Карвонсарой
Дипломатия

Хитой бошқарувидаги «сукут сақловчи дунёда» Россиянинг ўрни ҳақида саволлар пайдо бўлмоқда

Карвонсарой ва AFP

image

Кремлнинг ижтимоий тармоқларда тарқаган Оксфорд ва AstraZeneca ҳамкорлигидаги COVID-19 вакцинасини қораловчи кампаниясида шифокор халатидаги шимпанзе тасвирланган. [Файл]

ТАЛЛИН, Эстония – Эстония ташқи разведка хизмати (EFIS) Кремлнинг «мўртлиги» ва Пекиннинг «тобора зиддиятли ташқи сиёсатига» кескин баҳо берди.

Чоршанба (17 феврал) куни эълон қилган йиллик ҳисоботида EFIS «Пекин ўзи етакчилик қиладиган сукут сақловчи дунёни» истайди дея Хитойнинг тобора ортиб бораётган таъсиридан огоҳлантирган.

Хитой технологиясига глобал қарамлик кучайиб бораётган бир пайтда, Пекин ҳам дезинформация тарқатишда «Россиядан ўрнак» олмоқда, дейилади ҳисоботда.

Хитойнинг тараққиёти Москванинг ғурурига зарба берди, бу эса ташвиқот ва хусусий ҳарбий компаниялардан (жангарилар) фойдаланишига қарамай, Россияни кичик иқтисодий ўйинчига айлантириб қўйди. 11-ўриндаги Россия дунёнинг иккинчи энг катта иқтисодиётига эга Хитойдан анча орқада қолган, деб хабар беради Жаҳон Банки.

image

Шарқий Украинанинг Дебалцево шаҳридаги қуролланган россияпараст жангарилар, 2015 йил. Кремл Россиянинг таъсир майдонини кенгайтириш мақсадида шу каби маҳаллий жангарилардан фойдаланади. Хитой ҳам худди шундай қилиш ниятида. [ВАСИЛИЙ МАКСИМОВ / AFP]

image

Пекин метросида мобил телефонларидан фойдаланаётган йўловчилар, 2020 йил, 19 декабр. Пекин интернетдаги номақбул контентни цензуралаш ва танқидчиларнинг овозини ўчиришни ўрганиб олган. [Ноэль Селис / AFP]

«Айни дамда Хитой Россия каби дезинформациядан фаол ва профессионал даражада фойдаланмайди, аммо келажакда бу соҳада ўз ҳаракатларини кенгайтириши ва кучайтириши тайин», дейилади ҳисоботда.

Ҳужжатга кўра, «Хитойнинг энг асосий мақсади Қўшма Штатлар ва Европани ажратиш».

«Хитой бўлакларга бўлинган Европа кучсиз рақиб эканини ва унинг қаршилиги Қўшма Штатларникидек кучли бўлмаслигини яхши тушунади.»

Кремлнинг машҳурлиги пасаймоқда

EFIS ҳисоботига кўра, бу орада Россия COVID-19 коронавирус пандемияси унинг геосиёсий кучайишига туртки бўлишига ишонмоқда.

«Кремлнинг ишонишича, пандемия айни вақтда Россия илгари сураётган икки тенденцияни кучайтира олади: халқаро муносабатларда кўп қутблиликка ўтиш ва жаҳон саҳнасида Ғарб таъсирининг камайиши», дейилади ҳисоботда.

Россия президенти Владимир Путин «глобал эпидемия Ғарбни ички сиёсат ва иқтисодий муаммоларга диққат қаратишга ундашини, популистик ва эктремистик ҳаракатлар юзага чиқишини ва охир-оқибат Ғарбий мамлакатларнинг қадриятларга асосланган институционал бирлигига путур етказишини» кутмоқда.

«Россия бу фикрларни рағбатлантириш мақсадида оловга ёғ қуйишга тайёр», деб қўшимча қилинади ҳужжатда.

Бундай иштиёқни COVID-19 вирусига қарши самарали вакцина ишлаб чиқиш пойгасида ҳам кўриш мумкин.

Кремл Ғарбда ишлаб чиқарилган вакциналарни қоралаш билан бир қаторда ўзининг «Спутник V» вакцинасини тарғиб қилиш бўйича катта ташвиқот кампаниясини олиб борди.

«Бу қоралаш кампаниялари билан Россия ўз вакцинасига бозорда қулай шароит яратиш ва стратегик амбицияларини илгари суриб, ўзини COVID-19 инқирозига қарши биринчилардан бўлиб ечим таклиф қилган қудратли давлат қилиб кўрсатишга уринмоқда», дейилади ҳисоботда.

Кремлнинг дезинфорция кампаниялари асосан Россиядан ташқаридагиларни нишонга олган, мамлакат ичида эса қашшоқликнинг ортиб бориши, тийиқсиз коррупция, ҳаддан ортиқ тенгсизлик ва сиёсий босимларПутин ҳокимиятига нисбатан норозиликнинг кучайишига сабаб бўлмоқда.

Сўнгги ҳафтларда Россия бўйлаб оммавий намойишлар ва Кремлнинг асосий танқидчиси Алексей Навалнийнинг заҳарланиши ва ҳибсга олиниши ортидан норозиликлар янада кучайган.

Ҳисоботга кўра, Россия режими аксари постсовет давлатлардан иборат кичик қўшниларини беқарорлаштириш ва уларнинг Евроатлантик ташкилотлар билан интеграциясига тўсқинлик қилиш учун ўзининг сиёсий, иқтисодий ва ҳарбий воситаларини ишга солиб келган.

Бу каби геосиёсий ўйинларни Беларусда, Украинанинг Қрим ва Донбасс ҳудудларида, Грузиянинг Абхазия ва Жанубий Осетиясида, Озарбайжон ва Арманистон ўртасидаги Тоғли Қорабоғ низоларида ҳамда ўтган йили Қирғизистонда бўлиб ўтган сиёсий тартибсизликларда кўриш мумкин.

«Россия ўз аҳолиси орасида демократик ғоялар тарқалишидан қўрқиб, қўшни мамлакатларда қонун устуворлиги, фуқаролик жамияти ва эркин сайловлар ўрнатилишига тўсқинлик килиб келмоқда», дейилади ҳисоботда. «Россиянинг ҳукмрон элитаси бу ғояларни ўз «куч вертикали»нинг мавжудлигига таҳдид деб билади.»

Пекиннинг ортиб бораётган қудрати

Эстония узоқ йиллардан бери асосан ўзининг йирик қўшниси Россиядан хавотирда бўлиб келган, аммо сўнгги йилларда Хитойнинг таъсири ҳақида ҳам жуда кўп гапирилмоқда.

Хитойнинг «хатти-ҳаракатлари ҳар йили янги муаммоларни келтириб чиқармоқда», деб ёзади EFIS раҳбари Микк Марран ҳисоботнинг сўзбошида.

У «Хитойнинг Россия билан кучайиб бораётган ҳамкорлигига» эътибор қаратар экан, бу «асосан Пекин бошқараётган муносабат» эканлигини таъкидлаган.

«Хитой ва Россия яқин йилларда қўшма машғулотлар, стратегик бомбардимончилар билан қўшма патрул назорати олиб бориш, технологияларни ҳамкорликда ривожлантириш каби мувофиқлашган ҳарбий ҳаракатлардан чинакам иттифоққа айланиши кузатиб бориш керак», деб таъкидланади ҳисоботда.

Ҳисоботга кўра, Хитой Россиянинг Сурия ва бошқа қайноқ нуқталардаги ҳарбий тажрибасини ўрганиш ниятида.

«Хитой тобора йириклашиб бораётган глобал инвестиция лойиҳаларининг хавфсизлигини таъминлашда янги эҳтиёжга дуч келгани боис, Россия ҳам хусусий ҳарбий компанияларни яратиш ва жойлаштириш бўйича ўз тажрибаси билан ўртоқлашиши мумкин», дейилади ҳисоботда.

Ҳисобот Хитой президенти Си Цзиньпин ва 17 та марказий ҳамда шарқий Европа мамлакат расмийлари ўртасида шу ойда бўлиб ўтган учрашув ортидан эълон қилинган.

Учрашувда Си минтақадан Хитойга импорт ҳажмини оширишга ваъда берган.

Болтиқбўйи давлатлари учрашувга фақат вазирларни юборган, буни кўпчилик дипломатик менсимаслик деб қабул қилган.

«Россия оммавий ахборот воситалари COVID-19 эпидемияси тарқалишни бошлаганида Хитойни танқид қилишдан тийилгани ҳам эътиборга лойиқ», дейилади ҳужжатда.

Сизга мақола ёқдими?

Фикрлар 5

Сиёсат * Мажбурий 1500 / 1500

Россиянинг вазифаси битта: Буюк Хитойнинг буйруқларини бажариш.

Жавоб бериш

СССР инқирозидан кейин Россия ЯИМи Хитойникидан икки марта кўп бўлган. Ҳозир эса Хитойнинг ЯИМи Россияникидан 10 марта юқори! Шунинг учун ҳам Россия Хитой нима деса шуни қилади.

Жавоб бериш

Эстония разведка хизмати... Жин урсин... «янги қудратли давлат» - илтимос, кулдирмай қўйинг. Хитойга келсак, ҳа, у иқтисодий кучли мамлакат. 1941 йилда «ўқ мамлакатлари» СССРдан 28 марта иқтисодий устун бўлишган; хўш Буюк учинчи рейх қани ҳозир? Айни вақтда Россияда ака-укаси ҳам, опа-синглиси ҳам йўқ. Биз соддалик билан собиқ Совет мамлакатлари бор деб ўйлаганмиз, аммо афсус ҳозир бу дўстлик на уларга, на Россияга керак. Ким кимни сотгани очиқ савол. «Россияда фақат иккита иттифоқдоши бор - ўз армияси ва флоти» (Россия императори Александр II).

Жавоб бериш

Агар россияликлар миллат сифатида омон қолишни истаса, Европага яқин бўлишлари керак. Ўз ҳудудларига ёпишиб олишларидан фойда йўқ; осиёлик қўшнилари 90-95 фоизини олиб қўйишади.

Жавоб бериш

Россиянинг вазифаси Хитой қаерга юришни буюрса шу ерга судралиш.

Жавоб бериш