Карвонсарой
Инсон ҳуқуқлари

Эрон шимолидаги туркманлар норозилиги режимнинг озчиликларга нисбатан репрессив сиёсатини фош этди

Жумагули Аннаев

24 март куни Эрон ҳукуматидан адолат талаб қилаётган туркманлар. [Файл]

24 март куни Эрон ҳукуматидан адолат талаб қилаётган туркманлар. [Файл]

АШХОБОД – Яқинда Эрон шимоли-шарқида икки ёш туркман қизининг зўрланганига нисбатан режимнинг чора кўрмаётганига қарши ўтказилган норозилик намойишлари Эрон жамиятидаги нотинчлик ва режимнинг этник озчиликларга нисбатан узоқ йиллардан бери давом этаётган камситувчи ва тажовузкор сиёсатини фош этган.

Маҳаллий «Фарс» ва «Машриқ» нашрларига кўра, айбланувчи Гулистон сув тўғони қўриқчиси ва «Босиж»нинг махфий жангариси бўлган 55 ёшли Эрон фуқаросидир.

7 ва 8 ёшдаги қизларнинг оилалари болаларни шу эркак зўрлаган, демоқда.

Гулистон вилояти Гонбади-Ковус шаҳри бош прокурори Хусрав Халилийнинг айтишича, Эрон ҳуқуқ-тартибот идоралари эркакни ҳибсга олган ва уни фақат одам ўғирлашда айбламоқда, чунки суд-тиббий экспертизаси зўрлаш ҳолатини истисно қилган.

Эрон кучлари Покистон чегараси яқинида ўнлаб этник озчилик вакилларини ўлдирганидан сўнг 23 феврал куни Эроннинг Сараван шаҳрида намойишчилар полиция машинасига ўт қўйганлар. [Файл]

Эрон кучлари Покистон чегараси яқинида ўнлаб этник озчилик вакилларини ўлдирганидан сўнг 23 феврал куни Эроннинг Сараван шаҳрида намойишчилар полиция машинасига ўт қўйганлар. [Файл]

Дарғазаб ота-оналар ва Гонбади Ковусда яшовчи юзлаб бошқа одамлар 23 март куни суднинг «адолатсиз» қарорига норозилик билдириш учун кўчаларга чиқишган.

Куч тузилмалари аксарияти этник сунний туркманлардан иборат намойишчиларга улар талаб қилаётган адолат кафолатларини бериш ўрнига, намойишни бостирганлар.

Намойишлар 24 март куни маҳаллий суд биноси олдида давом этган, аммо Гулистон вилояти маркази Журжондан қўшимча полиция ва хавфсизлик кучлари сафарбар қилиниб, зўравонлик билан бостирилган, деб хабар беради Озод Европа/Озодлик радиосининг (RFE/RL) туркман хизмати.

Куч ишлатар идоралар ўнлаб намойишчиларни жароҳатлаган ва 100 га яқинини ҳибсга олган, деб хабар қилади Озодлик 28 март куни.

Норозилик ва адолатсизлик

Бу воқеа бошидан бери этник туркманларни нафақат қизчаларга нисбатан содир этилган зўравонлик, балки Эрон ҳукуматининг туркманлар овозини ўчириш ва уларни адолатли терговдан маҳрум қилиш уринишлари ғазабга солди, дейди узоқ вақт эронлик туркманлар тарихи, маданияти ва ҳаётини ўрганган ва хавфсизлик важидан фамилиясини очиқламаган ашхободлик журналист Оғажума.

«Эронлик туркман биродарларимиз сиёсий талаблар билан намойиш ўтказмадилар», дейди у. «Улар педофил устидан адолатли ва ҳаққоний суд талаб қилмоқдалар. Улар ғалаён кўтармадилар, дўконларни бузмадилар, машиналар ва ахлат қутиларга ўт қўймадилар. Аммо режим уларга нисбатан шафқатсизлик ва адолатсизлик қилди.»

Эрон ҳукумати намойишчиларга нисбатан қатъий чоралар қўллаган.

Ҳукумат «осойишталикни сақлаш ва ғаразли кимсаларга қарши курашишдан бир сонияга ҳам тўхтамайди», деб айтган Гулистон вилояти Ислом инқилоби посбонлари корпуси (ИИПК) қўмондони Али Малик-Шахкуҳий «Iran International» ва бошқа нашрларга кўра.

Туркманлар Эрон аҳолисининг бир фоизини ташкил қилади, аммо улар этник форсларга тегишли ҳуқуқ ва эркинликлардан фойдалана олмайдилар.

Эрон ҳукумати мамлакатда яшовчи туркманлар, курдлар, балужлар ва бошқа этник озчиликларнинг миллий ўзлигини йўқ қилишга муттасил уриниб келмоқда, дейди Оғажума.

«Этник туркманлар ҳуқуқларининг бузилиши билан боғлиқ кўп ҳолатлардан хабардорман», деди у.

Оғажума Гулистон вилоятининг Оқтўқай қишлоғига икки марта ижодий делегация билан сафар қилганидан кейин Эрон режими бўйича иш бошлаган.

«Одамларнинг ҳақ-ҳуқуқсиз қолаётгани ҳақидаги гапларни эшитиш мен учун оғир бўлди», дейди Оғажума.

Озчиликлар ҳуқуқларининг поймол қилиниши

Эрондаги миллий озчиликларнинг вазияти жуда оғир, дейди хорижий кузатувчилар.

«Ҳукумат вақтинча ва узоқ муддатли ҳибслар, дом-дараксиз олиб кетиш ва жисмоний куч қўллаш ҳолатлари билан озчилик гуруҳлари, жумладан курдлар, ахвазийлар, озарбайжонлар, балужларни нишонга олиб келган», дейилади 30 март куни чоп этилган АҚШ давлат департаментининг Эрондаги инсон ҳуқуқларига оид 2020 йилги ҳисоботида.

Ҳисоботга кўра, «бу этник озчиликлар вакиллари айниқса иқтисодий ёрдам, тадбиркорликка лицензия олиш, университетга ўқишга кириш, ишлаш имкониятлари, китоблар чоп этишга рухсат олиш ва ерга эгалик қилишда сиёсий, ижтимоий-иқтисодий дискриминация ҳолатларига дуч келганлар».

Режим «диний озчиликлар, шу жумладан сунний мусулмонларни камситиб келади», дейилади 2020 йилги Human Rights Watch ҳисоботида.

«Давлат мактабларида болаларнинг форс тилидан бошқа тилни ўрганиши ва гапириши қатъиян тақиқланади», дейилган 2019 йил Вашингтондаги Яқин Шарқ институти чоп этган тадқиқотда.

Ўтган йил сентябрда 22 йилдан бери туркман тилида чоп этиб келинган «Саҳро» газетасининг лицензияси Эрон ҳукумати тарафидан бекор қилинган ва ёпилган эди.

Ўтган йил июл ойида ОАВ маҳаллий ҳокимият томонидан эронлик туркманларга нисбатан бошқа тазйиқлар ҳақида ҳам хабар берган.

Эронлик туркманлар бундай ҳолатларга анчадан бери чидаб келишади, аммо болаларнинг зўрланганига тоқат қилиб бўлмайди, ҳукумат эса бу жиноятни хаспўшламоқчи, дейди Оғажума.

«Полициячиларнинг намойишчиларга қарши тазйиқлари ҳеч кимни қўрқита олгани йўқ», дейди у. «Аксинча, одамларнинг қатъияти кучайган ва зўрлаш содир этган шахснинг суд қилинишига эришмоқчи.»

Эрон ОАВнинг ҳатти-ҳаракати Эрондаги этник озчиликка қарши камситиш сиёсати ҳукумат даражасида олиб борилаётганини яна бир карра тасдиқлайди.

«Гонбади Ковусдаги намойишларнинг асосий сабаби тилга олинмаяпти, бунинг ўрнига улар қонунбузарлик ва полициячиларга ҳужум дея талқин қилинмоқда», деб айтган Озод Европа/Озодлик радиосининг туркман журналисти Шамердангули Мироди 28 март куни.

Эроннинг ярим расмий ва мустақил оммавий ахборот воситаларида «айбланувчининг айби тасдиқланмагани, у гўёки туркман қизларни зўрламай, балки шунчаки ўғирлаб кетгани» ҳақидаги гап-сўзлар тарқамоқда, дейди у.

«Ҳеч қайси нашр жабрдийда қизлар ва намойишчиларнинг этник туркманлардан эканини айтмаяпти», деб қўшимча қилди у.

Сизга мақола ёқдими?

Фикрлар 0

Сиёсат * Мажбурий 1500 / 1500