Карвонсарой
Жиноят ва адолат

АҚШ ва ЕИ Кремл танқидчиси Алексей Навалнийнинг заҳарланиши ва ҳибсга олиниши сабабли Россияга санкция қўллади

Карвонсарой ва AFP

Россия президенти Владимир Путин Кремлда, 1 феврал. [Кремл]

Россия президенти Владимир Путин Кремлда, 1 феврал. [Кремл]

ВАШИНГТОН – Сешанба (2 март) куни АҚШ Европа Иттифоқи (ЕИ) билан келишган ҳолда россиялик мухолифат лидери Алексей Навалнийни заҳарлаган ва ҳибсга олган Кремлга нисбатан жазо чораси сифатида етти россиялик амалдорга санкция эълон қилди.

Расмийларга кўра, Қўшма Штатлар Россияга айрим экспорт турларини ҳам тақиқлайди.

Москва ўтган йил август ойида Навалнийга қилинган суиқасд ортида турибди ва уни озодликка чиқариши керак, дейди АҚШ расмийлари.

«Разведка ҳамжамияти Россия федерал хавфсизлик хизмати (ФСБ) ходимлари 2020 йилнинг 20 август куни Россия мухолифати етакчиси Алексей Навалнийни заҳарлаш учун асабни фалажловчи «Новичок» моддасини қўллаганини юқори ишонч билан таъкидлайди», деб айтган юқори лавозимдаги АҚШ расмийси.

Россиянинг Покров шаҳридаги 2-сонли ахлоқ тузатиш колонияси қошидаги православ черкови, 1 март. Кремл танқидчиси Алексей Навалний «шартли жазо муддатини» бузгани учун икки ярим йилга 2-сонли колонияга йўл олган. [Димитар Дилкофф/AFP]

Россиянинг Покров шаҳридаги 2-сонли ахлоқ тузатиш колонияси қошидаги православ черкови, 1 март. Кремл танқидчиси Алексей Навалний «шартли жазо муддатини» бузгани учун икки ярим йилга 2-сонли колонияга йўл олган. [Димитар Дилкофф/AFP]

«Биз Россияга кимёвий қуролдан фойдаланиш оқибатлари борасида аниқ сигнал юборяпмиз», деди бошқа бир Америка расмийси.

Бу баёнот ЕИга аъзо мамлакатларнинг Навалнийни ҳибсга олишга алоқадор тўрт нафар россиялик юқори лавозимли мансабдорга нисбатан санкциялар қўллаши ортидан эълон қилинган.

Санкцияга тушган россиялик расмийларга ЕИ ёки АҚШ ҳудудига кириш тақиқланади, уларнинг Ғарб мамлакатларидаги ҳар қандай активлари музлатилади.

44 яшар Навальний Сибирдан Москвага учган рейс чоғида ҳушидан кетгач, Россиянинг Омск шаҳридаги шифохонага етаказилган, кейинроқ тиббий самолётда Берлинга олиб келинган эди. У Германияда даволаниб, саломатлигини тиклаган.

Асабни фалажловчи моддани қўллаш

Германия пойтахтидаги мутахассислар мухолифатчининг Совет даврида ишлаб чиқарилган «Новичок» асабни фалажловчи моддаси билан заҳарлангани ҳақида хулоса чиқаришган.

Россия федерал хавфсизлик хизматининг бир гуруҳ кимёвий қуроллар мутахассислари Навалнийни бир неча йилдан бери, жумладан у заҳарланган куни ҳам кузатиб келган– бу декабрда оммавий ахборот воситалари ўтказган текширув давомида маълум бўлган.

2018 йил Англияда россиялик икки томонлама жосус Сергей Скрипал ва унинг қизи Юлиянинг ҳаётига қилинган суиқасдда ҳам «Новичок» ишга солингани айтиб ўтилган. Бу икковлон омон қолган бўлса-да, уларга алоқадор бўлмаган англиялик аёл ҳаётдан кўз юмган.

Россия расмийлари бу хабарни бир неча бор рад этишган.

17 январ куни Москвага қайтиб келган Навалний қўлга олинган эди.

Россиянинг жазони ижро этиш федерал хизмати Навалний сиёсий сабабларга кўра фирибгарликда айбланиб, 2014 йилда унга белгиланган шартли жазо муддатини бузгани учун қўлга олингани ҳақида хабар берган.

Навальнийнинг қамоққа олиниши ва унинг ҳукуматдаги коррупцияга оид терговлари, жумладан Россия президенти Владимир Путин эгалик қилган ва «энг улкан пора эвазига» барпо этилган Қора денгиз бўйидаги 1,35 млрд. долларлик қаср Россия бўйлаб қатор норозиликларга сабаб бўлди.

Намойишчиларга ҳужум

Мамлакат кўчаларига чиққан юз минглаб намойишчиларнинг талабларини инобатга олиш ўрнига, Кремл ўз фуқароларига ҳужум қилди.

23 январ куни мамлакатнинг 120 дан зиёд шаҳрида 3700 дан ортиқ намойишчи қўлга олинган, деб хабар беради митингларни кузатиб бораётган «OVD Info» нашри. Намойишчилар Навалнийнинг ҳибсга олинганини қоралаган.

Маъмуриятнинг юқори лавозимли расмийларидан бирининг журналистларга маълум қилишича, Қўшма Штатлар Навалний, унинг сафдошлари ва Россияда ноқонуний равишда ҳибсга олинган бошқа шахсларнинг озод этилишини талаб қилмоқда, деб хабар беради Bloomberg News.

Расмийларга кўра, яқин ҳафталарда Қўшма Штатлар Россия билан боғлиқ бошқа хавотирли масалалар бўйича разведка маълумотларини очиқлайди.

Можароли масалалар орасида Россиянинг Афғонистондаги АҚШ ҳарбийларини ўлдириш учун Толибонга алоқадор жангариларга йирик пул мукофотлари бергани ва Москванинг 2019 йилда АҚШ идоралари ва компанияларини вайрон қилган SolarWinds оммавий хакерлик ҳужуми ортида турганига оид дастлабки маълумотлар бор.

Сешанба куни Кремл санкциялар жорий этилишини қоралаб чиққан эди.

«Бу чораларга қарамликни давом эттираётганлар... эҳтимол, бироз ўйлаб кўришлари керак: улар бундай сиёсатни давом эттириш билан қандай мақсадга эришяптилар?» деди Кремл матбуот воизи Дмитрий Песков.

«Бунинг жавоби аниқ: бу сиёсат кўзлаган натижани бермаяпти», деб қўшимча қилди у.

Айни пайтда ташқи ишлар вазири Сергей Лавров Москва Ғарбнинг чораларига «жавоб қайтариши аниқ» деб таҳдид қилди.

Дипломатиянинг қоидаларидан бири – жавоб чораларини ҳали ҳеч ким бекор қилгани йўқ», деди у Ўзбекистонда ўтган брифинг чоғида.

«Бу каби хатти-ҳаракатлар биз учун номақбул эканлигини аниқ билдириш учун иттифоқчилар ва ҳамкорларимиз билан биргаликда зарур чораларни кўрамиз», деб айтган АҚШ давлат котиби Энтони Блинкен сешанба кунги интервьюда.

Сизга мақола ёқдими?

Фикрлар 4

Сиёсат * Мажбурий 1500 / 1500

Россия мутлақо қонунсиз ва полиция давлатидир. Навалний буни исботлади.

Жавоб бериш

Мен Навалний тарафман!

Жавоб бериш

Навалнийга озодлик!

Жавоб бериш

Ғарб тўғри иш қилди, Навалнийга зулм қилаётган Россияни жазолаб

Жавоб бериш