Карвонсарой
Бизнес

Тожикистон қазилма бойликлар талончиларини эмас, хорижий инвестиция учун шериклар изламоқда

Неъматулло Мирсаидов

Зарафшон саноат зонасидаги металлни қайта ишлаш заводи, 2012 йилда олинган сурат. Бу ерда олтин рудаси қайта ишланади. [Неъматулло Мирсаидов/Карвонсарой]

Зарафшон саноат зонасидаги металлни қайта ишлаш заводи, 2012 йилда олинган сурат. Бу ерда олтин рудаси қайта ишланади. [Неъматулло Мирсаидов/Карвонсарой]

ДУШАНБЕ – Ўз ер ости бойликларини қазиб олишда ёрдам бериш учун хорижий шериклар излаётган Тожикистон битта сабоқни яхши ўзлаштирган, у ҳам бўлса – Хитойдан эҳтиёт бўлиш.

«Хитой Тожикистоннинг қарзни тўлай олмаслигини тушунади; шунинг учун қарз тўлаш эвазига қимматбаҳо металл конлари ёки Тожикистон ҳудудининг бир қисмини тақдим этиш талаб қилинади», деган эди тожикистонлик иқтисодчи Зулфиқор Исмоилиён январ ойида CABARга.

Хитой ҳарбийларининг 2016 йилдан бери Тожикистондаги базада бўлиб тургани ҳам бежиз эмасга ўхшайди. Мазкур ҳарбий база Афғонистон чегарасидан 13 км ва Хитой билан чегарадан 30 км узоқликда, Тоғли Бадахшон вилоятида жойлашган.

Худди шу вилоятда, ўн йилдан зиёд давом этган баҳсу мунозаралардан сўнг – 2011 йилда Тожикистон 1122 квадрат километр ерни Хитойга топширди ва бу кўплаб тожикистонликларнинг ғазабини қўзғади.

Ўзбекистон-Тожикистон чегарасидаги Курамин тоғ тизмалари, 2012 йилги сурат. Тоғнинг шимолий ёнбағрида олтин, кумуш, рух ва қўрғошиннинг йирик конлари жойлашган. Дунёдаги энг йирик кумуш кони – Катта Конимансур ҳам шу ерда. [Неъматулло Мирсаидов/Карвонсарой]

Ўзбекистон-Тожикистон чегарасидаги Курамин тоғ тизмалари, 2012 йилги сурат. Тоғнинг шимолий ёнбағрида олтин, кумуш, рух ва қўрғошиннинг йирик конлари жойлашган. Дунёдаги энг йирик кумуш кони – Катта Конимансур ҳам шу ерда. [Неъматулло Мирсаидов/Карвонсарой]

Суғд вилоятидаги Фан тоғлари, 27 июн. Ушбу тоғ тизмаси оралиғида беҳисоб қазилма бойликлар мавжуд. Фондарёнинг бир тарафида рух, симоб, кумуш ва кўмир захиралари, бошқа тарафида олтин конлари бор. [Хулкар Юсупов]

Суғд вилоятидаги Фан тоғлари, 27 июн. Ушбу тоғ тизмаси оралиғида беҳисоб қазилма бойликлар мавжуд. Фондарёнинг бир тарафида рух, симоб, кумуш ва кўмир захиралари, бошқа тарафида олтин конлари бор. [Хулкар Юсупов]

Хитойга берилган бу имтиёзларга гувоҳ бўлган тожикистонликлар Хитой тоғ-кон саноати компанияларнинг Тожикистондаги талончиликларини кўриб, янада кўпроқ жунбушга келмоқдалар.

Хитой тоғ-кон саноати компаниялари фақат бир нарсани – Тожикистондан имкон қадар кўпроқ табиий бойликлар олиб чиқиб кетишни ўйлайди, дейди душанбалик иқтисодчи Ҳожимуҳаммад Умаров.

Бошқа томондан, масъулиятли бизнес-ҳамкор бундай қилмайди, у ўнлаб йиллар давомида иш юритишни кўзлаган ҳолда бизнесини барпо қилади, деди у.

Бундан ҳам ёмонроғи, Хитой компаниялари камдан-кам ҳолларда маҳаллий мутахассисларни ишга ёллайди.

«Марказий Осиёда фаолият юритаётган хитойлик компаниялар кўпинча ишчиларнинг катта қисмини Хитойдан олиб келади, шу боис ҳам маҳаллий аҳоли бундай хорижий инвестицияларнинг мамлакат иқтисодиётга ёрдам бермаётганидан норози бўлади», деб хабар берган эди 2019 йилда «Озодлик» радиоси.

Ўзлаштирилиши кутилаётган улкан табиий заҳиралар

Тожикистонда тоғ-кон саноати cоҳасидаги манфаатли шериклик учун улкан имкониятлар мавжуд. 93% майдони тоғли ҳудудлардан иборат рельеф таркибида кўплаб қимматбаҳо тошлар ва металлар бор.

Тоғли Бадахшондаги кончилик компаниялари ўтиш қийин йўллар ва қолоқ инфратузилма билан курашаётган бўлса, Сўғд вилоятларида шароитлар енгилроқ, у ердаги конлар темирйўл ва бошқа транспорт йўлларига яқин ерда жойлашган.

«Тожикистон беш турдаги қазилма бойликлар заҳираси бўйича дунёнинг топ-учлигига киради», деди саноат ва янги технологиялар вазири Шерали Кабир 15 феврал куни ўтган матбуот анжуманида. «Бизда кумуш, рух, қўрғошин, бор ва сурма металларининг улкан захиралари мавжуд. Кўп конлар ўзлаштирилиши кутилмоқда.»

Сўғд вилоятининг ўзида табиий захираларга бой 214 та кон бор, деб хабар берган вазирлик. Дастлабки маълумотларга кўра, ер остидаги рудаларнинг тахминий қиймати 10 млрд АҚШ долларини ташкил қилади.

«Металл бозоридаги нархларнинг ошиши бизга некбинлик бағишлайди», дейди Кабир. «Қизиқарли лойиҳаларимиздан яна бири – йилига 600 минг тонна қазилмани қайта ишлаш имкониятига эга Адрасман конини тиклаш.»

2019 йилнинг охирида бир унция кумуш 17,90 АҚШ доллари турган бўлса, 2020 йил охирига келиб, 26,40 АҚШ долларга етган.

«Катта Конимансурда ноёб кумуш заҳираси бор, у ерда дунёдаги энг улкан – 1 миллиард тонналик заҳира мавжуд», дейди Сўғд вилоятининг саноат ва янги технологиялар вазирлиги вакили Наргис Шамсиева.

«У ердаги кумуш заҳираси 50 минг тоннадан ошади», деди у. «Ер қаърида кумуш, қўрғошин ва рухдан ташқари яна қандай металлар борлигини ҳеч ким билмайди. Бу ерда 30 йиллик иш бор.»

Австралия ва Хитой фирмалари даъвогарлик қилаётган боис, Катта Конимансурга оид ҳуқуқлар ҳамон тортишувларга сабаб бўлмоқда.

Ҳукумат кончилик соҳасидаги лойиҳаларда Хитойдан бошқа давлатлар компанияларининг иштирокига умид қилмоқда, дейди Шамсиева.

Хитой билан ҳамкорлик хавфи

Тожикистонда умумий қиймати 3,5 млрд АҚШ долларидан ортиқ 70 та давлат инвестиция лойиҳалари амалга ошрилмоқда, деб хабар берган Инвестициялар ва давлат мулкини бошқариш давлат қўмитаси.

Ҳукумат 2021 йилда 354 млн АҚШ долларига тенг ташқи ва маҳаллий инвестицияларни жалб қилиш ниятида.

Бу маблағ ёрдамида металл ва озиқ-овқатни қайта ишлаш соҳаларида 11 та корхона барпо этилиши кутилмоқда.

Ташқи қарзлар тан олинган муаммо бўлишига қарамай, келаси уч йил давомида ҳукумат иқтисодиётни ривожлантириш учун яна 1,1 миллиард доллар қарз олишни режалаштирмоқда, деб хабар беради молия вазирлиги.

Бундай мақсадлар фонида COVID-19 пандемияси инвестицияларнинг Хитой моделига ҳаддан ташқари қарамлик хавфини намоён этди, дейди Кабир.

«Пандемия шуни кўрсатдики, Хитойдан ишчилар олиб келиш катта хавф туғдириши мумкин», деди у.

«Пандемия даврида Зарафшон саноат зонасида иш тўхтамади, чунки у ердаги ишчилар ва мутахассисларнинг 98 фоизи тожикистонлик эди», дейди у. «Аммо Истиқлол саноат зонасида ишлаб чиқариш ва дастлабки қайта ишлаш узоқ муддатга тўхтаб қолди. Бунга ой тақвими бўйича янги йилни нишонлаш учун Хитойга кетган ишчиларнинг карантин туфайли ўз вақтида қайтиб кела олмагани сабаб бўлган.»

«Ишлаб чиқаришнинг узоқ муддатга тўхтаб қолиши Тожикистон иқтисодиётига сезиларли зарар етказди.»

АҚШ билан ҳамкорлик истиқболлари

Қўшма Штатлар Тожикистонга бир нечта қўшма корхоналар барпо этишга кўмаклашган.

Cаноат ва янги технологиялар вазирлиги маълумотларига кўра, АҚШнинг Comsup Commodities, Inc. компанияси кончилик соҳасида Тожикистон билан ҳамкорликни йўлга қўйган.

Сўғд вилоятидаги Анзоб тоғ-металлургия комбинати Тожикистондаги энг қадимги корхоналардан бири бўлиб, 1970 йиллардан бери у ерда симоб ва сурма қазиб олинган. Аммо, СССР парчаланганидан кейин 10 йилдан ортиқроқ вақт давомида ишламай турган.

2005 йилда бу корхона АҚШ инвестициялари ёрдамида қайта ишга туширилди.

Вазирликка кўра, сўнгги 15 йил ичида Анзобни модернизация қилиш учун Comsup 300 миллион АҚШ доллари инвестиция қилган.

Америкалик инвесторлар мамлакатда энг муваффақиятли корхоналардан бўлган ичимликларни қадоқлаш заводини барпо этишга ҳам ёрдам берган.

2000 йиллар бошида АҚШнинг Aqua Crystal хусусий компанияси Сўғд вилоятидаги Истаравшан (собиқ Ўратепа) шаҳрида Оби-Зулол заводи қурилишига 3,8 миллион долларлик сармоя киритган. У ерда сув, алкоголсиз ичимликлар қадоқланиб, болалар озуқаси қайта ишланади.

2020 йилда COVID-19 пандемияси даврида компания 285,4 миллион сомонийга (25 миллион АҚШ доллари) тенг маҳсулот ишлаб чиқарган ва болалар озуқаси маҳсулотларининг 60 фоизини экспорт қилган.

«Буларнинг барчаси (Оби-Зулол) АҚШ ва бошқа ҳиссадорларнинг ёрдами билан амалга ошган», дейди Шамсиева.

АҚШ ҳукумати миллионлаб доллар бевосита ёрдамларни тақдим этган.

Америка элчихонасига кўра, АҚШ халқаро тараққиёт агентлиги иқтисодиёт (56 миллион доллар), соғлиқни сақлаш (30 миллион доллар), демократия ва давлатчилик (14,4 миллион доллар) ва таълим (20 миллион доллар) соҳаларида кўп йиллик дастурларни амалга оширмоқда.

«Биз Тожикистоннинг иқтисодий тараққиёти ва озиқ-овқат хавфсизлигини тожикистонлик фермерларни ўқитишга оид бир қатор лойиҳалар орқали қўллаб-қувватлаяпмиз, шунингдек, маҳаллий ва минтақавий даражада сув ресурсларини бошқаришга оид лойиҳалар орқали минтақадаги алоқалар ва барқарорликка кўмаклашиб келмоқдамиз», деди АҚШ элчиси Джон Марк Поммершайм.

Марказий Осиё таҳлилий ҳисобот бюроси (CABAR) маълумотларига кўра, Тожикистоннинг қарийб 3,2 млрд долларлик ташқи қарзининг ярми Хитойга тегишли бўлиб, бу Пекиннинг Душанбега таъсир ўтказиш воситасига айланган.

Сизга мақола ёқдими?

Фикрлар 1

Сиёсат * Мажбурий 1500 / 1500

Америка ҳарбий янгиликларида Хитойнинг ёмонлиги айтилмоқда – бу янгилик эмас, йўлимизда давом этамиз!

Жавоб бериш