Карвонсарой
Дипломатия

Туркманистон ва Афғонистон энергетик лойиҳалар бўйича музокараларни жадаллаштирмоқда

Жумагул Аннаев

2016 йил 28 ноябр куни Афғонистоннинг Оқина шаҳрига йўл олган юк поездини кузатиш учун Туркманистоннинг Имомназар божхона пунктига тўпланган расмийлар ва миллий раққослар. Шу куни икки мамлакатни боғлайдиган 2 миллиард долларлик темир йўл линиясининг биринчи участкаси тантанали равишда очилди. [Игорь Сасин/AFP]

2016 йил 28 ноябр куни Афғонистоннинг Оқина шаҳрига йўл олган юк поездини кузатиш учун Туркманистоннинг Имомназар божхона пунктига тўпланган расмийлар ва миллий раққослар. Шу куни икки мамлакатни боғлайдиган 2 миллиард долларлик темир йўл линиясининг биринчи участкаси тантанали равишда очилди. [Игорь Сасин/AFP]

АШХОБОД – Туркманистон Афғонистондаги инфратузилмавий лойиҳаларни қўллаб-қувватлаш ва уларнинг хавфсизлигини кафолатлаш чораларини давом эттирмоқда.

Кузатувчиларга кўра, феврал ойида Ашхободда Туркманистон расмийлари ҳамда турли афғон сиёсатчилари ва гуруҳларининг етакчилари ўртасида ўтган учрашув ва музокаралар Туркманистон-Афғонистон муносабатларининг чуқурлашувида Ашхободнинг роли тобора ўсиб бораётганидан далолат бермоқда.

22 феврал куни Туркманистон расмийлари Афғонистон миллий ислом ҳаракати етакчиси ва собиқ вице-президент Абдулрашид Дўстум билан учрашдилар. 6 февралда Туркманистон расмийлари ва Афғонистон толибонлари делегацияси ўртасида анжуман бўлиб ўтди.

Феврал ойидаги музокараларда Туркманистон-Афғонистон-Покистон-Ҳиндистон (ТАПҲ) табиий газ қувури, Туркманистон-Афғонистон-Покистон (ТАП) электр узатиш ва оптик толали алоқа линиялари, Туркманистон ва Афғонистон ўртасида барпо этилажак янги темирйўл каби қўшма лойиҳалари хусусида сўз борди.

Узунлиги 1840 километрга тенг ТАПҲ қувури Туркманистоннинг Галкиниш конидан Ҳиндистонгача боради. Эрон режими бу лойиҳага қатъий қаршилик қилмоқда. [Алистер Гамильтон]

Узунлиги 1840 километрга тенг ТАПҲ қувури Туркманистоннинг Галкиниш конидан Ҳиндистонгача боради. Эрон режими бу лойиҳага қатъий қаршилик қилмоқда. [Алистер Гамильтон]

Ашхободдаги олий даражали учрашувлар

Туркманистон ташқи ишлар вазири Рашид Мередовнинг ўтган ойдаги саъй-ҳаракатлари Афғонистон ичида тинчлик музокаралари ўтказиш, мамлакатда осойишталикни қарор топтириш ва Афғонистоннинг минтақавий иқтисодиётга интеграцияси учун хавфсиз муҳит яратиш каби муҳим масалалар бўйича барча афғонистонлик субъектлар ва томонларнинг позициясини очиқлашга ёрдам берди, дейди туркманистонлик шахси номаълум қолишни истаган Сардор Д. исмли дипломат.

«Туркманистон илгари сураётган ҳамма лойиҳаларнинг зудлик билан амалга оширилишида Дўстумнинг дастаги муҳим эди», деб қўшимча қилди у.

Бу лойиҳалар учун расмий Кобул ва 6 феврал куни Туркманистон етакчилари билан музокара ўтказган Толибон ҳаракати етакчиларининг дастаги ва хавфсизлик кафолатлари олинди, деди яқинда Ашхободда Туркманистон ва Афғонистон ўртасидаги музокараларнинг барча босқичларида қатнашган Сардор Д.

Толибонлар Туркманистоннинг Афғонистонга кўрсатаётган ёрдамини юқори баҳолайди, дейилади Туркманистон ташқи ишлар вазирлигининг Мередов ва Толибонлар ўртасидаги музокараларга оид баёнотида.

«Ёрдам бетараф, мусулмон ва қўшни мамлакатдан келмоқда», дейди толибонлар вакили Муҳаммад Шаҳин.

Толибонларга ишониб бўлмайди

Толибонларнинг қувватлов сўзлари ва хавфсизлик кафолатларига қарамай, Туркманистон «уларга ишончсизлик ва таҳлика билан қарайди», дейди маҳаллий кузатувчилар.

Сардор Д. Туркманистон президенти Гурбангули Бердимуҳамедов Ашхободда Толибон делегацияси билан юзма-юз учрашмагани ва гаплашмаганини бунинг далили ўлароқ келтирди.

«Бу жуда муҳим факт ва кўп нарсага ойдинлик киритади», деди у.

Толибоннинг кафолати нима англатиши тажрибадан ҳам маълум: улар ўтган йили АҚШ билан сулҳ битими имзолаган ва муайян мажбуриятларини ўз зиммасига олган эди, шунга қарамай, ҳанузгача зўравонликдан воз кечмади ва «Ал-Қоида» билан алоқаларни узгани йўқ, деди Сардор Д.

«Толибларнинг АҚШ олдидаги мажбуриятларини бажармаётгани Туркманистон раҳбариятини эҳтиёткорроқ бўлишга ундамоқда», дейди у.

Бошқа кузатувчилар ҳам Толибон жангариларининг беқарорлигига ишора қилганлар.

Туркманистон энергетика вазирлигининг Мари вилоятидаги вакили Айдоғди Байрамовнинг айтишича, толибонлар Афғонистоннинг шимолий вилоятларида ўз назорати остидаги туманларда Туркманистондан импорт қилинган электр энергиясидан фойдаланади ва бунинг учун маҳаллий аҳолидан пул олади, аммо Туркманистонга пул тўлашни хаёлига ҳам келтирмайди ва бу масалани Афғонистон ҳукуматига ҳавола қилади.

«Толибон [жангарилари] билан тўлов масаласида келишиш имконсиз», деб қўшимча қилди у.

Афғонистонлик журналист Аҳмад Дуранийнинг айтишича, айримлар толибонлар кимларгадир бўйсунади, деб ҳисоблайди. Улар ТАПҲ газ қувури бўйича муҳокамаларда Покистон разведкасининг босими остида иштирок этмоқда, деган эди у феврал ойида Deutsche Welle билан суҳбатда.

«Толибон мустақил эмас», деди Дураний.

Хавфсизлик – инвестициялар калити

Йилига 33 миллиард куб метр газ ўтказиш қувватига эга ТАПҲ қувурини барпо этиш ғояси илк марта 90-йилларнинг охирида Туркманистон, Афғонистон, Ҳиндистон ва Покистон тарафидан илгари сурилган.

Қувурнинг Туркманистон қисмидаги (244 км) қурилишига 2015 йил декабрда старт берилган, 2018 йилнинг февралида эса Афғонистон участкасида (774 км) қувур учун ажратилган ерларни миналардан тозалаш ишлари бошланган.

Покистон ТАПҲ орқали ўтадиган газ нархи борасида Туркманистон билан келишолмагани ва лойиҳанинг хавфсизлигини кафолатлай олмагани учун қувурнинг ўз ҳудудидан ўтган қисмида (826 км) ҳанузгача ҳеч қандай иш бошламаган.

Туркманистонлик кузатувчиларнинг айтишича, айнан хавфсизлик ва инвестицияларнинг етишмаётгани режалаштирилган лойиҳалар йўлига тўғаноқ бўлиб турган эди.

Уларга кўра, эндиликда барча томонлар қўллаб-қувватлов ва хавфсизлик кафолатини беришга тайёр эканлиги айтар экан, потенциал инвесторларнинг имкониятлари сезиларли даражада кенгайиши мумкин.

«ТАПҲ ёки ТАПга сармоя киритишни, ушбу истиқболли ва шубҳасиз манфаатли бўлган лойиҳаларни амалга оширишда иштирок этишни истаганлар анча кўп бўлади», деди «Туркмангаз» давлат концерни вакили Равшан Халлиев.

Ноёб имконият

Ашхободнинг ишонишича, эълон қилинган барча энергетик, транспорт ва коммуникациявий лойиҳаларни амалга ошириш минглаб афғонистонликларга даромад манбаини ўзгартириш ва янги ҳаёт бошлаш имкониятини беради.

Ҳозирда кўплаб оддий афғонистонликлар қуролли экстремистик ёки жиноий гуруҳларга қўшилишга, ёхуд гиёҳванд моддалар ишлаб чиқариш ва тарқатишга мажбур бўлмоқда, чунки уларда тинч, бунёдкорлик руҳидаги муқобил меҳнат тури йўқ, деди дипломат Сардор Д.

«Учрашувлар ва музокараларда муҳокама қилинаётган нарсалар барпо этиладиган бўлса, тез орада Афғонистонда уруш ва беқарорликдан чарчаган афғонлар учун минглаб янги иш ўринлари пайдо бўлади», деди Байрамов.

Агар режалар муваффақиятли амалга ошса, янги иш ўринлари, табиий газ, электр энергияси ва йўловчи ва юк транзитидан ташқари Афғонистон тинчликка ва иқтисодий тараққиётга эришиш учун ноёб имкониятга эга бўлади, дейди таҳлилчилар.

«Афғонистон тинч ва барқарор бўлса, бутун минтақа худди шундай тинч ва барқарор бўлади», деди Сардор Д.

Сизга мақола ёқдими?

Фикрлар 0

Сиёсат * Мажбурий 1500 / 1500