Карвонсарой
Инсон ҳуқуқлари

Қирғизистон ҳукумати кучайиб бораётган маиший зўравонлик муаммосига қарши чоралар кўрмоқда

Мунара Боромбаева

2020 йилда Қирғизистон ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари бутун мамлакат бўйлаб 9025 та маиший зўравонлик ҳолатларини қайд этганлар (2019 йилда бу кўрсаткич 6145 тани ташкил этган). 16 феврал куни Бишкекда олинган бу суратда оиладаги зўравонлик ҳолати акс этган. [Мунара Боромбаева / Карвонсарой]

2020 йилда Қирғизистон ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари бутун мамлакат бўйлаб 9025 та маиший зўравонлик ҳолатларини қайд этганлар (2019 йилда бу кўрсаткич 6145 тани ташкил этган). 16 феврал куни Бишкекда олинган бу суратда оиладаги зўравонлик ҳолати акс этган. [Мунара Боромбаева / Карвонсарой]

БИШКЕК – Қийин кечган 2020 йилда Қирғизистонда оиладаги зўравонлик ҳолатлари авж олди. Қонун чиқарувчилар жабрдийдаларни ҳимоя қилишга қаратилган қонунга ўзгартишлар киритишни таклиф қилмоқда.

2020 йилда милиция 9000 дан ортиқ оилавий зўравонлик ҳолатларини қайд этган бўлиб, бу 2019 йилдагига қараганда тахминан 3000 тага кўп.

Муаммо коронавирус пандемияси ва унинг натижасида уйига қамалган оилаларнинг ўта асабий ҳолатга тушиб қолгани сабабли авж олган бўлиши мумкин, лекин, асосий муаммо – аксарият ҳуқуқбузарларнинг жазосиз қолаётганидир, дейди ҳуқуқбон ва қонун чиқарувчилар.

Уйдаги зўравонлик

14 ёшли Алина (исми ўзгартирилган) ўтган йилнинг апрел ойида COVID-19 карантини вақтида отаси билан яшаб келган.

Қирғизистон милицияси 8 март куни Бишкекда Халқаро хотин-қизлар куни муносабати билан жинсий зўравонликка қарши намойиш ўтказган аёлни ҳибсга олган. [Вячеслав Оселедко/AFP]

Қирғизистон милицияси 8 март куни Бишкекда Халқаро хотин-қизлар куни муносабати билан жинсий зўравонликка қарши намойиш ўтказган аёлни ҳибсга олган. [Вячеслав Оселедко/AFP]

Отаси уни бир неча бор калтаклаган. Қўшнилар бу ҳақда Бишкекдаги «Бола ҳуқуқлари ҳимоячилари лигаси» нодавлат ташкилотига хабар беришган.

«Уни зудлик билан тажовузкор отасидан ажратиш керак эди», дейди ННТ директори Нозгул Турдубекова. «Мамлакатдаги фавқулодда ҳолат пайтида [ҳукумат] ҳамма жойда блокпостлар ўрнатиб, уларни Мудофаа вазирлиги назоратига топширди.»

COVID-19 тарқалишини камайтириш учун ўрнатилган блокпостлар туфайли Лига ходимлари қизнинг уйига етиб боришга қийналганлар.

«Ҳуқуқ-тартибот органлари ва ижтимоий хизматларнинг ўзи қийин аҳволда қолди ва ёрдам беролмади», деди у ҳарбийларнинг уларни блокпостдан ўтказмагани ва пандемия билан боғлиқ кўплаб чекловларни назарда тутиб.

«Узоқ давом этган тортишувлардан сўнг, қизни уйидан олиб чиқдик ва онасини топиб, унинг ихтиёрига топширдик», деди у.

Карантин вақтидаги яна бир маиший зўравонлик ҳодисаси ўтган йил май ойида содир бўлган – 21 яшар Омон опасининг эри тарафидан калтаклангани ҳақида Facebook орқали хабар берган.

Омон милицияга қўнғироқ қилиб, COVID-19 туфайли жорий қилинган комендантлик соатига қарамай, опасининг уйига борган. Воқеа жойига келган милиция ходимлари «ҳаммаси жойида» деб айтишган.

«У опамни шафқатсиз калтаклаган, қандай қилиб ҳаммаси жойида бўлади?» деб ёзди Омон. «Уни таҳқирлаб, қорнига ва қовуқ қисмига қаттиқ тепган, полда ётганида фарзандларининг кўз олдида сочларидан тортқилаган».

Жамоатчиликка ошкор бўлганидан сўнг бу ишга ҳуқуқбонлар аралашдилар. Оқибатда суд эр Мақсат Жаанбаевни 60 минг сўмлик (тахминан 700 доллар) жаримага тортди.

Маиший зўравонликнинг жазосиз қолиши одатий ҳолга айланган

Маиший зўравонлик содир этган шахснинг жазосиз қолиши Қирғизистонда оддий ҳолга айланган, деб ёзади Human Rights Watch (HRW) ўзининг йиллик ҳисоботида.

«Қонунчиликка, жумладан, 2020 йилда қабул қилинган Жиноят-процессуал кодексига оилавий зўравонлик қурбонларининг ҳимоясини таъминлайдиган тузатишлар киритилганига қарамай, расмийлар ҳимоя чораларини тўлиқ амалга оширмаяпти ёки айбдорларни жавобгарликка тортмаяпти», дейилади хабарда.

2020 йилда қайд этилган 9025 та маиший зўравонлик ҳолатидан 944 таси судга оширилган, деб хабар беради Ички ишлар вазирлиги (ИИВ).

Ўсиб бораётган муаммони тан олган АҚШ халқаро тараққиёт агентлиги (USAID) COVID-19 пандемияси даврида маиший зўравонлик қурбонларини ҳимоя қилиш ва уларни қўллаб-қувватлаш учун ўтган йил август ойида Қирғизистондаги 11 та нодавлат ташкилотга 230 минг АҚШ доллари миқдорида грант ажратган. Бу АҚШнинг Марказий Осиёга минтақада одам савдоси каби шу ва шунга ўхшаш муаммоларни ҳал этишдаги кўмагига мисолдир.

Карантин ва у билан боғлиқ танглик сабабли маиший зўравонлик 2020 йилнинг биринчи чорагида (2019 йилнинг худди шу даври билан солиштирганда) 65 фоизга ўсган бўлиши мумкин, деб айтган бош вазир ўринбосари Аида Исмаилова ўтган йил июн ойида Аёллар ишлари ва гендер ривожланиши бўйича миллий кенгаш йиғилиши чоғида.

Буларнинг бари маиший зўравонликка барҳам бера олмаётган қонунларга бориб тақалади, дейди Турдубекова.

«Қирғизистонда аёллар ва ёш болалар зўравонликнинг ягона қурбонлари эмас, улар орасида қариялар, ногиронлар ва мигрантларнинг фарзандлари, деярли ижтимоий ҳимояга муҳтож барча қатламлар вакиллари бор», деди у.

«Болаларга келсак, ота-оналар фарзандининг зўравонликдан жабр чекаётганини билиб олишни ўрганмагунича зўравонликни тўхтатиб бўлмайди, болалар ҳам буни билиб олишлари керак.»

Кўп ҳолларда катталарнинг уларга нисбатан муносабатини нормал деб билган болалар ўз ҳуқуқларини қандай ҳимоя қилиш кераклигини билишмайди, деди Турдубекова.

«Шу боис, болалар бошқаларда бўлгани каби, ота-оналаридан ҳам ўз шахсий муҳитларини ҳимоя қилишни ўрганишлари керак. Жинсий характердаги хатти-ҳаракатлар содир бўлганда уларга нисбатан катталарнинг ҳаракатлари нормал эмаслигини тушунишлари ва ота-оналари ёки ишонган одамларига айта олишлари керак», деди у.

Тажовузкорлар жазосиз қолмоқда

Ҳуқуқбонларга кўра, айни кўринишда қонун зўравонларни ҳимоя қилади.

Қирғизистон қонунчилигига кўра, агар жабрланувчи ўз аризасини қайтиб олса ёки судгача томонлар ярашиб кетса, зўравон жазодан қочиб қутулиши мумкин, дейди «Ижобий диалог» нодавлат ташкилоти ходимаси, ўшлик фаол Муҳайё Абдураупова.

«Оиладаги зўравонликнинг олдини олиш ёки камайтиришга имкон бермайдиган бу амалиётга қаршимиз», деди у.

Қонунга кўра, «интизомий дастурларга эҳтиёж бор, тажовузкор шахс ва оила келажакда зўравонлик ҳолатлари қайтарилмаслиги учун махсус дастурдан ўтиши керак», деди у. «Аммо, Қирғизистонда бундай амалиёт йўқлигини биламиз.»

Абдурауповага кўра, бошқа мамлакатларда, суд зўравонни руҳшуносга юборади, у ўз навбатида шахснинг хавфли ёки хавфсиз эканини, у билан бирга яшаш мумкин ёки мумкин эмаслигини аниқлайди.

Қирғизистонда тиббий кўрик жароҳатланувчи енгил шикастланганини аниқласа, ҳуқуқ-тартибот идоралари буни маъмурий (жиноий бўлмаган) ҳуқуқбузарлик деб баҳолайдилар.

Бу ҳолатда ҳуқуқбузар жамоат ишларига жалб қилиниши ёки 30 минг қирғиз сўми (350 АҚШ доллари) миқдорида жарима тўлаши керак бўлади.

Кўпинча судлар жаримани зўравоннинг ўзига эмас, балки оила зиммасига юклайди, деди у.

30 минг қирғиз сўми оила бюджети учун катта пул ва кўп ҳолларда уни аёл киши тўлайди, деди у судларнинг жабрдийда аёлларни жарима тўлашдан ҳимоя қила олмаслигини назарда тутиб.

Янги ҳукумат маиший зўравонликка диққат қаратмоқда

Яқинда ўз вазифасига тайинланган бош вазир Улуғбек Марипов 12 феврал куни Бишкекда ўтган ИИВ бошқармаси мажлисида маиший зўравонлик масаласига эътибор қаратди.

«Ҳар қандай тажовуз, шу жумладан маиший зўравонлик ҳам куч идоралари эътиборидан четда қолмаслиги керак», деди у мазкур масалада Қирғизистон қонунчилигини қайта кўриб чиқиш кераклигига ишора қилиб.

«Маиший зўравонлик оиланинг шахсий иши деб кўрилмаслиги керак», деди у. «Бундай ишларни бости-бости қилиш ярамайди, жамоатчилик бундай воқеаларга тоқат қилмаслиги лозим.»

Қонун устуворлиги, жиноятчилик ва коррупцияга қарши кураш қўмитасини бошқарувчи парламент аъзоси Наталья Никитенко ҳам қонунни ислоҳ қилиш борасидаги сўнгги чораларни муҳокама қилди.

«Зўравонлар масаласига келсак, жиноят содир бўлганида уларни ҳибсга олиш ёки у ердан олиб кетиш чоралари кўрилмаган эди», деди у.

«Ҳозир, зўравонлик ҳолатлари кўпайган пандемия вақтида биз қонунга ўзгартишлар киритишни таклиф қилдик. Унга кўра, зўравонлик ҳолати ҳақида хабар берилганида, гумондор қўлга олиниб, жиноят содир этилганидан бошлаб 48 соатгача ҳибсда ушлаб турилади.»

Аммо, кўп ҳолларда куч идоралари зўравонларни қўлга олишади ва жиноий иш очилганида, қурбонлар турли тарафларнинг босими туфайли ярашишга аҳд қилишади, деди у.

«Бу ерда ҳақли жазо принципи бузилмоқда», дея тушунтирди Никитенко.

У Жалолобод вилояти Сўзак туманида юз берган мудҳиш зўравонлик воқеасини мисол қилиб келтирди.

Ўтган йил июн ойида интернет фойдаланувчилари ижтимоий тармоқларда тарқаган видеони даҳшат билан кузатганлар, унда эр аёлнинг бўйнига шиналар боғлаб қўйиб, уни калтаклаган ва устидан сув қуйган.

Унга қамоқ жазоси ўрнига икки йиллик синов муддати белгиланган.

Никитенконинг сўзларига кўра, Қирғизистон жиноий кодекси зўравонликни амалга оширган оила аъзоси ёки яқин қариндош тушунчаларини ўз ичига олмаган.

«Ўзгаришлар оила аъзоси ёки яқин қариндош зўравонлик қилган ҳолатларда жавобгарлик стандартларини кучайтиришни кўзда тутади», дейди у. «Калтаклаган одам ўгай ота, васий, эр ёки собиқ эр бўлиши мумкин. Қараб турсангиз, қурбон руҳий ёки жисмоний шикастланганига қарамай, гўёки енгил тан жароҳати олган бўлиб чиқади.»

«Суд жараёни вақтида муаммони яширишни истаган қариндошлар босими остида судлар оғир ҳолатларни енгил деб кўрсатиб, томонларни яраштириш учун қўйиб юборади», деди у.

Қонун лойиҳаси парламентда учинчи ўқишдан ўтмоқда. Никитенко ўзгаришлар шу ой қабул қилинишидан умидвор эканини айтган.

Сизга мақола ёқдими?

Фикрлар 0

Сиёсат * Мажбурий 1500 / 1500