ОЛМАОТА – Қозоғистонда Ироқ ва Суриядаги «Ислом давлати» (ИД) ҳукмронлиги остида яшаб, даҳшатли воқеаларни бошдан кечирган 10 нафар аёл ҳақида ҳикоя қилувчи «Жусандан олинган 10 сабоқ» янги видеолойиҳаси тақдим этилди.
2013 йилда ИД назорати остидаги ҳудудга бориб қолган аёллар у ер улар излаётган исломий давлат эмаслигини англаб етганлар.
Давомийлиги тахминан 1-2 дақиқалик видеолавҳаларда ҳар бир аёлнинг ҳикояси баён қилинади.
Илк видеолавҳа 1 апрел куни Инстаграмда эълон қилинган, қолганлари эса бирин-кетин жойлаштирилмоқда. Шунингдек, улар бошқа ижтимоий тармоқлар ва веб-сайтларда, жумладан Kazislam.kz ва Mazhab.kz сайтларида ҳам чоп этиб борилмоқда.
Якунда барча видеолавҳаларни рус, қозоқ ва инглиз тилларида томоша қилиш мумкин бўлади.
Лойиҳа бўйича ишлар ўтган йилнинг декабр ойида бошланган эди. Видеолавҳалар Қозоғистон Ахборот ва ижтимоий ривожланиш вазирлигининг Дин ишлари бўйича қўмитаси экспертизасидан ўтган.
Ушбу лойиҳани Европа Иттифоқи «Internews» ташкилоти орқали молиялаштирмоқда.
Ноёб таъсирли ҳикоялар
Террорчилик фаолияти ўчоқларидан қайтарилган фуқаролар сони бўйича Марказий Осиё мамлакатлари ичида Қозоғистон етакчилик қилади, дейди Павлодардаги динлараро муносабатларни таҳлил қилиш ва ривожлантириш маркази (ЦАРМО) директори Гулназ Раздикова.
Касби реабилитолог бўлган Раздикова 2019 йилда Суриядан Оқтовга қайтариб олиб келинган аёллар билан ишлай бошлаган. Аёлларнинг ҳикояларини жамоатчиликка етказишда у «Internews» билан ҳамкорлик қилган.
«Энди бу аёллар илк марта очиқ гапиришга тайёр. Бир-икки йил аввал бу лойиҳани амалга ошириш имконсиз эди, чунки бу бечора оналар камера олдига ўтириб, ўз дардларини кўпчиликка баён қилишга тайёр эмасдилар», деди Раздикова.
«Ватанига қайтарилган бу аёллар ёлловчилар ишга соладиган руҳий ва эътиқодий стратегиялар ҳақида сўзлаб бердилар», деди у.
ИД билан боғлиқ даҳшатларни ўз бошидан ўтказганларнинг ҳикоялари жуда таъсирли, дейди Раздикова.
«Олим ёки журналист экстремизм хавфи ҳақида гапирганида, унинг сўзи радикаллар ва террорчилар қурбонларининг ўз кўзи билан кўрган даҳшатларни айтиб берганичалик таъсирга эга бўлмайди», дейди у.
Бу аёлларнинг ҳикоялари «ҳозирда радикал қарашга эга ёшларни бу йўлдан қайтаришга ёрдам беради», дейди у.
Ўлим, шафқатсизлик ва номус
Видеода иштирок этган аёллардан бири Нурайимга кўра, унинг эри ИД ғоялари таъсирига тушиб, 2013 йилда аёли ва 3 ёшдан 18 ёшгача бўлган олти фарзандини Сурияга олиб кетган.
«Биринчи бўлиб тўнғич ўғлимни ўлдиришди», дейди у видеода. «Кейин эса эримни.»
«Кечаларнинг бирида ёш болаларим турган уйга бомба тушган», дейди у. «Ҳозирда ёлғизман.»
Нурайимнинг Сурияда туғилган ва тирик қолган бир набираси бор. У ўша қизча билан бирга 2019 йилда Жусан операцияси доирасида Қозоғистонга қайтиб келган.
Роза исмли яна бир аёл радикаллашган қизи – Гулсумни уйига қайтариш учун Сурияга боргани ҳақидаги ҳикоясини сўзлаб берган.
Гулсум билан унинг янги туғилган чақалоғи улар яшаётган уйга бомба тушганида ҳалок бўлишган. Шундан кейин Роза ватанига қайтарилгунича икки йил ИД назоратидаги ҳудудда қолиб кетган.
«Ўзинг омон қолишинг мумкин, аммо оилани йўқотишга чидаб бўлмайди», дейди у. «У яраларни вақт тузатмайди.»
Видеолойиҳанинг яна бир иштирокчиси Асел Игубаева ҳозир Павлодарда яшайди.
У 2013 йилнинг охирида ёш боласи ва иккинчи фарзандига ҳомиладор ҳолида эри билан бирга Сурияга кетган.
«Бу воқеа Сурияга 150 тача қозоғистонлик кетганидан кейин юз берди», дейди Игубаева Карвонсарой билан суҳбатда. «Эрим икковимиз у ерда мусулмонлар учун муҳим воқеалар содир бўляпти деб ўйлаганмиз. Биз у ерга бориб, Исломни, пайғамбаримиз Муҳаммад (с.а.в) қандай яшаганини ўрганишни, араб дунёсини кўришни, у ерда яшашни, мусулмонлардек кийинишни хоҳлаган эдик.»
Бу оила беш йил давомида Суриянинг ИД бошқарувида бўлган Ал-Раққа туманида, Ироқнинг Мосул шаҳрида ва баъзан кичик қишлоқларда яшаган.
Ўша давр мобайнида Игубаева жуда кўп ўлим, шафқатсизлик ва Ислом таълимотига зид ҳодисаларга гувоҳ бўлган.
Эри ўлдирилгач, икки нафар фарзанди билан Курдлар жамлоғига борган, у ердан 2019 йилнинг май ойида Қозоғистон ҳукуматининг ташаббуси билан Оқтовга олиб келинган.
«Қариндошларим ва қўшниларим олдида уялар эдим», дейди у. «У ерга кетганлар, айниқса аёлларга нисбатан муносабат улар бир неча марта турмушга чиқиши ҳақида миш-мишлар сабабли жуда ёмон эди.»
Бошқа аёлларга кўмаклашиш
Ўтган йили июл ойида Игубаева Instagram тармоғида аккаунт очди ва Суриядаги ҳаёти, эри, болалари ва нима учун Қозоғистонга қайтишни хоҳлагани ҳақида постлар ёза бошлади.
У кузатувчилари қандай муносабатда бўлишидан хавотирда эди, аммо унинг хавотирлари асоссиз бўлиб чиқди.
«Айримлар менга шахсийдан хабар юбориб, уларнинг қариндошлари ҳам Сурияда эканлигини айтиб, уларни танимайсизми деб сўрар эди, баъзилар эса Жусан операцияси ҳақиқатдан ҳам ўтказилганми-йўқми билишни хоҳларди, аммо ҳеч ким мени танқид ва ҳақорат қилмади», дейди Игубаева.
«Мен бу видеолойиҳада иштирок этишни истадим, чунки курдлар жамлоғида қолиб кетган дўстларим бор. Менинг ҳикоям сабабли, эҳтимол уларнинг ватандошлари Суриядаги вазият аёллар учун қўрқинчли эканлигини, улар урушдан чарчаганликларини тушуниб етар ва улар ҳам уйларига қайтарилар», дейди у.
Игубаева реабилитация жараёнининг аҳамияти ва ундан кейин қандай имкониятларга эга бўлиш мумкинлигини Марказий Осиёлик томошабинлар билан бўлишишни хоҳлаган.
Айни дамда Игубаева ЦАРМОда кўнгилли бўлиб ишламоқда, у ерда оғир вазиятга тушиб қолган аёлларга ва Сурияда яқинларини йўқотган қозоғистонликларга ёрдам бермоқда.
Марказий Осиёликлар репатриацияси
Қозоғистон Марказий Осиё мамлакатлари орасида Суриядан ўз фуқароларини қайтаришни бошлаган илк давлат бўлди.
2019 йилдан бери Ироқ ва Суриядан қозоғистонликлар, асосан аёллар ва болаларни ватанига қайтариш бўйича бешта «Жусан» операцияси амалга оширилган.
«Умумий ҳисобда 700 дан ортиқ фуқаролар репатриация қилинди», деб айтган Қозоғистон ташқи ишлар вазири ўринбосари Ержан Ашикбаев 8 январ куни Вашингтондаги Атлантика кенгаши мезбонлигида ўтган видеомулоқотда.
Ватанига қайтарилганлар орасида 490 нафар ёш бола, 187 аёл ва «барчаси террорчиликда айбланиб, жазога тортилган 33 нафар эркак» бор, дейди у.
Яқинда амалга оширилган «Жусан-5» операциясида тўрт эркак, бир аёл ва етти нафар бола Қозоғистонга қайтарилди. Болаларнинг иккитаси етим қолган.
Бошқа Марказий Осиё мамлакатлари айрим фуқароларини қайтарганлар, бунда аёллар ва эркаклардан кўра, болаларга устуворлик берилган.
Ўзбекистон Сурия ва Ироқдан учта алоҳида операция билан 318 нафар аёл ва ёш болани ватанига қайтарди, деб хабар берган эди Ўзбекистоннинг Қўшма Штатлардаги элчиси Жавлон Якубов март ойида АҚШ жамоат телерадиоэшиттириш хизматига.
Озод Европа/Озодлик радиосига кўра, 16 март кунидаги чартер рейс билан Ироқдан 79 нафар қирғизистонлик бола ватанига олиб келинган. Уларнинг оналари Ироқдаги қамоқхонада қолишган.
Январ ойидан бери Тожикистон 200 дан ортиқ аёллар ва болаларни Суриядаги курдларга қарашли жамлоқлардан ватанига қайтаришга уринмоқда, деб хабар берган Қувайтдаги Тожикистон элчиси Зубайдулло Зубайдзода Карвонсарой нашрига.
Туркманистон ИД сафига қўшилган фуқаролар сони ёки у ердан қайтиб келганлар ҳақида маълумот бермаган.
«Жусан» (Аччиқ шувоқ) операцияси доирасида 188 та аёл ватанига қайтарилган бўлиб, уларнинг жангарилар орасидаги ҳаётий тажрибаси бой эмпирик материални тақдим этади.