Карвонсарой
Иқтисодиёт

Қирғизистон қарзни енгиллатишдан бош тортаётган Хитойга ўз давлат активларини бой бериши мумкин

Канат Алтинбаев

image

Бишкекдаги музокаралар якуни бўйича ҳужжатларни имзолаш маросимида иштирок этган Хитой президенти Си Цзинпин, 2019 йил, 13 июн. [Вячеслав ОСЕЛЕДКО / AFP]

БИШКЕК – Инфратузилма лойиҳаларини молиялаштириш учун Хитойдан қарз олиш фақат Пекинга манфаат келтириши ойдинлашиб борар экан, Қирғизистон ҳукумати Хитой олдидаги улкан қарзидан қутулиш йўлларини изламоқда.

Расмий маълумотларга кўра, Қирғизистоннинг ташқи қарзи 5 млрд АҚШ долларига (424 млрд қирғиз сўми) тенг ва унинг катта қисми – 40 фоиздан ортиғи Хитойнинг Экспорт-импорт банкига тегишли.

Ўн йилдирки, Хитой экспорт учун қуруқликдаги йўналишларни кенгайтиришга қаратилган «Бир камар, бир йўл» ташаббуси доирасида Қирғизистонда қурилиш ва йўлларни таъмирлашга оид бир қатор инфратузилмавий лойиҳаларни молиялаштирмоқда.

2020 йилда пандемия Қирғизистон иқтисодиётига жиддий зарба берди, ялпи ички маҳсулот (ЯИМ) 9 фоизга камайди, ЯИМ 26 йил ичда илк бор 8 фоиздан ортиқроққа тушиб кетган. Инқироз туфайли Қирғизистон ўз қарзларини тўлолмай қолди.

image

2018 йил бошида Бишкекда Хитой модернизация қилган электростанция ишдан чиққан. Натижада бишкекликлар -20°C даражалик совуқда иссиқлик таъминотисиз қолиб кетишган. Суратда – иситгичдан фойдаланаётган қирғиз аёли. [Динара Актамбекова/Жаҳон банки]

«Активларимизнинг кўп қисмини йўқотишимиз мумкин»

Қирғизистон қарзни тўлаш учун пул топа олмаса, ўзининг айрим табиий ресурсларидан маҳрум бўлиш хавфига дуч келган.

«Хитойдан олинган қарзларни вақтида қисман қайтара олмасак, кўп активларимизни йўқотишимиз мумкин», деб айтган Қирғизистон президенти Садир Жапаров 13 феврал куни Кабар агентлигига.

Ноябрда Қирғизистон парламенти вакили Дастан Бекешев YouTube тармоғида видео жойлаб, унда Хитой Қирғизистонга қандай шартлар билан қарз берганини тушунтирган.

2008 йилдан бери Қирғизистон Хитойдан тўққизта катта кредит олган, уларнинг олтитаси йўлларни таъмирлашга ва учтаси электростанциялар қуриш ёки уларни модернизация қилишга ажратилган, дейди Бекешев.

Кредитлар Хитой молиялаштираётган лойиҳаларни амалга оширишда фақат Хитой компаниялари иштирок этиши шарти билан тақдим этилган.

Бундан ташқари, агар Қирғизистон Хитойдан олинган кредитларни товар ва хизматлар учун сарфлайдиган бўлса, уларни биринчи навбатда Хитойдан сотиб олиши керак, деди Бекешев.

Бу лойиҳаларнинг айримлари катта можароларга сабаб бўлди, деди у.

2018 йил бошида Бишкекда Хитой компанияларидан бири томонидан модернизация қилинган электростанция ишдан чиққан, бунинг оқибатида бишкекликлар -20°C даражали қаҳратонда иссиқлик таъминотисиз қолишган.

Иссиқкўлнинг шимолий соҳили бўйлаб чўзилган 104 км узунликдаги автомагистрал йўли қурилиши атрофида ҳам можаро юзага келган.

Хитойнинг Longhai Road and Bridge Corporation компанияси 2015 йил охирида автомагистрал қурилиши бўйича тендерда ғолиб чиқди, аммо 2017 йилда якунланиши керак бўлган қурилиш ишлари бир неча йилларга чўзилиб кетди. 2019 йилда ишчилар Хитой компаниясининг иш ҳақи тўламай қўйганидан шикоят қилган эдилар.

Автомагистралнинг тахминан 20 километрлик участкаси ҳозирга қадар битмаган, тугалланган қисмининг юзасида эса ёриқлар пайдо бўлмоқда.

«Хитой ўз кредитига 0,25% миқдорида комиссия тўловини қўшади, шунингдек, у бизга қарз беришга рози бўлгани учунгина яна 0,25 фоизлик устама қўшилади», деди Бекешев. «Кредит шартномалари Хитой қонунчилигига асосан талқин қилинади, юзага келадиган ҳар қандай низолар эса Хитой ҳакамлик судлари томонидан кўриб чиқилади.»

Қирғизистон қарз олганидан бери унинг аҳволи ёмонлашди. Хитой кредитларининг АҚШ долларида берилгани эса вазиятни янада оғирлаштирди, чунки доллар курси қирғиз сўмига нисбатан йилдан-йилга кўтарилиб бормоқда, деди Бекешев.

Ўтган йили коронавирус пандемияси туфайли келиб чиққан иқтисодий қийинчиликлар сабаб Қирғизистон ҳукумати бир неча бор Хитойдан кредит шартларини енгиллатишни, жиллақурса тўлов муддатини узайтириб беришни сўраган.

Йил давомида бу илтимосларни эътиборсиз қолдириб келган Пекин ниҳоят ноябр ойида 2020 йил учун тўловни келаси тўрт йилга бўлиб беришга рози бўлди, аммо бу «имтиёз» эвазига қарзга яна 2 фоизлик устама қўшди.

Хитойнинг ҳудудий ва сиёсий интилишлари

Қирғиз таҳлилчилари қарзлар масаласида Хитойнинг Қирғизистонга ёрдам беришига умид қилмаяпти.

Қирғизистон бизнес уюшмалари миллий иттифоқи котибиятининг раҳбари, бишкеклик Искендер Шаршеевнинг фикрича, Пекин Бишкекка берган қарзидан воз кечмайди ва ҳатто уни қисқартирмайди ҳам, чунки у ҳеч қачон ҳеч бир давлатга бундай ён босмаган.

«Бу Хитойнинг эски стратегияси ва ташқаридан таъсир қилишга мўлжалланган иқтисодий воситаси», деди Шаршеев.

«Хитойдан қарз олаётган давлат битим шартларига биноан ўз суверен ҳуқуқларидан воз кечиши керак», деди у. «Айнан шундай кредитлар Хитойга ҳудудий ва бошқа сиёсий даъволарни илгари суриш имконини беради. Хитойликлар сабрли, гаровга нималар қўйилганини билгани учун, қарзнинг узилишини кутишга тайёр.»

Ўтган йил апрел ойида Хитой компартияси назоратидаги нашрлардан бири «Қирғизистон ерларининг бир қисми ўз ватанига (Хитойга ишора) қайтарилиши керак» деган гап-сўзларни тарқатган эди.

Шаршеев кредит бериш шартларини муҳокама қилиш чоғида Хитой ўзи учун қандай имтиёзлар олишга ҳаракат қилгани ҳақида ҳам сўзлаб берди.

«Лойиҳалардан бири – Қирғизистонда темирйўл қурилиши бўйича музокаларда нафақат темирйўл учун ер бериш, балки темирйўлнинг оператив бошқарувини 5 йилдан 50 йилгача бўлган муддатга Хитой давлат корхоналарига тақдим этиш шарти ҳам қўйилди», деди у.

«Хитой, шунингдек, қарз учун тўлов сифатида Қирғизистон конлари, хусусан миллиардлаб тонна темир рудасини ўз ичига олган Жетим-Тов тоғ тизмасини ва металлургия заводи қуриш мумкин бўлган Қоракече кўмир конини сўраган», деб қўшимча қилди Шаршеев.

Бошқа мамлакатлар билан молиявий муносабатларда Хитой фақат ўз манфаатларини кўзлаб иш қилади, дейди Олий суд конституциявий палатасининг собиқ судьяси Клара Сооронқулова.

«Кредит шартномаларига оид ҳар қандай низолар Хитой судларида кўриб чиқилгани сабабли, Пекин фойдасига қарор чиқарилишига шубҳа қилмаса ҳам бўлади. Қирғизистон ўз мажбуриятларини адо этиш учун активларидан маҳрум бўлиши мумкин», деди Сооронқулова.

Марказий Осиё учун Хитойнинг сармояси ва таъсири манфаатлими?

Фикрлар 3

Сиёсат * Мажбурий 1500 / 1500

Бу сиёсат, тарихдан йирик империалистик мамлакатларга маълумдир. Шу йўл (қарз) билан ХХР ўз таъсирини орттирмоқда

Жавоб бериш

Турон давлатлари бу кредитни тўлашда ёрдам бериши мумкин. Президентга тегишли сўров юбориш керак.

Жавоб бериш

Хитой бу диктаторлар, дегенератлар дегани.

Жавоб бериш