АР-РИЁД – 8 март куни Россия ташқи ишлар вазири Сергей Лавров Форс кўрфазига 4 кунлик сафарини бошлади. Бу ташриф манфаатлар зиддияти, иқтисодий оппортунизм ва юзаки сиёсий дабдаба билан тўла, дейди маҳаллий кузатувчилар.
У БАА, Саудия Арабистони ва Қатарга ташриф буюришни режалаштирган.
Лавров сешанба куни икки томонлама сиёсий музокаралар» олиб бориш учун илк манзил – БААга етиб келди, деб хабар беради Россиянинг «ТАСС» ахборот агентлиги.
Шунингдек, у Москва ва кўрфазнинг уч давлати ўртасида савдо-иқтисодий ҳамкорликни кучайтириш масаласини муҳокама қилади, деб хабар берди Россия ТИВ.
Россия оппортунизми намойиши
Таҳлилчиларга кўра, бу ташриф Москванинг стратегик жиҳатдан муҳим минтақага кириш ҳамда иқтисодий ва сиёсий манфаатларни қўлга киритишга қаратилган яширин уринишидир.
Россия АҚШ ва Саудия Арабистони ўртасидаги эҳтимолий зиддиятлардан фойдаланиб қолишга уринмоқда, дейди қирол Сауд университетининг сиёсий фанлар факултети ўқитувчиси Абдулла ад-Дохил.
Аслини олганда, Саудия-АҚШ муносабатлари ҳар томонлама иқтисодий, хавфсизлик ва ҳарбий шерикликка асосланган стратегик муносабатлар бўлиб, томонларнинг ўзаро ишончи билан мустаҳкамланади, деди у.
«Россия ёки бошқа мамлакат томонидан бу муносабатларга путур етказиш йўлидаги ҳар қандай уриниш – ҳеч қандай натижа бермайдиган кўзбўямачиликдир», деди у.
Москва Саудия Арабистони ва Қўшма Штатлар ўртасидаги эҳтимолий келишмовчиликка эътиборини қаратиб, хато қилаётган кўринади.
Саудия Арабистони АҚШ билан шериклик алоқаларининг «мустаҳкам ва барқарор шериклик» эканлигини таъкидламоқда – бу ҳақда 26 феврал куни мамлакат ташқи ишлар вазирлиги баёнот берган.
Шунингдек, тахминларга кўра, Форс кўрфазига сафари чоғида Лавров Россия ҳарбий техникасини сотишга уриниб кўради, деб ёзади 9 март куни Modern Diplomacy нашри.
Аммо Саудия Арабистони ҳозирча бунга қизиқиш билдираётгани йўқ.
Россия вазиятдан фойдаланиб қолмоқчи
Дахилнинг сўзларига кўра, Қўшма Штатлар Эрон Ислом инқилоби посбонлари корпуси (ИИПК) ва уларнинг воситачилари ёки «Ислом давлати» (ИД) ва «Ал-Қоида» каби экстремистик кучлар тарафидан Форс кўрфази давлатларига қарши қаратилган таҳдидларда улар тарафида қатъий турибди.
Унинг сўзларига кўра, йўқ жойдан саҳнада пайдо бўлган Россия эндиликда мавжуд вазиятдан ўз манфаатлари йўлида фойдаланишни кўзлаётганга ўхшайди.
Лавровнинг 2019 йил март ойида Форс кўрфазига уюштирган сафари якунлари бўйича Яқин Шарқ институтининг (ЯШИ) ҳисоботида айтилишича, Россиянинг Форс кўрфази минтақасидаги манфаатлари энергетика, ҳарбий масалалар, хусусан қурол-яроғ савдоси ва инвестицияларни ўз ичига олади.
Шунга қарамай, бу минтақада Россия у қадар сезиларли таъсирга эга эмас.
«Москва Форс кўрфази мамлакатлари билан иқтисодий ҳамкорликка урғу бериш муҳимлигини яхши билади, чунки унинг минтақадаги сиёсий таъсири қудратли Ғарб давлатлариникига нисбатан заифлашиб бораётганини тушунади», дейилади ЯШИ ҳисоботида.
«Москванинг Форс кўрфазидаги таъсири нафақат АҚШнинг минтақадаги сиёсий ва ҳарбий устунлиги, балки ишончсизлик туфайли ҳам чекланиб қолмоқда», деб қўшимча қилди у.
Ишончнинг бу қадар камлиги, энг аввало, Россия-Эрон алоқаларининг яқинлиги билан боғлиқ.
Манфаатлар тўқнашуви
Тарихан Форс кўрфази ва Россия ўртасидаги муносабатлар тижорий алмашинув ва иқтисодий битимларга асосланган дипломатик алоқалар бўлиб келган, дейди халқаро муносабатлар бўйича қатарлик мутахассис Маҳмуд Абдул Мунайм.
«Россиянинг Форс кўрфази давлатлари билан алоқаларини бу мамлакатларнинг АҚШ билан муносабатларига таққослаб бўлмайди», деди у.
Форс кўрфази давлатлари АҚШ билан ўзаро муносабатларни хавф остига қўйиб, Россия билан алоқаларни чуқурлаштиришга бормайди, зеро улар Россиянинг Эрон ва бошқа давлатлар билан йўлга қўйган ўзанига у қадар ишонмайдилар, деди у.
Россиянинг минтақадаги режалари ва манфаатлари Форс кўрфази давлатларининг манфаатларига зид келади, деди Абдул Мунайм, бу эса Форс кўрфази давлатлари хавфсизлигига нисбатан «тақиқ чизиғи» билан тенг.
Унинг сўзларига кўра, АҚШнинг Форс кўрфазидаги ҳозирлиги минтақа учун хавфсизлик клапани ҳисобланади, буни сўнгги воқеалар ҳам тасдиқлайди.
Унинг сўзларига кўра, айнан шу сабабли Россиянинг АҚШ-Форс кўрфази муносабатлари ҳисобига дипломатик ва сиёсий ютуқларни қўлга киритиш йўлидаги уринишлари «беҳуда ҳаракатдир».
Ва яна Россиянинг туғма тентаклиги ҳам халақит беради.
Жавоб беришФикрлар 1