Карвонсарой
Энергия

Туркманистон Европага тўғридан-тўғри газ экспорт қилиш йўлидаги яна бир тўсиқни бартараф этди

Жумагули Аннаев

Газ қувурини пайвандлаётган туркманстонлик ишчи, 2010 йил. [STR/AFP]

Газ қувурини пайвандлаётган туркманстонлик ишчи, 2010 йил. [STR/AFP]

АШХОБОД – Яқинда Туркманистон ва Озарбайжонда ўртасида Каспий денгизидаги «Дўстлик» газ кони бўйича имзоланган келишув Транскаспий газ қувурини (ТКГҚ) барпо этиш умидларини қайта тиклади.

Барпо этилажак қувур газни асосан Россиядан сотиб олувчи Европа учун муқобил табиий газ манбаига айланиши мумкин.

Россия Европа Иттифоқига табиий газ етказиб берувчи энг йирик таъминотчи ҳисобланади. Ўтмишда Кремлнинг табиий ресурслардан босим ўтказиш воситаси сифатида фойдалангани айрим импортчиларни асабийлашишга мажбур қилган.

Владимир Путин режими Россиянинг газ етказиб берувчи гиганти Газпром олдидаги қарзларини узиши учун Украинага табиий газ етказиб беришни вақти-вақти билан тўхтатиб, босим ўтказган. Украинага газ таъминотига узилганида эса Транс-Украина газ қувури охиридаги бошқа Европа мамлакатларига ҳам газ етиб бормай қолади.

Транскаспий газ қувури (ТКГҚ) – Туркманистон ва Озарбайжон ўртасида денгиз остидан ўтадиган газ қувури лойиҳаси бўлиб, унинг асосий мақсади табиий газни Туркманистон ва Қозоғистондан Россия ва Эронни четлаб ўтган ҳолда Туркия ва Европага етказиб беришдир. [ТКГҚ сайти]

Транскаспий газ қувури (ТКГҚ) – Туркманистон ва Озарбайжон ўртасида денгиз остидан ўтадиган газ қувури лойиҳаси бўлиб, унинг асосий мақсади табиий газни Туркманистон ва Қозоғистондан Россия ва Эронни четлаб ўтган ҳолда Туркия ва Европага етказиб беришдир. [ТКГҚ сайти]

Украина ва бошқа мамлакатлар олдида «Россия режими ҳақиқатан ҳам қарз ҳақида қайғуряптими ёки газни қурол сифатида қўллаяптими» деган савол туради. Европа экспорт қилинадиган Россия табиий газининг 80 фоизи Украина ҳудудидан ўтади.

ТКГҚ қуриб битказилган тақдирда Каспий денгизи остидан ўтувчи 300 км узунликдаги қувур орқали Туркманистон ва Қозоғистон ҳам Россияни четлаб ўтган ҳолда Европага газ етказиб бериш имконига эга бўлади.

Айни вақтда Туркманистонда ўз рақобатчиси Газпромнинг газ қувурларидан бошқа Европага чиқиш йўли йўқ.

Дўстлик ва умид

21 январ куни Туркманистон ва Озарбайжон ташқи ишлар вазирлари «Дўстлик» газ конини ривожлантиришга оид англашув меморандумини имзоладилар.

Ҳужжатни имзолаш маросими Гурбангули Бердимуҳамедов ва Илҳом Алиев ўртасидаги видеоанжуман ортидан бўлиб ўтди, дейилади Туркманистон ташқи ишлар вазирлигининг баёнотида.

Томонлар ўзаро шерикликнинг устувор йўналиши Каспий денгизидаги ҳамкорлик эканини таъкидладилар

Англашув меморандумини имзолаган Туркманистон ва Озарбайжон ўзаро муносабатлардаги узоқ йиллик муаммоларни бартараф этар экан, ТКГҚни барпо этиш умиди қайта жонланди, дейди кузатувчилар.

Каспий денгизи соҳилидаги бошқа мамлакатлар қаторида Россия, Эрон ва Қозоғистон ҳам бор.

Муаммо Каспий денгизи, жумладан Дўстликдаги бир қатор нефт ва газ конларининг эгалик ҳуқуқи билан боғлиқ бўлиб келган.

Совет Иттифоқи даврида бу кон Туркманистон ва Озарбайжон сувлари ўртасида жойлашгани сабабли «Промежуточная» (Оралиқ) деб аталган.

1991 йилда Совет Иттифоқи парчаланганидан кейин Озарбайжон баҳсли ҳудуддаги қазилма бойликлардан биргаликда фойдаланиш таклифини билдирган, аммо ўша вақтдаги Туркманистон президенти Сапармурат Ниязов умуман жавоб бермай, бу таклифга қатъий қаршилик қилган.

«Бу орада Озарбайжон бу конларда нефт ва газ қазишни бошлаб юборган, Туркманистон эса уни халқаро судга бериш билан таҳдид қилиб норозилик ноталари юборган эди», дейди Туркманистон геология хизматининг собиқ геологи Нурмират Сапаев.

«Меморандум 30 йиллик низога чек қўйиб, Озарбайжон ва Туркманистон учун янги истиқболларни очади ва туркман газининг Европага экспортини диверсификация қилишга имкон беради», дейди у.

Низо кучайган вақтда ҳам Озарбайжон ҳеч қачон Каспий денгизи орқали газ қувури қурилишига қаршилик билдирмаган, дейди давлатга қарашли «Туркмангаз» расмийси Ровшен Халлиев.

Шу билан бирга, Озарбайжон Туркманистонга Европа бозорига етказиб бериш учун йилига камида 10 миллиард куб метр газ қазиб чиқариши учун ишлаб чиқариш инфратузилмасини тақдим қилишга тайёрлигини билдирган.

«Бу дастак 2012 йилда Озарбайжон президенти ва энергетика соҳаси вазири тарафидан билдирилган эди», дейди Халлиев.

«Озарбайжон денгиз инфратузилмасини яратиш учун қувурлар ўрнатувчи кемалар ва бошқа қурилмаларни етказиб беришга тайёрлигини эшитиб мамнун бўлдик, чунки бизда бундай нарсалар йўқ эди», деди у.

Марказий Осиё имкониятларини кенгайтириш

«Жанубий газ йўлаги» (ЖГЙ) орқали Европага яқиндагина газ сотишни бошлаган Озарбайжон ҳам ТКГҚга қизиқиш билдирмоқда ва келажакда уни ЖГЙнинг асосий таркибий қисми деб кўрмоқда, дейди Халлиев.

«Жанубий газ йўлаги» 2020 йилнинг сўнгги кунида иш бошлаган.

«Жанубий газ йўлаги» Жанубий Кавказ, Трансанатолия ва Трансадриатика қувурларини ўз ичига олади ва айни дамда Европа газ бозорида Россияга жиддий рақобатчи ҳисобланади.

Туркманистон гази ЖГЙ қувватини янада кучайтириши мумкин, дейди ашхободлик таҳлилчилар.

«Айни дамда Озарбайжон 1,2 триллион куб метр заҳирага эга Шоҳ Денгиз конидан Европага экспорт қилиш учун газ қазиб олмоқда», дейди Халлиев. «Туркманистондаги Галкиниш газ конида бундан 20 маротаба кўп заҳира борлигини ҳисобга олсак, бу унчалик кўп эмас.»

«ТКГҚга етказиб бериш учун Туркманистон ўз ҳудудида 773 км узунликка эга юқори босимли Шарқ-Ғарб газ қувурини аллақачон қуриб бўлган, у орқали Туркманистон жануби-шарқидаги Галкинишдан Каспий денгизи қирғоғига экспорт учун зарур газни етказиб беради,» деди у.

ТКГҚ барча таъминотчилар, транзит ва истеъмолчи мамлакатлар истаганидек бўлиши керак, дейди Халлиев.

Россия ва Эроннинг қаршилиги

«Халқаро низо ҳал этилди, Туркманистон ва Озарбайжон ўртасидаги тўсиқ олиб ташланди, аммо лойиҳани амалга ошириш йўлида бошқа кўплаб тўғаноқлар бор», деб айтган нафақадаги геолог Сапаев.

ТКГҚ муваффақият қозониши учун туркман газига Европадан етарлича талаб бўлиши ва нархлар мақбул бўлиши лозим, деди у. «Шу масала устида бош қотиришимиз керак.»

ТКГҚ йўлидаги яна бир тўсиқ – лойиҳага Эрон ва Россиянинг қарши чиқаётгани, дейди у.

Газ бозоридаги рақобатдан қўрққан Россия ва Эрон режимлари туркман газининг ТКГҚ орқали Озарбайжон ва у орқали жанубий Европага етказиб берилишига анчадан бери қаршилик қилиб келмоқда.

Ўз позицияларини оқлаш мақсадида Москва ва Теҳрон дастлаб Каспий ҳудуди ва ресурсларида беш Каспийбўйи мамлакатнинг ҳиссасини белгиловчи келишув йўқлигини баҳона қилди. Аммо, 2018 йил август ойида давлатлар раҳбарлари Каспий денгизининг ҳуқуқий мақоми ҳақидаги конвенцияни имзолаганларидан кейин, Россия ва Эрон газ қувури Каспий экотизимига путур етказади, деб иддао қила бошлади.

«Газпром»нинг сув остидан Германияга ўтувчи «Шимолий оқим-2» қувурининг атроф-муҳит учун зарарига бепарволиги ҳисобга олинса, бундай иддаоларнинг пуч эканлиги англашилади.

Deutsche Umwelthilfe (Германия экологик ҳаракати) нодавлат ташкилотига кўра, деярли тугаб қолай деган лойиҳа кўчманчи қушларнинг яшаш муҳити ва иқлимга хавф солиши маълум бўлган.

Сизга мақола ёқдими?

Фикрлар 1

Сиёсат * Мажбурий 1500 / 1500

Яхши. Россия ва Эрон газ қувури лойиҳасига қарши чиқмоқда. Хўш, табиий газни суюлтирилган газга айлантириб, Туркманбоши портидан Боку портига суюлтирилган газ ташишга мўлжалланган танкерлари орқали жўнатиб бўлмайдими?

Жавоб бериш