Карвонсарой
Иқтисодиёт

Иқтисодиёти заифлашган Россия Марказий Осиёлик мигрантларни қайтара олмаяпти

Карвонсарой ва AFP

Москвадаги қурилишларнинг бири, 12 март. Меҳнат мигрантлари етишмовчилигини тўлдириш мақсадида Россия компаниялари маҳаллий ишчиларга кўпроқ маош тўлашга мажбур бўлмоқда. [Юрий Кадобнов/AFP]

Москвадаги қурилишларнинг бири, 12 март. Меҳнат мигрантлари етишмовчилигини тўлдириш мақсадида Россия компаниялари маҳаллий ишчиларга кўпроқ маош тўлашга мажбур бўлмоқда. [Юрий Кадобнов/AFP]

МОСКВА – Арзон меҳнаткашларнинг ишдан айрилиб, мамлакатни тарк этиши ҳамда ўтган йилги коронавирус пандемияси даврида Россия чегараларининг ёпилиши ортидан мамлакатдаги қурилиш компаниялари ишчи кучи танқислигига дуч келган.

Узоқ йиллардан бери Россия энг оғир ва энг кам ҳақ тўланадиган ишларда мигрантларга таяниб келган. Аммо, энди пандемия сабабли чегаралар ёпилар экан, ўз ватанида қолиб кетган миллионлаб хорижлик мигрантларда ноқулай меҳнат шароитига қайтиш имконияти ёки истаги йўқ.

Пандемиядан аввал Россияда яшаётган мигрантларнинг деярли ярми ўтган йили мамлакатни тарк этган, дея хабар берган ички ишлар вазирлиги.

Кўпчилик чегарадаги қатъий чекловлар сабаб Россияга қайта олмаган, шу боис айниқса қурилиш ва қишлоқ-хўжалиги соҳаларида ишчи кучининг жиддий танқислиги юзага келган.

Меҳнат мигрантлари қийинчиликларга дуч келаётгани ёки мамлакатга қайтишни истамаётгани сабабли Россияда ишчи кучи етишмаяпти. Москвадаги қурилишларнинг бирида меҳнат қилаётган ишчи, 12 март. [Юрий Кадобнов/AFP]

Меҳнат мигрантлари қийинчиликларга дуч келаётгани ёки мамлакатга қайтишни истамаётгани сабабли Россияда ишчи кучи етишмаяпти. Москвадаги қурилишларнинг бирида меҳнат қилаётган ишчи, 12 март. [Юрий Кадобнов/AFP]

Бошқалар эса дискриминация ва Россиядаги мигрант ишчиларга нисбатан зўравонлик ҳолатлари сабабли қайтишни истамайди.

Москва меҳнат мигрантларини қайтариш мақсадида улар учун мамлакатга кириш тартибини соддаштирган бўлса-да, ҳуқуқбонлар буни қиммат маҳаллий ишчи кучи харажатларидан қийналиб қолган соҳаларни қўллаб-қувватлашга қаратилган ва унинг ўзигагина манфаатли бўлган чора деб ҳисобламоқда.

Бу орада кўпчилик компаниялар, жумладан Москвадаги Granelle қурувчилик компанияси уларсиз ишлаш учун мослашишга мажбур бўлди.

Пандемиядан аввал компания асосан Арманистон, Украина, Беларус, Тожикистон ва Ўзбекистондан келган мигрантларни иш билан таъминлаган.

«Меҳнат мигрантлари йил охирига қадар ишладилар, сўнг байрамга уйларига кетдилар, энди эса қайтишлари қийин бўлмоқда», дейди Granelle компаниясининг курилиш бўйича директор ўринбосари Виталий Личиц.

«Ишчи кучи учун харажатларни оширишга тўғри келса ҳам, Россия вилоятларидан ишчилар ёллаяпмиз», деди у.

Ишчи кучи танқислиги билан боғлиқ хавотирлар

Миграция соҳаси таҳлилчиларига кўра, COVID-19 эпидемиясидан аввал Россиядаги ишчи кучи 10 миллион мигрант ва деярли 70 миллион россияликдан иборат бўлган.

Пандемиянинг авж палласида, март ойи охирида ҳукумат халқаро авиапарвозларни тўхтатиб қўйганидан кейин кўпчилик мигрантлар уйларига қайта олмай, бир неча кун ва ҳатто ҳафталар давомида Россияда қолиб кетишган эди.

Охир-оқибат парвозлар тартибсиз тарзда тикланган.

Россия авиакомпаниялари бир зумда яроқсиз бўлиб қолган чипталарнинг пулини қайтаришдан бош тортар экан, Марказий Осиёлик мигрантлар ишсиз ва даромад манбаисиз кўчада қолиб кетишди.

Шуларни ҳисобга олган ҳолда, январ ойида президент Владимир Путин мамлакатга кириш талабларни соддалаштиришга буйруқ берганига қарамай, фаоллар Россиянинг янгиланган «меҳмондўстлиги» ҳақида огоҳлантиришган.

Ўтган йил март ойида чегаралар ёпилганидан кейин деярли 1,5 миллион ишчи қурилиш соҳасига қайтмаган, деган эди бош вазирнинг қурилиш ва минтақавий ривожланиш соҳаси бўйича ўринбосари Марат Хуснуллин декабр ойи охирида.

Ҳозирда Granelle ишчиларининг қарийб ярми Россия вилоятларидан келган, аммо уларнинг маоши чет эллик ишчиларникига нисбатан 20 фоизга кўп, деди Личиц.

«Давлат меҳнат мигрантларини жалб қилиш тартибини соддалаштириш, жумладан электрон рухсатномалар беришни йўлга қўйиш бўйича фаол иш олиб бормоқда», деди у.

Аммо ривожланиш суръати жуда паст.

Соддалаштирилган тартибга қарамай, 2020 йил охиридан февралгача бўлган муддат ичида Россиядаги қурилиш объектларига фақатгина 14000 га яқин чет эллик ишчи қайта олган.

Мураккаб шароитлар ва паст иш ҳақи

Меҳнат мигрантлари ҳуқуқларини ҳимоя қилувчи ташкилотларига кўра, ишчи кучи танқислигининг ижобий тарафлари ҳам бор.

«Иш ҳақлари сезиларли даражада – соҳасига қараб, 20% дан 100% гача ошди», дейди Россия мигрантлар федерацияси президенти Вадим Коженов.

Унинг айтишича, йиллар давомида Россиядаги иш берувчиларнинг алдовларидан шикоят қилиб келган меҳнат мигрантлари ҳуқуқларининг бузилиши билан боғлиқ ҳолатлар камайгандек бўлиб кўринса-да, кўпчилик чегаралар қайта очилгандан кейин яхшиланган иш шароитларининг сақланиб қолишига шубҳа билан қарамоқда.

Россиядаги мигрантлар дуч келадиган бошқа қийинчиликлар орасида дискриминация, порахўр полициячилар таъмагирлиги, маҳаллий аҳоли ва ҳатто полиция томонидан калтакланиш муаммолари ҳам бор.

«Айрим ишчилар оғир шароитлар ва кам иш ҳақи туфайли ишини ташлаб кетмоқда», деди у.

Таҳлилчиларга кўра, Россия иқтисодиётининг ёмонлашуви ва пул қадрининг пасайиши сабабли, чет эллик меҳнат мигрантларининг сони 2015 йилдан бери муттасил камайиб бормоқда.

Узоқ муддатли истиқболда Россия жиддий ишчи кучи танқислигига дуч келиши мумкин, чунки кўплаб мигрантлар Европа, Туркия ва Эрондан иш изламоқда, дейди демограф Юрий Крупнов.

«Технологик қолоқликнинг умумий муаммоси бор», деди у. «Иш берувчилар арзон ва малакасиз ишчи кучидан чексиз фойдаланишни истайди. Қандайдир ўзгариш юз бериши аломатлари эса кўринмаяпти.»

Ишчи кучи танқислигини фақат пандемия билан боғлаш нотўғри, дейди Россия президенти ҳузуридаги Халқ хўжалиги ва давлат бошқаруви академиясининг илмий ходими Юлия Флоринская.

Сизга мақола ёқдими?

Фикрлар 12

Сиёсат * Мажбурий 1500 / 1500

Энг ёмони, мигрантларнинг ҳеч кимга шикоят қила олмаслигини билатуриб, уларнинг меҳнатига пул тўланмаётгани. Мен буни шахсий тажрибамдан биламан. Ногиронлар учун мўлжалланган кўтаргичлар ўрнатишда умумий қурилиш ишларини бажарганман. Буюртмачи УКРС, бош пудратчилар «Моспроект-2» МЧЖ ва «СтройКапиталИнвест» МЧЖ эди, фақат аванс беришди, шу билан хайрлашишди. Москвадаги меҳнат инспекциясига шикоят ёзишга уриндим, лекин улар чет эл фуқароси бўлганим учун халқаро судга мурожаат қилишим кераклигини айтишди. Ниҳоятда кулгили.

Жавоб бериш

Россия собиқ иттифоқ республикалари билан алоқаларни яхшиламоқчи, аммо мигрантларни қабул қилмоқчи эмас. Авиачипталар нархини ошириб қўйишди. Парвозлар ҳафтасига икки марта. Нима бўлди, оддий меҳнаткашнинг айби нима? Ҳа, энди Европа иш билан таъминлаш имконияти борлигини эълон қилмоқда. Уларнинг таклиф қилаётгани Россияникидан анча кўп. Россия, мигрантларга муносабатингни ўзгартир. Илгари ҳаммамиз бирга, бир оиладек эдик...

Жавоб бериш

Россия осиёликларсиз бирор нима қуришга ва яратишга ярамай қолган.

Жавоб бериш

Нима эксанг, шуни ўрасан.Мигрантларсиз Москва ва Россиянинг бошқа шаҳарлари яқинда ахлатга ботиб кетади. Жириновский, Федоров ва шунга ўхшаганларга раҳмат айтинглар.

Жавоб бериш

Мавзуни тушунмаслик ва ёлғон! Биринчидан Россия мигрантларни ўзига жалб қила олмаяпти, чунки ҳали ҳам бизга Россияга киришга рухсат йўқ! Россия паспортини олиш ва қасамёд қилишга кетиш учун бир йилдан бери кутаман! У ерда ҳамма нарса тайёр, аммо мамлакатдан чиқиш учун Россия фуқаролигини олиш муҳим сабаб ҳисобланмайди! Ўзбекистондаги Россия элчихонасидан бир неча марта сўрадим, аммо жавоб доим бир хил. Мигрант ишчилар Россияга чартер рейсда кетишяпти. Рейслар ҳам қимматлашиб кетган. Россияга бир томонга чипта Мисрга ёки Туркияга дам олиш путевкаси нархи билан тенг. Бу ҳақида ўйламаяпсиз! Россиянинг барча шаҳарларига рейсларни арзон нархда қўйсангиз мигрантлар зумда етиб боришади.

Жавоб бериш

Марказий Осиёлик мигрантлар сонининг камайишига сабаб бўлган биринчи омил – Ўзбекистон иқтисодий тараққиётининг яхшиланиши. Меҳнат мигрантларининг аксарияти ўзбекистонлик эди. Энди уларнинг ўз мамлакатларида ҳам иш жойлари кўпаймоқда, шу сабабли улар ўз юртларида қолишмоқда. Бу Россияда иқтисодий тараққиётнинг ёмонлашгани ва санкциялар таъсири, Россиядаги турмуш даражасининг Ўзбекистон билан таққосланадиган даражага тушиб қолганига ишора қилувчи тўғридан-тўғри кўрсаткич. Аммо русларнинг ёмон муносабати ўзбеклар хотирасида сақланиб қолган; шу боис бу халқларнинг яқинлашуви – утопия.

Жавоб бериш

Демак, Россиядан Ўзбекистонга ишлаш учун келишади

Жавоб бериш

Албатта, иш ҳақи тўланмаса, таҳқирлашаётган бўлса, бошқа мамлакатларда ишлаган яхши. Ана, Польша ва бошқа Европа мамлакатлари енгил қадоқлаш ишлари учун 800 доллар ва ундан кўпроқ маош эвазига ишчилар ёлламоқда.

Жавоб бериш

Чехия ва Полша 1000 евродан беради.

Жавоб бериш

Умуман олганда,иккинчи марта шуни қайтадан ёзяпсизлар. Лекин чегара очилса ҳамма яна қайтиб боради. Чунки ўрта осиё мамлакатларида иш топишнинг ўзи муаммо. Топилган ишни бажаргач пулини ололмай сарсон. Чунки ўрта осиёда қонун ишламайди.

Жавоб бериш

Қўйсангизчи, одамни кулдирманг. Ишлаганда қандоқ!

Жавоб бериш

Бу ландовурлар мигрантларсиз ҳеч бир ишни эплай олишмайди.

Жавоб бериш