Карвонсарой
Оммавий ахборот воситалари

«Ёпиқ эшиклар» ортидаги учрашувдан сўнг Путин ОАВни янада қаттиқроқ назоратга олишга уринмоқда

Тамара Горделли

Россия президенти Владимир Путин 17 декабр куни Москва яқинидаги қароргоҳидан туриб видеоалоқа орқали ўтказган йиллик матбуот анжуманидан сўнг журналистлар билан суҳбатлашмоқда. [Михаил Климентев/Sputnik/AFP]

Россия президенти Владимир Путин 17 декабр куни Москва яқинидаги қароргоҳидан туриб видеоалоқа орқали ўтказган йиллик матбуот анжуманидан сўнг журналистлар билан суҳбатлашмоқда. [Михаил Климентев/Sputnik/AFP]

МОСКВА – Россия президенти Владимир Путиннинг яқинда журналистлар билан «ёпиқ эшиклар» ортида ўтказган учрашувидан маълум бўлишича, норози сайловчиларнинг кўпайиб бораётгани Кремлни ўз ташвиқот машинасини янада кучайтиришга ундамоқда, дейди таҳлилчилар.

Уларнинг сўзларига кўра, сентябр ойида бўлиб ўтадиган парламент сайловлари олдидан Россияда январ ойидан бери давом этаётган мухолифат намойишлари туфайли асабийлашаётган Путин кремлпараст журналистлар тарқатадиган хабарлар устидан назоратни янада кучайтирмоқчи.

10 феврал куни Путин аксари Кремл назоратида бўлган ОАВ раҳбарлари билан ёпиқ видеоанжуман ўтказган.

Путиннинг матбуот хизмати буни одатдаги йиллик андуман деб атаган. Аммо ўтган анжуман ўтказилмади, бу йилда эса у оммавий норозиликлар билан бир вақтга тўғри келди.

Россия президенти Владимир Путин (чапда) 22 феврал куни Сочи шаҳрида бўлиб ўтган учрашувда Белорусия президенти Александр Лукашенко билан қўл сиқишмоқда. [Алексей Дружинин/Sputnik/AFP]

Россия президенти Владимир Путин (чапда) 22 феврал куни Сочи шаҳрида бўлиб ўтган учрашувда Белорусия президенти Александр Лукашенко билан қўл сиқишмоқда. [Алексей Дружинин/Sputnik/AFP]

Суратда: 2 феврал куни Москва марказида полиция томонидан қўлга олинган эркак. 2 феврал куни Москва суди Кремлнинг энг асосий танқидчиси Алексей Навалнийни деярли уч йилга озодликдан маҳрум қилиш тўғрисида қарор чиқарар экан, мамлакатда намойишлар ўтказишга чақириқлар кучайган. Ғарб давлатлари бу қарорни қоралади. [Кирилл Кудрявцев/AFP]

Суратда: 2 феврал куни Москва марказида полиция томонидан қўлга олинган эркак. 2 феврал куни Москва суди Кремлнинг энг асосий танқидчиси Алексей Навалнийни деярли уч йилга озодликдан маҳрум қилиш тўғрисида қарор чиқарар экан, мамлакатда намойишлар ўтказишга чақириқлар кучайган. Ғарб давлатлари бу қарорни қоралади. [Кирилл Кудрявцев/AFP]

«Бу ёпиқ учрашув», деб тушунтириш берди Путиннинг матбуот котиби Дмитрий Песков.

Песков тадбирни «ёпиқ» деб атаган бўлса-да, унда тилга олинган гап-сўзлар бир неча соат ичида турли манбаларда эълон қилинган, деб хабар беради BBC рус хизмати.

Кремлнинг кун тартибидаги масалалар

Учрашувда қатнашган журналистлар томонидан берилган саволларни кўриб чиққан таҳлилчилар Кремл кун тартибидаги тўртта асосий йўналишни қайд этганлар, булар – аксилғарб ташвиқоти, Украина, Беларуснинг Россия билан бирлашуви, Россиядаги хорижий интернет-гигантларни цензуралаш ва жиловлаш.

Иштирокчилар орасида мухолиф қарашдаги «Эхо Москвы» радиостанцияси бош муҳаррири Алексей Венедиктов ҳам бор эди.

Радиостанция сайтида ўз блогини юритиб келаётган Венедиктов 11 феврал куни «Путиннинг рухсати билан» учрашувга оид маълумотни Телеграм каналида эълон қилган.

Венедиктов ўтган йил август ойида Сибирда мухолифат етакчиси Алексей Навалнийнинг заҳарланиши ҳақидаги саволига Путин берган жавобни келтирган.

Навалний Германияда даволаниб, январ ойида Россияга қайтиб келганида ҳибсга олинган эди. Яқинда у шубҳали айбловлар билан қарийб уч йиллик қамоқ жазосига ҳукм қилинди.

Унинг ҳибсга олиниши ортидан бутун Россия бўйлаб бошланган давомли намойишлар Путинни асабий ҳолга келтирган кўринади.

Венедиктов Путиннинг жавобларини баён қилар экан, уларни «матнга яқин» деб атаган.

Германия ҳукумати Навалнийнинг фақат Россия ҳукумати қўллаши мумкин бўлган заҳарли модда – Новичок билан заҳарланганини аниқлаган бўлса-да, Путин бу айбловларни рад этган.

Навалнийни текширган россиялик шифокорлар заҳарли модда асарларини топмадилар, деб айтган Путинэнг асосий душманининг исмини атайин тилга олмасдан.

Франция президенти Эммануэл Макрон Германия хулосаларини тасдиқловчи француз лабораториялари тадқиқотларини бўлишишдан воз кечди, деб қўшимча қилган Путин. Бундан Ғарб етакчиларини ихтилофга солиш ва кенг миқёсда қабул қилинган халқаро терговни йўққа чиқариш мақсад қилинган бўлиши мумкин.

«Коммерсант» мухбири Андрей Колесников Путиннинг Макрон ҳақидаги фикр-мулоҳазаларини тилга олган.

Путин «бу воқеадан фойдаланиш ва шахсан ундан иқтибос келтириш мумкинлигига ишонади», деб ёзган Колесников.

Кремл ташвиқоти ўз қудратини йўқотмоқда

Россиялик расмийлар Навалнийнинг иши ортида Ғарб турганини бир неча бор иддао қилганлар

Жумладан, феврал ойида Россия ташқи ишлар вазири Сергей Лавров заҳарланиш ҳолати Ғарб тарафидан «саҳналаштирганини» айтган эди.

Шу билан бирга, Россия расмийлари Навалний қўлга олинганидан кейин Ғарбни мухолифат намойишларини ташкиллаштиришда ҳам айблаганлар.

Лавров намойишларнинг Кремл томонидан зўравонлик билан бостирилишини танқид қилганларга жавобан Европа лидерлари «Россияга қарши сиёсий кун тартибини илгари суришмоқда» деб асоссиз баёнот берган.

«Алексей Навалнийнинг қайтиши туфайли Россия ҳукумати олдида пайдо бўлган муаммоларни ташвиқотнинг ўзи билан ҳал қилиб бўлмайди», дейди мухолифатчи «Ежедневный журнал» нашрининг муҳаррири, москвалик Александ Риклин.

Россиянинг Биринчи ва Иккинчи телеканалларини кўриш билан чекланмай, интернетга ҳам кириб турадиганлар аллақачон ҳаммасини тушуниб етганлар, деди у.

«Навалнийнинг Геленжикдаги қаср ҳақидаги филмини қанча одам кўрганини биламиз», дейди Риклин, Путин 1,35 миллиард АҚШ долларига тенг «энг катта пора эвазига» бунёд этилган кўчмас мулк эгаси эканлигини даъво қилувчи ҳужжатли филмни назарда тутиб.

19 январдан бери бу видеолавҳа YouTube орқали бир неча юз миллион марта томоша қилинган.

Риклиннинг сўзларига кўра, мамлакат бўйлаб бир неча ўн минглаб одамларнинг норозилик намойишларига чиқиши «Кремл ташвиқотига борган сари камроқ одам ишонаётганини» кўрсатади.

Путинга «янги сюжет» керак

10 февралда бўлиб ўтган учрашувда кремлпараст журналистлар Путин ўз машҳурлигини сақлаб қолиш учун мунтазам равишда қўллаб келган бошқа мавзуларда ҳам саволлар беришди.

Кремл назорати остидаги «Russia Today» (RT) телеканалининг бош муҳаррири Маргарита Симонян Украина, хусусан 2014 йилдан бери рус айирмачилари ва россиялик жангарилар билан украиналик аскарлар ўртасида жанглар кечаётган Донбасс масаласини кўтарди.

«Биз Донбассни ташлаб қўймаймиз», деб ваъда берган Путин.

Кремл эгалик қиладиган «Аргументы и факты» газетаси бош муҳаррири Игорь Черняк Беларуснинг Россияга қўшилиши эҳтимоли ҳақида савол берди.

Бу масала айни дамда муҳокама қилинмаяпти, деб айтган Путин BBC нашрига кўра.

Аммо, Риклиннинг огоҳлантиришича, Путиннинг жавобларини ҳақиқат деб қабул қилиб бўлмайди.

«Ютқизиқли ва муаммоли вазиятда Россия ҳукумати бошқа услубга ўтиши мумкинлигидан хавотирдаман», деди у. «Донбассда янги куч лойиҳаси ёки Беларус билан интеграцияга оид воқеанинг давоми бўлиши мумкин.»

Риклинга кўра, Кремлга «янги сюжет ҳаводек зарур».

Хорижий интернет-гигантларни чеклаш

Кўтарилган мавзулардан яна бири Хитой режимидан ўрнак олган ҳолда Россиянинг ўз ички интернет тармоғини яратишидир.

Хорижий веб-сайтлар Россия оммавий ахборот воситалари ва муштарийлари манфаатларига дахл қилмоқда ҳамда бунга қарши чора кўрган маъқул, деб айтган Кремл назорати остидаги Lenta.ru веб-сайти бош муҳаррири Владимир Тодоров.

«Бу борада сунъий равишда бирор қатъий чора кўриш ёки чеклов жорий қилиш ниятим йўқ. Аммо, бундай бўлиши мумкинлигини истисно этмайман», деб жавоб берган Путин. «Мамлакатимизга қарши адоватли ҳаракатларга йўл қўйилмайди.»

Сбербанкнинг «Сбер» иловаси ва «Yandex» қидирув тизими жуда яхши ишлаяпти, деб айтган Путин.

Уларнинг ривожланиши MasterCard, Visa ва Google каби компаниялар ҳукмронлигидан хавотир борлигидан дарак берали.

2014 йилда Россия томонидан Қримнинг ноқонуний аннексиясига жавобан АҚШ санкциялари туфайли Россия банкининг кредит карталари процессинги ва Қримдаги банк карталарига хизмат кўрсатиш тўхтатилган эди.

Кремлнинг наздида Ғарб интернетининг яна бир камчилиги Google қидирув тизимини цензура қилиш имкони йўқлигидир.

Кремль ўзи истаган тақиқни бутун интернетга нисбатан қўллаши эҳтимолдан йироқ, дейди Риклин.

Лекин, у “айниқса Facebook, Twitter ва YouTube каби айрим ижтимоий тармоқлар фаолияти ҳозирданоқ чекланиши мумкинлигини” айтган.

Путин назоратни сақлаш қолиш учун чораларни қатъийлаштирмоқда

Россиянинг параллел «суверен интернетни» яратиши «фавқулодда вазиятларда» Ғарб яратган интернетни ўчиришга имкон беради, деб ёзган Колесников мақолада Путиндан иқтибос келтириб.

«Суверен интернет» ибораси Путиннинг «суверен демократия» иборасини ёдга солади.

«Путиннинг узоқ муддатли маслаҳатчиси Владислав Сурковнинг сўзларига кўра, суверен демократия Россия демократияси модели бўлиши керак эди», дейди Грузия стратегия таҳлил маркази асосчиси Георгий Рухадзе. «Аммо Владимир Путин ҳукмронлиги остида у Россиянинг диктатура моделига айланди.»

Бу йилги норозиликлар тўлқини Путинни хавотирга солмоқда, шунинг учун у ахборот муҳитини ва россияликларнинг интернетга кириш ҳуқуқларини назорат қилмоқчи, дейди Рухадзе.

«Норозиликлар авж олиб бормоқда», дейди у. «Режим учун бу чора кўриш кераклигининг белгиси. Шунинг учун Путин вазиятни қўлдан бой бермаслик учун раҳбарларга буйруқ бериш билан оммавий ахборот воситаларини янада қатъийроқ назоратга олмоқда.»

«Журналистлар ва жамоат арбоблари билан бўлиб ўтган бу учрашувлар аввало ҳукумат учун ҳаммаси жойида эканлигини кўрсатиш учун керак бўлган», дейди Риклин. «Бу озми-кўпми жорий қилинган формат. Агар ундан бирданига воз кечилса, дарҳол саволлар туғилади.»

Сизга мақола ёқдими?

Фикрлар 2

Сиёсат * Мажбурий 1500 / 1500

Россия – қамоқхона.

Жавоб бериш

...Қўлларнинг енгил ҳаракати билан.. Россия аста-секин.. Шимолий Кореяга айланади! Қарсакларингиз, жаноблар )))

Жавоб бериш