ОЛМАОТА – Украинада содир бўлган Чернобил фожиасига ўтган ой 35 йил тўлар экан, қозоғистонликларнинг эски жароҳатларни янгиланди – бу мамлакат 40 йилдан ортиқ вақт давомида Совет Иттифоқининг ядровий қуролларини синовчи асосий полигон бўлган.
Қозоғистон шимоли-шарқидаги Семипалатинск ядро полигони 1949 йилдан Совет Иттифоқи парчаланишига қадар – 1991 йилгача фаолият юритган.
Кузатувчиларнинг таъкидлашича, полигондан етган зарар, жумладан атроф-муҳит ва маҳаллий аҳоли саломатлигига етказилган даҳшатли оқибатлар ҳали ҳам сезилмоқда ва яна узоқ йиллар давом этади.
«Тарихни ортга қайтариб бўлмайди»
26 апрел куни Чернобил фожиаси санасини хотирлаш учун «иҳоталанган ҳудудга» ташриф буюрган Украина президенти Владимир Зеленский халқаро ҳамжамиятни глобал ядро хавфсизлигини кафолатлаш учун ҳамжиҳатликда ишлашга чақирди.
Иҳоталанган ҳудуд – 1986 йил 26 апрел куни юз берган авария натижасида эвакуация қилинган АЭС атрофидаги 30 км радиуслик ҳудуд бўлиб, Украина ҳукумати бу ҳудудни одамларнинг яшаши учун 24 минг йилгача хавфли деб ҳисоблайди.
«Бизнинг вазифамиз бу каби фалокатнинг олдини олиш ва келажакда ҳеч қачон такрорламаслик учун хавфсизликни мустаҳкамлаш ва эҳтиёткорликни кучайтириш учун барча имкониятларни ишга солишдир», деди Зеленский.
«Тарих ортга қайтмайди», деди у телевидение орқали чиқишида. «Шу боис бугунги кунда Чернобил – сайёрамиз келажаги ва хавфсизлиги учун умумий таҳдид ва биргаликдаги масъулиятдир.»
Шифокорларга кўра, АЭС портлаши туфайли 30 та одам бевосита ҳалок бўлган. Аммо, ҳалокатдан кейинги йиллар давомида Украинада, шунингдек қўшни Россия ва Беларусда радиациядан заҳарланиш натижасида минглаб одамлар ҳаётдан кўз юмгани айтилади.
Қурбонларнинг аниқ сони шиддатли баҳс-мунозалар мавзусига айланган, чунки Совет ҳукумати табиий офатга оид аксар маълумотларни яширган.
600 мингга яқин фавқулодда хизматлар ходимлари ва давлат хизматчиларидан иборат «ликвидаторлар» деярли ҳеч қандай ҳимоя воситаларисиз табиий офат оқибатларини бартараф этиш ишларига жўнатилган.
Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг 2005 йилги ҳисоботида айтилишича, Украина, Россия ва Белоруссияда кўзга кўринмас заҳар туфайли умумий ҳисобда 4000 га яқин одам ўлган бўлиши мумкин.
2016 йил ноябр ойида келажакдаги радиациянинг олдини олиш ва европаликлар авлодлари учун хавфсизликни таъминлаш мақсадида реактор харобалари устига улкан ҳажмдаги металл гумбаз бунёд этилди – 2,1 млрд евролик (2,5 млрд долларлик) бу лойиҳа халқаро ҳамжамият томонидан молиялаштирилган.
26 апрел куни Украина хавфсизлик хизмати Совет ҳукумати 1982 ва 1984 йилларда Чернобил АЭСда юз берган камида учта аварияни яширганини тасдиқловчи архив ҳужжатлари топилганини эълон қилди.
1983 йилги КГБ ҳужжатларида айтилишича, Чернобил АЭС ва худди шундай реакторларга эга ҳозирги Россиядаги яна иккита атом электростанцияси СССРдаги «энг хавфли» атом электр станциялари бўлиб, улардан фойдаланишда давом этиш «таҳликали оқибатларга олиб келиши» мумкин.
«Улкан фожиа»
Совет Иттифоқи иккинчи Жаҳон урушидан кейин ядро салоҳиятини фаол ривожлантира бошлаган.
Қозоғистон шимоли-шарқидаги Семипалатинск (ҳозирги Семей) шаҳридан 130 км узоқликда жойлашган Семипалатинск полигони Совет Иттифоқининг биринчи ва энг йирик ядро полигонларидан бири бўлиб, Москвадан йироқ қулай ерда жойлашган эди.
1949 йилдан 1989 йилгача советлар ҳукумати у ерда атмосфера ва ерости синовларини бирлаштирган ҳолда 460 га яқин ядро синовларини ўтказган.
Ўтказилган ядровий синовларнинг умумий қуввати Хиросимага ташланган бомба қувватидан 2500 марта кўп бўлган.
Совет ҳукумати маҳаллий аҳолини ушбу синовларнинг зарарсиз эканига ишонтиришга уринган бўлса-да, портлашлар натижасида пайдо бўлган ёриқлар ва коваклар туфайли радиоактив газлар муттасил равишда полигон ташқарисига сизиб чиқиб, шарқий Қозоғистондаги катта ҳудудларни заҳарлаган.
1956 йилнинг август ойида Семипалатинскдаги ер усти синовлари натижасида полигондан 400 км шарқда жойлашган Усть-Каменогорскда 600 дан ортиқ одам радиациядан нурланиш сабабли шифохонага ётқизилган, деб хабар берган 2019 йилда Британиянинг Nature нашри.
Шундан сўнг, Совет ҳарбийлари бу каби беморларни парваришлаш, радиация таъсирига дучор бўлганлар ҳақида тиббий маълумот тўплаш мақсадида махфий тиббий марказ ташкил этганлар.
Nature нашрининг ёзишича, советлар клиниканинг мақсадини яшириш учун уни қишлоқ хўжалиги ҳайвонларидан юқадиган касалликни назарда тутган ҳолда «Бруцеллёзга қарши 4-рақамли диспансер» деб номлаганлар.
Мақолага кўра, марказга тиббий ёрдам сўраб мурожаат қилганлар кўрикдан ўтказилган, аммо уларга аниқ ташхис қўйилмаган.
Совет Иттифоқ парчаланганидан кейин кўплаб тиббий ҳужжатлар йўқ қилинган, айримлари Москва юборилган.
Диспансер Радиация тиббиёти ва экологияси илмий-тадқиқот институти (РТЭИ) дея қайта номланган, аммо Совет даврига оид ҳужжатлар матни бугунги кун тадқиқотчиларига маълум эмас.
Қозоғистон соғлиқни сақлаш муассасаларига кўра, 1,5 миллиондан ортиқ семейликлар радиоактив моддалар таъсирига дучор бўлишган.
«Полигондаги синовлар улкан фожиага айланди», дейди Семейдаги (РТЭИ) раҳбари ўринбосари Талгат Мулдагалиев.
«Аммо ортга йўл йўқ. Энди оқибатларни ўрганишимиз керак», деб айтган у нашрга.
Чернобилдан ҳам ёмонроқ
Семипалатинск – Совет ҳукуматининг қозоғистонликлар ҳаёти ва саломатлигига қай даражада бепарво бўлганига мисолдир, дейди таҳлилчилар.
Бу «Полигон» – ҳудудида аҳоли яшаш пунктлари бўлган дунёдаги ягона полигон, дейди Қарағанда экологик музейининг ривожлантириш бўлими раҳбари Дмитрий Калмиков.
«Синов полигонида ядровий портлашлар мунтазам содир этилганига қарамай, Совет ҳукумати маҳаллий аҳолини кўчиришга ҳаракат қилмаган», дейди у.
«Имконияти борлар кўчиб кетган, аммо кўп оилалар қолишга мажбур бўлишган.»
Полигон қамровига кирувчи ҳудудда ҳанузгача бир неча минг қозоғистонлик яшайди, деди у.
Семипалатинскдаги вазият Чернобилдан ҳам ёмонроқ бўлган, дейди Қозоғистон стратегик тадқиқотлар институти раҳбари Зарема Шаукенова.
«Чернобилдаги портлаш даҳшатли, аммо бир марталик ҳалокат эди, бироқ синов полигони яқинидаги Қозоғистон вилоятлари аҳолиси бир неча ўн йиллардан бери нурланишда давом этмоқда», дейди у KazInform агентлиги билан суҳбатда.
Шаукенованинг айтишича, «Совет иттифоқи Семипалатинск синов полигони ва унинг илмий базасини ғурур билан «она Ватаннинг ядровий ракеталардан қалқони», деб атаган.
Аммо бундай хавфсизлик, айниқса қозоқлар учун жуда қимматга тушмоқда, деб қўшимча қилди у.
Шунинг учун Қозоғистон Марказий Осиёдаги қўшнилари кўмагида минтақада ядродан ҳоли ҳудуд яратиш ташаббусини илгари сурди, дейди Шаукенова.
Беш Марказий Осиё мамлакати етакчилари 2006 йилда Семейда келишув имзоладилар. У 2009 йил март ойида кучга кирган.
«Борарга жой йўқ»
Москва ўтмишда ядровий портлашлар оқибатларининг муҳокама қилиниши ёки ОАВда ёритилишни қатъий цензура қилган, аммо ҳозирда қозоғистонликлар ва таҳлилчилар бу муаммо ҳақида очиқдан-очиқ сўзламоқдалар.
Ҳудуддаги аҳолининг аксарияти турли хил жиддий касалликлардан азият чекади, тез-тез туғма нуқсонли чақалоқлар дунёга келади, дейди 16 йил аввал Семейдан Олмаотага кўчиб ўтган Назира Ўрманбаева.
Ўрманбаева болалигида бобосининг ошқозон саратонидан вафот этганини айтади. Отасининг сўзларига кўра, шифокорлар нурланишни саратоннинг «эҳтимолий» сабаби деб атаганлар.
Унинг ёши бор-йўғи 56 да эди.
Семейнинг тиббиёт университетида қўрқинчли анатомия музейи мавжуд, у ерда ядровий синовлар қурбони бўлган, даҳшатли нуқсонлар билан ўлик туғилган гўдаклар экспонатлари бор, дейди у.
«Фарзандларим хавфсиз муҳитда ўсиб-улғайишларини учун мен доим у ердан кетишни истаганман», дейди Ўрманбаева.
«Ҳали ҳам у ерда яшаётганларга раҳмим келади, чунки бошқа борадиган жойлари йўқ.»
Илма-тешик CCCP
Жавоб беришЎзларинг яхшироқ қилолдингизми?
Жавоб беришФикрлар 2