Карвонсарой
Иқтисодиёт

Россияда камбағалликнинг ўсиши сиёсий норозиликлар ва намойишларни келтириб чиқармоқда

Карвонсарой ва AFP

image

Россиянинг машҳур хайрия ташкилотларидан бири бўлган «Милосердие» (Раҳм-шафқат) ходими Москвадаги Марфа-Мария монастирида бепул тарқатиладиган озиқ-овқат халталарини тайёрламоқда, 9 феврал. [Наталья Колесникова / AFP]

МОСКВА – Коронавирус пандемияси бошланганидан бери Москвадаги Марфа-Мария монастири одамлар билан гавжум.

Оқ деворли аёллар монастирида бепул озиқ-овқат тарқатиш ва бошқа шу каби ишлар билан шуғулланувчи Россиянинг энг машҳур хайрия ташкилотларидан бири жойлашган.

«Пандемиядан аввал кунига 30-40 киши келар эди», дейди «Милосердие» (Раҳм-шафқат) ташкилоти ходимаси Елена Тимошук кунгабоқар ёғи идишлари тахланган столга суянганича.

«Ҳозир эса кунига 50-60 киши келяпти. Иш жуда кўп.»

image

Россиянинг машҳур хайрия «Милосердие» (Раҳм-шафқат) ташкилотида бепул озиқ-овқат олиш учун навбатда турганлар, Москвадаги Марфа-Мария монастирида, 9 феврал. [Наталья Колесникова/AFP]

image

Қўлларига атиргул ва ёзувлар ушлаб олган россиялик аёллар мухолифатчи Алексей Навальнийнинг рафиқаси Юлия Навальная ва бошқа сиёсий маҳбусларни қўллаб-қувватлаб, Валентин кунида «Бирдамлик занжирини» ҳосил қилишди, Санкт-Петербург, 14 феврал. Юрак шаклидаги белгида «Ҳукуматимиз Ирина Славинанинг ўлимида айбдор», деб ёзилган. Нижний Новгородлик журналист Славина ўтган йил октябр ойида ҳукуматнинг таъқибларига жавобан ўз-ўзини қурбон қилган эди. [Ольга Мальцева/AFP]

image

Мухолифат сиёсатчиси Алексей Навальнийнинг ҳибсга олинганига норозилик сифатида чироқлар ёқиб олган намойишчилар орасида чироқли резина ўрдак ушлаб турган қиз, Москва, Қизил майдон, 14 феврал. Резина ўрдак 2018 йилда Навальний Дмитрий Медведевни қимматбаҳо кўчмас мулклар, шу жумладан ўрдакхонаси бор мулкни сотиб олганликда айблаши ортидан президент Владимир Путин ҳукуматига мухолифлар орасида норозилик белгисига айланди. [Димитар Дилкофф/AFP]

Ичида гречка, шакар, чой каби маҳсулотлар бўлган пакетларга навбатда турганлар асосан нафақахўр қариялар, аммо ораларида ишсиз қолган ёки маоши камайганлар ҳам бор.

Коронавирус пандемияси Ғарб санкциялари, нефт нархининг тушиб кетиши ва заиф корпоратив инвестициялардан азият чекаётган Россиянинг турғунликдаги иқтисодиётига янги зарба берган.

Қашшоқликнинг кучайиши, маошларнинг камайиши ва пандемия даврида ҳукумат томонидан моддий ёрдам берилмагани президент Владимир Путиннинг йигирма йиллик бошқарувидан норозиликнинг кучайишига ва мухолифатнинг фаоллашувига сабаб бўлмоқда, дейди кузатувчилар.

Ҳибсдаги Кремл танқидчиси Алексей Навальнийнинг чақириғига жавобан ўтган ҳафталар давомида бир неча ўн минглаб одамлар Россия бўйлаб норозилик намойишлари уюштирдилар. Унинг жамоаси сентябрдаги парламент сайловларидан аввал яна намойишлар ўтказишни режаламоқда.

Сўнгги беш йилликда россияликларнинг реал даромадлари пасайиб, 2020 йилда 3,5 фоизга қисқаргани ҳолда асосий озиқ-овқат маҳсулотларининг нархи кўтарилган.

Турмуш даражасининг пасайиши туфайли норозилик кучайиб бораётганини сезган Путин декабрда вазирларга нархларни чегаралаш учун фавқулодда чоралар кўришни буюрган.

Ҳукуматнинг инфляцияни жиловлаш ҳаракатларига қарамай, январ ойида шакар нархи бир йил аввалгига нисбатан 64 фоизга ошган.

66 яшар Сандра дўконга чиқишни тўхтатиб, «Милосердие» ташкилотининг хайрия ёрдамларидан фойдалана бошлаган.

«Ҳеч нарса сотиб ололмайсиз», дейди фамилиясини очиқлашни истамаган нафақахўр. «Аввал қушларга дон бера олардим, ҳозир унинг нархи ҳам ошиб кетган.»

«Хавфлар кучайди»

«Сиёсий оқибатлар нуқтаи назаридан ҳозирги вазият яхши эмас», дейди Россияда жойлашган «FBK Grant Thornton» молиявий консалтинг фирмасининг стратегик таҳлилчиси Игор Николаев.

«Ҳукумат учун хавф кучайди.»

Унинг сўзларига кўра, кекса россияликлар 1991 йилда Совет Иттифоқи қулаши ортидан юзага келган инфляцияни жуда яхши эслайдилар, шу сабаб нархларнинг ошишига «айниқса сезгир» бўлишган.

Россия ҳукумати парламент сайловларидан аввал аҳоли норозилигини камайтириш учун янги иқтисодий чоралар таклиф қилиши мумкин, деб тахмин қилди Николаев.

«Улар нимадир қилишлари керак», деди у.

«Левада» мустақил маркази олиб борган сўровномага кўра, 43 фоиз россияликлар иқтисодий норозиликлар сабаб намойишлар ўтказилишини истисно этмаяпти, бундай кўрсаткичлар 1998 йилда кузатилган.

Сўровномага кўра, респондентларнинг 17 фоизи бу намойишларда иштирок этишга тайёр эканини айтган.

Яқинда бўлиб ўтган намойишлар шуни кўрсатдики, ҳукуматга нисбатан ғазаб энди мухолифат билан чекланибгина қолмайди. Кўпчилик намойишчилар иқтисодий қийинчиликлардан таъсирланган, дейди «Левада» раҳбари ўринбосари Денис Волков.

«Намойишчилар ҳукуматдан норози эканликларини, келажакдан умидлари узилгани ва уларнинг наздида мамлакат бошиберк кўчага кириб қолганини айтмоқчи бўлганлар», деб ёзган эди ўтган ой «Forbes» нашрида Волков.

«Ҳукумат унинг сиёсатидан норозиларга ҳеч нима таклиф қила олмайди», деб қўшимча қилган у Россия элитасининг «хўжакўрсинга қилинган ҳашаматига» ва жамиятдаги тобора ортиб бораётган ихтилофга диққат қаратиб.

Россия «диктатурага» айланиб бормоқда

Бутун мамлакатни қамраб олган намойиш иштирокчиларининг катта қисмини россиялик ёшлар ташкил этган.

Намойишлар ўтган йил август ойида Сибирда совет даврига оид «Новичок» моддаси билан заҳарланиб ҳалок бўлаёзган Навалнийнинг Германияда даволаниб, январ ойида Россияга қайтганида ҳибсга олиниши ортидан бошланиб кетган эди.

Аммо намойишчилар тийиқсиз коррупция ва ижтимоий тенгсизликдан норози, уларни мамлакат келажаги хавотир солмоқда.

Москва ва Санкт-Петербург аҳолиси якшанба (14 феврал) куни Навалнийни қўллаб-қувватлаш мақсадида мобил телефонларининг чироқларини ёқиб, уйларининг ҳовлилари ва майдонларда Валентин кунига атаб флешмоб уюштирдилар.

Кремл яқинидаги Манежная майдонида телефон чироқларини ёққан элликка яқин намойишчидан бири Александр Кожокар Россиянинг «диктатурага» айланиб бораётганидан хавотирда эканини айтган.

«Кейинроқ нима бўлишини ўйлашга қўрқяпман», дейди Москва яқинидаги Митишчи шаҳридан келган 28 ёшли ишчи.

Москвадаги ўйин майдончасида 30 га яқин намойишчилар тўпланди – айримлар ит етаклаган, кимлардир болаларини олиб чиққан - фонарлар ёқиб, қор билан қопланган ерга Рождество чироқларини юрак шаклида жойлаштирдилар.

Намойишчилар бири Михаил Орловнинг айтишича, у Путин сиёсатидан норози эканлигини билдириш учун ўйин майдончасидаги флешмобга қўшилган.

«Мамлакат инқирозда; илм-фан инқирозда», дейди 29 ёшли муҳандис AFPга.

Орловнинг рафиқаси Мария эри билан Россияни тарк этиш ҳақида ўйлай бошлаганини айтади. «Ўзимни бу ерда ҳимоясиз сезяпман», дейди у.

Москвадаги бой маҳаллаларнинг бирида яшовчи 28 ёшли стендап қизиқчиси Гарик Оганисян сиёсий ўзгаришлар истаётганини айтди.

«Менга бу мамлакатда содир бўлаётган воқеалар, одамларни ретвитлар учун очиқдан-очиқ ва сурбетларча қамоққа ташлашлари ёқмаяпти».

Владивостокда Навалнийни қўллаб-қувватлаб ўтказилган митингларга қўшилган 18 яшар сиёсатшунос талаба Екатерина Никифорованинг айтишича, мамлакат турғунлик ҳолатида.

У AFP билан суҳбатда Россияда «иқтисодий ва сиёсий ривожланиш истиқболларини» кўрмаётганини айтди.

Санкт-Петербургдаги намойишда қатнашган социология факултети битирувчиси, 22 ёшли Арсений Дмитриев ҳам шунга ўхшаш фикрларни билдирди.

«Cтатистиканинг ўзидан реал даромадлар камайиб бораётганини, ҳаёт сифати эса яхшиланмаётганини англаш мумкин», деди у.

Мамлакатингиз учун Россиянинг таъсири яхшими?

Фикрлар 8

Сиёсат * Мажбурий 1500 / 1500

Улар қайтара олмайди )))

Жавоб бериш

Россияликлар ўзларини швейцарияликлардек тутишини тушунмайман. Россия оддий, қашшоқ, қолоқ учинчи дунё мамлакати.

Жавоб бериш

Санкциялар уларга ёрдам бергани, импорт ўрнини босиши, тик турганлари, қайта такрорлай олшлари, ота-боболари урушгани ҳақида бор овозлари билан қичқирган эдилар! Қашшоқлик ботқоқлигига етиб келишибдику!

Жавоб бериш

Нима чекиб олгансан? Бу сарой бир миллиард доллар турса туравермайдими, сизга нима? Қашшоқлашган Россия дейсанми? Руслар билан гаплашиб, ўзларидан сўраб кўринг. Ҳеч бўлмаганда Интернетга кириб кўринг. 218 та завод нолдан барпо этилди, иккита атом музёрар кемаси ва бошқалар қурилди – ҳаммаси бир йил ичида. Сизлар қаердасиз-у, Россия қаерда.

Жавоб бериш

Ҳақиқат Пукиннинг телевидениесида гапирилганидан анча фарқ қилади.

Жавоб бериш

Россия қашшоқ мамлакат, бу факт.

Жавоб бериш

Путин ва унинг тўдаси ҳамма нарсани ўғирлаган. Қасрларидан бири 100 миллиард рубл туради. 100000000000 рубл-а!

Жавоб бериш

Тиззадан туриш шоуси ҳар доимгидек хўжакўрсинга бўлди. Россия тез суръатда қашшоқлашиб бормоқда.

Жавоб бериш