Карвонсарой
Сиёсат

Хорижлик ёлланма жангарилар хавфи Ливиядаги тинчлик ва барқарорликка соя солмоқда

Карвонсарой ва AFP

Ливиялик фелдмаршал Халифа Ҳафтарга содиқ кучлар билан тўқнашув чоғида ўз позицияларини эгаллаб турган жангарилар. Ҳафтарни Москва ва унинг «Вагнер гуруҳи» ёлланма аскарлари бир неча йиллардан бери қўллаб-қувватлаб келмоқда. [Фадел СЕННА/AFP]

Ливиялик фелдмаршал Халифа Ҳафтарга содиқ кучлар билан тўқнашув чоғида ўз позицияларини эгаллаб турган жангарилар. Ҳафтарни Москва ва унинг «Вагнер гуруҳи» ёлланма аскарлари бир неча йиллардан бери қўллаб-қувватлаб келмоқда. [Фадел СЕННА/AFP]

СИРТ, Ливия – Тинчлик ва сиёсий барқарорликка эришиш имконияти яқинлашар экан, Ливия етакчилари ва халқаро иттифоқчилар юрт келажагига таҳдид солаётган 20 мингга яқин чет эллик жангариларни мамлакатни тарк этишга чақирмоқда.

Ливия марказидаги Сирт шаҳрида кучайтирилган хавфсизлик чоралари остида икки кун давом этган қизғин баҳс-мунозаралардан сўнг, чоршанба (10 март) куни парламент муваққат бош вазир Абдул Ҳамид Дбайбанинг вазирлар маҳкамаси таркибини тасдиқлаган.

«Урушлар ва тафриқа ҳақидаги саҳифани ёпиш вақти келди», деди Дбайба «миллат манфаатини барча нарсадан устун қўйган» депутатларга миннатдорчилик билдириб.

«Ливия ягона ва бирдам», деб қўшимча қилди у овоз бериш жараёнидан сўнг сўзлаган қисқача, аммо ҳаяжонли нутқида.

Ливия бош вазири этиб тайинланган Абдулҳамид Дбайба парламентнинг 9 март кунги илк йиғилишида депутатларга мурожаат қилиб, хорижий ёлланма аскарлар Ливияни «тарк этишлари» кераклигини айтган. [Маҳмуд Туркия/AFP]

Ливия бош вазири этиб тайинланган Абдулҳамид Дбайба парламентнинг 9 март кунги илк йиғилишида депутатларга мурожаат қилиб, хорижий ёлланма аскарлар Ливияни «тарк этишлари» кераклигини айтган. [Маҳмуд Туркия/AFP]

Суратда: Ливиянинг Сирт ал-Жуфра йўли бўйлаб «Вагнер гуруҳи» ёлланма аскарлари томонидан қазилган тахминан 70 км узунликдаги хандақлар, 1 январ кунги сурат. [il_kanguru/Twitter]

Суратда: Ливиянинг Сирт ал-Жуфра йўли бўйлаб «Вагнер гуруҳи» ёлланма аскарлари томонидан қазилган тахминан 70 км узунликдаги хандақлар, 1 январ кунги сурат. [il_kanguru/Twitter]

Сунъий йўлдошдан олинган бу суратда Россия қўлловидаги «Вагнер гуруҳи» ёлланма аскарлари томонидан Ливияда қазилган ва январ ойида бир қатор пухта конструкциялар билан мустаҳкамланган хандақ тасвирланган. [CNN орқали Maxar Technologies]

Сунъий йўлдошдан олинган бу суратда Россия қўлловидаги «Вагнер гуруҳи» ёлланма аскарлари томонидан Ливияда қазилган ва январ ойида бир қатор пухта конструкциялар билан мустаҳкамланган хандақ тасвирланган. [CNN орқали Maxar Technologies]

Хорижлик жангарилар мамлакатни «тарк этиши керак»

Аввалги кун давомидаги муҳокамалар чоғида Дбайба чет эллик ёлланма аскарларнинг мамлакатни тарк этишини талаб қилган.

«Ёлланма аскарлар «орқамизга санчилган ханжар» – улар кетиши керак», деди у парламентга мурожаатида. «Уларнинг мавжудлиги суверенитетимизга путур етказмоқда.»

Дбайба «мамлакатни вайрон қилиш ва босиб олишни истаганлар» томонидан олиб борилаётган «шафқатсиз кампания»ни қоралади.

Ливия пойтахт Триполидаги Бирлашган Миллатлар Ташкилоти (БМТ) томонидан тан олинган Миллий келишув ҳукумати (МКҲ) ва Россия қўлловидаги генерал Халифа Ҳафтар бошчилигидаги Ливия миллий армияси ўртасида икки қисмга бўлинган.

Октябрда томонлар ўртасида БМТ воситачилигида тузилган тинчлик битимида 23 январга қадар барча хорижий кучларнинг мамлакатни тарк этиши кераклиги белгилаб қўйилган эди.

Бу муддат тугаб, ўтиб ҳам кетди, аммо Ливия бўйлаб хандақлар қазиётган Кремл қўлловидаги «Вагнер» гуруҳининг ёлланма аскарлари кетишга ҳозирлик кўриш ўрнига, бу ерда «узоқ муддатга қолишни» кўзлаётганга ўхшайди, дейди АҚШ разведкасидаги манбалар.

Сунъий йўлдош тасвирларидан кўриниб турган хандақлар Сиртдан жануб тарафга, Вагнер назоратидаги ал-Жуфра таянч пункти томон тахминан 70 км чўзилган бўлиб, пухта конструкциялар билан мустаҳкамланган.

«Менимча, бугун хандақ қазиб, қўшимча истеҳкомларни ўрнатаётганлар мамлакатни яқин орада тарк этмайди», деган эди январ ойида МКҲ мудофаа вазири Салоҳиддин ал-Намруш CNN билан суҳбатда.

Кремл Ливияга кўз тикмоқда

Охирги 18 ой давомида Россия белгиларидан тозаланган 330 дан ортиқ ҳарбий самолётлар бир неча ойлик оташкесимнинг авж палласида (бири – 7 декабрдаёқ) Сурия орқали Ливияга қирувчи самолётлар ва ўқотар кучларни етказиб берган, деб хабар беради Washington Post нашри 27 феврал куни.

Тинчликка эришиш истиқболлари пайдо бўлган ва жанговар ҳаракатлар тўхтаган бир пайтда, Ливия келажагида ўз улушига эга бўлишга умид қилаётган Россия ва бошқа давлатлар ўзига «уя кавламоқда», деди ушбу можарога оид АҚШ разведкаси маълумотларидан бохабар ғарблик юқори мартабали дипломат.

Россия ташқи ишлар вазири Сергей Лавров низони тўхтатиш ёки чексиз давом эттириш масаласида Москванинг роли тўғрисида ноодатий тарзда очиқ гапирган.

«Можарога барҳам бериш учун биз барча хорижий ўйинчилар манфаатларини ҳурмат қилишимиз керак», деб баёнот берган у декабр ойида Ливия етакчиларини тилга олмай.

Россия режими Ўртаер денгизи жанубидаги ҳарбий иштирокини кучайтириш, шунингдек Африкага йўл очиш мақсадида Ливияга катта эътибор қаратмоқда, бу Европа ва НАТО манфаатларига соя солади, дейди таҳлилчилар.

«Вагнер» гуруҳидан фойдаланиш Кремлга ўз манфаатларини илгари суриш ва ҳақиқатнамо инкор ниқоби остида гибрид уруши олиб бориш имконини беради.

Вагнер Кремл ўзининг стратегик ва геосиёсий манфаатларига эга мамлакатларда ҳарбий операциялар олиб боради, бунга ўхшаш воқеалар Москва таъсир ўтказишни истайдиган дунёнинг кўплаб оловли нуқталарида, жумладан Марказий Африка Республикаси (МАР), Украина, Судан, Сурия, Венесуэла ва бошқа мамлакатларда содир бўлмоқда.

Ливияга 2018 йилда кириб келган Вагнер гуруҳи ушбу мамлакатдаги энг йирик хорижий куч деб гумон қилинади. БМТга кўра, қуролли можарода Россиянинг бошқа хусусий ҳарбий компаниялари ҳам иштирок этмоқда.

Африканинг бошқа қайноқ нуқталари, жумладан МАРда ҳам Кремлнинг ўз режалари бор. Бу ерда Москва 2018 йилдан бери мамлакатнинг қазилма бойликлари, айниқса олтин ва олмосларни эксплуатация қилиш учун дипломатик ва молиявий юришни амалга оширмоқда.

Суриядан олинган сабоқлар

Таҳлилчиларга кўра, Россиянинг Сурия можаросидаги иштирокига назар солиш орқали Ливия учун эҳтиёткорлик билан сабоқ чиқариш мумкин.

Бир неча йиллардан бери Кремл ўзининг геосиёсий таъсирини кучайтириш ва президент Башар ал-Асадни қўллаб-қувватлаш учун Сурия низоси учун жангарилар ва маблағ етказиб берган.

Бу аскарларнинг кўпчилиги россиялик жангарилар, жумладан «Вагнер гуруҳи» ваРоссия ва Украинанинг «Вега» хусусий ҳарбий компанияси (ХҲК) аъзоларидир.

Сўнгги йилларда ХҲКлар Сурияда шу даражада кўпайиб кетган эдики, улар Сурия армиясининг фаолиятига путур етказа бошлади.

Бу компанияларнинг ташкил қилиниши «Сурия ичкарисида ва ташқарисидаги давлат ва субъектларининг ўз режаларини амалга ошириш мақсадида ҳарбий фаолият олиб бориши учун йўл очди», дейди мисрлик собиқ ҳарбий зобит, хавфсизлик ва ҳарбий масалалар бўйича мутахассис Абдулкарим Аҳмад.

2019 йил сентябрдаги ҳисоботга кўра, Инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ташкилотининг Сурия тармоғи Кремлни 2015 йилдан бери Сурияда олиб борилган жанговар операцияларда «юзлаб ҳарбий жиноятлар» содир этишда айблаган.

Россия ҳарбий самолётлари фуқаролик объектлари, жумладан шифохоналарни қасддан бомбалаган, бунинг натижасида 7000 дан ортиқ суриялик фуқаро ҳалок бўлган ва миллионга яқин киши бошпанасиз қолган.

Бу орада Сурия режимининг ҳарбий аппарати ўн йиллик урушдан кейин ўз кучини йўқотган ҳамда Эрон, айниқса Россия каби хорижий мамлакатлар назорати остида иш юритадиган ўз ўтмишининг кўланкасига айланган.

Бу кучлар энди бирлашган армия сифатида эмас, балки хорижий мамлакатлар ўз мақсадларини амалга ошириши учун ҳар биридан алоҳида фойдаланаётган оддий кучлар ва иттифоқдош жангарилар тўдаси каби фаолият олиб бормоқда.

Бирдамликка эришиш учун тарихий имконият

Ливиядаги инқироз ҳам Суриядаги уруш каби узоққа чўзилмоқда, мамлакатдан хорижлик жангчилар ва ёлланма аскарлар кўчирилса, истиқболда тинчлик ва бирдамлик учун ҳақиқий имконият вужудга келади, дейди Ливиянинг халқаро иттифоқдошлари.

«Ливия бирдамлик, барқарорлик, фаровонлик, ярашув ва ўз суверенитетини тўлиқ тиклаш учун реал имкониятга эга», дейилади БМТнинг мамлакатдаги миссияси баёнотида. Унда Ливия етакчиларининг ҳукуматнинг бирдамлигини яхшилаш учун олиб борган «ватанпарварлик саъй-ҳаракатлари» олқишланган.

Европа Иттифоқи (ЕИ) пайшанба куни овоз бериш жараёнини олқишлар экан, тинчлик саъй-ҳаракатларига путур етказмоқчи бўлган хорижлик ва маҳаллий «бузғунчиларга» нисбатан санкция қўллаши мумкинлиги ҳақида огоҳлантирди.

Иттифоқ оташкесимга эришиш, қуролларга эмбарго жорий қилиш ҳамда хорижлик жангчилар ва ёлланма аскарларни олиб чиқишга чақирди.

Франция, Германия, Қўшма Штатлар, Италия ва Британия ташқи ишлар вазирининг қўшма баёнотида «Ливиядаги хорижлик жангчилар ва ёлланма аскарларни олиб чиқиш» чақириғи ўз ифодасини топган.

«Бу Ливиядаги ташкилотларнинг бирлашуви ҳамда Ливия ва унинг халқини синовдан ўтказган низога ҳар томонлама сиёсий ечим топиш йўлидаги фундаментал қадам бўлади», дейилади баёнотда.

Сизга мақола ёқдими?

Фикрлар 1

Сиёсат * Мажбурий 1500 / 1500

Нега унда Туркия ҳамма вагнерчиларни ўлдириб юбормайди?

Жавоб бериш