Карвонсарой
Хавфсизлик

Москвада тинчлик музокараларининг навбатдаги босқичи бошланар экан, Россиянинг мақсадлари сўроқ остига олинмоқда

Карвонсарой ва AFP

17 март куни Миллий ярашув олий кенгаши раиси Абдулла Абдулла (марказда) бошчилигидаги бир қатор афғон сиёсатчилари Кобулдан Москвага жўнаб кетишди. [Абдуллоҳ Абдуллоҳ]

17 март куни Миллий ярашув олий кенгаши раиси Абдулла Абдулла (марказда) бошчилигидаги бир қатор афғон сиёсатчилари Кобулдан Москвага жўнаб кетишди. [Абдуллоҳ Абдуллоҳ]

КОБУЛ – Пайшанба (18 март) куни Москвада Афғонистон ҳукумати ва Толибон вакиллари ўртасида давом этаётган тинчлик жараёни доирасида учрашув бўлиб ўтиши режаланган, аммо кузатувчилар Россиянинг бу ташаббусига шубҳа билан қарамоқдалар.

Кремл омма олдида Афғонистондаги тинчлик музокараларини қўллаб-қувватлашини даъво қилса-да, унинг асл мақсадлари номаълум.

Ўтган бир неча йиллар давомида Россиянинг Афғонистондаги фаоллиги, айниқса Толибонларни қўллаб-қувватлаши кучайиб бормоқда. Кремл «Ислом давлати»нинг минтақадаги фаоллигига қарши кураш ва Толибонларни Афғонистон ҳукумати билан музокарага ундаш учунгина гуруҳ билан алоқада эканлигини даъво қилади.

Аммо, Кремл афғон халқи тўлаган товондан қатъий назар, Совуқ уруш даврида собиқ Совет Иттифоқининг Афғонистондаги шармандали мағлубиятидан ўч олиш ниятида эканлиги сир эмас.

21 феврал куни полициячилар Кобулда камида икки кишини ҳалок қилган ва беш киши жароҳатлаган портлаш жойига етиб келишган. [AFP]

21 феврал куни полициячилар Кобулда камида икки кишини ҳалок қилган ва беш киши жароҳатлаган портлаш жойига етиб келишган. [AFP]

Владимир Путин етакчилигидаги Россия режими Толибонларни қонунийлаштириш мақсадида бир неча йиллардан бери уларни ҳам дипломатик, ҳам сиёсий томондан дастаклаб келган, шунингдек, гуруҳни ҳарбий жиҳатдан кучайтириш ниятида уни қуроллар ва молиявий ёрдам билан таъминлаган.

Шубҳали дипломатия тарихи

Афғонистон ташқи ишлар вазири душанба куни Москвада учрашув бўлиши ва апрел ойида Туркияда ўтказиладиган тинчлик анжумани «Дохада ўтказилажак тинчлик музокаралари ўрнини босмай, балки унга қўшимча» эканлигини айтган.

Толибонлар ҳаракат асосчиларидан бири Мулла Абдул Ғани Бародар етакчилигидаги делегация билан Москвадаги музокарада қатнашишларини тасдиқлаганлар.

Ўтмишда Толибонлар томонидан Россияга амалга оширилган сафарлар фақат Толибон етакчиларига суратга тушиш имконини берган, холос.

Россия режими Толибон етакчилари ва бошқа афғонистонлик манфаатдор томонларга бир неча бор, жумладан 28 январ куни афғонларнинг ғазабига сабаб бўлган учрашувга мезбонлик қилган.

Январ ойида Москвада бўлиб ўтган учрашувдан кейин Афғонистонлик намойишчилар Толибонларни бегуноҳ афғонларни ўлдиришда давом этаётганлари учун танқид қилишган бир вақтда Толибон сиёсий етакчилари Москва ва Теҳрондаги ҳашаматли меҳмонхоналарда роҳатланиб дам олишган.

Ҳиротлик Содиқ Исломёрнинг сўзларига кўра, Толибонлар урушга барҳам бериш учун афғонлар билан музокара ўтказиш ўрнига, кейинги буйруқларни олиш учун уларни қўлловчи мамлакатларга боришган.

Шунингдек, Россия Толибонларни 2019 йил феврал ойидаги тинчлик музокараларига таклиф қилган. Бу музокарага афғон ҳукумати вакиллари чақирилмаган.

2018 йил ноябрда бўлиб ўтган «тинчлик анжумани» афғон ҳукумати ва Толибонлар ўртасидаги музокараларга расмий тус бера олмади, аксинча Толибон бўлинмалари ўртасидаги айирмачилик ва Россиянинг Афғонистон ишларига аралашуви билан боғлиқ ҳолатларни юзага чиқарди.

Шу билан бирга, Москва Сурияда давом этаётган фуқаролар урушига ечим топишга қаратилган бир қатор юзаки дипломатик анжуманларни ўтказишга ҳаракат қилган. Уруш юз минглаб одамларнинг ҳаётига зомин бўлиб, миллионлаб сурияликларга азоб-уқубат келтирди, аммо Россиянинг ҳар қандай тинчликпарвар ҳаракатлари самарасиз бўлди. Россия ўз миллий манфаатларини кўзлаб, Сурияда бир неча йил қолиб кетди, сурияликлар эса низонинг оғир юкини кўтаришда давом этмоқдалар.

Афғонистонда давом этаётган зўравонлик

Россиянинг сиёсий ва моддий кўмаги энг яхши ҳолатда Толибонга бутун Афғонистон бўйлаб шу кунгача минглаб тинч аҳолининг ҳалок бўлиши ёки жароҳатланишига олиб келган зўравонлик ҳужумларини билвосита давом эттириш имконини беради.

Энг ёмони, Москва толибларнинг асоссиз зўравонлиги ва ваҳшийликларини қасддан ва фаол ҳимоя қилаётган бўлиши мумкин.

Ҳар қандай ҳолатда ҳам, сўнгги ойларда чет элнинг кўмаги билан Толибоннинг ноқонуний фаолияти ва ҳужумлари авж олган, гарчи Афғонистон ҳукумати ва халқаро ҳамжамият жангарилар билан тинчлик битим тузишга ҳаракат қилаётган бўлса ҳам.

Сўнгги зўравонликлардан бири сешанба куни юз берган – қуролланган жангарилари Пул-Хумридаги Бағлон университети талабалари ва ўқитувчилари кетаётган автобусга қарата ўт очганлар.

«Талабалардан бири ва ҳайдовчи ҳалок бўлди, олти нафар ўқитувчи жароҳатланди», деди университет декани Абдул Қодир Маҳан.

Душанба куни Кобулда кечки тиғиз вақтда Афғонистон ҳукумат идоралари ходимларини олиб кетаётган автобуснинг бомбаланиши оқибатида беш аёл ва битта ёш бола ҳалок бўлган, 17 киши яраланган.

Портлаш автобуснинг ён томонига ўрнатилган «ёпишқоқ бомба» туфайли юз берган бўлиши мумкин, деди телекоммуникациялар вазирлиги вакили Насратулло Носирий.

Полицияга кўра, якшанба куни Кобулда иккита транспорт воситаси портлаган, натижада уч киши ҳалок бўлди ва ўндан зиёди жароҳатланди.

Жума куни эса Ҳирот шаҳрида бомба юкланган автомашина портлаши камида саккиз кишини ўлдирган ва 47 кишини жароҳатлаган.

Соат тахминан 22:00 да полиция идораси олдида юз берган портлаш ўнлаб уйлар ва дўконларга шикаст етказди, деди Ҳирот вилояти ҳокимининг матбуот котиби Жийлоний Фарҳод.

Ўлганлар орасида аёллар, болалар ва хавфсизлик хизмати ходимлари бўлган, деди у.

Президент Ашраф Ғани Ҳиротдаги портлашда толибонларни айблади.

Толибонлар «ўзларининг ноқонуний урушларини ва халқимизга қарши зўравонликни давом эттирдилар» ҳамда яна бир бор «жорий низони тинчлик йўли билан ҳал қилиш ниятида эмасликларини кўрсатдилар», дейилади баёнотда.

Толибонлар жума кунги портлаш учун жавобгарликни ўз зиммасига олмаган. Яқинда содир этилган бошқа террорчилик ҳужумларини ҳам ҳеч бир гуруҳ ўз бўйнига олганича йўқ.

Сизга мақола ёқдими?

Фикрлар 1

Сиёсат * Мажбурий 1500 / 1500

Россияга ишониб бўлмайди

Жавоб бериш