Карвонсарой
Инсон ҳуқуқлари

Пекин Шинжондаги мусулмонларнинг азоб-уқубатларини мусиқали мелодрамага айлантирди

Карвонсарой ва AFP

image

YouTube тармоғидаги «Қўшиқлар қанотлари» мюзиклидан олинган скриншот. [Файл]

ПЕКИН – Шинжонда ҳукумат томонидан ишлаб чиқарилган янги мюзикл Хитой кинотеатрларида намойиш этилмоқда, унда этник бирдамликнинг ранг-баранг осойишталиги акс эттирилган. Аслида бу ҳудуд унга хос бўлган воқелик – «қайта таълим» лагерлари, оммавий кузатув тизимлари ва мудҳиш зўравонликлардан холи қилиб кўрсатилган.

Миллиондан ортиқ уйғурлар ва бошқа туркийзабон мусулмонлар, жумладан қозоқлар ва қирғизлар «қатлиом» амалга оширилаётган Шинжондаги лагерларга жойлаштирилган.

Даставвал лагерлар мавжудлигини рад этган Пекин ҳозирда уларни террорчиликка барҳам бериш ва иш билан таъминлаш имкониятларини яхшилашга қаратилган «касб-ҳунар марказлари» деб ҳимоя қилмоқда.

Аммо Шинжон пахта саноатидаги қуллик ва мажбурий меҳнатга оид аниқ далиллар халқаро ҳамжамиятнинг эътирозига сабаб бўлар экан, муслима аёлларнинг мунтазам равишда зўрланиши, бичилиши ва таҳқирланиши халқаро миқёсда қораланган.

image

Хитой ҳукумати Шинжон вилоятидаги уйғур мусулмонларига нисбатан муносабат танқидига қарши кураш учун ташвиқотнинг янги тўлқинини бошлаб юборган. «Қўшиқлар қаноти» номли ранг-баранг мусиқий фильм – шулар жумласидан. YouTube тармоғидан олинган скриншот.

image

Ҳақиқат: Шинжондаги кўп сонли «қайта таълим лагерларидан» бирининг кузатув минораси. [Грег Бейкер/AFP]

Мамлакатнинг Шинжондаги этник озчиликка нисбатан муносабати у ердаги инсон ҳуқуқлари соҳасидаги тараққиётнинг «ёрқин намунасидир», деган эди Хитой ташқи ишлар вазири Ванг Йи феврал ойида.

Ҳолливуддан таъсирланиш

Эътироз кучайиб борар экан, Хитой мамлакат ичи ва унинг ташқарисида нарративни ўзгартириш мақсадида пухта «пиар» компаниясини бошлаб юборган.

Рэп қўшиқлар, суратлар кўргазмаси, энди эса «Қўшиқлар қанотлари» номли янги мюзикл минтақадаги маданий қайта англаш бошида турган бир вақтда, кўплаб машҳур шахслар Шинжоннинг текстиль саноатини ҳимоя қилишга беғараз ёрдам бера бошлаганлар.

Пекин таҳқирлашлар ҳақидаги барча айбловларни рад этмоқда ва бир неча йиллар давом этган ҳалокатли экстремизмдан ҳукуматнинг хайрихоҳ аралашувидан кейин Шинжонни этник бирдамлик, иқтисодий янгиланиш масканига айлантирганини таъкидламоқда.

Намойиши бир йилга кечиккан фильмда турли этник гуруҳларга мансуб уч эркак машҳурликни орзу қилиб, турфа маданиятлардан таъсирланган ҳолда қорли тоғлар ва бепоён чўлларда мусиқий илҳом излашади.

Ҳукуматга қарашли Global Times нашри фильм ҳақида ёзар экан, Ҳолливуднинг «La La Land» каби фильмлари «Хитой киностудияларини» маҳаллий хит ишлаб чиқишга илҳомлантирганини айтган.

Аммо мюзиклда Шинжонда кенг тарқалган кузатув камералари ва текширув пунктлари кўрсатилмаган.

Шунингдек, Шинжонда яшовчиларнинг ярмидан кўпи мусулмон бўлишига қарамай, фильмда ислом дини, масжидлар ёки ҳижобли аёллар зикр қилинмаган.

Саҳналарнинг бирида бош қаҳрамонлардан бири – соқоли қиртишланган уйғур қўлида пиво ушлаб тургани кўрсатилган.

Аёвсиз воқелик

Хитой ичкарисида уйғурлар муаммосининг муҳокамаси бостирилади.

Феврал ойида Хитойда Clubhouse иловаси ёпилган эди. Бу аудиоплатформада, жумладан, Шинжонга оид цензурасиз муҳокамалар қизғин тус олиб, уйғурлар хитойлик ханларга ўз ҳаётларини яширмай тасвирлаб берган эдилар.

Хитойда бир оз муддат давомида «ҳақиқий» интернетнинг очилиши тақиқланган ижтимоий-сиёсий мавзуларнинг оммалашуви учун ноёб имконият бўлди. Одатда фикрлар хилма-хиллиги Хитой коммунистик партияси (ХКП) томонидан бўғиб келинади.

Пекиндаги технологик стартаплардан бирининг муҳаррири, 30 яшар Алекс Су «Clubhouse» иловасида ўтказган қисқа вақт давомида уйғур мусулмонларининг Шинжондаги таҳқирланишига оид воқеалардан қаттиқ таъсирланганини айтади.

«Одатда Хитойнинг материк қисмида бу каби маълумотларга кириш имкони йўқ», деб айтган у New York Times билан телефон орқали суҳбатида.

Пекин «минг марта қайтарилган ёлғон ростга айланишини» билади, деб айтган АҚШда жойлашган SinoInsider косалтинг компанияси ходими Ларри Онг AFP нашрига.

Бошқалар учун Шинжонда олиб борилаётган ташвиқот ишлари самара бераётган кўринади.

«Шинжонда бўлганман, фильм жуда ҳаққоний чиқибди», деб айтган «Қўшиқлар қанотлари»ни томоша қилган пекинликлардан бири AFP нашрига.

«Одамлар бахтли, очиқ ва озод», деб айтган ўз исмини очиқлашни истамаган томошабин.

Уйғур ҳуқуқбонлари тезлик билан фильм ҳақидаги тахминларни рад этган.

«Уйғурлар қўшиқ айтиб рақсга тушаётган бўлса, қатлиом йўқ деган нарсани тасаввур қилиб бўлмайди», дейди америкалик уйғур юрист ва Вашингтондаги Хадсон университетининг катта илмий ходими Нурий Туркел New York Times нашрига.

«Геноцид ҳар қанақанги гўзал юртда ҳам бўлиши мумкин

Хитойнинг «жангчи бўрилари» ҳужумга ўтган

Хитойнинг «жангчи бўри» дипломатлари ўз риторикалари, халқаро ва маҳаллий, жумладан Шинжон масаласида жавоб беришда тобора тажовузкор бўлиб бормоқдалар, Хитойда тақиқланган Twitter тармоғида ҳақоратли хабарлар қолдириб, танқидчиларни қоралаб, фитна назарияларини тарқатмоқдалар.

«Жангчи бўри дипломатияси» атамаси Хитой элчилари (улар орасида энг таниқлиси Хитой ТИВ вакили Чжао Лицзянь) ижтимоий тармоқларда мамлакат мудофаасини кучайтирган 2019 йилда умум қабул қилинган эди.

Бу тахаллус Рэмбо каби хитойлик махсус кучлар аскари ҳақидаги филмидан олинган.

Пекиннинг Шинжондаги мусулмонларга нисбатан муносабатига қарши глобал босимнинг кучайиши ортидан элчиларнинг сўнгги вақтдаги фаоллиги ҳам ортган.

Март ойи охирларида Европа Иттифоқи, Британия, Канада ва Қўшма Штатлар Шинжондаги вазият туфайли санкциялар жорий қилиши билан Хитой ташқи ишлар вазирлигининг матбуот котиби Хуа Чунин АҚШ марказий разведка агентлиги Хитойни беқарорлаштириш мақсадида Шинжондаги ҳолат бўйича риторикани тайёрлашда ёрдам берган, деган гапни тарқатишгача борган.

6 апрел куни Туркия Хитой элчихонаси ижтимоий тармоқларда икки нафар туркиялик сиёсатчи Пекиннинг мусулмонларга нисбатан муносабатини танқид қилганини қоралаши ортидан элчини чақиртирган.

Худди шу куни Хитой суди «айирмачилик фаолияти» билан шуғаллангани учун Шинжонда иккита собиқ уйғур амалдорини ўлим жазосига ҳукм қилган.

Босим оммавий маданият соҳасида ҳам олиб борилмоқда. Март ойида «ғарбликларнинг» минтақадаги пахта ҳақидаги «ёлғони» тўғрисида рэп қўшиғи чиқарилган, давлатга қарашли CGTN телерадиокомпанияси эса Пекиндаги босқинларга сабаб бўлган норозиликлар ҳақида ҳужжатли фильм чиқармоқчи.

Сизга мақола ёқдими?

Фикрлар 0

Сиёсат * Мажбурий 1500 / 1500