ва анал зўрлаш учун мўлжалланган таёқ», деб айтган Уйғур инсон ҳуқуқлари лойиҳасига кўрсатма берган Содиқ.

«Қичқириқлар бутун бино бўйлаб эшитилар эди», деб айтган у. «Тушлик вақтида ва баъзида дарс ўтаётганимда қулоғимга чалиниб қоларди.»

«Зўрлашлар одатий ҳол эди», дейди лагерда дарс ўтишга мажбур бўлган яна бир ўқитувчи Сайрагул Саутбай.

У юзтача маҳбуснинг иқрор қилдириш уларнинг кўз ўнгида ёш аёлни гуруҳ бўлиб зўрлашганига гувоҳ бўлганини тасвирлаб берган.

«Шундан сўнг, миршаблар уни ҳамманинг кўз олдида навбатма-навбат зўрладилар», деди Саутбай BBC билан суҳбатда.

«Улар бу синов давомида ҳаммани синчиклаб кузатиб, қаршилик қилганларни, муштини сиққанларни, кўзини юмган ёки бошқа ерга қараганларни ажратиб олиб, қийнагани олиб кетишган.»

«Очиқдан-очиқ ваҳшийликлар»

Гувоҳларнинг сўнгги кўрсатмалари Қўшма Штатлар ва Британия расмийларининг жиддий эътирозига сабаб бўлди. Бу мамлакатлар ҳукуматлари Хитой режимининг Шинжондаги чораларини омматан қоралаган.

Пекиннинг хатти-ҳаракатлари «геноцид» билан баробар, деб баёнот берган эди ўтган ой АҚШ ҳукумати.

«Инсоннинг онг-шуурини ларзага келтирувчи бу ваҳшийликларга қарши жиддий чоралар кўрилиши керак», деб айтган АҚШ Давлат департаменти сўзчиси пайшанба (4 феврал) куни.

BBC репортажи «очиқдан-очиқ ваҳшийликларни» фош этган, дейди Британиянинг Осиё бўйича вазири Найджел Адамс.

«Бу ҳуқуқбузарликлар кўлами ва жиддияти кенг қамровли бўлиб, улар ўта даҳшатли манзарани акс эттиради», деб айтган у пайшанба кунги парламентга мурожаатида.

Репортаж Хитой режимига нисбатан инсон ҳуқуқлари бўйича БМТ инспекторларининг Шинжонга киришига изн бериши ҳақидаги чақириқларга сабаб бўлди.

Бир миллиондан ортиқ уйғурлар, қозоқ ва қирғизлар каби бошқа туркийзабон мусулмонлар «даҳшатли ва тизимли қийноқлар» рўй берадиган Шинжондаги лагерларга жойлаштирилган, дейди ҳуқуқбон ташкилотлар.

Даставвал лагерларнинг мавжудлигини рад этган Пекин ҳозирда уларни террорчиликка барҳам бериш ва бандлик даражасини яхшилашга қаратилган «касб-ҳунар таълими марказлари» дея оқламоқда.

BuzzFeed News нашрининг август ойида ўтказган текшируви асносида Шинжон минтақасида қамоқхона ёки ҳибсхонага хос белгиларга эга юзлаб бинолар аниқланган бўлиб, уларнинг аксарияти сўнгги уч йил ичида барпо этилган.

Декабр ойидаги яна бир терговга кўра, коммунистик давлат Шинжонда 100 дан ортиқ янги ҳибсхоналар қургани маълум бўлган.

Хитойнинг уйғурларга нисбатан сиёсати «энг юқори доираларга бориб тақалади»

Хитой ташқи ишлар вазири BBC нашри олиб борган суриштирувни «сохта» деб атаб, аёлларнинг мажбурий бичилишига оид айбловларини «умуман асоссиз» дея рад этган.

«Хитой ҳукумати барча этник озчиликларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини тенг даражада ҳимоя қилади», деб айтган Хитой ҳукумати вакили ўз баёнотида. У ҳукуматнинг «аёллар ҳуқуқларини ҳимоялашга катта аҳамият беришини» таъкидлаган.

Мустақил терговга кўра, Шинжон вилоятидаги туғилиш даражаси ўтган бир неча йил ичида кескин пасайиб кетган. Таҳлилчилар буни «демографик қатлиом» деб таърифламоқда.

Хитой дипломатлари эса буни бошқача изоҳлайдилар.

«Шинжондаги уйғур аёллари ҳурфикрликка эришдилар, гендер тенглиги ва репродуктив саломатлик тарғиботи билан улар «бола ишлаб чиқарадиган машина» мақомидан халос бўлдилар», деб ёзган эди АҚШдаги Хитой элчихонаси ўзининг Twitter саҳифасида 7 январ куни Шинжон тараққиёт тадқиқот марказининг чоп этилмаган мақоласидан иқтибос келтириб.

Хитойнинг уйғурларга нисбатан олиб бораётган сиёсати «энг юқорига бориб тақалади», дейди Қиролликнинг Бирлашган хизматлар институти катта доценти, Хитойда хизмат қилган собиқ дипломат Чарлз Партон.

«Бу Си Цзинпиннинг сиёсати эканига ҳеч қандай шубҳа йўқ», деб айтган у BBC нашрига.

Си ёки бошқа юқори мансабдаги расмийлар зўрлашлар ва қийноқларга бош-қош бўлгани ёки уларга рухсат бергани эҳтимолдан йироқ бўлса-да, уларнинг «бундан хабардор» эканлиги аниқ, деб айтган Партон.

«Юқоридагилар буни кўрмаганга олишни маъқул кўради деб ўйлайман», дейди у. «Бу сиёсатни ўта қаттиққўллик билан олиб бориш ҳақида буйруқ берилган ва шундай қилиняпти ҳам.»

Сизга мақола ёқдими?

Фикрлар 5

Сиёсат * Мажбурий 1500 / 1500

Ё, Аллоҳ гуноҳкор бандаларингни ўзинг кечир; қайси диннинг худоси сифатидалигининг фарқи йўқ. Аммо бандаларингни азоблаётганларнинг гуноҳларини кечир, тавба қилишларига имкон бер, кўзларини оч. Амийн.

Жавоб бериш

Аллоҳ туркий халқларга зулм ва душманчилик қилаётганларнинг жазосини берсин. Улар туркий халқлардан қўрқади, шунинг учун бизни бирин-кетин йўқ қилишга уринмоқда. Аллоҳ буюк ва ҳамма нарсага қодир зот. У ҳақиқий бандаларини ҳимоя қилади. Ҳуқуқбонларга, адолатпарвар журналистларга ҳақиқатни очиб бергани ва хитойликларнинг асл қиёфасини фош этгани учун ташаккурлар бўлсин. Буларнинг бари ҳақиқатни очиқ-ойдин айтишдан қўрқмаган ҳақиқий қаҳрамонлар туфайлидир. Барчангизга тинчлик ва эзгулик тилайман! Мен биродарларим учун дуодаман ва золимларни ёлғиз Аллоҳнинг ҳукмига топшираман.

Жавоб бериш

Хитойлар одам эмас, катта ўчоқда ёқилиши керак. Одам боласини ҳам еб юборишлари мумкин.

Жавоб бериш

Ўзи хитойдан маҳсулот ҳам товар ҳам олмаслик керак. Шундагина ўпкаси босилади.

Жавоб бериш

Шу сабаб Туркийзабон мамлакатларнинг Турон иттифоқи зарур.

Жавоб бериш