ОЛМАОТА – Миллий хавфсизлик қўмитаси (КНБ) маълумотларига кўра, Нур-Султон расмийлари «Ислом давлати»нинг (ИД) энг қаттиқ қидирувдаги гумондорларидан бири бўлган Қозоғистон фуқаросини экстрадиция қилиш чораларини кўрмоқда.
2 март куни КНБ 2015 йилдан бери қидирувда бўлган Атирау вилоятилик Аманбек Самат исмли гумондорни ҳибсга олган.
Туркия ҳуқуқ-тартибот идоралари Саматни Сурия ва Туркия чегараси яқинида қўлга олган, дея хабар берди 19 феврал куни Туркия давлат телевидениеси воқеа санасини очиқламай.
ИДга мойиллик
ИД 2014 йилда Ироқ ва Суриянинг бир қисмини эгаллагач, Қозоғистон дохил жами 80 мамлакатдан 40 мингдан ортиқ хорижлик жангарилар ва уларнинг оилаларини ўз сафига жалб қилган.
Расмий маълумотларга кўра, ҳозирга қадар Қозоғистон Суриядан 700 дан ортиқ қозоқ фуқаросини, жумладан 33 нафар ИД жангариси, 187 нафар аёл ва 490 та ёш болани ватанига қайтарган.
ИДга мойиллик учта омил таъсирида шаклланади, дейди экстремизм профилактикаси бўйича олмаоталик мутахассис Асилбек Избаиров.
Биринчи омил – бу байъат, деди у. Сурия, Туркия ва Эрондан қайтганлар ҳозирда ҳам ИД раҳнамоларига берилган байъат қасамёди остида бўлишлари мумкин.
«Бу қасамёд ИД этакчиси Абу Бакр ал-Бағдодийнинг ўлимига қарамай ўз кучида қолади, чунки ҳозирда унинг ўрнини бошқа одам эгаллаган», деди Избаиров.
Ал-Бағдодийни 2019 йил октябр ойида Сурияда АҚШ кучлари тарафидан ўлдирилган.
Унинг айтишича, байъатни бекор қилиш бўйича аниқ методология пайдо бўлмагунича, террорчилар фаол бўлган жойлардан қайтиб келганларни дерадикализация қилиш қийин.
«Иккинчи омил – терроризм ва экстремизмда айбланиб судланган ва қамоқ жазосини ўтаётганлар. Мендаги маълумотларга кўра, у ерда радикаллашув жараёни давом этмоқда», деди Избаиров.
«Учинчи омил – Қозоғистонда, айниқса Ғарбий Қозоғистон вилоятида ИДнинг экстремистик ғояларини тарғиб қилувчи яширин жамоатларнинг борлиги», деди у.
Унинг айтишича, бу омиллар ҳозир эмас, балки қачондир қозоғистонликларнинг террорчилик ҳаракатларида иштирок этишига олиб келиши мумкин. Бу нафақат Қозоғистон, балки бошқа кўплаб давлатлар учун долзарб бўлган воқеликдир.
Талабалар осон ўлжа бўлишади
Қозоғистон мусулмонлари диний идорааси (ҚМДИ) экстремизмга ёлловчилар энг самарали деб ҳисоблайдиган аҳоли қатламларини таҳлил қилган.
ҚМДИга кўра, университетлар талабалари экстремистлар эътиборида бўлади.
Идора таҳлилларига кўра, биринчидан, талабалар шахс сифатида шаклланиш жараёнида бўлади ва танқидий фикрламайди. Иккинчидан, улар келажакда қаерда ишлашини аниқ билмайди. Учинчидан, талабалар сиёсий ҳодисалар олдида заиф бўлишади. Тўртинчидан, улар пул ишлашнинг осон усулларини излайдилар ва хорижга кетишга интиладилар.
«Талабаларни радикализмдан ҳимоялаш учун биз университетларда «диншунослик» ўқув дастурини жорий қилишимиз ва хавф гуруҳига кирувчилар билан тушунтириш ишларини олиб боришимиз керак», деди ҚМДИ вакили Карвонсаройга.
Ёлловчиларнинг ишлаш усулларига келсак, мулоқот чоғида улар ўз ташкилотлари, етакчилари ва ўзлари ҳақида тўлиқ маълумот бермайдилар. ҚМДИга кўра, улар ўз таълимотларини жуда фаол тушунтирадилар ва нишондаги одамларга психологик босим ўтказадилар.
«Улар яқинлашиб келаётган охират куни билан, ёки уларнинг сафига қўшилмаганларнинг лаънатга учраши билан қўрқитиши мумкин», дейди ҚМДИдаги манба. «Шунингдек, уларга сўзсиз итоат этиш кераклигини ва бу Аллоҳнинг иродаси эканлигини уқтирмоқчи бўладилар».
Шунингдек, янги ёлланганлар дўстлар ва ташқи дунё билан алоқаларни узиш кераклигига ишонтирилади; китоб, газета ва веб-сайтларни ўқимасликка, телевизор кўрмасликка чақирилади.
ҚМДИга кўра, кимдир шундай чақириқларни эшитган бўлсак, эҳтимол, экстремистлар таъсирига дуч келган бўлиши мумкин.
Мустаҳкам хавфсизлик
Қозоғистондаги вазият Қозоғистон ҳуқуқ-тартибот идоралари, жумладан КНБ фаолияти туфайли барқарор бўлиб турибди, деди Избаиров.
«Эркакларга қараганда аёлларнинг дерадикализация жараёни тезроқ кечиши кишини қувонтиради. Аёллар чин дилдан пушаймон бўлиб, ИД аъзоси бўлган турмуш ўртоқлари билан ажрашадилар», дейди таҳлилчи.
«Уларни кўндириш осонроқ, чунки Суриядаги жангарилар билан кечган барча машаққатлардан сўнг, тинч Қозоғистонга келишгач, нотўғри ғоялардан воз кечишга тайёр бўладилар», деди Избаиров.
«Зеро, уларнинг аксари ўз турмуш ўртоқларининг деструктив таъсирига тушган».
Унинг фикрича, ИД сафига ёлланганларнинг кейинги тақдирлари турлича. «ИД» мафкураси аллақачон бўҳронга учраган - гуруҳнинг кўплаб собиқ етакчилари «ИД»га аъзоликдан ва унинг мафкурасидан очиқчасига воз кечишган. Тахминларга кўра, Қозоғистондан ёлланганларнинг кўпчилиги уларнинг йўлидан бориши мумкин.
«Аммо, ИДнинг террорчилик фаолиятида иштирок этганлар, албатта, таъқиб қилинади ва қонунга мувофиқ судланади», деди Избаиров. «2015 йилдан бери терроризмга алоқадор 40 нафар қозоғистонлик халқаро қидирувда. Уларнинг айримлари аллақачон ўлган бўлиши мумкин».