Карвонсарой
Инсон ҳуқуқлари

ГУЛАГнинг сургун қилинган фарзандлари Сталин даврига оид жиноятлар юзасидан адолат истамоқда

Карвонсарой ва AFP

Сталинизм қатағонлари қурбонларини хотирлаш миллий куни – 2015 йил 30 октябрда Совет даврининг ГУЛАГ меҳнат лагерлари тизимига бағишланган янги музейнинг очилиш маросимига ташриф буюрганлар Сталин дафн маросимининг мултимедиа кўргазмасини томоша қилмоқда. [ВАСИЛИЙ МАКСИМОВ/AFP]

Сталинизм қатағонлари қурбонларини хотирлаш миллий куни – 2015 йил 30 октябрда Совет даврининг ГУЛАГ меҳнат лагерлари тизимига бағишланган янги музейнинг очилиш маросимига ташриф буюрганлар Сталин дафн маросимининг мултимедиа кўргазмасини томоша қилмоқда. [ВАСИЛИЙ МАКСИМОВ/AFP]

ЗОЛОТКОВО, Россия – Россия қишлоқларининг биридаги ёғочдан ясалган ташландиқ харобада яшовчи Елизаветта Михайлова 30 йилдан бери адолат излайди.

ГУЛАГ маҳбусининг 72 ёшли қизи – машҳур Совет даври лагерига сургун қилинганларнинг кексайиб қолган, ўзларига ваъда қилинган товон пулини ололмаётган фарзандларидан биридир.

1991 йилда Совет Иттифоқи парчаланишидан кейин чиққан қонунга кўра, улар ота-оналари сургун қилинишидан аввал яшаган шаҳарларида тураржой билан таъминланиши кўзда тутилган эди. Михайловага эса ҳозирги турган жойи – Москвадан 300 километр узоқликдаги ҳудуддан уй берилиши керак.

«Ота-онам қайтишимизни истар эди, шу боис мен ҳали ҳам курашяпман», дейди нафақадаги тиш шифокори.

Инсон ҳуқуқлари бўйича 30 ёшли адвокат Григорий Вайпан Москвадаги ГУЛАГ музейида AFP нашрига интервью бермоқда, 2020 йил, 22 декабр. [Наталья КОЛЕСНИКОВА/AFP]

Инсон ҳуқуқлари бўйича 30 ёшли адвокат Григорий Вайпан Москвадаги ГУЛАГ музейида AFP нашрига интервью бермоқда, 2020 йил, 22 декабр. [Наталья КОЛЕСНИКОВА/AFP]

У Москва шаҳридан беш соатли масофада жойлашган Золотково қишлоғи яқинидаги 40 квадрат метрли харобасида икки қизи билан бу компенсацияни узоқ вақтдан бери кутади.

Яшаш шароитлари жуда оғир. Хонани иситувчи печни ёқиш учун ўтин қалашади, ҳожатхона эса оддий парда билан тўсиб қўйилган.

Михайлованинг отаси Семён кимё саноатида иш бошқарувчи бўлиб ишлаган, Иосиф Сталин ташаббуси билан бошланган оммавий қатағонлар даврида аксилинқилобий ташкилотга аъзоликда айбланиб ҳибсга олинган эди.

Саккиз йиллик умрини Узоқ Шарқдаги лагерда ўтказган Семён 25 йилга Сибирга сургун қилинган, 1953 йили Сталиннинг ўлимидан кейин бу муддат қисқартирилган эди.

«Оила фожиаси»

Собиқ маҳбусларга аксарият шаҳарлардан 100 километр масофада яшаш тақиқлангани туфайли Семёнинг оиласи даставвал ҳозирги Молдова ҳудудида яшади, кейинроқ Россияга қайтди.

«Бу фожиа, оиламизнинг фожиаси», дейди Михайлова.

Бундан бир неча йил аввал, Михайлова чамадон тўла ҳужжат билан эндигина Москва давлат университети ва Гарвардни тамомлаган Григорий Вайпаннинг идорасига кириб келган эди.

«Бу аёлни ўз ҳолига ташлаб қўя олмаслигимизни ўшандаёқ тушунган эдик», дейди инсон ҳуқуқлари бўйича 30 ёшли адвокат.

У Михайлованинг иши билан бирга, ҳанузгача олис ҳудудларда, собиқ лагерлар яқинида яшаётган яна икки нафар ГУЛАГчилар фарзандлари – Алисса Мейснер ва Евгения Шашаеваларнинг иши билан ҳам шуғулланишни бошлаган.

Улар 2019 йилда илк ғалабани нишонладилар – Россия конституциявий суди компенсацияга оид қонун ўзгарувчан ва қарийб имконсиз шартлар сабабли ижро қилинмаётганини тан олди. Суд қонун чиқарувчилардан муаммога ечим топишни талаб қилди.

Ўшандан бери Россия Давлат думасининг қуйи палатасида қонун лойиҳаси биринчи ўқишда қабул қилинди, аммо Вайпаннинг таъкидлашича, бу Михайлова ва унга ўхшаганларга ёрдам бериш учун етарли эмас, сабаби, қонунга кўра улар ижтимоий уй-жойлар учун навбатга туришлари керак эди.

Москвада бундай уй-жой ўртача 30 йил кутилади.

Қонун лойиҳасининг иккинчи ўқилиши январ охирига белгиланган эди, аммо бу иш амалга ошмади.

«Улар бутун умрларини сургунликда ўтказдилар», дейди Вайпан. Ота-оналарига тегишли уйларни қайтиб олишнинг умуман иложи бўлмаса-да, улар камида ўз шаҳарларига қайтарилиши керак.

Тарихни оқлаш уринишлари

Тарафдорларга кўра, давлат Россия ҳукумати кўпинча эътиборга олмайдиган Сталин қатағонларининг қурбонларига энг камида шуни қилиб бериши керак.

Америкалик тарихчи Сара Камерон қаламига мансуб «Оч қолган дашт: очарчилик, зўравонлик ва совет Қозоғистонининг ташкил топиши» асари ва Олмаотадаги «MG Productions» компанияси суратга олган бу йилги Оскарга номзод «Дашт йиғиси» филмидаги 1930 йилларда Қозоғистонда юз берган Сталин даврига оид очарчилик даҳшатлари ҳам – тарихчилар юзага чиқаришга уринаётган воқеалардан бири.

Сўнгги йилларда Россияда миллионлаб одамлар ҳаётига зомин бўлган Сталиннинг ҳукмронлик даврини ижобий томондан кўрсатиш, қатағон ва мажбурий коллективизацияни хаспўшлашга уриниш тенденцияси кузатилмоқда.

Тарихни бу каби қайта ёзиш уринишлар Сталин зулмидан азият чеккан Марказий Осиёлик оилаларнинг яраларини янгилаган.

Сталин даври қурбонлари ва уларнинг оилалари билан боғлиқ даҳшатлар камлик қилгандек, ўтган йил апрел ойида Россия президенти Владимир Путин собиқ Совет иттифоқини қайта тиклаш «афзалликларини» мақтаган эди.

«Ўтмишнинг фобиялари, Совет иттифоқи ва империясининг тикланишига оид қўрқувларни енгиб, бирлашиш ҳамма учун манфаатли эканлиги ҳақидаги тушунча ўзи учун муқаррар йўл очиб бормоқда», деб айтган у «Россия-1» давлат телеканалида.

Айрим давлатлар учун бу (бирлашиш) мустақилликни бой бериш демакдир, дейди таҳлилчилар.

«Келажагини бой берганлар»

ГУЛАГ фарзандларининг аксарияти 70-80 ёш орасида. Россияда уларнинг 1500 тасигина қолган, дейди Москвадаги ГУЛАГ музейи раҳбари 38 яшар Роман Романов.

«Уларнинг барбод бўлган келажаги ўшандан бери ўнгланмаган. Бу одамлар ҳанузгача қатағон оқибатларидан азият чекиб келишмоқда», деди у.

Ва ниҳоят уларга ёрдам беришга имкон туғилмоқда. Бирлашган Миллатлар Ташкилоти ва Инсон ҳуқуқлари халқаро федерацияси яқинда Россия ҳукуматини чора кўришга чақирди. Январ ойи ўрталарида 100 дан ортиқ таниқли арбоблар адолат талаби билан йўлланган очиқ хатга имзо чекканлар.

Вайпан юборган петицияни 80 мингдан ортиқ киши имзолаган. У Михайлова ва унга ўхшаш тақдир эгаларининг ўз уйларига қайтишига ёрдам беради.

«Шундай одамлар борлигини кўрсатишга ва уларга эътибор қаратилишига эришдик», дейди Вайпан. «Улар уйларига қайтишга ҳақли. Қонун ишлаши керак.»

Сизга мақола ёқдими?

Фикрлар 1

Сиёсат * Мажбурий 1500 / 1500

Ифлос Сталин ашаддий маньяк бўлган.

Жавоб бериш