Карвонсарой
Иқтисодиёт

Рақамлар ўйини: мутахассислар Хитойда қашшоқликка барҳам берилгани ҳақидаги баёнотга шубҳа билан қарамоқда

Карвонсарой ва AFP

Хитойда қашшоқликка барҳам берилганига бағишланган маросимни жонли эфир орқали кузатаётган томошабинлар. 25 феврал куни президент Си Цзинпин Хитойнинг Гуанси вилояти Лючжоу қишлоғида экстремал қашшоқликка тўлиқ барҳам берилгани ва мамлакат «инсоний мўъжизага» эришганини эълон қилган. [STR/AFP]

Хитойда қашшоқликка барҳам берилганига бағишланган маросимни жонли эфир орқали кузатаётган томошабинлар. 25 феврал куни президент Си Цзинпин Хитойнинг Гуанси вилояти Лючжоу қишлоғида экстремал қашшоқликка тўлиқ барҳам берилгани ва мамлакат «инсоний мўъжизага» эришганини эълон қилган. [STR/AFP]

ПЕКИН – Ўтган ҳафта Пекинда бўлиб ўтган дабдабали маросимда Хитой президенти Си Цзинпин унинг мамлакати экстремал қашшоқликни йўқ қилишда «мўъжизага» эришганини эълон қилди.

«Ҳеч қайси мамлакат бундай қисқа муддатда юз минглаб аҳолини қашшоқликдан олиб чиқа олмайди», деб айтган Си 25 феврал куни. «Эришилган «инсоний мўъжиза» тарихда қолади.»

Ўтган 50 йил давомида Хитой тараққиётга эришганини таъкидлар экан таҳлилчилар Пекин ўз муваффақиятини қайси ўлчовда ўлчаётганини сўроққа тутмоқдалар.

Танқидчиларга кўра, бу авторитар режимнинг ўз-ўзига тасанно айтиш ташвиқотидан ва Пекиннинг Ғарб демократиясини ёмонотлиқ қилиш кампаниясидан даракдир.

Пекин кўчаларининг бирида ахлат ичидан овқат териб еяётган эркак, 23 январ. Дунёнинг миллиардерлар сони бўйича топ ўнталигида Хитойнинг олти шаҳри бор, Пекин бу рўйхатда олти йилдан бери етакчилик қилиб келмоқда. [Ноэл Селис/AFP]

Пекин кўчаларининг бирида ахлат ичидан овқат териб еяётган эркак, 23 январ. Дунёнинг миллиардерлар сони бўйича топ ўнталигида Хитойнинг олти шаҳри бор, Пекин бу рўйхатда олти йилдан бери етакчилик қилиб келмоқда. [Ноэл Селис/AFP]

Рақамлар ўйини

2015 йилда Си 2020 йилга қадар экстремал қашшоқликни йўқ қилишга ваъда берган эди. Бу жорий йил охирида Компартияга тузилганининг 100 йиллик санасига қадар «мўътадил фаровон жамият» тузиш мақсадининг устуни ҳисобланади.

Ўтган йили Хитой мамлакатнинг барча фуқароларини қашшоқликнинг 2,3 долларга тенг кунлик даромад чегарасидан олиб чиқишдек узоқ йиллик мақсадига эришганини даъво қилган эди.

Аммо, иқтисодчилар Пекиннинг расмий статистик маълумотларига шубҳа билан қарайдилар. Уларга кўра, қашшоқликка оид рақамлар умумий вазиятни акс эттирмайди ва даромад ошгани сабабли Хитойда қашшоқлик кўрсаткичлари эскирган.

2020 йилги муддатлар тугаши арафасида партия ходимлари ғимирлаб қолишган: камбағал оилаларни аниқлаш, маблағларни тақсимлаш ва рақамларни Компартия истаган кўрсаткичларга олиб чиқиш учун инфратузилмани барпо қилиш ишлари бошланиб кетган.

Бу ҳаракатларга камида 1 триллион АҚШ долларига тенг маблағ сарфланади ва унинг юки етарлича молияланмаётган маҳаллий ҳокимиятлар зиммасига тушади.

Бу кампаниянинг яна бир оқибати – қашшоқликни йўқ қилишга қаратилган чоралар туфайли юз минглаб коррупция ҳолатларининг келиб чиқиши, дейди Ғарбий Онтарио университети иқтисодчиси Терри Сикюляр.

Бу ишларнинг аксари маҳаллий амалдор билан боғлиқ – улар пулни ўзлаштириш мақсадида ўз дўстлари ва оила аъзоларини камбағаллар рўйхатига киритган.

Мамлакатдаги ўртача оила даромади билан солиштирганда Хитойнинг расмий қашшоқлик чегараси жуда паст, дея қўшимча қилди Сикюляр.

«Айни дамда қишлоқ жойлардаги бир ўлчамли қашшоқликнинг қуйи чегараси Хитойнинг жуда тез суръатда ривожланиб бораётган жамиятидаги қашшоқлик мезонини акс эттирмайди», деди у.

Жаҳон банки ўртачадан юқори даромадли мамлакатларда қашшоқликни аниқлаш учун кунига 5,50 АҚШ долларлик чегара белгилаган.

Агар Пекин ушбу тавсия қилинган рақамларни қўлласа, Хитойнинг деярли 13 фоиз аҳолиси ҳамон қашшоқликда кун кечирмоқда, деб ҳисоблайди Жаҳон банкининг ҳудудий раҳбари Мартин Райзер.

Қашшоқлик чегараси юқорига кўтарилса, кўпчилик шаҳарликлар ҳам бу чегарага кириб қолади, деб огоҳлантирди у.

Коммунистик партия миллиардерлари

Шу билан бир вақтда, сешанба (3 март) куни куни эълон қилинган халқаро ҳисоботга кўра, ўтган йили 200 дан ортиқ хитойлик миллиардерга айланган.

Шанхайнинг Hurun тадқиқот институти тузган Global Rich List рейтингига кўра, ўтган йилда мамлакатда долларли миллиардерлар сони 259 тага кўпайиб, 1058 кишига етган ва дунё бўйича рекорд кўрсаткични қайд этган.

Юқори даражадаги бундай ўсиш ҳамон қашшоқликда кун кечираётган хитойликлар учун фойдасиз бўлиб қолмоқда.

Хитой COVID-19 коронавирус пандемиясининг глобал иқтисодий зарарига қарамай, 2020 йилда ўсишда давом этган саноқли иқтисодиётлардан бири бўлди.

COVID-19 борасидаги ҳақиқатни аниқлашга ёрдамлашиш ёки пандемиянинг тарқалиши билан боғлиқ масъулиятни тан олиш ўрнига, Пекин айбни ўзидан соқит қилиш ҳамда Хитойнинг «мардонавор» кураши ва иқтисодий тикланиши билан мақтанишга эътибор қаратди.

Си бу нарративни Ғарб демократиясини ёмонотлиқ қилиш ва Хитойнинг авторитар моделини мақташ мақсадида қўллади.

Ўтган ҳафтадаги нутқида Си Хитой «қашшоқлик билан курашаётган» ривожланаётган мамлакатларга ёрдам кўрсатаётганини қайд этди.

Аммо Пекиннинг ёрдами кўпинча Хитой учун манфаатли бўлган ресурсларни тадқиқ қилишга оид шартномалар ва савдо битимлари каби шартлар билан берилади, дейди кузатувчилар.

Хитойнинг триллион долларлик «Бир камар – бир йўл» ташаббуси – Хитой режими томонидан 2013 йилда қарийб 70 мамлакат ва халқаро ташкилотларга сармоя киритиш учун қабул қилинган инфратузилмани ривожлантиришга оид халқаро стратегиядир.

Бу стратегияга яқиндан назар солинадиган бўлса, Пекин Жанубий Хитой денгизидан тортиб, Покистондаги Гвадар портини ривожлантириш лойиҳаси, Эрон, Марказий Осиё ва Африканинг бир қатор ҳудудларидаги ресурслардан фойдаланиб, ҳарбий амбицияларни кўзлаётгани ойдинлашади.

«Камбағалликка қайтиш эҳтимоли»

Хитойнинг камбағалликни камайтириш бўйича мутасаддиси Оу Цинпин декабр ойида огоҳлантиришича, ёрдамга муҳтож бўлиб турган айрим хитойликларда бой бўлиш учун «етарли» маблағ йўқ.

«Енгиллаштириш сиёсати тўхтатилгандан сўнг, уларнинг яна қашшоқликка қайтиш эҳтимоли катта», деди у.

Бетоблик ва ишсизлик каби муваффақиятсизликлар оилаларни яна қийинчиликларга дучор қилиши мумкин.

«Муайян вақтда камбағалликка барҳам бериш билан уни бутунлай йўқотиб бўлмайди», деди канадалик иқтисодчи Сикулар.

Сизга мақола ёқдими?

Фикрлар 0

Сиёсат * Мажбурий 1500 / 1500