Карвонсарой
Иқтисодиёт

Қозоғистон бизнес доиралари Россиянинг ягона электрон савдо «операторини» яратиш ташаббусидан хавотирда

Анна Карр

Интернет-харидни амалга ошираётган аёл, Олмаота, 25 феврал. [Анна Карр/Карвонсарой]

Интернет-харидни амалга ошираётган аёл, Олмаота, 25 феврал. [Анна Карр/Карвонсарой]

ОЛМАОТА – Кремлнинг Россия бошчилигидаги Евроосиё иқтисодий иттифоқи (ЕОИИ) доирасида электрон тижорат қоидаларини белгилайдиган ягона «операторни» (назоратчи орган) ташкил этишга уриниши Қозоғистондаги ишбилармон доираларни хавотирга солмоқда.

Қозоғистон тадбиркорлар миллий палатаси «Атамекен» Қозоғистон ягона электрон савдо операторини жорий қилишга тайёр эмаслигини билдирган бўлса-да, ЕОИИнинг назорат органи бўлган Евроосиё иқтисодий комиссияси (ЕОИК) уни ташкил этиш пайига тушган.

Электрон тижорат оператори ЕОИИга аъзо давлатлар божхона идоралари фаолиятини соддалаштириш ва трансчегаравий онлайн савдо ва божхона омборларини ривожлантиришга кўмаклашиши айтилмоқда.

Ташкил этилган тақдирда мазкур орган хориждаги электрон тижорат сайтларида товарлар харид қилган жисмоний шахслар учун электрон божхона декларацияларини тузиш, божхона тўловларини ҳисоблаш ва тўлаш, шунингдек, ЕОИИга аъзо давлатлар божхона органларига хорижий электрон тижорат сайтларидаги товарлар маълумотларини етказиш билан шуғулланади.

Суратда: Олмаотадаги Россия автомобилларини сотадиган дилерлик маркази, 2020 йилнинг феврал ойи. Россиянинг «ГАЗ» автомобил ишлаб чиқарувчиси ЕОИИ преференцияларидан фойдаланган ҳолда Қозоғистон бозорини монополлаштиришга уриниб келади. [Канат Алтинбаев]

Суратда: Олмаотадаги Россия автомобилларини сотадиган дилерлик маркази, 2020 йилнинг феврал ойи. Россиянинг «ГАЗ» автомобил ишлаб чиқарувчиси ЕОИИ преференцияларидан фойдаланган ҳолда Қозоғистон бозорини монополлаштиришга уриниб келади. [Канат Алтинбаев]

Шошилинч хатти-ҳаракатлар

«Атамекен» ЕОИКнинг лойиҳа мақсадларини аниқ тушунмай, электрон тижорат операторини яратиш ташаббуси юзасидан бир неча бор хавотир билдирган, дейилади «Атамекен»нинг 22 феврал куни интернетда эълон қилинган баёнотида.

Бутун савдо блоки учун битта электрон тижорат оператори ташкил этиладими ёки бир нечтами, унда қанча ва қандай ходимлар ишлайди каби саволлар борасида ЕОИИ ҳали бир қарорга келмаган.

«Синов лойиҳаларни амалга ошириш ва натижаларни таҳлил қилишдан аввал ЕОИИ ишлаб чиқиш ва жорий қилиш уринишлари хавотирга сабаб бўлмоқда», дейилади «Атамекен» веб-сайтидаги баёнотда.

«Атамекен» баёнотига кўра, ЕОИК асосий ёндашувлар ва концепцияни кўриб чиқмай, Божхона кодексига ўзгартириш киритишга тайёрланмоқда ва бу ЕОИИ тарихида илк марта юз бермоқда.

ЕОИИ ягона электрон тижорат операторини яратиш масаласини жорий йилнинг биринчи ярмида маъқулламоқчи.

Россия манфаатларини илгари суриш

ЕОИК қарорлари иттифоқнинг бош аъзоси Россияга боғлиқ. (Мазкур электрон тижорат оператори каби) ҳар қандай ЕОИИ органининг аксар аъзолари Москванинг сиёсатини илгари сурадиган россияликлардан иборат бўлади, дейди Нур-Султонлик иқтисодчи Андрей Чеботарев.

«Европа Иттифоқи – тенг ҳуқуқли иттифоқ эмас. Иттифоқда битта катта ўйинчи – Россия бор ва у ЕОИИ мамлакатларига умумий қарорлар ва яшаш қоидаларини мажбурлаб ўтказади», деди у.

«[ЕОИИдаги] қоидалар умумий манфаат учун ҳаммани муросага келтирувчи музокаралар ва келишув орқали қабул қилинмайди, аксинча Кремлнинг қарашлари билан белгиланади», деди у.

Чеботаревга кўра, ЕОИИ Совет даврига хос тузилма, ўша пайтда иттифоқнинг Россиядан бошқа аъзолари иқтисодий эркинликка эга эмас эдилар. Совет Иттифоқи республикаларнинг умумий конфедерацияси бўлиб кўринса-да, иқтисодий сиёсатни Москванинг якка ўзи юритар эди.

«Ҳозирда ҳаммамиз мустақил давлатмиз, аммо ЕОИИнинг ҳар бир қарорида барчани битта мамлакат [Россия] остида яшашга мажбурлаш истаги мавжуд», деб хулоса қилди иқтисодчи.

Россия компанияларига устуворлик бериш

ЕОИИда ягона электрон савдо операторини яратиш бўйича мунозаралар икки йил олдин бошланган, аммо ғоя мужмал ва хом эди, дейди Қозоғистон интернет бизнеси ва мобил тижорат ассоциацияси президенти Константин Горожанкин.

«Ҳозирда савдо соҳасида бартараф этиш керак бўлган ва бутун бошли халқаро орган тузишни тақозо этувчи ҳеч қандай тўсиқлар йўқ. Шунинг учун мен ишбилармон сифатида, россияликларга нима учун ягона давлат органи кераклигини тушуна олмаяпман», деди у.

«Бу ташаббусни биз (интернет-бизнес уюшмаси) билан ҳеч ким муҳокама қилмаган ва қилмаяпти», деди Горожанкин.

Сўнгги бир неча йилдан бери Қозоғистон ҳукумати онлайн тижорат ривожига катта эътибор қаратиб келмоқда ва бу борада бир нечта давлат дастурларини қабул қилишга улгурди, дейди Dresscode интернет-дўконининг соҳиби, чимкентлик Даулет Бойжигитов.

2021-2025 йилларга мўлжалланган сўнгги дастур электрон савдо ривожини мониторинг ва таҳлил қилувчи ягона тизимни яратиш ҳамда электрон тижорат бўйича статистик ҳисоботлар ва тадқиқотларни такомиллаштиришни кўзда тутади.

«Ушбу дастурда Қозоғистондаги компаниялар ва мижозларнинг барча эҳтиёжлари инобатга олинган. Бошқача қилиб айтганда, ташқи операторга ҳеч қандай эҳтиёж йўқ», деди Бойжигитов.

«Лекин, агар ғояга сиёсий нуқтаи назардан қаралса, ҳаммаси тушунарли бўлади. Россия СССРнинг вориси сифатида қандай қилиб ягона [постсовет] маконда ҳукмронликни ўз қўлига олишни ўйламоқда», деб қўшимча қилди у.

Марказий тузилма шаклланганидан сўнг, у бутун ишбилармон доиралар учун ўз қоидаларини ўрнатишни бошлайди ва Қозоғистон ёки қирғизистонлик бизнесменлар билан иши ҳам бўлмайди, деди у.

Бойжигитовнинг тахминича, Кремл биринчи навбатда россиялик ишлаб чиқарувчилар ҳақида қайғуради.

«Масалан, у Амазон ёки бошқа хорижий электрон тижорат майдончаларидан олинган товарларга божларни ошириб, шу йўл билан одамларни бевосита россиялик ишлаб чиқарувчиларнинг товарларини сотиб олишга мажбурлайди», деди у.

Сизга мақола ёқдими?

Фикрлар 2

Сиёсат * Мажбурий 1500 / 1500

Гап декларация қилинган божхона қийматини назорат қилиш тўғрисида гап кетмоқда - у [божхоначилар тарафидан] доим атайин камайтириб кўрсатилади. Шунингдек, Қозоғистонга контрабанда маҳсулотлар олиб кириш билан шуғулланадиган [ноинсоф қозоқ божхоначилари] ҳақида. Бу ерда гап шаффофлик, рўйхатга олиш ва тартиб ҳақида кетмоқда. Божхона билан боғлиқ муаммоларни «ҳал қилиш» Қозоғистонда одат тусига кирган; компютер технологияларига нисбатан негатив муносабатнинг асосий сабаби ҳам шу.

Жавоб бериш

Бу Божхона Иттифоқидан чиқишимиз лозим.

Жавоб бериш