Ўн йиллик уруш туфайли заифлашган Сурия режимининг ҳарбий аппарати – Эрон ва Россия каби қудратли хориж давлатлари томонидан қўллаб-қувватланадиган ва уларнинг назорати остида фаолият юритадиган, аввалги армиясидан қолган пўчоқдир, дейди таҳлилчилар.
Бу кучлар эндиликда ягона армия сифатида ҳаракат қилмаяпти, аксинча мунтазам қўшинлар ва иттифоқчи жангарилардан иборат тарқоқ тузилма бўлиб қолган, қудратли хориж давлатлари эса уларнинг ҳар бирини назорат қилиш учун курашмоқда ва улардан ўз мақсадлари йўлида фойдаланишга уринмоқда.
Ушбу тарқоқ давлатда режимга содиқ кучлар шарқдаги Бадия саҳросида «Ислом давлати» (ИД) тарафидан қатор ҳужумларга дуч келишган.
ИД ҳужумлари оқибатида 2019 йил мартидан бери режимнинг 1200 дан ортиқ аскарлари ва иттифоқчи жангарилар ўлдирилган.
Таҳлилчиларга кўра, бу хуружлар икки нарсадан бирини ойдинлаштирмоқда: ё Россия Сурия режими кучларини қўллаб-қувватламаяпти, ёки Россия учун Сурия режимини қўллаб-қувватлаш устувор масала эмас ва у минтақада бошқа мақсадларни кўзламоқда.
Бу мақсадлар Суриянинг табиий бойликлари ва портлари устидан назорат ўрнатишни ўз ичига олади.
Режим кучларининг инқирози
Яқинда содир бўлган воқеалар бу вазиятга ойдинлик киритган бўлса-да, Сурия армиясининг инқирози уруш бошланганидан бери давом этмоқда.
Урушнинг дастлабки йилларида режим кучлари нотўғри бошқарувдан, дезертирлик, оғир техника ва шахсий таркибдаги катта йўқотишлардан азият чеккани сабаб, 2013 йилда армия инқироз ёқасига келиб қолган эди.
2015 йилда вазиятга Россия режими аралашиб, уни қайта тиклаш жараёнини бошлади.
Аммо бу қутқарув чоралари Сурия президенти Башар Асад учун муаммо келтириб чиқарди – Россия расмийлари режимнинг қўмондонлик тузилмасига путур етказиб, бошқарув тепасига ўрнашиб олди.
Режимнинг ўзи унга итоат қилишга мажбур бўлди.
2013 йилда Асад мамлакатда хусусий хавфсизлик компаниялари фаолиятига рухсат берувчи 55-сонли фармонни имзолади. Бу ҳужжат қудратли хориж давлатларига Сурияда қонуний асосда ҳарбий ҳозирлик ўрнатишга имкон берувчи механизмни тақдим этган.
Яқин Шарқ институтининг 2019 йил июл ойидаги ҳисоботида таъкидланишича, «ҳарбийлашган тузилмаларнинг устунлиги ва режимнинг уларга таяниши» Сурия армияси қўмондонлигининг ҳужум ва мудофаа операцияларини мувофиқлаштириш қобилиятини заифлаштирган.
Ушбу қуролли гуруҳларнинг кўпайиши, шунингдек, режимнинг «ўз назоратидаги ҳудудларда тартибни сақлаш қобилияти» учун «жиддий таҳдид» туғдирди.
Сафарбарлик кучлари ҳаддан ортиқ таъсир кучига эга
Россия ва Эронга алоқадор сафарбарлик кучлари режим ихтиёридаги аксарият минтақаларни назорат қилади, дейди режим армиясидан қочиб, Ҳалабдаги ҳукуматга мухолиф Сурия озодлик армияси сафига қўшилган собиқ армия зобити Солиҳ ал-Афисий.
«Ҳатто Сурия урушининг бошида пайдо бўлган режимга содиқ қуролли гуруҳлар ҳам энди ўз садоқатини Эрон ва Россия ўртасида тақсимлаган», дейди у режим аскарлари жойларда ҳеч қандай мавқега эга эмаслигига ишора қилиб.
«Улар ўз ҳаракатларини сафарбарлик кучлари билан мувофиқлаштиришга мажбур, улар учун кириш мутлақо тақиқланган ҳудудлар ҳам бор», деди у.
Унинг сўзларига кўра, Сурия армияси дезертирлик ва мажбурий ҳарбий хизматдан бўйин товлаш ҳолатларидан азият чекмоқда, бу ҳам етмагандек, суриялик ёшларнинг аксари армия сафида хизмат қилишдан кўра, сафарбарлик кучлари сафига қўшилишни афзал кўрмоқда.
Собиқ мухолифат жангариларининг ҳарбий хизматга чақирилиши қуролли кучлар сафида беқарорлик келтириб чиқарди, шу билан бирга режим мунтазам армияни жангарилар учун жозибали вариантга айлантира олмади.
Аскарлар, зобитлар ва хизматга чақирилганларнинг умумий сони 2011 йилдаги 600 мингдан 140 мингга тушиб кетгани сабабли ўтган йилларда Сурия армиясининг имкониятлари анча камайган, дейди дамашқлик фаол Муҳаммад ал-Бейк.
«Чегара бўйлаб ва ички фронтда жойлаштирилиши керак бўлган аскарлар сонига назар солинса, улар керагидан анча кам экани кўринади», дейди у. «Имкониятларнинг пасайгани ва умумий стратегик режанинг йўқлигини эса вазиятни янада мураккаблаштиради.»
Унинг сўзларига кўра, режим аскарларга «бир неча кун яшашга зўрға етадиган» арзимас маош тўлагани сабабли, улар орасида жанговарлик руҳи жуда паст.
Жангарилар оддий аскарларга қараганда қарийб икки баравар кўпроқ пул олишади, уларнинг кўпчилиги назорат пунктларини қўриқлаш орқали даромадини янада оширган.
Тирикчилик йўлида хизмат қилаётган режим аскарлари «Эрон ва Россиянинг ўз ёлланма жангариларига анча кўпроқ пул тўлашидан хабардор».
«Уларнинг ўзлари ёки зобитларидан кўра, бир сафда жанг қилаётган ёлланма аскарлар кўпроқ устунликка эга эканлигини билишлари уларни беқарор вазиятда қолдиради», дея қўшимча қилди у.
Россия ва Эрон таъсирини кучайтирмоқчи
Ўтган йилнинг сентябр ойида Атлантика кенгашининг «Ортиқ ишончли эмасми? Сурия қуролли кучларининг жорий ҳолати» деб номланган ҳисоботида Сурия режими ташқи ёрдам учун катта маблағ тўлаган зикр қилинади.
«Москва ва Теҳрон Сурия армиясининг жанговар самарадорлигини кучайтириб, ҳудудий йўқотишларини камайтирди. Асад режимининг армия устидан яккаҳокимлигининг йўқолгани туфайли бундай ютуқ унга жуда қимматга тушди», дейилади ҳисоботда.
Ҳужжатга кўра, «икки қудратли хориж давлати ҳам юқори лавозимли зобитлар, бўлинма қўмондонлари ва разведка қўмондонлиги етакчиларини тайинлашда тобора кўпроқ иштирок этмоқда».
«Шу билан бирга улар, баъзан рақобатчилар сифатида Сурия армиясининг қўмондонлик тузилмасига кўплаб жангариларни киритиш ва қонунийлаштиришга ҳаракат қилишган.»
«Операцион ҳаракатларни амалга оширишдаги қарорлар деярли доим Россия ва камроқ ҳолатларда Эрон томонидан назорат қилинади», деб қўшимча қилинади ҳужжатда. «Ҳар иккала мамлакат билан алоқадор Сурия армияси бўлинмалари хорижий иттифоқчилар қўшинлари ёки маслаҳатчилари томонидан режалаштирилувчи ва амалга оширилувчи жангларда иштирок этишади.»
Натижада, ҳисоботга кўра, «Москва қуролли кучлар сафида ресурсларнинг тақсимланишига ҳам таъсир ўтказа олади, деб тахмин қилиш мумкин».
«Россия мунтазам армия билан ишлашни танлади ва тартибсиз бўлинмаларни Эрон таъсирига қолдирди», дейилади Carnegie Middle East Centre марказининг 2020 йил март ойида чиқарилган «Сурия қуролли кучлари самарадорлиги: Россия кўмагининг таҳлили» номли ҳисоботида.
«Россиянинг кучларни ягона қўмондонлик остига бирлаштириш ҳақидаги режалари Эрон манфаатларига зид, Сурия режими эса бу давлатнинг содиқ, аммо номунтазам кенг тармоқли тузилмаларига таянади», дейилади унда.
«Бу бўлинмалар Эрон томонидан молиялаштирилади, шу сабабли Дамашқдан кўра Теҳронга садоқатлироқ. Мунтазам армиянинг таркиби бўйича охирги сўзни Россия айтади ва афтидан, Россия бу масалада Эронга ён бериши эҳтимоли жуда кам.»