Карвонсарой
Терроризм

Террор ташкилотлари пандемия шароитида ўз тактикасини ўзгартирмоқда

Мақсад Осмоналиев

image

Бишкекдаги интернет-кафеларнинг бирида интернетдан фойдаланаётган қирғизистонлик эркак, 2011 йил 18 феврал. Радикал даъватчилар ўз ғояларини Интернет орқали тарғиб қилишга ўтган, дейди таҳлилчилардан бири. [Вячеслав Оселедко/AFP]

БИШКЕК – Тақиқланган террорчилик ташкилотлари коронавирус пандемияси ва унинг оқибатида жорий қилинган карантин чекловлари туфайли тактикасини ўзгартирмоқда – улар издошларини ўз мамлакатларида «жиҳод» қилишга чақирмоқдалар.

Халқаро сaфарлар учун чекловлар жорий қилиниши ортидан, Яқин Шарқдаги уруш ҳудудларига бориш чақириқлари сезиларли даражада камайди, деди бишкеклик диний мутахассис Иқболжон Мирсаитов.

Бироқ, радикал ғоялар ижтимоий тармоқларда кучаймоқда, дейди у.

«2019 йилга қадар Ироқ ва Сурияда содир бўлган воқеалар интернетга кўчди», деди Мирсаитов халқаро коалиция «Ислом давлати»дан (ИД) Суриядаги сўнгги ҳудудни тортиб олган йилга ишора қилиб. «Шафқатсизлик ва зўравонлик қарашларини тарғиб қилиш бошланди.»

image

21 апрел куни Бишкек марказий масжидида смартфон орқали диний мавзудаги видео томоша қилаётган қирғизистонлик мусулмон ёшлар. [Мақсад Осмоналиев/Карвонсарой]

«Фақатгина ёллаш фаолияти олиб борилмаяпти, балки ҳукуматга бўйсунмаслик ва расмий диний уламоларга қарши чиқиш каби бошқа қарашлар сингдирилмоқда. Улар [террорчилар] мусулмон бўлмаганларга қарши радикал ҳаракатларга чақирмоқдалар», деди Мирсаитов.

Ёлловчилар ижтимоий тармоқлар орқали фойдаланувчиларни «ўзи яшаб турган мамлакатда» қўпорувчилик фаолияти олиб боришга даъват қилмоқда, деди у.

Радикал даъватчилар фаоллашмоқда

Терроризм ташвиқоти марказсизлашиб боргани сари, маҳаллий радикал даъватчилар террорчиликка ёллаш муаммосининг янги кўриниши сифатида юзага чиқмоқда.

Ҳозирда тақиқланган террорчилик гуруҳларида аввалги каби ягона ахборот маркази мавжуд эмас, деди Мирсаитов.

Масалан, 2019 йилда Ўзбекистон ҳукумати Сурия ва Ироқдаги жамлоқлар ёки қамоқхоналарга тушиб қолган аёллар ва болаларни ватанига қайтариш режасини эълон қилганида, зиддиятли муносабат кузатилди.

Айрим гуруҳлар, агар Ўзбекистон бу фуқароларини олиб кетадиган бўлса, самолётни портлатиб юбориш билан таҳдид қилди, бошқалари эса аксинча, Марказий Осиё ҳукуматларини аёллар ва болаларни ватанига қайтаришга чақирди, дейди Мирсаитов.

«Улар орасида информацион зиддият пайдо бўлди», деди Мирсаитов.

Ушбу воқеалар манзарасида Марказий Осиёдаги WhatsApp, YouTube ва Telegram каби оммабоп ижтимоий тармоқлардан фойдаланувчи маҳаллий диний ташкилотлар вакиллари тобора оммалашиб бормоқда, деди у.

Улар тил муаммосидан қийналмайди ва маҳаллий ўзига хосликлардан яхши хабардор, деб қўшимча қилди у.

«Афсуски, маҳаллий даъватчилар орасида яхши илм олмаган ва Қуръонни доим ҳам тўғри тушунтириб бера олмайдиган «чала муллалар» бор», дейди Мирсаитов.

«Уларнинг айримлари номусулмонлар билан зиддиятга чақиради, бундай зиддиятларга тайёр бўлган ёшлар ҳам бор.»

Масалан, «жиҳод» тушунчаси жуда баҳсли мавзу бўлиб, интернетда кенг мунозаралар келтириб чиқарди, деди у.

«Табиийки, расмий диний мутасаддилар жиҳодни давлат сиёсатини ҳисобга олган ҳолда тушунтиради, интернетдаги имомлар эса... жиҳод тушунчасини ўз манфаатларига мослаб талқин қиладилар», деди у.

«Афсуски, бундай тортишувларда интернетдаги даъватчилар ғолиб чиқмоқда. Айниқса, интернет орқали расмий дин пешволарига қарши ижтимоий мухолифат яратиш ва ривожлантириш жараёни кетмоқда.»

Бундай мунозаралар Facebook, Twitter ва бошқа ижтимоий тармоқларда очиқ ўтказилмоқда. Шунингдек, интернетда оддий одам кириш учун рухсат олиши керак бўлган ёпиқ гуруҳлар ҳам бор, деди у.

«Бу гуруҳларда эса янада радикалроқ ташвиқот олиб борилади.»

«Карантин пайтида бу гуруҳлардаги ташрифчилар ва иштирокчилар сони ошган. Рақамларни ортиши асосан ёшлар ҳисобига бўлган», дейди Мирсаитов.

Онлайн ёллаш

Марказий Осиёда уруш ва тинчликни ёритиш институти ва Марказий Осиё таҳлилий ҳисобот бюросининг 2020 йилги тадқиқотига кўра, Тожикистон ва Ўзбекистондаги интернет фойдаланувчилари янгиликлар манбаи сифатида бошқа ижтимоий тармоқлардан кўра Facebook тармоғини афзал кўриши маълум бўлган.

Қозоғистон ва Қирғизистон аҳолиси янгиликларни Instagram тармоғидан ўқиб билса, Ўзбекистонда 60 фоиз респондентлар янгиликлардан хабардор бўлиш учун Telegram иловасидан фойдаланишини айтган.

WhatsApp иловаси Қирғизистон ва қозоғистонликлар учун асосий хабар алмашиш воситаси бўлса, тожикистонликлар Telegram ва Viber иловаларини афзал кўришади.

Радикал сайтларга одамларни жалб қилувчи технология жуда оддий. Даъватчи-блоггерлар YouTube тармоғида бошқа дин вакилларининг умумий қадриятларни масхара ёки ҳақорат қилаётгани акс этган видеоларни қўйишади, дейди Мирсаитов.

Улар гуруҳлардги меҳмонларнинг фикр-мулоҳазаларини кузатиб боришади ва кейинчалик мафкуравий таъсир ўтказишга мос келадиган номзодларни танлаб олишади. Агар кимдир каналга обуна бўлса воиз-блоггерлар кейинчалик унга бошқа видеоларга ҳавола юборади ва секин-аста у одамнинг фикрлашини ҳам ўзгартиради, дейди у.

Шунингдек, ёпиқ гуруҳлар нафақат радикал чақириқлар, балки янги пайдо бўлаётган террорчилар учун дастлабки текширув майдони бўлиб хизмат қилаётгани билан ҳам хавфлидир, дея таъкидлади Мирсаитов.

«Сафга янги қўшилганлар террорчилик фаолияти билан шуғулланиб, жамиятнинг бирдамлигига путур етказадилар», дейди у. «Ҳозир мамлакат ичида бундайлар кам, аммо улар бор, ишлаяпти ўз сафини кенгайтиряпти. Албатта, улар очиқ гапирмайди, аммо ўзларининг ёпиқ гуруҳларида жадал фаолият олиб боради ва мамлакатни беқарорлаштириш режаларини тузади.»

Жаҳон Банкига кўра, бугунги кунда 700 мингга яқин қирғизистонлик қашшоқлиқда кун кечирмоқда. Карантин чекловларининг жорий қилиниши мамлакат бўйлаб оғир иқтисодий вазиятни янада мураккаблаштирган.

Ишсизлик, ҳукумат идораларида кенг қулоч ёйган коррупция, қашшоқлик одамларда ижтимоий адолатсизликка нисбатан норозилик пайдо қилади. Карантиннинг салбий иқтисодий оқибатлари эса террорчи гуруҳлар фойдасига ишламоқда, дейди Мирсаитов.

Онлайн ёллаш фаолиятга қарши курашиш учун аҳоли экстремизм ва терроризм ҳақида яхши хабардор бўлиши керак, бу саъй-ҳаракатларда давлат ташкилотлари ва фуқаролик жамиятининг иштироки зарур, дейди у.

Сизга мақола ёқдими?

Фикрлар 1

Сиёсат * Мажбурий 1500 / 1500

Яхши мақола. Ростданам ижтимоий тенгсизлик,қарашлар тўқнашувини келтириб чиқаради.

Жавоб бериш