Карвонсарой
Иқтисодиёт

Қирғизистонликлар Россиянинг «Жеруй» олтин конидаги шериклигини cўроқ остига олмоқда

Карвонсарой ва AFP

17 март куни Талас вилоятида Россия назоратидаги «Жеруй» олтин конида ишлар бошлангани ҳақидаги эълон олдида турган икки қирғиз ишчиси. [Қирғизистон президенти администрацияси]

17 март куни Талас вилоятида Россия назоратидаги «Жеруй» олтин конида ишлар бошлангани ҳақидаги эълон олдида турган икки қирғиз ишчиси. [Қирғизистон президенти администрацияси]

БИШКЕК – Қирғизлар Москванинг Таласдаги «Жеруй» олтин конига киритган сармоясини шубҳа остига олар экан, ушбу битим Қирғизистон манфаатларини кўзлайдими ёки лойиҳани қўллаб-қувватлаётган Россия олигархлариними, деган саволни ўртага қўймоқда.

17 март куни Россия президенти Владимир Путиннинг олтинни қайта ишловчи завод очилишини видео-алоқа орқали кузатиб боргани Кремлнинг бу лойиҳадаги иштирокини исботлаган.

Қирғизистондаги иккинчи энг йирик кон бўлган «Жеруй»даги лойиҳага «Россия рекорд миқдорда инвестиция» киритган бўлиб, Путиннинг ваъдасига кўра, унинг ҳажми эксплуатация якунига қадар 600 миллион долларни ташкил этади.

Россиянинг «Альянc Груп» компанияси томонидан бошқариладиган завод ўтган йили ишга туширилиши керак эди, аммо аввалги ҳокимиятнинг ағдарилиши ва Қирғизистон президенти Садир Жапаровнинг президент этиб сайланишига олиб келган сиёсий тартибсизликлар вақтида ҳужумга учради.

Кремлда ўтирган Россия президенти Владимир Путин 17 март куни Қирғизистон олтин кони лойиҳасининг очилишига бағишланган видео-анжуман чоғида қарсак чалмоқда. [Кремл]

Кремлда ўтирган Россия президенти Владимир Путин 17 март куни Қирғизистон олтин кони лойиҳасининг очилишига бағишланган видео-анжуман чоғида қарсак чалмоқда. [Кремл]

17 март куни Талас вилоятидаги Россия назоратида бўлган «Жеруй» олтин конининг очилиш маросимида иштирок этаётган ишчилар ва мансабдорлар. [Қирғизистон президенти администрацияси]

17 март куни Талас вилоятидаги Россия назоратида бўлган «Жеруй» олтин конининг очилиш маросимида иштирок этаётган ишчилар ва мансабдорлар. [Қирғизистон президенти администрацияси]

Ҳужум натижасида уюштирилган ёнғин компанияга 10 миллион доллардан зиёд зарар етказиб, қарийб 90 тонна олтин ва 25 тонна кумуш сақланадиган «Жеруй»да қазиб олиш ишларининг тўхташига олиб келди.

Бунинг натижасида йиллик олтин ишлаб чиқариш ҳажми 5,5 тоннани ташкил этиши кутилмоқда.

Аксинча, мамлакатдаги энг йирик олтин кони – Канада бошқарувидаги «Қумтор» бу йил 16 тонна олтин ишлаб чиқариши кутилмоқда.

Олтин ва бошқа қазилма бойликлар Қирғизистоннинг қийин иқтисодий шароитида жуда муҳим аҳамиятга эга.

Сиёсий футбол

Путин ушбу лойиҳани «икки халқ ўртасидаги дўстликни мустаҳкамлайди» деб мақтаган бўлса-да, кўпчилик манфаатдор томонлар Россия раҳбарининг бу сўзларига шубҳа билан қарамоқда.

Москва сўнгги йилларда Хитойдан Марказий Осиёга, жумладан Қирғизистонга кириб келаётган миллиардлаб сармояларни кузатар экан, бу ердаги Россия компаниялари бор кучи билан рақобатлашишга интилмоқда.

Ушбу рақобат натижасида Қирғизистон иккита йирик манфаатпараст давлат ўртасида сиёсий футболга ўхшаш нарсага айланиб қолган.

«Россия ва Хитой Марказий Осиёда таъсир кучига эга бўлиш учун яширин кураш олиб бормоқда», деган эди қирғизистонлик энергетика соҳаси таҳлилчиси Расул Умбеталиев 2019 йилда «The New York Times» газетасига берган интервьюсида.

Россия Қирғизистон билан тарихий алоқаларга эга бўлса-да, «русларнинг пули йўқ», деди у.

Хитой инвестициялари ҳам қирғизларни у қадар қувонтираётгани йўқ.

2018 йил январ ойида хитойликлар модернизация қилган Бишкекдаги иссиқлик электростанцияси ишдан чиқиб, тўрт кун давомида пойтахт аҳолисини -20 даражали қаҳратонда совуқда қолдирган эди.

Қирғизистон раҳбарлари 2020 йилда COVID-19 билан боғлиқ иқтисодий инқироз чоғида Хитойдан олинган улкан кредит юкини енгиллатишни сўраган, бунга жавобан хитойлик кредиторлар 2020 йилга мўлжалланган қарз тўлови муддатини тўрт йилга узайтириб берди, аммо 2 фоиз жарима қўллади.

Талон-тарож қилиш имконияти

Танқидчиларга кўра, Жеруй конидаги шериклик Россияга оғир иқтисодий шароитдан чиқиш ва Қирғизистон табиий ресурсларини талон-тарож қилишга имкон яратади.

«Жеруй олтин кони ҳеч қачон Қирғизистонга насиб қилмайдиган ва Россия олигархларига оқиб кетадиган миллиардлаб АҚШ доллари деганидир. Чунки бу лойиҳада давлатимиз ҳеч қандай улушга эга эмас ва биз умуман компания бошқарувида иштирок этмаймиз», дейди Талас вилоятининг собиқ ҳокими Айбек Бузурманкулов.

Унга кўра, 2015 йилда Жеруй конининг ҳуқуқларини қўлга киритган «Alliance Group» бунга Путиннинг босими билан эришган.

«Бу ақл бовар қилмас вазият», дейди Бузурманкулов. У «келишув шартлари ва тафсилотларини ўрганиш учун махсус ҳукумат комиссиясини тузишга» чақирган.

«Россия ҳукумати Жеруй конимизни деярли тортиб олди», дейди бишкеклик иқтисодчи Элмира Суранчиева.

«Олтин кони расман хусусий компания тарафидан сотиб олинган бўлса-да, бу инвестор Россия ҳукуматига алоқадор», дейди у.

Путин олтин кони конгломератининг очилиш маросимида қатнашиш билан лойиҳага алоқадорлигини намойиш этди, дейди у.

«Деярли ҳеч қандай табиий ресурслари бўлмаган ночор давлат эканлигимизга қарамай, Россия Қирғизистонни биз учун умуман манфаатсиз бўлган шартларга кўнишга мажбурлагани аён», дейди Суранчиева. «Биз бундай қимматли ресурсни ҳимоя қилишимиз керак эди.»

«Бу Марказий Осиёдаги кичик республикага босим ўтказиш ва Жеруй сингари жозибадор активларни олиб қўйиш учун етарли таъсир кучига эга Россия билан муносабатлардаги хатарларга ёрқин мисол бўла олади», деди у. «Натижада, Россияга қарамлигимиз янада кучайди».

Йўқотилган суверенитет

Суранчиева Қирғизистонда Москва учун манфаатли бўлган аввалги Россия лойиҳаларига эътибор қаратди.

«2014 йилда Россиянинг «Газпром» компанияси Қирғизистоннинг «Қирғизгаз» операторини рамзий 1 доллар эвазига харид қилиб, мамлакатдаги барча газ қувурлари, газ тақсимлаш станциялари, ерости газ омборлари назоратини қўлга киритган», дейди у.

1943 йилдан бери Қирғизистоннинг Иссиқкўлида торпедоларни синовдан ўтказаётган Россиянинг 954-сувости кемаларига қарши қуролларни синаш базаси, шунингдек, 1941 йилда барпо этилган Қант авиабазаси Россиянинг собиқ Совет республикаcидаги қаттиққўлликликларига мисол бўла олади.

«Биз айрим фаоллар даъво қилаётганидек, суверенитетимизни йўқотмаяпмиз», дейди Суранчиева. «Уни аллақачон йўқотиб бўлганмиз.»

[Мақолани тайёрлашга Канат Алтинбаев кўмаклашган.]

Сизга мақола ёқдими?

Фикрлар 3

Сиёсат * Мажбурий 1500 / 1500

Бу Путиннинг шахсий бизнеси. У собиқ Совет республикаларидаги олтин конларини «Северсталь» АЖни бошқарувчи васийи Мордашов орқали назорат қилади!

Жавоб бериш

Россия бу конни талон-тарож қилади

Жавоб бериш

Россияни ҳайдаб чиқариш керак у ердан

Жавоб бериш