Карвонсарой
Таҳлил

Кремлнинг таъсир агенти Пригожин халқаро жиноятчи сифатида шафқатсиз воқелик билан юзма-юз келди

Карвонсарой ва AFP

image

Кремлнинг таъсир ўтказиш агенти Евгений Пригожин мураккаб вазиятда қолган. [File]

МОСКВА – Хуфиёна ишбилармон Евгений Пригожин сайловларга аралашиш ва бутун дунё бўйлаб Кремлнинг режаларини амалга оширувчи ёлланма қўшинларни молиялаштиришдаги роли сабабли ҳуқуқий тарафдан жиддий таҳдид остига қолди.

2018 ва 2020 йилларда Вашингтон Пригожинга нисбатан санкциялар жорий қилиб, унга қарашли ҳисобланадиган Санкт-Петербургдаги «троллар фабрикаси» – Интернет тадқиқотлари агентлиги (ИТА) 2016 ва 2020 йилларда АҚШдаги сайловларга аралашув ортида турганини айтган.

ИТА шунингдек, бошқа мамлакатлар, масалан, Англия, Германия ва Франциядаги сайловлар ва референдумлар вақтида бузғунчи ташвиқот юритишда айбланмоқда.

Ўтган йилнинг октябрида Вагнер гуруҳини қўллаб-қувватлаб, Ливиядаги вазиятни беқарорлаштиргани учун Пригожинга нисбатан Европа Иттифоқи санкциялар қўллаган эди.

image

АҚШ Федерал тергов бюроси (ФТБ) Евгений Пригожинга қидирув эълон қилди. Идора унинг ҳибсга олинишига ёрдам берувчи маълумот учун 250 минг доллар мукофот пули таклиф қилмоқда. [Федерал қидирув бюроси]

image

Санкт-Петербург шаҳридаги Савушкина кўчасида жойлашган Россиянинг «троллар фабрикаси» деб номланувчи Интернет-тадқиқотлари агентлиги биноси, 2018 йил. [Файл]

image

Сурияда фаолият юритаётган россиялик ёлланма жангарилар, ижтимоий тармоқларда тарқалган сурат. «Вагнер гуруҳи» ёлланма армиясини молиялаштирувчи Евгений Пригожин АҚШ ФТБ томонидан қидирилмоқда. [Файл]

Феврал ойида АҚШ Федерал тергов бюроси (ФТБ) «АҚШга нисбатан алдов фитнасига алоқадорлиги» сабаб қидирувда бўлган Пригожинни ҳибсга олишга ёрдам берадиган маълумот учун 250 минг доллар мукофот таклиф қилди.

Ҳозирда Пригожин халқаро жиноятчига айланган.

Вагнер гуруҳи

59 яшар Пригожин совет даврининг охирларида фирибгарлик ва ўғирликда айбланиб, тўққиз йил қамоқда ўтирган ва Совет Иттифоқи қулаганидан кейин Кремл шартномалари билан кейтеринг соҳасидаги магнат сифатида танилиб, «Путиннинг бош ошпази» лақабини олган.

У бошқа бир қатор «таъсир агентлари» сингари дунё мамлакатларида Россия президенти Владимир Путиннинг манфаатларини илгари суриш билан шуғулланади.

Пригожин бутун дунёдаги можароларда ҳақиқатнамо инкор ниқоби остида Кремлнинг «ифлос» ишларини бажарувчи «Вагнер гуруҳи» хусусий ҳарбий компаниясига бевосита алоқадор шахсдир.

Вагнер гуруҳи ҳақидаги илк хабарлар 2014 йилда Украинада уруш бошланганида пайдо бўлган эди, ўшанда Кремл мамлакат шарқидаги бўлгинчилар ғалаёнини қўллаб-қувватлашда айбланган.

Кейинчалик гуруҳ Сурияда ҳам пайдо бўлди ва у ерда президент Башар Асаднинг режимини дастаклаб, Россия ОАВ томонидан асирларни қийноққа солиш ва нефт объектларини эгаллаб олишда айбланди.

Ўшандан бери Вагнер жангарилари Марказий Африка Республикаси (МАР) каби сиёсий жиҳатдан беқарор Африка давлатларида хизмат қиладиган ҳарбий «йўриқчилар» ва Ливияда амалдаги ҳукуматга рақиб Халифа Хафтар маъмуриятини қўллаб-қувватловчи кучлар сифатида ўз фаолиятини қайта тиклади.

Ўтган йили Беларусда сайловлар олдидан мухолифат билан бирга оммавий тартибсизликлар келтириб чиқаришни режалашда айбланган 33 нафар Вагнер «жангариси» ҳибсга олинган эди.

Қўлга олинганлар Беларус пойтахти Минск орқали Венесуэла, Ливия, Куба, Туркия ва Суриядаги манзилларга ўтмоқчи бўлганликларини таъкидлаган. Бу иқрордан ноқулай вазиятга тушган Москва уларнинг яширинча озод қилинишига эришди.

Маълумотларга кўра, Вагнер Россиянинг Суриядаги каби расмий ҳарбий операцияларини қўллаб-қувватлашдан ташқари, бошқа жойларда ҳам инфратузилма объектлари ёки сиёсатчиларни қўриқлайдиган анъанавий хусусий соқчилик компанияси ролини ўйнаган.

«Москванинг энг мудҳиш сири»

15 март куни Москвада Франция, Сурия ва россиялик ҳуқуқбонлардан иборат уч гуруҳ 2017 йили Сурияда одам бошини танасидан жудо қилиш ва «уруш жиноятига» тенглаштириш мумкин бўлган хатти-ҳаракатлар бўйича «Вагнер» гуруҳи устидан даъво қўзғаган.

Вагнерга нисбатан ҳуқуқий босим чораси Европада Сурия расмийларига қарши қийноқлар билан боғлиқ бир қатор жиноий ишларнинг очилиши ортидан юз берган, 2015 йилда Москванинг ҳарбий аралашуви у ердаги фуқаролар урушида Сурия режимининг ғалабаси учун йўл очган эди.

Чоршанба (31 март) куни БМТ россиялик ёлланма ҳарбийлар, шу жумладан МАРдаги Вагнер гуруҳи томонидан «инсон ҳуқуқларининг жиддий бузилиши» ҳолатлари содир бўлаётганини айтган.

Суд жараёни Вагнер ва Пригожиннинг гуруҳдаги ролини ойдинлаштиришга қаратилган ноёб уринишдир.

Москва «Вагнер» ёлланма аскарлари ҳақидаги хабарларни ҳеч қачон тасдиқламаган, Пригожин ҳам Вагнер ёки ИТА билан алоқаларни рад этиб келади.

Бошқа барча хусусий ҳарбий компаниялар сингари Россияда ноқонуний ҳисобланган Вагнер ҳуқуқ-тартибот идоралари ва ҳарбий хизматчилар орасидан Россиядаги ўртача иш ҳақидан беш-олти баравар кўпроқ маош оладиган бўлажак аскарларни ёллаш билан шуғулланади.

Россиянинг бир нечта маҳаллий янгиликлар сайтлари жангариликда гумонланганларнинг Россиядаги дафн маросимлари ҳақида хабар берган, уларнинг оилалари сукут сақлаш эвазига катта маблағ олишади.

Карнеги тадқиқот маркази Вагнерни «Москванинг энг мудҳиш сирларидан бири» дея таърифлаган.

Унинг маълум қилишича, гуруҳнинг иккита асосий мақсади бор: «Уруш ҳудудларига жангариларни жойлаштиришда Кремлни ҳақиқатнамо инкор билан таъминлаш» ва «таъсирга мойил давлатларга босим ўтказишга тайёр бўлиш».

«Тоза одам»

Пригожинга нисбатан босим кучайгани сари у ҳамлага ўтмоқда.

22 март куни у АҚШнинг қатор расмийлари, жумладан ФТБ раҳбари Кристофер Рейга нисбатан жиноий иш очиш учун Россия тергов қўмитасига ариза топширган.

Эртаси куни у ФТБга хат йўллаган, у Concord нашрининг VKontakte саҳифасида чоп этилган.

«Фитначилар мендек тоза одамни қаллобликда айлаш билан, менга қарши фитна уюштиришга уринмоқдалар», деб ёзади Пригожин.

23 март куни Пригожин Репрессияга қарши кураш фондига (ФБР) асос солган, деб хабар беради Concord матбуот хизмати.

Бу ташкилот Вашингтонга қарши троллик ҳаракати ўлароқ, рус тилида америкача ФТБ қисқартмасини олган.

Пригожинга тегишли ФБР гўёки Ғарб мамлакатларида инсон ҳуқуқлари учун курашади ва фуқаролик жамиятини қўллаб-қувватлайди.

Ҳозирча ФБР ҳақида ҳеч нарса маълум эмас.

Унда кимлар ишлаши ва айни дамдаги фаолияти очиқланмаган. Унинг матбуот котиби, веб-сайти ёки ижтимоий тармоқларда аккаунтлари йўқ, деб хабар берган «Эхо Москвы» мухолифат радиоканали.

«Таъсир агентлари»

Эркин тадқиқот ва халқаро ҳамкорлик уюшмаси (AFRIC) Пригожинга қарашли «таъсир агентлари тармоғининг» яна бир воситасидир, деб хабар беради Кремлга алоқадор турли шахсларнинг жиноий фаолиятини кузатувчи Dossier Centre.

«AFRIC аксари европалик таниқли оқ танли ирқнинг устунлиги ғояси тарафдорлари ва неонацистлардан ташкил топган «сайлов кузатувчиларини» Зимбабве, Мадагаскар, Конго демократик республикаси ва Жанубий Африкага Пригожиннинг улкан империяси бир ёки бир нечта номзодни қўллаб келган демократик сайловларга таъсир ўтказиш учун юборган», деб ёзади 2 март куни Daily Beast нашри.

Пригожиннинг таъсир ўтказиш операцияларига алоқадор оператив ходимлар январ ойида Берлинда Эстония, Латвия, Литва, Польша ва Германияда гўёки «пандемиядан кейинги келажак ҳақида янги тасаввурни шакллантиришга бағишланган» икки кунлик анжуман ўтказдилар.

Daily Beast нашри, Dossier Centre, Германиянинг ARD, Эстониянинг Delfi.ee ва Литванинг Siena.lt нашрлари ҳамкорликда ўтказган текширувга кўра, Болтиқ денгизи ҳудудида ўтган стратегик мулоқот AFRIC билан алоқадор икки уюшма томонидан ташкиллаштирилган.

«Пригожиннинг аксарият хорижий таъсир операциялари каби, буниси ҳам Россия Федерацияси ҳудудидан ташқарида рўйхатдан ўтган ва ҳеч бўлмаганда қоғозда рус бўлмаганлар томонидан бошқарилган «матрёшка» кўринишидаги тузилмалардан иборат бўлган», дейилади хабарда.

Масалан, ташкилотчилардан бири – AFRIC маъмурияти аъзоларидан бири бўлган литвалик фуқаро томонидан таъсис этилган ва бошқариладиган ADMIS Consultancy компаниясидир.

Яна бир ҳаммуассис – BWA номи билан танилган Германиянинг иқтисодий ривожланиш ва ташқи савдо федерал уюшмаси бўлиб, у Хитой бўйича ихтисослашган немис бизнес-маслаҳатчиси томонидан бошқарилади.

Шу билан бирга, BWA 2016 йилда собиқ КГБ зобити ва Путининг яқин сирдоши Владимир Якунин томонидан асос солинган «Цивилизациялар мулоқоти» Россия тадқиқот институти билан ҳам ҳамкорлик қилган, дея хабар беради Daily Beast нашри.

2015 йилда Якунин Россиянинг Украинадаги босқинига алоқадорликда гумонланиб, Қўшма Штатлар санкцияси остига тушган.

Сизга мақола ёқдими?

Фикрлар 3

Сиёсат * Мажбурий 1500 / 1500

Россиялик орангутангга ўхшар экан

Жавоб бериш

Биз бу агрессив ва фашизм идеологияси билан сугорилган , коррупция учогига айланган иккиюзламачи , ёлгончи империядан уммуман узок булишимиз керак. Акс холда бизнинг миллатимиз учун бу шайтонни болалари билан якинлик можетли тугаши аник .

Жавоб бериш

Кечирасиз можетли деган сўзингизни таржима қиворинг.

Жавоб бериш