САН-ФРАНЦИСКО – Чоршанба (3 март) куни Facebook Кремл танқидчиси Алексей Навалнийнинг қамоққа олинишига қарши норозилик билдираётган россияликларни чалғитишга қаратилган юзлаб сохта Инстаграм аккаунтлари ёрдамидаги ҳийланинг олди олинганини маълум қилди.
Инстаграмга эгалик қилувчи Facebook компаниясининг таъкидлашича, аккаунтлар тармоғи намойишчиларнинг хабарларини «бўғиб қўйиш» учун одатда спам ёки молиявий фирибгарликлар билан боғлиқ бўлган «заҳарлаш» хештеги ва локацияларидан фойдаланган.
Ушбу тактика долзарб мавзулар (бу ҳолатда намойишлар) учун ижтимоий тармоқ маркерлари сифатида ишлатиладиган хештегларни шундай ёрлиқли хабарлар оқимини тарқатиш учун қўллашни кўзда тутади.
«Бирор жамоатчилик ҳаракатининг ишини ташкиллаштириш учун фойдаланадиган хештегингиз бўлса ва сиз уни тасодифий, бир-бирига боғлиқ бўлмаган контент билан тўлдирсангиз, унинг самарасини пасайтирган бўласиз», дейди Facebook компаниясининг глобал таҳдидларга қарши кураш бўйича етакчи мутахассиси Девид Агранович.
«Шунингдек, улар тармоқни одамларнинг «овозини ўчириш» ёки норозилик билдирмасликка чақириш маъносидаги контент билан тўлдиришга уринганлар.»
Айрим ҳолларда Москва ва Санкт-Петербургда намойишчилар тўпланишни режалаштирган жойлар геолокация теглари билан белгиланган, деб хабар беради Facebook.
Аккаунтларда таниқли шахсларнинг фотосуратлари ёки дастурий таъминот ёрдамида автоматик тарзда яратилган профил суратлари ишлатилган, хабарларда эса норозиликлар TikTok юлдузларидан бири томонидан танқид қилинаётгани ва митингларда кўплаб болалар қатнашаётгани таъкидланган, дейилади ҳисоботда.
Ушбу кампанияни уюштирганлар яқинда яратилган аккаунтларга таяниб, «алоқадор маълумотларни ўчириб ташлаш ва муҳокамани бошқа мавзуга буриш учун, муайян хештеглар ва локациялар билан катта ҳажмдаги мавзуга дахлсиз ёки танқидий контентни жойлаганлар».
Имижни шакллантиришга мўлжалланган сервисга эгалик қилувчи Facebook тарафидан тақдим этилган намуналарга кўра, Инстаграмдаги айрим хабарларда намойишда иштирок этиб, COVID-19 билан касалланган ва вафот этган айрим россияликлар ҳақида сўз юритилган.
Facebook автоматлаштирилган тизимлари ушбу кампанияда қўлланилган 530 та Инстаграм аккаунтини аниқлади ва фаолсизлантирди, деб хабар беради Америкадаги ижтимоий тармоқ.
Facebook маълумотларига кўра, Инстаграмдаги шу каби битта ёки бир нечта аккаунтни 55 мингдан ортиқ фойдаланувчи кузатиб борган.
Аграновичнинг сўзларига кўра, алдамчи хатти-ҳаракатлар фақат «Россия ҳудудида фаолият юритадиган шахсларга» қадар кузатилган бўлса-да, барча белгилар Кремлга ишора қилмоқда.
Россия режими пайшанба куни Facebook компаниясидан бу борада изоҳ талаб қилган.
Чоршанба куни Инстаграмда Навалнийнинг Москва яқинидаги ҳибсхонадан ёзган илк мактуби эълон қилинган, унда мухолифатчи киноя билан «ҳаммаси яхши» эканлигини айтган ва қамоқхона ҳаётидан гапириб ҳазиллашган эди.
Президент Владимир Путиннинг энг машҳур танқидчиси Москва шимоли-шарқидаги Владимир вилоятида жойлашган Колчугино тергов изоляторида сақланаётганини айтган.
«Новичок» моддаси билан заҳарланиш оқибатида ҳалок бўлаёзган ва Германияда даволаниб қайтган Навалний шартли қамоқ муддати талабларини бузишда айбланиб, икки ярим йилга озодликдан маҳрум этилган.
Ўзгаришлар йўқ
Кремлнинг жорий ҳафтада ижтимоий тармоқ платформалари ёрдамидаги манипуляциясига оид бу каби хабарлар янгилик эмас – улар кўп йиллардан бери бор.
Ўтган йилнинг сентябр ойида Facebook Қўшма Штатларда сиёсий тартибсизлик келтириб чиқаришга қаратилган, Кремл билан боғлиқ бошланғич босқичдаги кампанияни фош этган эди. Компания ўзини журналист деб кўрсатган ҳамда «хорижий аралашув» сиёсатига қарши бўлган сўл прогессив кучларни нишонга олган 13 та аккаунт ва икки саҳифани ўчириб ташлаган.
Хабар қилинишича, операторлар ижтимоий тармоқлардан веб-сайтга ташрифлар сонини ошириш учун Facebook саҳифаларини яратиб, мақсадли реклама жойлаш учун рухсат олишга уринганлар.
«Россиялик ижрочилар ўзларини яшира оладиган аниқ тартибга риоя қилсалар-да, бу усуллар тобора самарасиз бўлиб бормоқда ва биз уларни эртароқ фош этяпмиз», деган эди Facebook компаниясининг хавфсизлик бўйича раҳбари Натаниэл Глейхер.
Ўтган йил май ойида коронавирус пандемиясидан фойдаланиб, таъсир кампаниясини олиб борган Россиядаги бир қатор ижтимоий тармоқ аккаунтлари Facebook томонидан ўчириб ташланган.
Ўтган йил октябр ойида компания Россияга алоқадор бир нечта аккаунтни ўчириб ташлаганини маълум қилган – бу аккаунтлар эгалари АҚШда 2020 йилда бўладиган сайловларга аралашишга уринганлар.
2019 йил май ойида ижтимоий тармоқларда қатор минтақалар, жумладан Марказий Осиёга қаратилган, Россиядан туриб олиб борилаётган зарарли таъсир чоралари давом этар экан, Facebook компанияси Россияда очилган саҳифалар, гуруҳлар ва аккаунтлардан яна бир қанчасини ўчириб ташлаган эди.
2019 йил март ойида компания Instagram ва Facebook тармоқларида зарарли таъсир билан шуғулланган Россиядаги 2600 дан ортиқ саҳифа, гуруҳ ва аккаунтлар фаолиятига чек қўйган.
2018 йил апрель ойида эса Facebook ижтимоий тармоғи дунё бўйлаб жамоатчилик фикрига таъсир ўтказишга уринишда айбланган Россиянинг «троллар фабрикаси»га алоқадор юзлаб Facebook ва Instagram аккаунтлари ёпилганини эълон қилган эди.
Сохта тармоқ шунингдек, аёллар кийимлари ёки сумкаларининг рекламаси жойлаштирилган хештегларни ҳам шу тарзда «заҳарлаган», деб хабар беради Facebook.
Путин диктатурасига қарши чиққанларни қўллаб-қувватлашимиз керак.
Жавоб беришФикрлар 1