Карвонсарой
Сиёсат

Марказий Осиёликлар Путиннинг яқинда Россияда бўлиб ўтган намойишлардан қўрқувга тушганини кўрмоқдалар

Канат Алтинбаев

image

Кремлда ёлғиз ўтирган Россия президенти Владимир Путин, 21 декабр. [Кремль]

ОЛМАТА – Марказий Осиёликларнинг айтишича, Россия президенти Владимир Путин ва мухолифат лидери Алексей Навалний ўртасидаги зиддият уларга бошқа Путинни: кучли, харизматик сиёсатчи эмас, балки ўзига ишонмайдиган қўрқоқ одамни кўрсатиб қўйган.

Улар айниқса, «халқнинг Путинни қўллаб-қувватлаётганини» кўрсатиш учун Кремл қўл урган чоралардан ҳайратда қолганликларини айтганлар.

Россияда феврал ойининг бошларида ўтказилган ва ижтимоий тармоқларда тарқалиб кетган Путинни қўллаб-қувватловчи флешмоблар ва митинглар ҳукумат амалдорлари тарафидан ташкиллаштирилган – буни тадбирларга алдов йўли билан олиб келинган кўплаб «иштирокчиларнинг» кескин эътирози ошкор қилган.

Саҳналаштирилган митинглар норозилик келтириб чиқарди

9 феврал куни Би-би-си Россиянинг 10 дан ортиқ шаҳарларида ташкил этилган ва маҳаллий университетлар талабалари, бюджет ташкилотлари ва турли корхоналар ходимлари иштирокида ўтказилган «Путин – бизнинг президентимиз» флешмоби ҳақида хабар берди.

image

Яқинда Путинни «қўллаб-қувватлаш» мақсадида ўтказилган флешмоб видеолавҳасидан олинган кадр. [Файл]

image

31 январ куни қамоқдаги мухолифат лидери Алексей Навалнийни қўллаб-қувватлаш мақсадида ўтказилган митинг чоғида полиция томонидан қўлга олинган эркак. [Александр Неменов/AFP]

«Бир қолипдаги бу видеолавҳаларда ўнлаб ва юзлаб одамларнинг ватанпарварлик қўшиғи садолари остида Россия байроғини ҳилпиратаётгани ёки президентни қўллаб-қувватловчи шиорларни ҳайқираётганини кўриш мумкин», деб ёзади Би-би-си флешмобларни тасвирлаб.

Ижтимоий тармоқларда бу видеолавҳалар феврал ойининг бошларида Путин ҳукуматида кенг тарқалган коррупция ҳолатлари юзасидан суриштирув ўтказган мухолифат лидери Навалнийнинг ҳибсга олинишига қарши оммавий намойишлар ортидан пайдо бўлган.

«Путинни қўллаб-қувватловчи» видеолавҳалар «Ягона Россия» партиясига мансуб депутатларнинг веб-саҳифаларидан тарқатилган.

17 январ куни Берлиндан келганида ҳибсга Навалний халқаро ҳамжамиятнинг уни озод этиш ҳақидаги талабларига қарамай, ҳозирда 32 ойлик қамоқ жазосини ўтамоқда.

Навалнийнинг ҳибсга олиниши ортидан бутун Россия бўйлаб уни қўллаб-қувватловчи намойишлар бўлиб ўтди ва минглаб одамлар ҳибсга олинди.

Би-би-си хабарига кўра, талабалар, ўқитувчилар, шифокорлар ва бошқа давлат хизматчилари ўзларини бу видеолавҳаларда кўриб, ташкилотчилар уларни бошқа баҳоналар, жумладан, COVID-19га қарши кураш ёки Ватан ҳимоячилари кунини нишонлаш (бутун Россия бўйлаб 23 февралда нишонланади) баҳонасида тадбирга жалб қилишганини айтганлар.

Айрим иштирокчилар нима сабабдан йиғилганликларини ҳам билишмаган.

Жамоат тартибини бузиш айблови билан Навалний тарафдорларининг намойишларини куч билан бостирган Россия полицияси флешмоб иштирокчиларини тўхтатмаган. Давлат ва Кремл назорати остидаги ОАВ Путинни қўллаб-қувватлаш учун ўтказилган митингларни кенг ёритган.

Баъзи катта шаҳарларда Путинни қўллаб-қувватловчи саҳналаштирилган тадбирлар норозилик келтириб чиқаргач, депутатлар видеолавҳаларни ўз веб-саҳифаларидан ўчириб ташлаганлар.

«Бошқа Путин»

Кузатувчилар ва оддий Марказий Осиёликлар «халқ Путинни қўллаб-қувватлашини» кўрсатиш учун Кремл тарафдан амалга оширилган хатти-ҳаракатлардан ҳайратда қолишган.

Уларнинг сўзларига кўра, нима бўлган тақдирда ҳам Россия ҳукумати у ердаги ҳақиқатни яшира олмайди.

Россияда юз бераётган воқеалар Путин хориждаги имиджидан хавотирда эмаслигини кўрсатмоқда, дейди сиёсий таҳлилчи ва ёзувчи, олмаоталик Вадим Борейко.

«Россия ҳукуматининг бундай ноқонуний ҳаракатлари ҳозирги Кремл сиёсатининг қонунлар, инсон ҳуқуқлари ёки оддий инсонпарварликка мутлақо дахли йўқ эканини кўрсатиб турибди», дейди Борейко.

Россиядаги сўнгги сиёсий ҳодисалар режимнинг ниқобини ечиб ташлаб, унинг ҳақиқий қиёфасини фош этди, дейди «Уйғон Қозоғистон» ёшлар ҳаракатининг фаоли, олмаоталик сиёсий таҳлилчи Димаш Алжанов.

«Кремл ва Навалний ўртасидаги қарама-қаршилик Путиннинг психологик комплексларини очиб ташлади ва унинг кучли сиёсатчи сифатидаги имиджини йўққа чиқарди. Россияликлар бошқа, чинакам қўрқувга тушган Путинни кўрдилар», деди у. «Унинг сиёсий келажаги ноаниқ.»

Алжанов Россиядаги янги намойишларнинг яқин келажакда яна куч тўплаб, мамлакатнинг авторитар режимини қулатишига умид билдирган.

Унинг сўзларига кўра, Марказий Осиёдаги прогрессив фуқаролик жамияти Россиядаги ўзгаришларни қўллаб-қувватлаши керак.

Путин «одамларнинг ишончини йўқотди»

Россия ҳукумати ўз халқидан қўрқади, шунинг учун ҳам одамлар ғалаба қозониш учун кўчаларга чиқишлари керак, деб айтди Kloop.kg веб-сайтининг ҳаммуассиси бишкеклик Бектур Искендер.

У Россиянинг бошқарувини «ноқонуний режим» деб атаган. Шу сабабли Қирғизистондаги демократик ислоҳотлар истиқболи ҳам мавҳумлигича қолмоқда, деди у.

«Россия ҳукуматидаги жиноий унсурлар мамлакатимиздаги сиёсий жараёнларга таъсир ўтказиб келяпти: улар ҳукуматда авторитар бошқарув моделини тадбиқ қилишмоқда», деди Искендер.

Путин ҳукумати бошқа собиқ Совет мамлакатларига ҳам шундай деструктив таъсир ўтказмоқчи, деди у.

Кремл Путинни қўллаб-қувватлаш тадбирларини саҳналаштираётган бўлса, россияликларни ахмоқ қилаётган бўлади, дейди «Авиценна» қурилиш компаниясида ишлайдиган душанбелик Абдураҳмон Ҳасанов.

«Одамлар қувватловларини эркин ифода этишлари керак, уларни бундай пасткашлик билан алдаш у ёқда турсин, бунга ундаш ҳам керак эмас», деди Ҳасанов. «Путин режими шундай қилишга мажбур бўляптими, демак у одамларнинг ишончини йўқотган ва қудратда узоқ қолмайди.»

Сизга мақола ёқдими?

Фикрлар 4

Сиёсат * Мажбурий 1500 / 1500

Бункеридан чиқибдими?

Жавоб бериш

Путин иштонига ўтириб қўйди.

Жавоб бериш

Бункер каламуши ёруғликка чиқмаётганига яқинда бир йил бўлади.

Жавоб бериш

Нега энди Путлер [Путин ва Гитлернинг қоришмаси] ўлгудек қўрқмасин? У Россияда ҳам, ундан ташқарида ҳам жуда кўп жиноятларни содир этган. Ҳарбий жиноятлар эса эскирмайди. У Россияда аллақачон ўз дастагини йўқотиб бўлган. Тахти қимирлаб қолган. Уни Қаддофийнинг тақдири кутаётган бўлиши мумкин.

Жавоб бериш