Карвонсарой
Сиёсат

Жавод Зарифнинг махфий аудиоёзуви ИИПК ҳукмронлигини фош этди

Карвонсарой

image

ИИПКнинг Қудс кучлари қўмондони Қосим Сулаймоний Эрон ташқи ишлар вазири Жавод Зариф билан, санасиз сурат. 25 апрел куни оммага ошкор бўлган аудиоёзувда Зариф Сулаймонийни ва ҳукуматнинг ИИПКга оид сарф-харажатларини танқид остига олган. [ИРНА]

Якшанба (25 апрел куни) ОАВда тарқалган Эрон ташқи ишлар вазири Жавод Зариф билан суҳбат аудиофайли халқаро миқёсдаги муносабат, қарама-қаршиликлар, фитна назариялари ва фикрларни келтириб чиқарган.

24 феврал кунги видеосуҳбатдан олинган 190 дақиқалик аудиоёзув Эрон ядро дастури бўйича халқаро шартномани қайта тиклашга қаратилган Венадаги музокараларнинг учинчи босқичи олдидан Зарифнинг Ироққа ташрифи чоғида пайдо бўлган.

Президент Ҳасан Руҳоний ҳукумати ҳақида кўпроқ маълумот беришга қаратилган оғзаки ҳикоя лойиҳасининг бир қисми бўлган суҳбат чоғида Эрон ташқи ишлар вазири айрим гап-сўзлар матбуот учун эмаслигини бир неча бор таъкидлаган.

Зариф аввалги суҳбатда ташқи сиёсатга оид қарорлар унга боғлиқ эмаслигини айтган эди. Ошкор бўлган аудиоёзувда у ўзининг бу позициясини такрорлаган.

image

Қосим Сулаймоний (ўртада) Эроннинг бошқа юқори мартабали қўмондонлари ва Олий руҳоний раҳбар Али Ҳоманаий билан, санасиз сурат. Ташқи ишлар вазири Жавод Зарифнинг айтишича, агар ИИПК позицияси Эрон дипломатияси ва ташқи сиёсатига 200 фоиз зарар етказадиган бўлса ҳам, Сулаймоний дипломатия учун муросага бормас эди. [Эрон мудофаа вазирлиги]

Жавод Зарифнинг айтишича, 2015 йилги «Қўшма кенг миқёсли ҳаракатлар режаси» деб номланувчи ядровий келишувга олиб келган музокаралар чоғида унга «орқадан пичоқ санчишган». Кўпчилик қаттиққўл сиёсат тарафдорлари АҚШ-Эрон муносабатларининг яхшиланишини истамайди, деди у.

Зарифнинг сўзларига кўра, собиқ президент Маҳмуд Аҳмадийнажод уни ёқтирмаган ва Эроннинг БМТдаги элчиси этиб тайинлаш истагида бўлган, «юқоридаги кучлар» (олий раҳбар Али Ҳоманаий назарда тутилган) эса унинг ўз лавозимида қолишини истаганлар.

Зариф Руҳонийнинг ташқи ишлар вазири бўлиш таклифини истар-истамас қабул қилганида «қаҳрамон эмас, қурбон»га айланишидан бехабар бўлганини айтди.

Суҳбат чоғида у Теҳрон режими Ислом инқилоби посбонлари корпусининг (ИИПК) минтақадаги ҳозирлиги ва сиёсатига устувор аҳамият беришини бир неча бор таъкидлади.

Унинг сўзларига кўра, ИИПК Қудс кучларининг марҳум қўмондони Қосим Сулаймоний томонидан ишлаб чиқилган ва қабул қилинган бу сиёсат Сулаймоний даврида доимо дипломатиядан устун қўйиб келинган.

Сулаймоний дипломатияни хавф остида қолдирган

Зарифнинг айтишича, агар ИИПК позицияси Эрон дипломатияси ва ташқи сиёсатига 200 фоиз зарар етказса ҳам, Сулаймоний дипломатия учун муросага бормаган бўларди.

Дипломатик келишувларга эришилганидан бир неча ой ўтгач, Эроннинг жаҳон давлатлари билан музокаралари фонида АҚШ собиқ давлат котиби Жон Керри унга Эрон авиакомпанияларининг Сурияга парвозлари сони олти баравар кўпайганини айтган.

Зариф бу воқеадан бехабар бўлганини айтган.

Зарифнинг айтишича, унинг жамоасига Эроннинг заифлашган тижорат флотига ёрдам бериш учун янги Boeing ва Airbus самолётларини сотиб олишга изн берилган, аммо Iran Air самолётларининг Сурияга парвозлари сонининг кескин кўпайгани бу харидни хавф остига қўйган.

Чунки, Сулаймоний Iran Air авиакомпаниясининг ижрочи директоридан бошқа ҳеч кимга айтмай, ИИПКнинг Сурияга парвозлари учун Iran Air «Mahan Airавиакомпаниясидан хавфсизроқ» деган қарорга келган.

Сўнгги йилларда Iran Air давлат авиакомпанияси ва санкция остидаги Mahan Air авиакомпанияси томонидан эълон қилинмаган парвозлар иккала авиакомпаниянинг Эрон режими номидан шубҳали фаолият олиб бораётганига оид саволларни келтириб чиқарган. Бу авиакомпаниялар минтақадаги уруш ҳудудларига қурол-яроғ ва жангарилар ташишда айбланмоқда.

Зарифнинг сўзларига кўра, Сулаймонийнинг бу қадами дипломатик алоқаларни хавф остига қўйган ва бундан кейин самолётлар харид қилиш имкониятини йўққа чиқарган.

Ташқи ишлар вазирининг сўзларига кўра, у Сулаймоний билан ҳафтада бир марта учрашган, аммо бу учрашувларда мамлакатга доир ишлар ёки ҳамжиҳатликдаги хатти-ҳаракатлар муҳокама қилинмаган. Аксинча, унинг сўзларига кўра, Сулеймоний ўзининг минтақавий сиёсати ва таржиҳларини устуворлик тартиби бўйича санаб ўтган бўлар эди.

ИИПК сарф-харажатлари ўзини оқламаган

Зариф АҚШ ва унинг улкан армиясини рад этишни маъқул кўрадиган қаттиққўл сиёсат тарафдорларини танқид қилиб, Эроннинг қудрати ракеталар ёки ҳарбий техникада эмаслигини, у ҳарбий қудратга таяна олмаслиги очиқ ҳақиқат эканлигини таъкидлаган.

Унинг сўзларига кўра, Эрон ислом республикасининг қудратли жиҳати – халқининг кўмаги бўлиши керак, чунки бу «миллий хавфсизлик» деганидир.

Унинг таъкидлашича, Теҳрон ташқи сиёсатда доим «икки қутбли, совуқ уруш даври» ёндашувига асосланиб қарор чиқарган, бу эса ИИПКнинг минтақавий ҳозирлиги доим дипломатиядан устун бўлганини англатади.

У Эрон ИИПКнинг минтақавий ҳозирлиги учун «керагидан ортиқ маблағ сарфлаганини» ва кейинчалик «бу харажатлар ўзини оқламаганини» ҳам айтиб ўтган.

Зарифга кўра, 2020 йил 8 январ куни Украина халқаро авиалиниясига қарашли 752-рейснинг уриб туширилиши ҳақида ИИПКнинг юқори лавозимли расмийларидан ташқари бошқа ҳеч ким –Руҳоний ҳам, унинг маҳкамаси аъзолари ҳам билмаган.

Ҳодиса юз берганидан кейин бир кун ўтиб, унга Twitter саҳифасида самолёт ИИПК тарафидан уриб туширилмаганини айтиши учун босим ўтказишган, у эса бундан бош тортган.

ИИПК расмийларидан Руҳоний ҳукумати масалага ечим топиши учун унга ҳақиқатни айтишни сўраганимда, «менга худди куфр келтирган одамдек қарашган эди», дейди у.

Хитой ва Россиянинг ҳалокатли таъсири

Зариф Ғарб, жумладан Қўшма Штатлар билан алоқаларни давом эттирган ҳолда Теҳроннинг Россия ва Хитой билан давомли муносабатларининг муҳимлигини таъкидлаб, Хитой ва Россия Эрон тарафдори эмаслигини ва Теҳрон билан фақат ўз манфаатлари йўлида алоқа қилаётганини айтиб ўтган.

Зарифга кўра, Хитой ва Россия Теҳроннинг Қўшма Штатлар билан муносабатлари кескин бўлишини истайди, чунки Эрон Қўшма Штатларнинг «асосий» муаммоси бўлиб турар экан, улар Вашингтоннинг бошқа устувор йўналишлари бўйича ҳаракат қилишади.

Унинг сўзларига кўра, Москванинг Эрон ва Ғарб музокараларидаги роли шу даражада зарарлики, хатто Сергей Лавров 2015 йилда дипломатик келишувларни ҳам хавф остига қўйишга уринган.

Зариф Лавров Керри билан махфий музокара қилганини айтган. Зариф аввалдан эълон қилмай, АҚШлик ҳамкасби билан учрашгани борган ва уларнинг икковини бирга кўрган.

Ўша куни кечаси Лавров Москвага кетишидан аввал Зариф ва Керрига Эрон ва Қўшма Штатлар муайян масала бўйича келиша олмасликларини айтиб ўтган.

Бунга жавобан, Зариф Лавровга «бу сизнинг (ҳақорат сўзи) ишингиз эмас», деб айтган.

Кескинлик тарафдорларини ғазаблантирган суҳбат

Тарқатилган аудиоёзувдаги Зарифнинг, айниқса Сулаймоний ҳақидаги мулоҳазалари Эрон ичидаги қаттиққўл сиёсат тарафдорларини ғазаблантирган, баъзилар эса уни хоинликда ҳам айблаган.

Асосан консерваторлардан иборат бўлган Эрон парламенти – Мажлис қонун чиқарувчилари аудиоёзувнинг тарқалишини тергов қилишга чақириб, «Сулаймонийни ҳақорат қилгани» учун Зарифни жазолашни талаб қилганлар.

Бир неча киши Зарифни режимнинг чегараларини билмасликда айблаб, унга ҳужум қилган, кўпчилик таниқли консерватор шахслар эса уни «ғарблашганликда» айблаган.

Зариф муҳарририни тилга олган ўта кескин Kayhan нашри ташқи ишлар вазирини қаттиқ танқид қилган. (2021 йилда Қўшма кенг миқёсли ҳаракатлар режасини қайта тиклаш музокарасида Kayhan таҳририяти Зарифни алмаштиришни таклиф қилганди.)

Kayhan нашри душанба куни Зариф ҳақида кескин таҳририят мақоласини чоп этган, унда аудиофайл атайин тарқатилганига ишора қилинган.

Бу орада ислоҳотчилар ва мўътадил қарашдагилар аудиони тарқатганларни Венада бўлиб ўтажак музокараларга путур етказишда айблаб, буни Зарифни ёмонотлиқ қилувчи кампания деб атаганлар.

Ислом республикаси танқидчиларига кўра, Зариф тизимнинг бир қисми сифатида уни танқид қилишга ҳаққи йўқ ва модомики режимнинг айрим қисмларида муаммолар бор экан, у истеъфога кетиши керак.

Зариф ва Ташқи ишлар вазирлигининг муносабати

Сешанба куни Зариф Instagram саҳифасида интервью ҳақида бевосита фикр билдирмаган ҳолда қисқа лавҳа қолдирган. Тарихий лойиҳани тилга ола туриб: «биз Худо ҳақида ўйлашимиз керак, тарих ҳақида қайғурмаслигимиз керак», деб ёзган.

Шунингдек, сешанба куни Ҳасан Руҳоний тарқатилган аудиоёзувга илк марта муносабат билдириб, разведка хизматига уни ким тарқатганини аниқлашни буюрган. Ҳукумат бу аудиоёзувнинг «ўғирлангани» ҳақида хабар берган.

Эрон ташқи ишлар вазирлиги даставвал тарқаган аудиоёзувни «таҳрир қилинган» ва «кесилган» деб таърифлаган.

Вазирлик агар тегишли ташкилотлар рози бўлса, «етти соатлик» деб айтилган суҳбатни тўлиқ чоп этишини маълум қилган ва унинг чоп этилмаган бўлакларида Зариф Сулаймонийни мақтаганини таъкидлаган.

Суҳбат сўнгида журналист Зарифдан келажакда президент ёки бош вазир бўлишини ёки уйда пижамада ўтириши мумкинлигини тахмин қилиб, келажак ёки тарих ҳақида бирор фикр билдиришини сўраган.

Бунга жавобан Зариф бошқа ерда, йўл-йўл кийимда (маҳбусликда) бўлиб қолиши мумкинлигини айтган.

Консерватив ислом коалицияси вакили Зарифни танқид қилиб хорижий оммавий ахборот воситаларига аудиофайлнинг тарқатилишини катта хато, деб айтган.

Сизга мақола ёқдими?

Фикрлар 0

Сиёсат * Мажбурий 1500 / 1500