Карвонсарой
Инсон ҳуқуқлари

Хитойда уйғур мусулмонларини жавобгарликка тортиш кучайган, жазо муддатлари узайтирилмоқда

Карвонсарой ва AFP

Хитойнинг Шинжон вилояти, Қашғар шаҳри шимолидаги аксари мусулмон бўлган этник озчиликлар вакиллари ҳибсда сақланадиган, Хитой режимининг «қайта тарбиялаш» лагерларидан бири бўлган Artux City касб-ҳунар таълими маркази, 2019 йилнинг 2 июн куни олинган сурат. [Greg Baker/AFP]

Хитойнинг Шинжон вилояти, Қашғар шаҳри шимолидаги аксари мусулмон бўлган этник озчиликлар вакиллари ҳибсда сақланадиган, Хитой режимининг «қайта тарбиялаш» лагерларидан бири бўлган Artux City касб-ҳунар таълими маркази, 2019 йилнинг 2 июн куни олинган сурат. [Greg Baker/AFP]

ПЕКИН – Хитой режими Шинжондаги мусулмон озчиликлар вакилларини суд орқали таъқиб қилишни кескин кучайтириб, «жанжалларда иштирок этиш» ва «хориждаги қариндошларига совғалар бериш» каби шубҳали айбловлар билан узоқ муддатли қамоқ жазоларини тайинлаган, деб хабар берди Human Rights Watch (HRW) ташкилоти чоршанба (24 феврал) куни.

Бу жиноий ҳукмлар бир миллионга яқин уйғурлар ва асосан мусулмонлардан иборат бошқа озчиликлар вакилларининг Шинжондаги «сиёсий таълим» лагерларида ҳибсда сақланаётган вақтда чиқарилган.

2016 йилдан буён шимоли-ғарбий минтақанинг 250 мингдан ортиқ аҳолиси расмий равишда судланиб, қамоққа олинган, деб хабар беради HRW.

Бу ҳолатлар қонуний бўлиб кўринса-да, Шинжон қамоқхоналаридаги маҳбусларнинг кўпчилиги - «ўз ҳаёти билан яшаган ва динига амал қилгани учун судланган оддий одамлардир», дейилади HRW тадқиқотчиси Майя Ваннинг баёнотида.

Қашғар яқинидаги ҳарбий госпитал ташқарисида, аскарларнинг уйғур оиласи билан учрашуви акс этган ташвиқот баннери олдида ўз мотоциклини парковка қилаётган уйғур аёли, Шинжон, Хитой, 2019 йил 2 июнь. [Greg Baker/AFP]

Қашғар яқинидаги ҳарбий госпитал ташқарисида, аскарларнинг уйғур оиласи билан учрашуви акс этган ташвиқот баннери олдида ўз мотоциклини парковка қилаётган уйғур аёли, Шинжон, Хитой, 2019 йил 2 июнь. [Greg Baker/AFP]

HRWга кўра, Шинжон минтақасида жиноятда айблаб жазога тортиш ҳолатлари 2017-2019 йиллар оралиғида уйғурлар ва асосан мусулмонлардан иборат бошқа озчиликларга қарши тазйиқлар вақтида кескин кўпайган.

Шинжон судлари 2017 йилда қарийб 100 минг айбланувчига ҳукм ўқиган, 2016 йилда бу кўрсаткич 40 мингдан кам бўлган, деб хабар беради ташкилот расмий маълумотларга таяниб.

Терроризмга қарши кураш номи билан «тез ва қатъий жазо тайинлаши» учун полиция, прокуратура ва судларга босим ўтказилган, натижада ҳеч қандай қонунбузарлик содир этмаган кўплаб одамлар қамоққа ташланди, дейди ҳуқуқбон гуруҳ.

HRWга кўра, судлар «бошқаларга ҳаром ва ҳалол нима эканлигини тушунтирган» ва «Туркиядаги қариндошларига совғалар берган» одамларни ҳам жазога ҳукм қилган, қамоқ муддатлари узайтирилган.

2017 йилгача чиқарилган ҳукмларнинг тахминан 11 фоизида беш йилдан ортиқ жазо муддат белгиланган. 2017 йилда бу кўрсаткич 87 фоизга кўтарилган.

Хитой ташқи ишлар вазирлиги расмийси HRW ҳисоботидаги хулосаларга раддия берар экан, ташкилот «доим Хитой билан боғлиқ масалаларда нохолис бўлган келгани, кўпинча Хитойни ёмонотлиқ қилиш учун ёлғон баёнотлар тарқатгани ва уларнинг иддаоларига ишониб бўлмаслигини» айтган.

Орани очиқ қилишни истаган Пекин аллақачон «Гонконг билан боғлиқ масалаларда номақбул йўл тутган одамлар», жумладан HRW директори Кеннет Ротга нисбатан ҳам санкциялар жорий қилишга улгурган.

Эътирознинг кучайиши

Хитойнинг Шинжондаги мусулмон озчиликларга нисбатан сиёсати ва уларнинг ҳибсга олиниши, жумладан, аёлларнинг гуруҳ бўлиб зўрланиши ва мажбурий бичилиши ҳамда мажбурий меҳнат режимининг жорий қилиниши каби ҳолатлар дунё давлатлари томонидан кескин қораланган.

АҚШ Давлат департаменти Хитойнинг Шинжондаги хатти-ҳаракатлари геноцид деб ҳисобланишини айтган, чоршанба куни Канада парламенти ҳам худди шундай декларацияни қабул қилди.

Франция ташқи ишлар вазири Жан-Ив Ле Дриан чоршанба куни Хитойнинг уйғур озчилигига нисбатан сиёсатини қоралади.

Ле Дриан БМТнинг Женевадаги Инсон ҳуқуқлари бўйича кенгашида видеоалоқа орқали сўзлар экан, Шинжондан олинган ҳужжатлар ва гувоҳларнинг кўрсатмалари «уйғурларга нисбатан асоссиз амалиётлар, кенг кўламли кузатув ва идоравий репрессиялар тизими» қўлланилаётганидан дарак беришини айтган.

Аввалига Шинжондаги лагерларнинг мавжудлигини рад этган Пекин энди уларни экстремизмнинг таъсирини камайтиришга қаратилган касб-ҳунар марказлари дея оқлашга уринмоқда.

Шинжондаги этник озчиликларга нисбатан муносабат Хитойдаги инсон ҳуқуқлари тараққиётининг «ёрқин намунасидир», деб баёнот берди мамлакат ташқи ишлар вазири Ван И душанба куни.

У Хитойнинг «доим инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тарафдори бўлиб келганини» айтиб, Шинжон ва Хитойда аҳоли жон бошига ЯИМ ҳажмининг ўсгани ва минтақаларда умр кўриш давомийлигининг ошганини бунга далил ўлароқ келтирган.

Январ ойида Хитой расмийлари Шинжонда аҳоли сонинг кескин камайганини аёллар ҳуқуқларини ҳимоялаш соҳасидаги ютуқ деб иддао қилган ва мажбурий стерилизация ҳолатларини аниқлаган нуфузли мустақил тадқиқотларни рад этган эдилар.

«Шинжондаги уйғур аёллари эркинликка эришдилар, гендер тенглиги ва репродуктив саломатлик тарғиботи туфайли улар «бола ишлаб чиқарадиган машина» мақомидан халос бўлдилар», деб ёзган Хитойнинг АҚШдаги элчихонаси ўз твиттерида Шинжондаги тадқиқот марказининг 2018 йилдан бери вилоятдаги аҳоли сонининг ўзгариши ҳақида шу вақтга қадар эълон қилинмаган ҳисоботидан иқтибос келтириб.

Ҳуқуқбонлар ва фаолларга кўра, тибетликлар Хитой ҳукмронлиги остида бир қатор диний ва маданий чекловлар, жумладан монастирларнинг бузилиши билан боғлиқ ҳолатларга дуч келишган, натижада сўнгги йилларда бир қанча тибетлик бунга норозилик сифатида ўз-ўзига ўт қўйган.

Сизга мақола ёқдими?

Фикрлар 0

Сиёсат * Мажбурий 1500 / 1500